Menu
Categories
Венера Қодирий: Инграниб-инграниб йиғламоқда Ишқ…
10/15/2019 Адабиёт

Венера Қодирий:
Инграниб-инграниб йиғламоқда Ишқ…

***
Осмон ёпар Кун дарвозасин,
Қовоқларин уюб келар Тун.
Очофатдай ютиниб гўё,
Ютмоқ бўлар мани бус – бутун.
Чиранаман, чайир қўлидан
Чиқмоқ бўлиб қочаман чаққон.
Ва барибир бўламан тутқин,
Босиб келар қаро оломон.
Овозимни танимас ҳеч ким,
Тун алами қўймас беомон.
Мани тезроқ қучинг, кутганим,
Ай, ёлғизлик шунчалар ёмон!..

***
Кимсасиз йўлларда, сўқмоқ йўлларда
Инграниб – инграниб йиғламоқда Ишқ.
Олифта дарахтлар ́кўксини тирнар
Бехосдан қутуриб келган айрилиқ.
Куз — ҳоким, тахтидан тушмайди сира,
Тоғми у, боғми у турар юзма-юз.
Довдир шамолларни етаклаб шитоб
Ҳазин ёмғирлар-ла қилар тажовуз.
Яланғоч дарахтлар афти ангори
Тирноқнинг бетича солмас ташвишга.
Хушомад қўйнида тахти равонин
Етти қат букилиб топширар қишга…

Хўжанд — Санкт-Питербург.

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*