Menu
Categories
Маҳмуд Саъдий ижодидан: Миллатнинг ўктам фарзанди
11/08/2019 Бош мақола
 
Маҳмуд САЪДИЙ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори

МИЛЛАТНИНГ ЎКТАМ ФАРЗАНДИ

Гуландомхон билан “Маърифат” газетаси таҳририятида 1999-йил март ойи охирларида танишганман. Мен ўшанда Матбуотчилар кўчаси 32-уйнинг 3-қаватида жойлашган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ишлардим. “Маърифат” газетаси таҳририяти эса тўртинчи қаватда жойлашганди. Газетанинг ўша пайтдаги бош муҳаррири Ҳалим Сайид газета мазмунини яхшилаш бўйича менинг фикрим билан қизиқар, шу билан бирга, ёш журналистларга таҳрирдан сабоқ беришимни илтимос қиларди. Бир гал хонасига кирсам, истарали бир аёл билан нималарнидир муҳокама қилиб ўтирган экан.

— Э-е, Устоз, келганингиз яхши бўлди, — деди қувноқ оҳангда у. — Келинг, ўтиринг, бу кишини танийсизми?
Кўришдик.
— Бу киши Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети проректори Гуландом опа Боқиева бўладилар, — деб, мени ҳам навбати билан таништирди.
Маълум бўлдики, махсус қарор билан университет қошида янги очилаётган халқаро журналистика факултети учун давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини тайёрлаш ишлари олиб борилаётган экан.
— Жуда яхши, кўпдан орзу қилинган ишлар бўлибди, — дедим.
— Сиз ҳам аралашсангиз, — деди.
— Мен нимасига аралашаман, — дедим.
— Маслаҳатлашсак, фикрингизни айтсангиз, таҳрир ишларига ёрдам берсангиз.
— Майли, қўлимдан келганча, — дея розилик бердим.
Шу билан июлнинг охиригача бирга ишладик. Ўқув дастурларига Ҳомердан Жойсгача дунё адабиёти дарғалари ва уларнинг энг машҳур асарларини киритишни таклиф этганим, фикримизни баъзи расмийлар тасдиғидан ўтказгунимизча анча хуноб бўлганимиз ёдимда. Ҳаммамиз пийсабилилло ишлаганмиз. Шунда “Сиз ҳам дарс бермайсизми”, деб қолишди.
— Мен нимадан дарс беришим мумкин? Ахир институт-университетларда оз-моз дарс берган бўлсам ҳам, тажрибам етарли эмас, — дедим.
— “Маърифат”да таҳрирдан ўргатаётган билимларингизни берасиз. Аввал ўқув дастурини тузасиз, кейин қўлланма, дарслик яратишга ҳаракат қиласиз, — дейишди улар.
— Ўйлаб кўриш керак. Бу ишни амалга ошириш мумкин, — дедим.
Хуллас, ўқув дастурларида бу фан ҳам акс этди. Ахборот жанрларида бир жуфт соат назария, барча амалий машғулотларда таҳлилий ва бошқа жанрлар учун эса алоҳида “Таҳрир санъати” деган фан киритилиб, 3-курс мобайнида ҳафтада бир кун ўтиладиган бўлди. Ана шу жараёнларда Гуландом Ҳисомовна проректорлик билан бирга, факултет декани сифатида фаолият юритган пайтлари у билан бақамти ишлаганмиз.
Кейинчалик газета-журнал ишларини ташкил этишдаги тажрибаларимни назарда тутиб, “Бир журнал таъсис этилаяпти, сиз ҳам мажлисга келинг”, деб қолишди. Мажлисда бир русча таълим олган олимнинг “Сўфизмнинг адабиётга алоқаси йўқ”, дегани-ю, менинг “Навоийнинг ҳам, Машрабнинг ҳам сўфийликка алоқаси бор”, дея эътироз билдирганим, орадаги баҳслар, энг асосийси, ўзбек, рус, инглиз тилларида чоп этиладиган “Филология масалалари” журналининг таъсис этилгани ёдимда қолган. Журналга Гуландом Боқиева жамоатчилик асосида бош муҳаррир, камина бош муҳаррирнинг биринчи ўринбосари, Аббос Ирисқулов эса чет тиллар бўйича ўринбосар бўлдик. Шунда ўз муаллифларимни ҳисобга олиб, Каромат Муллахўжаевани таклиф қилдим. Шундан буён бирга ишлаб келамиз.
Асосий мақсадим шу эдики, журнал ҳақиқий журнал бўлиши керак. Фақат муҳим ва мазмунли мақолалар чиқиши шарт. Туркий адабиёт, тилшунослик, таржимашунослик, журналистика йўналишларини алоҳида-алоҳида бўлимлар қилиб, сифатли нашр этишга ҳаракат қилдик.
Гуландом Ҳисомовна деканлик чоғидаги йиғилишларда ҳам, бош муҳаррир сифатидаги ҳайъат мажлисларида ҳам ҳар бир айтилган янгилик — талабаларнинг яхши мутахассис бўлиб чиқиши йўлида ўқув системасини такомиллаштириш учун бериладиган таклиф бўладими, илмий тадқиқотларни яхшилаш бўйича ғоя бўладими, айтилган ҳар бир жўяли фикрни эътибордан четда қолдирмайди. Биз таклиф қиламиз, у ғояни амалга оширишга жон-жаҳди билан киришади. Бир нарсани ушласа қўйиб юбормаслиги, унга ёпишиб олиб, масалага жиддий ёндашиб, рўёбга чиқармагунча тиниб-тинчимаслиги, серғайратлиги, номига ишлашдан қочиши, ишга ўзини бағишлаши билан менга жуда маъқул келган. Шанба-якшанба кунлари бўладими, ҳатто кечроқ қолиб ҳам ишлаган пайтларимиз кўп бўлган. Ана шу фазилатлари сабаб у билан ишлашга рози бўлиб, “Сиз кетмагунингизча қўлимдан келгунча бирга ишлайман”, деганман.
Гуландом Боқиеванинг жўяли фикрни қабул қилишига бир мисол. Машҳур маърифатпарвар бобомиз, юрт озодлиги йўлида ўзини қурбон қилган мутафаккир Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 120 йиллик юбилейи бўйича ўша пайтда қатағон-қирғин қурбонлари хотирасини тиклаш борасида масъуллардан бири — филология фанлари доктори Наим Каримовга мурожаат қилганимда, маблағ йўқлиги сабаб китоб чоп этиш кун тартибида йўқлигини айтди. Шунда бош муҳаррирга аҳволни тушунтириб, шу буюк маърифатпарвар фаолиятига журналнинг бир сонини тўлиқ бағишлаш бўйича таклифимни айтдим. У фикримни маъқуллади, бирга ректор ҳузурига кирдик. У ҳам розилик берди. Бемалол айтишимиз мумкинки, ўзбек халқининг кўзини очган, ўзбекнинг ўзлигини англатиш йўлида шаҳид кетган, фидойи, қалби билан амали бир бўлган улуғ инсон ҳақида янги-янги маълумотларни ўз ичига олган катта ҳажмли журналнинг махсус сонини чоп этдик. Қолаверса, бу санага бағишланган катта илмий анжуман, унда мазкур журнал сони тақдимотини ўтказдик.
Шу ўринда “Филология масалалари” журналининг оёққа туришида, шаклланишида, иқтисодий қийинчилик даврларидан талофатсиз ўтишида Г.Боқиеванинг ўрни беқиёслигини таъкидлашни истардим. У бўлмаганда журнал ҳам ёпилиб кетган бўларди. Юқорида айтдим, биз ўн бир йил жамоатчилик асосида, яъни бирор манфаатни ўйламай ишлаганмиз. Энди уч-тўрт сўм маош ёзишга имконият пайдо бўлганини айтиб қолишди, лекин маошсиз ишлашга ҳам тайёрмиз. Агар Гуландомхон ёмон одам бўлганида ким бу шароитда ишларди? Масалан, ўзим ҳам, Каромат ҳам, Венера Қаюмовна ҳам унга бўлган ҲУРМАТимиз туфайли ишлаганмиз.
Бўлажак журналистларга касбни ўрганиб чиқишгина кифоя қилмайди. Улар, биринчи навбатда, ШАХС сифатида шаклланиши керак. Бундай инсонда мустаҳкам эътиқод, тўғри деб ҳисоблаган йўлидан қайтмаслик, журналистга хос жасурлик, ростгўйлик хусусиятлари албатта бўлиши шарт. Лекин арзимасдек туюладиган, кўзга кўринмас яна бир жиҳат ҳам бор. У инсон сифатида ҳар томонлама ибрат бўлса, агарда намунали бўлса, янаям яхши. Оддийгина мисол. Аудиторияларга қарасангиз ўйилган, парталарда чизилган жойлар бор. Бу талабаларнинг, бошқача айтганда, халқни тарбиялашни мақсад қилган олий маълумотга даъвогар одамнинг иши. Халқаро журналистика факултетида ўтказиладиган мажлисларда барчанинг фикрини сўрарди. Шунда бир таклиф киритганманки, масалан, талаба қиз уйда, ўқишда, амалиётда, кўча-ю жамоат жойларида ўзини қандай тутиши керак? Ўғил болалар-чи, уларнинг ўзини тутишида қандай ўзига хослик бўлиши даркор? Комилликка интилмаса, у қандай қилиб бошқаларни тарбиялайдиган публитсистик асарлар ёзиши мумкин? Бу фикрни қувватлаб, тадбирлар қўллана бошланди. Лекин унинг проректор сифатидаги ишлари кўпайиб, ректоратга қайтгач, факултетга унинг ўрнига келган раҳбар ўзгача йўл тутиб, “Бу ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ”, дея ташаббусни ҳаракатдан тўхтатди.
Гуландом Боқиева деканлиги пайти кўп яхши ишлар қилинди. Бир воқеа эсимга тушди. Журналист доимо сўз оламида яшайди. Фолклор эса она тилининг бой хазинаси. Халқ оғзаки ижодини пухта ўзлаштирмаган журналист дудуқ қаламкашдир. Лекин ҳатто советлар даврида ўқитилган ўзбек фолклори 2000-йилларга келиб дастурлардан чиқариб ташланди. Илгарилари рус фолклори ҳам ўқитиларди. Шу катта хатони тўғрилаш Гуландомхон зиммасига тушди. Афсуски, бу зарур фан ҳам кейин “соат талаш” жараёнида ўқитилмайдиган бўлди. Чунки айрим касларга профессионал журналист тарбиялаш иккинчи даражали иш эди!..
Гуландом Боқиеванинг яна бир хусусияти жуда кўп янги дарсликлар чиқарди. Унинг бошчилигида инглиз, испан, немис, турк ва бошқа тилларда чоп этилган 5-6 луғатда муҳаррир сифатида менинг ҳам фамилиям турибди. У бундай пайтлари ўзини унутиб ишлайди. Бир мисол. Ўқитувчиси Галина Арсеневна, Носир Қамбаров, мен ва яна бир киши ҳамкорликда луғат устида ишладик. Педагогика университетининг нариги томонида Гуландомхоннинг турмуш ўртоғи Ҳамидулланинг ишхонаси бор эди. Ўша ерда ўтириб роса ишладик. Дам олишсиз фаолиятдан қон босими ошиб кетади. Биттадан лимон чайнаб, қон босимини туширамиз. Яна ишлаймиз. У қийналса-да, бошланган ишни якунига етказиш учун жонини жабборга бериб ишлайди. Унинг иштирокида, раҳбарлигида, ғамхўрлигида, ёрдамида яратилган китоблар бугун бир жойга тўпланса, мўжазгина илмий кутубхона бўлади. Ҳозирги кунда чет тилларни ўқитиш ҳақида кўп гапирилмоқда. Гуландом Боқиевани чет тилларни ўқитиш ишларига амалда конкрет ҳисса қўшган мутахассис сифатида ҳурмат қиламан.
У одамларни қандай уюштиришни билади. Раҳбар уюштириш маҳоратига эга бўлиши керак. Бу раҳбарнинг фазилати. Одамлар билан муомала қилишни билади. Жойи келганда атрофидаги яхши деб билган мутахассисларни қўллаб-қувватлайди.
Шундай бўлса-да, Гуландомхон ҳам мен ўйлаб топган “Яхшилик жазосиз қолмас” деган мақолга баъзида йўлиқиб туради. Бир куни ўзи яқиндан ёрдам бериб, қийналганда бирга ишлаб, илмий тадқиқотига раҳбарлик қилган бир шогирдининг “ёзмиш”ларидан нолиб қолди. “Баъзилари яхшилик ўрнига душманлик қилса, чидашга мажбурсиз. Бундайларга мен ҳам кўп бора дуч келганман”, дея юпатаман.
Раҳбарнинг одамлар юрагидаги дардларини тинглаши ҳам катта санъат. Қўлидан келганча ёрдам кўрсатиш, қўлидан келмаса, сўзи билан таскин бериш мумкин-ку. Бир инсоннинг қўлидан ҳамма нарса ҳам келавермайди. Бу — ҳаёт. Бир мисол. Ўғлим Темурни уйлантирадиган бўлдик. Оиламиз катта. Уч хонали квартирамизда ёш оила — келин-куёв учун жой йўқ. Гуландомхон ўзи ташаббус кўрсатиб, укасининг квартирасини бизга бериб қўйди. Биз фақат электр, сув, газнинг пулини тўлаб турдик. Квартира ҳақи олган эмас, бирор марта таъна ҳам қилган эмас. Икки набирам ана шу хонадонда дунёга келди. Бундан оиламиз миннатдор ва унинг қилган яхшилигини ҳеч қачон эсдан чиқармаймиз.
Г.Боқиева билан А.Ирисқулов раҳбарлигида АҚШнинг Нортистерн университети билан алоқа ўрнатилди. Бизнинг мутахассисларимиз океанорти давлатига бориб тажриба ўрганишди. Улар келиб талабаларимизга сабоқ беришди. Ўзбекистонга келган профессор Николас Данилофф водийни кўргиси келганини айтиб қолади. Гуландомхон шунда мени чақириб, бирга юриб, тарих ва истиқлолдан кейинги ўзгаришлар ҳақида гапириб беришимни илтимос қилди. Бораман, дедим. Машинада ўзи ҳам бирга Андижон, Фарғона, Наманганни айланди. У юртимизнинг жаннатмонанд эканлигини, меҳмондўстлигини кўрсатишни яхши кўради ва бу ишни жуда юқори даражада уддалайди.
Фарғонада синглиси яшар экан, меҳмон билан уларникига ҳам бордик. Жияни франсузча ёдлаган шеърини бурро-бурро ўқиб берди, фарзандлари одобли, қисқаси, ҳақиқий ўзбек оиласи бизни кутиб олди. Шу ерда англадимки, бу оилада тотувлик, ҳамдардлик, бир-бирини қадрлаш, меҳр-оқибат муҳити ҳукмрон экан. Онаси даволанганда атрофида гиргиттон бўлганидан хабарим бор. Неча йил волидасини қўлида кўтариб парвариш қилди. Фарзандлик бурчини ҳалол бажарди, онаси ундан рози бўлиб кетди, назаримда. У фарзандларига, бошқа қариндошларига ҳам меҳрибон.
Филология фанлари доктори, профессор Г.Боқиева ҳозир ҳам куйди-пишди, фаоллигича қолган. Қувват берсин, куч берсин! Соғ-саломат юрсин, умри узоқ бўлсин! Уни ўзбекнинг фидойи аёлларидан, миллатнинг намуна оладиган ўктам фарзандларидан бири деб биламан. Отаси Ҳисом Ғуломов ўзидан яхши инсон, дея ном қолдирган. Гуландомхон эса отасининг фарзанди, деган гапга исбот бўла олади.

https://www.facebook.com/suhrob.ziyo.39/

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*