Menu
Categories
Намоз Нормўмин: ТУРКИЯМИЗНИ АЙТАМАНДА
11/03/2019 Бош мақола
ТУРКИЯМИЗНИ АЙТАМАНДА…
Ҳа, ўзимизнинг Туркиямизни айтаман…
Ҳаммага эркинлик бор бу ерда…
Мусулмонларга, мусулмон бўлмаганларга, Отатуркчи секулярларга
(лаикларга), социалистларга, ҳатто коммунистларга, Турк ва Курд
миллатчиларига…
Ҳамма жамоатларга, тариқотларга, Суннийларга, Алавийларга…
Газеталарга, журналларга, телевидение каналларига, интернетга,
ижтимоий тармоқларга…
Тадбиркорларга, тижоратчиларга, ватанимда қоламан ёки кетаман
деганларга…Ҳамма ҳаммага истаган эркинлиги бор бу мамлакатда…
Истанбулдаги ҳозирги аҳвол учун бир хулоса айтдим, бу ердаги
дўстларимга ёқди: Истанбулда бугун Одам Отамиз ва Момо онамиздан
қандай миллат, халқ, инсон, ирқ тарқаган бўлса, ҳаммасининг вакиллари
бор…
Турклар, Курдлар, Лазлар, Араблар, Руслар, Ўзбеклар, Туркманлар,
Сомалиликлар, Покистонликлар, Мисрликлар…
Мусулмон дунёсида ким ўз ватанида хўрланган, зулм кўрган, қийноққа
солинган, қувилган, урушдан қочган бўлса, ҳаммасининг вакилларини
Туркиянинг ҳамма жойида, айниқса Истанбулда учратишингиз мумкин…
Ҳаммаёқ ғиж ғиж одам, ҳаммаёқ одам сели, автобус, метро, метробус
(махсус йўли бор тез юрар автобус), Мармарай (Истанбул бўғозининг
тагидан Осиё ва Оврупони боғлаган махсус поездлар) ҳаммаси одамлар
билан тўлиб тошган, айниқса эрталаб ва кечқурунлари…
***
Кейинги бир йилда бир оёғим бу ерда, бир оёғим Норвегиядаман…
Норвегияда ҳам эркинликлар кўп, аммо Туркиядаги каби эмас. Норвеглар
сокин, ўзи билан ўзи машғул инсонлар.
Бу йил Норвегияда маҳаллий (коммунал) сайловлар бўлди. Сайловолди
кураши ва баҳсу мунозаралари кўп сезилмади ҳам. Сайловга
сайловчиларнинг 65% қатнашди…
Туркияда ҳам бу йил маҳаллий сайловлар бўлди, Истанбулда сайлов икки
марта бўлди, бу сайловларда сайловчиларнинг 90% яқини қатнашди.
Яъни, Туркияда сиёсий эркинликлар ниҳоятда кенг ва ҳар ким ўз
партиясига, ўз номзодига нима учун овоз беришини яхши билади…
Ёшлар, катталар, чоллар, кампирлар ҳамманинг ўз сиёсий қараши бор..
Халқнинг ярми Давлат Раиси Тойиб Эрдўғонни яхши кўради, ярми эса уни
ёқтирмайди. Сиёсий мухолифлари Эрдўғонни ҳар хил масалаларда ерга
уради, ҳақоратлар қилади. Эрдўғон ҳам қараб ўтирмайди, унинг тили ҳам
жуда аччиқ. Баъзи ҳақоратчиларни Эрдўғон судга беради ва баъзи
мухолифлар бунинг учун махкамада жазо олиб, Эрдўғонга катта миқдорда
пул тўлайдилар. Эрдўғон ва унинг бош мухолифи Отатуркчи секуляр ЖХП
(Жумҳурият Халқ Партияси)нинг Раиси Камол Қиличдорўғли деярли
учрашишмайди. Аммо ҳар ҳафта сешанба кунлари бу икки сиёсий раҳбар
Парламентдаги ўз партияларининг гуруҳларида нутқ сўзлаб, бир бирларини
танқид ўқига тутадилар. Бизнинг ҳукумат ва мухолифат учун ақл бовар
қилмайдиган сиёсий эркинлик ва курашдир бу…
Туркияда 40 йилдирки ички уруш бор. Ҳарбий куч бўлган Курд Ишчи
Партияси (ПКК) ва унинг сиёсий бўлими бўлган Курдларнинг Халқларнинг
Демократик партияси (ХДП) Туркияни бўлиб юбориш учун миллий, ғоявий,
сиёсий ва ҳарбий (уруш, террор ҳужумлари) кураш олиб бормоқдалар. Буни
баъзиларнинг ақли қабул қилмаслиги мумкин: Туркиядаги эркинлик шу
даражадаки, бу мамлакатни бўлиб, йўқ қилиб юборишни мақсад қилиб олган
ХДПнинг Туркия парламентида 60 кўп депутати (Туркча миллатвакили) бор.
Ҳамма соҳаларда шунча эркинликлар бўлишига қарамай, баъзи ноинсофлар
Эрдўғонни диктаторликда айблайдилар…
***
Туркияда 1923 йилда Жумҳурият қурилган ва бу давлат 1950 йилгача
Отатуркчи секуляр ҳирбий диктатура тарафидан бошқарилганди. 1950
йилдан 1960 йилгача халқ сайлаган Аднан Мендерес ҳукумати давлатни
бошқарди. 1960 йилда Отатуркчи ҳарбийлар давлат тўнтаришини амалга
оширдилар ва Бош Вазир Мендересни мусулмон халққа мойиллиги, шу
жумладан 17 йил Туркча ўқилган азонни асл ҳолида, Араб тилида ўқитиб
бошлагани учун, дорга осдилар.
Шу тарзда 1960 йилдан 2000 йилларгача Туркияда сўзда Парламентар
режим, яъни қайси партия ёки партиялар сайловларда кўп овоз олиб,
парламентда кўпчилик бўлса, ҳукуматни тузадиган режим мавжуд бўлиб
келди. Аслида, яъни амалда эса ушбу 40 йиллик даврда парламент ҳам,
ҳукумат ҳам Отатуркчи секуляр ҳарбийлар диктатураси изни билан сиёсат
олиб борарди. Бу диктатурага ҳукуматнинг сиёсати ёқмаса, у давлат
тўнтариши (1960, 70, 80 ва 97 йилирга бўлгани каби) амалга оширарди.
Зотан, у йилларда Туркия сиёсатининг ўнг қанотида моддиятчи
(материалист) буржуа партиялари, чап қанотида эса Отутуркчи сўлчи
(социалист) партиялар бор эди. Улар сайловларда қатнашиб ҳукумат
қурсалар ҳам, барибир секуляр ҳарбий генералларнинг назоратидан чиқиб,
эркин сиёсат олиб бора олмас эдилар…
***
Тойиб Эрдўғоннинг партияси ҳукуматга 2002 йилда келган эди. Унинг
ҳукуматига қарши расмий сиёсий кучлардан ташқари норасмий 3 катта куч
кураш олиб борди: Яширин Отатуркчи секуляр ҳарбийлар диктатураси,
давлатнинг бутун ташкилотларига ҳийла (тақия) билан сизиб кирган
Фатҳуллоҳ Гуланнинг жамоати (ҳукумат ва бу жамоат орасидаги кураш
асосан 2010 йилдан кейин бошланди) ва Туркияни бўлиб юборишни мақсад
қилиб олган ҳарбий ПКК ва сиёсий ХДП Курд миллатчилари. Ўтган 17 йилда
Эрдўғон ҳукумати ва бу 3 куч орасида баъзан қонли (ПККнинг террор
ҳужумлари ва 2016 йилги давлат тўнтаришига уриниш) ва қонсиз аёвсиз
кураш бўлди. Бугун айтиш мумкинки, Отатуркчи яширин секуляр
диктатурани тамсил қиладиган генераллар Эрдўғон ҳукумати томонидан
мағлубиятга учратилди. Уларнинг сиёсат ва давлат қарорларига аралашиши
жиддий нисбатда камайди. Гулан жамоати расман таъқиқланди, унинг халқ
ва давлат ҳаётидаги таъсири йўқ қилинди, ПКК эса ҳарбий жиҳатдан
мағлуб бўлиш нуқтасига келтирилди.
Тойиб Эрдўғоннинг партияси 2002 йилга ҳокимиятда келгандан кейин 2016
йилгача амалда унинг партияси ҳукумат қуриб келди. Чунки бу йилларда
ўтказилган сайловларнининг ҳаммасида бу партия ғалаба қилди.Тойиб
Эрдўғон эса парламентар тизимда бўлса ҳам ҳукуматни бошқарадиган ягона
сиёсатчи бўлди. Кейинги йилларда Туркия сиёсатида тарқоқлик ўрнини
жипслашув олди. Яъни, Эрдўғоннинг Адолат ва Тараққиёт партияси Давлат
Боғчалининг Миллиятчи Халқ Партияси (МХП) билан Жумҳурият иттифоқини
қурдилар. Бунга қарши Отатуркчи секуляр ЖХП, МХП дан айрилган Мерал
Оқшенер хоним ва ҳамкорлари тузган “Яхши” (Туркча “Ийи”) партия ва
собиқ Бошвазир Эрбоқоннинг исломчи “Саодат” партиялари “Миллат”
иттифоқини қурдилар. Бу иттифоқни Курд миллатчиларининг ХДП партияси
ҳам қўллаб қувватлади. Натижада улар 2019 йилги маҳаллий сайловларда
Истанбул, Анқара ва Измир каби катта шаҳарларда ғалаба қилдилар.
Эрдўғон ва Боғчалининг партиялари Туркияни парламент бошқарувидан
Президент бошқарувига ўтказишга қарор қилдилар ва бу масалада
ўтказилган референдумда ғалабани қўлга киритишди. Натижада 2018 йилдан
бошлаб Туркия Президент бошқарувига ўтди ва бу мамлакатни 1923 йилдан
гоҳ очиқ, гоҳ яширин бошқариб келаган Отатуркчи секуляр ҳарбий
диктатурага барҳам берилди. Аслида мана шу сиёсий бошқарув ислоҳотини
Тойиб Эрдўғоннинг энг катта ғалабаси, дейиш ҳам мумкин. Яъни, бу билан
Туркияда секуляр ҳарбий диктатурадан қутулиб, барча соҳаларда
эркинликлар, инсон ҳуқуқлари таъминланган, эркин ва адолатли сайловлар
ўтказиладиган, мустақил суд ҳокимияти ўрнаша бошлаган, хусусий ва
ижара мулкчиликка катта эркинликлар берилган, кучли эркин ва мустақил
оммавий ахборот воситалари бўлган фуқаровий жамият ва ҳуқуқ давлати
томон жиддий қадамлар қўя бошлади. ИСЛОҲОТЧИ ЭРДЎҒОН ўз мамлакатига ва
давлатига мана шундай ижобий ўзгаришлар олиб кетди.
***
Туркия давлат раиси Тойиб Эрдўғон шахс сифатида мусулмон киши, динини
яширмайди, кунда беш вақт намозларини ўқийди, рўза тутади, закотини
беради, қайта қайта Ҳаж ва умрага борган. Сиёсатчи сифатида эса
қаттиққўл, қайсар, каризматик, яъни кучли сиёсий шахсияти бор. У ҳеч
шубҳасиз бугун дунёда энг кучли сиёсий ва давлат раҳбарларидан
биридир.
Туркияда ҳар 10 йилда бир қонли ёки қонсиз давлат тўнтариши ёки бунга
уринишлар бўлади, яъни баъзи мухолиф кучлар ҳарбийлар билан бирлашиб,
мавжуд ҳукуматни куч билан ағдаришга уриниб кўрадилар. Бу ҳам
Туркиядаги ўзига хос, ўзига мос “эркинликлардандир”.
Тойиб Эрдўғон ҳукумати мана шундай аёвсиз расмий ва норасмий курашлар
шароитда мамлакат иқтисодини уч марта кучайтирди, яъни 2000 йилларда
киши бошига 3000 доллар бўлган Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ) 10 минг
долларга етказди. Мамлакатнинг ҳамма вилоятлари ўзида табиий газ
бўлмасада Эрон ва Русиядан сотиб олинадиган табиий газ билан
таъминланди, мамлакатнинг ҳамма вилоятларини бир бирига боғлаган
асфалт йўллар таъмирланди ёки қайта тўшалди, соғлик ва таълим тизими
ислоҳ қилинди, Истанбул бўғозига учинчи кўприк қурилди, янги Истанбул
аэропорти ва бутун вилоят марказларида янги аэропортлар ишга
туширилди, Мармарай ишга тушди ва ҳайдовчисиз янги метро йўллари пайдо
бўлди.
Тойиб Эрдўғон ҳукумати жамиятнинг ҳамма гуруҳларига бўлгани каби
мусулмонларга ҳам эркинликлар берди. Эски секуляр ҳарбий диктатура
вақтида бўлгани марказий ва маҳаллий ҳукумат вакилларининг
мусулмонларга қарши очиқ душманликлари, тазйиқ ва босимлари
тўхтатилди, хижоб таъқиқи бекор қилинди, давлат ва хусусий мактабларда
дин дарсларига қўшимча ўлароқ истаганлар учун Қуръон ва пайғамбаримиз
Муҳаммад (сав)нинг ҳаётини ўрганиш дарслари киритилди. 1997 йилдаги
Нажмиддин Эрбоқон ҳукуматини ағдарган қонсиз давлат тўнтаришидан кейин
деярли ёпиб қўйилган имом хатиб (дунёвий ва диний таълимларни бирга
олиб борадиган) мактаблардаги мусулмон ўқувчилар сони 2000 йиллардаги
100 мингдан бугунги кунда 1,5 Миллионга етказилди…
Тойиб Эрдўғон билан унинг мухолифлари эмас, собиқ сафдошлари орасида
ҳам сиёсий қарама қаршиликлар майдонга келди. Собиқ Прездиент Абдуллоҳ
Гул ва собиқ Бош Вазир Аҳмад Довудўғли Эрдўғон билан мамлакатда
Президентлик бошқарувига ўтиш, Гулан жамоатига муносабат, Ғарб
давлатлари билан муносабатлар каби масалаларда келиша олмай,
Эрдўғоннинг партиясидан чиқиб, бугунги кунда ўз партияларини тузиш
билан шуғулланмоқдалар.
***
Кейинги йилларга Туркия Сурия урушига аралашишга мажбур бўлди.
Натажада Туркияга Суриядан 3.5 Миллион қочоқ келди. Туркия бу
қочоқларга энг камида 30 Миллиард доллар ёрдам берди.Яъни, бутун
эркинликлар, сайловлар, ҳар томонни чет элликлар босиб кетиши, давлат
тўнтаришларига уринишлар, ички ва ташқи урушлар ва сиёсий
тортишувлар…ҳамма ҳаммасига қарамай бу мамлакатда нисбатан тинч
тотув ҳаёт давом этмоқда..
Истаган сиёсий фаолият билан шуғуллансин, истаган мусулмон жамоатида
динини ўрганиб Аллоҳга ибодат қилсин, истаган истаган тариқотида
хўжасининг (пирининг) этагини ўпсин, истаган истаган иши,
тадбиркорлиги, тижорати билан шуғуллансин, истаган истаган
университетида ўқисин, истаган ватанида қолсин, истаган истаган жойига
кўчиб кетсин, ҳаммаси ЭРКИН бу ерда..
Турклар ўз ватанлари, ўз давлатлари ҳақида уч томонимиз денгиз, тўрт
томонимиз душман дейдилар…
Ғарбда Овруполиклар, шарқда Эрон, шимолда Русия, жанубда Араб ўлкалари
Туркияга қарши сиёсий, иқтисодий, диний ва геополитик мухолифлик,
душманлик қилишади. Лекин Турклар ва бу давлат Раиси Тойиб Эрдўғон бу
мухолифликлардан, душманликлардан қўрқишмайди. Бу давлатлар раҳбарлари
Туркияга қарши бир оғиз гап айтишса, Тойиб Эрдўғон ва бошқа раҳбарлар
ўз жавоблари билан уларнинг оғзига уради.
Ҳозирда Туркияда бир томондан АҚШ, иккинчи томондан Оврупо Иттифоқи ва
учинчи томондан Русия билан мувозанатли ҳамда ўз манфаатларини ҳимоя
қиладиган ташқи сиёсат бормоқда. Натижада Оврупо Иттифоқи Туркияни ўз
аъзоси қилиб олмасада, у билан кўп томонли алоқалар қилмоқда. АҚШ
Президенти Д. Трампнинг Суриянинг шимолий қисмига қўшинларингни
киритма маъноли ҳақоратли мактубига Туркия Президенти Тойиб Эрдўғон ўз
армиясига Сурияга киришга буйруқ бериш билан жавоб берди. Шундан кейин
Трамп Эрдўғон ўжар, кучли ва ватансевар сиёсий лидер, дея унга баҳо
берди. Русия ва Туркия орасида жуда кучли сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий
алоқалар йўлга қўйилганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Яъни, геополитик
майдонда Туркиянинг бу давлатлар билан яхши алоқаларга қанчалик
эҳтиёжи бўлса, бу давлатларнинг ҳам Туркия билан яхши алоқаларга
шунчалик эҳтиёжи борлиги маълум бўлди.
***
Хулоса қиладиган бўлсак:
Бутун бу эркинликлар ичида Туркия соппа соғлом оёқда турибди. Ватан
бўлингани йўқ, давлат парчаланиб кетгани йўқ, аксинча қийинчилик билан
бўлса ҳам тараққий қилиб бормоқда…
Бу эркинликларнинг ижобий томони, халқ ва жамият уйғоқ, ҳаракатчан, ўз
манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қила олади. Туркияда инсонлар дин,
азон, байроқ, ватан севгиси ва давлатига эгалик қилиш масалаларида
жуда ҳассос. Динга ҳамма ҳам бир амал қилмайди, беш вақт намоз
ўқийдиганлар нисбатан озчилик (тахминан 20%). Жума намозини кўпчилик,
ҳайит намозларини ундан кўпчилик ўқийди…
Шу билан бирга Туркияликлар орасида ғарбона ҳаётнинг таъсири, яъни
секуляр ҳаёт тарзи, шахсий эгоизм, оилада кексалар ва оила қурган
ёшларнинг алоҳида яшашлари, капиталистик (бозор) иқтисод таъсирида
шахслар ва жамият ҳаётида моддий манфаатчилик (материализм) таъсири
кучли. Бу эса ўз ўрнида инсонларнинг бир бирига ишониши ва жамиятдаги
умумий ишонувга жиддий путур етказгандир.Айниқса ёшлар ҳаётида диний
ва миллий қадриятларнинг ўрни тобора заифлашиб бораётганини кўриш
мумкин…
Туркиядаги тирик ва ҳаракатчан, халққа турли соҳаларда эркинлик
берилган, марказий ва маҳалий ҳукумат идоралари ва раҳбарлари эркин ва
адолатли сайловларда (Ўзбекистондаги каби сохта ва ёлғон сайловларда
эмас) сайланадиган, шу билан бирга тинчлик, яъни ижтимоий сиёсий
барқарорлик сақланиб қоладиган жарёнларни бизнинг мамлакатда ва
давлатда ҳам жорий қилиш мумкин, деб ўйлайман. Албатта, Туркиянинг
ҳамма тажрибасини нусхалашга (копиялашга) керак йўқ, аммо ўзимизнинг
Туркиянинг йўли бизга кўп нарсаларни ўргатиши мумкин…
Бу маънода Президент Ш. Мирзиёвнинг ташқи сиёсатдаги ижобий қадамлари
туфайли Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг яхшиланиши, ҳар икки
томондан визасиз ёки узун муддатли визали саёҳатларга ўтилиши,
Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар Кенгашига аъзо бўлиши барчани
каби, мухолифатчи бўлсамда мени ҳам севинтирди.
Намоз НОРМЎМИН
02.11.2019
Расмда: Туркия Давлат Раиси Тойиб Эрдўғон ва унинг бош мухолифи, ЖХП
раиси Камол Қиличдорўғли.
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*