Menu
Categories
Исмат Хушев: Наманганлик фирибгарнинг Варшавадаги васвасаси…
10/16/2019 Демократия сабоқлари

Исмат Хушев:

Васваса – тузалмас касаллик…  

Ўзбекистонга кўпроқ тош отсанг – чет элда тезроқ сиёсий бошпана бадалини тўлаб, бир нималик бўлиб қоласан…

Қанча баланд дорга осилсанг – ўз юртини сотган ватангадолар орасида шунча кўп ва хўп “донг” таратасан…

Наманганлик муттаҳамнинг Варшавадаги найранг ва кирдикорлари…

 

Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи…

 

1.

Яқинда Варшавада бўлиб ўтган – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти – ОБСЕнинг нуфузли анжуманида янграган фавқулоддаги бир нутқ эътиборимни тортди.

“Ҳаммага бир хил ва тенг имконият” (Равные возможности для всех) номли мен ҳали ҳеч қаерда эшитмаган ва билмаган нотижорат ўзбек мухолифат ташкилоти вакили сўзга чиқиб, кутилмаганда – ҳе йўқ, бе йўқ – Ўзбекистон президенти Мирзиёевни ҳибсга олиш керак деб баёнот берди.

Хасанбой Бурхонов исмли бу нотиқ шу бир оғиз сўзи билан бирданига халқаро ва нуфузли анжуман иштирокчилари назарига тушди, бутун дунё эътиборини ўзига тортди…

 

 

2.

Мен унинг бу нутқини эшитиб, залда иштирок этаётган ватандошлардан кимдир унга муносабат тариқасида – унинг бу ақл бовар қилмас ва тутуриқсиз “вас-васаси”га эътироз билдирар деб ўйладим.

Лекин мен кутгандек бўлмади. Ҳеч ким унга эътироз билдирмади.

Хасанбой Бурхоновнинг бу нутқига нафақат ўша халқаро анжуманда иштирок этган бошқа ўзбеклар, балки орадан мана икки ҳафта ўтаётган бўлса-да, минг афсуски, Ўзбекистондан ҳам ҳеч ким эътироз билдирмади.

Хасанбой Бурхонов исмли муттаҳам ва фирибгарнинг шу бир оғиз нутқи билан Ўзбекистон Президенти ва унинг мамлакатда олиб бораётган янгиланиш ва яхшиланиш сиёсати ҳақида бутун дунё ҳамжамиятида нотўғри ва ёлғон тасаввур пайдо бўлди.

Ўша кундан эътиборан бутун дунё Ўзбекистонда уй ҳайвонлари ёппасига қирилаётгани, Ватан дарвозалари ва ер ости бойликлари Россияга очиб берилаётгани, инсон ҳуқуқлари топталаётгани, мамлакатда диктатура ва тоталитар тузум ҳукмронлиқ қилаётгани ҳақида янги ва ташвишли ахборотга эга бўлди…

Гарчи бу хабарлар мутлақо нотўғри ва асоссиз бўлса-да, лекин у бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек улуғ ва муқаддас вазифаларни ўз зиммасига олган нуфузли халқаро анжуман минбаридан айтилган эди.

Минг афсуски, Хасанбой Бурхоновнинг Польшадаги нуфузли халқаро анжуман минбаридан айтилган бу тўҳмат ва иғвосига Ўзбекистондан ҳам то бугунга қадар бирор оғиз муносабат билдирилмади…

 

 

3. 

Шу воқеа сабаб, мен Варшава анжуманида Ўзбекистон ва унинг Президенти шаънига тўҳмат қилиб, халқаро жамоатчилик фикрини чалғитишга уринган ўша ёлғончи Хасанбой Бурхонов шахси билан қизиқдим.

Унинг Ўзбекистондаги кирдикорларини эшитиб, фирибгарликларидан воқиф бўлиб, бу ҳақда дунё жамоатчилигини ҳам огоҳ этишга қарор қилдим.

Токи, она Ватанида қаллоблик қилиб, жазодан қутулиб қолиш умидида хориж эллар сари юз тутган ва ўз гумашталарининг топшириғини бажариб, Ўзбекистон ва унинг Президентига тош отиш, мағзава ағдариш эвазига сиёсий бошпана бадалини тўлаётган бу фирибгарнинг асл башарасини бутун дунё жамоатчилиги яхшилаб билиб қўйиши керак деган фикрга келдим…

 

4.

 

 

 

5.

“Дунё ўзбеклари” дан:

Бурханов Хасанбой Боқибоевич, 1970 – йилда Наманган вилоятида туғилган, Ўзбекистон ногиронлар жамияти раисининг собиқ ўринбосари (2012-2007 й.й.), 1-гуруҳ ногирони.

2012 йилдан бўён Германиянинг Бохум – (нем. Bochum, н.-нем. Baukem) шаҳрида истиқомат қилади.

2009 – йилнинг 9 – апрелида Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Х.Бурхановга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 207, 167 – моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг раиси О.Исоковга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида (Х.Бурхановни Тошкент шаҳар ногиронлар жамияти раиси лавозимига тиклаш мақсадида 1000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган вақтида ушланган) Тошкент шаҳар ногиронлар жамиятини иқтисодий-хўжалик фаолиятини текшириш натижасига кўра, Х.Бурхановга жиноят иши қўзғатилган.

Тергов жараёнида аниқланишича – Х.Бурханов 2007-2008 йилларда бозорнинг ўртача нархини ўрганмаган ҳолда 2.525 дона кўрпа тўшак жилдлари (пастельные бельё) ни 81 млн. сўм миқдорида харид қилганлиги аниқланган. Ўша вақтда жилдларнинг ҳар бир тўплами ўртача 4 минг сўм бўлган.  

Ушбу ҳолат юзасидан 20.09.2011 йилда Ўзбекистон ногиронлар жамияти раисининг маслаҳатчиси Гофуров Энкелес Тошкент шаҳар прокуратурасига ариза билан мурожаат қилган.

17.10.2011 йилда Юнусобод туман прокуратураси Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улугбек туманлараро судига М.Бурханов давлатга 91 млн. сум зиён келтирганлиги юзасидан даъво аризаси киритган.

23.04.2012 йилда суд Х.Бурхановдан кўрсатилган қарзни қайтариш ҳамда 18 млн. сум миқдорда давлат ҳисобига солиғини ундириш бўйича қарор чиқарган. Кейинчалик ўтказилган экспертлик текшируви мобайнида аниқланишича, Х.Бурханов томонидан давлатга жами 59 млн. сўм миқдорида кўп зарар келтирилган…

 

 

6.

Энди “Дунё ўзбеклари”нинг синчков ва зийрак, ҳар нарсага қизиқувчан ўқувчиларига бу муттаҳам ва фирибгарнинг қандай қилиб хорижга қочиб чиққани ҳақида икки оғиз маълумот берсак.

2012 – йилнинг сентябрь ойида Хасанбой Бурханов Германиянинг Дюссельдорф шаҳрига ногиронлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилиши режалаштирилган конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистондан чиқиб кетган.

Аммо, унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши мавжудлигини инобатган олиб мамлакатга қайтиб келмаган…

 

 

 

7.

Хасанбой Бурхонов Фейсбук ижтимоий тармоғидаги “Hasanboy Burhanov” номи остидаги ўз саҳифаси https://www.facebook.com/ да Ўзбекистон ва унинг Президенти олиб бораётган давлат сиёсатини – аламзадалик ва ғараз ниятда – доимий равишда қоралаш билан шуғулланиб келади.

Жорий йилнинг 21 – январь куни Ўзбекистон Президентининг Германия давлатига расмий ташрифи чоғида ҳам Хасанбой Бурханов Берлин шаҳридаги Бундестаг биноси олдида норозилик намойиши ўтказиб, интернет орқали кенг жамоатчилик оммасига тарқатган.

Мазкур намойиш вақтида Х.Бурханов дунё ҳамжамиятини Ўзбекистоннинг амалдаги конституцион тузумини куч билан қулатишга чақирган…

 

 

 

 

8.

Биз Хасанбой Бурхоновнинг Ўзбекистон ва унинг Президентига нисбатан олиб бораётган ёлғон ва бўҳтондан иборат бўлган асоссиз танқидига эмас, балки унинг мамлакатдаги асл аҳволни бузиб талқин қилиши ва дунё ҳамжамиятини чалғитишига қаршимиз.

Танқид қилсанг – асос ва далиллар билан танқид қил. Лекин хориждан туриб Ўзбекистон Президентига тўҳмат қилиш, уни ҳақоратлаш, ҳукуматни куч билан ағдариб ташлашга чорлаш – ер юзининг барча демократик давлатларида Қонун билан тақиқланган ва бунинг учун жуда қаттиқ жиноий жавобгарлик бор.

Наҳот ўзини – хориждаги ўзбек мухолифатининг “энг ақлли ва ватанпарвар” фаоли деб ҳисобловчи, боз устига – “Барча учун тенг имкониятлар” (“Равные возможности для всех”) номли баландпарвоз ном билан атовчи нотижорат ташкилот аъзоси Хасанбой шу оддий ҳақиқатни билмаса?!

Билади, лекин у ва унинг хориждаги ҳамтовоқ салафлари – Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари, хусусан, Давлат хавфсизлик хизмати идораси бу борада жуда заиф ва ожиз деб ўйласа керак.

Ростдан ҳам шундаймикан? Буни энди вақт кўрсатади…

 

 

 

 

СЎНГСЎЗ ЎРНИДА  

 

1.

Хасанбой Бурхонов ёлғиз эмас.

Унинг Ўзбекистон ичкари ва ташқарисида ўз ишонган ҳамтовоқлари, ҳайбаракаллачилари бор.

Варшавада ўтган халқаро тадбирда ҳам унга атай сўз олиб берилган. Одатда, бундай нуфузли халқаро анжуманда нотиқларнинг ўзи чўмолидай ўрмалаб минбарга чиқолмайди.

Уни у ерда кутиб турган одамлар бор.

Ажаб, Ўзбекистонда “растратчик” бўлиб, ватанини тарк этган Хасанбой, нега бу анжуманда ўзини оқлаб гапирмаяпти? Ён-атрофидаги одамларнинг дардини айтмаяпти? 

Нуқул: “Президентни қамаш керак!” дейди.

Сен кимсан-у, Президентни қамаш керак дейсан. Ақл-идрок, фаҳм-фаросат борми санда? 

 

2.

Хасанбой Бурхановнинг ушбу саммитдаги иштироки, “Дунё ўзбеклари” суриштирувига кўра – “Хьюман Райтс Вотч” ХННТнинг Марказий Осиё бўйича вакили Стив Свердлоу томонидан таъминланган. Хасанбойга “Инсон ҳуқуқлари бўйича ўзбек-герман форуми” ташкилоти раҳбари Умида Ниёзова тавсиянома ёзиб берган.

Ушбу тавсиянома билан С.Свердлоу унга ҳалқаро нодавлат ва нотижорат ташкилотларидан грант маблағини олиб берган. Хасанбой Варшаванинг қимматбаҳо меҳмонхонасида истиқомат қилиб, саммитда С.Свердлоунинг ёрдами билан бир неча бор ўз чиқишларини ташкиллаштирган…

 

3.

Ҳар қандай инсонда ўз фикрини айтиш ва танқид қилиш ҳуқуқи бор.

Буни инкор этмоқчи эмасмиз. Лекин Ватанга ва Президентга тўҳмат қилиш ҳуқуқи ҳеч кимга берилмаган. 

Дунёда балолар кўп. Лекин “Тўҳмат балосидан сақласин!” деб бекорга айтишмаган.

Хасанбой Варшава анжуманида Ўзбекистонни соф кўнгил билан, соғлом руҳда, асосли ва исботли танқид қилганида, биз ҳеч нарса демасдик. У ўз нутқи билан профессионал тўҳматчи ва фирибгар эканини исботлади.

Нима ҳам қилардик: Сопи ўзимиздан чиқди… 

 

4.

У ёлғиз эмас дедик.

Аламзадалар бор Ўзбекистонда. Уларнинг илдизи бақувват. Уни атайлаб ўз даврида ногиронлар орасига қўшиб қўйганлар ҳам – ўша аламзадалар.

Агар ўша пайтда унинг йўлини тўсмаганларида, жиноий ҳатти-ҳаракатдан тўхтатмаганларида – ногиронларнинг ўша охуридан калласини кўтармас эди.

Ўғирлиги очилиб, қамоқхона эшигига борганида – кимдир уни тўхтатиб қолди.

Ўшалар ҳам бугун  жавоб беришлари керак.

Нега Хасанбой ўшанда қамалмай, четга чиқиб кета олди?

Қандай қилиб Ўзбекистонни тарк этди?  

 

5.

Мени бир нарса ажаблантиради:

Қутурган итларни биламиз. Ўрмонда эркин қутуриб юрган бўри ва арслонларни ҳам кўрганмиз.  Лекин муттаҳамнинг қутурганини ҳали кўрмаган эдик.

Агар Хасанбой қутурмаганида  – эндигина иш бошлаган Президентни дабдурустдан қамаш керак демасди.  

Унга минбар берганларнинг мақсади нима?

 

6.

Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ.

Наманганлик бир муттаҳамнинг Варшавада қилган васвасаси бутун дунёга тарқаб кетди. Ўқ отилди. Энди унга изоҳ берадиган бирор киши борми Ўзбекистонда?

Майли, дунё ўша муттаҳамга ишонсин. Лекин ўзбек журналистлари нега жим? Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари нега сукутда?  

Нега Ватандаги ҳамкасбларимиз ҳе йўқ, бе йўқ “Президентни қамаш керак!” деган бир муттаҳам ва фирибгарнинг асл башарасини очиш ўрнига, оғизларига талқон солиб ўтиришибди.

Ўзбекистонда Президент тарафдори бўлган журналистлар, ижодкорлар жуда кўп.  Буни яхши биламиз. Лекин улар нега ҳануз жимлигини билмай турибмиз.

Ё улар Хасанбой Бурхоновнинг Варшавадаги нутқини эшитмаганми?  

Унга ҳеч ким “отпор” бермаса, қарши фикр билдирмаса – демак у ҳақ экан-да. Қани бу ерда адолат, ватанпарварлик, фидойилик?

Нега бу ҳақда ўйлаб кўрмаймиз?!

 

7.

 Дунёда жуда кўп жиноят мавжуд.

Улар билан турли туман идоралар шуғулланади. Лекин Хасанбой ва унинг жинояти билан шуғулланадиган битта идора бор.   

Майли, қарзини қоплаш майли, лекин бир миллатнинг раҳбарига тош отаётган, уни ҳақорат қилаётган фирибгар ва муттаҳам – Давлат Хавфсизлик Хизмати талаби билан Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши керак.

Халқаро қонунларга кўра оддий одамга тўҳмат қилган шахс барча демократик давлатларга қонун олдида жавоб беради. Нега каттакон бир мамлакат раҳбарини тўҳмат билан ҳақорат қилган Хасанбой Бурхонов жазодан қутулиб қолиши керак?

Яна бир бор таъкидлайман: У зудлик билан Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши лозим!

Бошқача бўлиши мумкин эмас!!!

 

Исмат Хушев,

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,

14 октябрь, 2019 йил, Торонто шаҳри, Канада…

 

 

“Дунё ўзбеклари” учун махсус  

 

 

 

 

 

 

Leave a Reply
*