Menu
Categories
Келгил, паривашим, келгил жимгина, Келгил самолардан мезонга ўхшаб…
11/10/2019 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”

 

Абдулла Орипов
 
* * *

Қўйгил, у кунларни эслатма менга,
Қалбимни ёқмасин бу хазон фаслинг.
Энди, бегонаман, жонгинам, сенга,
Энди бегонадир менга ҳам васлинг.

Гоҳида севиниб, гоҳи ғамдадир,
Ишқ узра ёзардим мен эркин қанот.
Билмайман қайси кун, қайси дамдадир,
Менинг қисматимга чанг солди сайёд.

Унинг қўлидадир бу кун имконим,
Бу кун ҳамроҳимдир гўзал изтироб.
Қўйгил, у кунларни эслатма, жоним,
Қўйгил, юрагимга сен берма азоб.

Ўзгалар юзимга боқса ҳам ҳайрон,
Фақат сен томоша қилма ҳолимни.
Фақат сен шеъримни севма ҳеч қачон,
Фақат сен ҳимоя қилма номимни.

Дариғ тут ишваю назокатларинг,
Фақат сен юзимга боқмагил кулиб.
Ҳайҳот, энди барча илтифотларинг
Менга туюлади масхара бўлиб.

1967

 

* * *
Кузак шамоллари эсдилар яна,
Сокин юрагимда туйғулар қўзғаб.
Келгил, паривашим, келгил жимгина,
Келгил самолардан мезонга ўхшаб.

Оқшом тўлқинида кезайлик хушҳол,
Тўнган юлдузларга боқайлик тўйиб,
Шивалаган ёмғир, дайдиган шамол,
Майли, изимизни кетсинлар ювиб.

Боғларда хазонлар шовуллар қуюқ,
Улар соялардир, жонгинам, фақат,
Улар билмайдилар, билолмаслар, йўқ,
Нақадар буюкдир бизнинг муҳаббат.

Поёнсиз оламга боқайлик сўзсиз,
На ҳасрат, на сўзнинг бордир кераги.
Бизнинг теграмизда ёнаётган куз
Қайси бир ошиқнинг сўнган юраги…

1970

 

МАКТУБ

Ғазаллар тўқирдим сенга бир замон,
Қўшиқлар айтардим тунлар бошингда.
На чора, ушбу кун ўзга бир инсон,
Ўзга бир муҳаббат турар қошингда.

Эшитдим, хазонли боғларда танҳо
Ўтказар эмишсан сокин пайтларни.
Сарғайган дафтаринг варақлаб гоҳо
Такрорлар эмишсан маҳзун байтларни.

Мен ҳам тонглар баъзан йўлга қарайман
Мунаввар қуёшга кўксимни очиб.
Сенинг хаёлингдан мадад сўрайман,
Сенинг хаёлингга бораман қочиб.

Лекин қутулмоқ йўқ ҳижрон дастидан,
Фақат қалбимизда бардош ва сабот.
Дунёда жамики ҳислар устидан
Қаҳқаҳа уради қадим бу ҳаёт.

Надомат нимага ва афсус нечун?
Оламда неки бор ўчар бешафқат.
Бизнинг вазифамиз кўникмоқ беун,
Бизнинг вазифамиз унутмоқ фақат.

Йиллар ўтиб кетар такрор ва такрор,
Ёшлик ҳам ўтади бенишон, бесас.
Лекин ўша чоқ ҳам хўрсиниб, бир бор
Севгандим, набирам, дея олсак бас…

1971 

✍️Абдулла Орипов
t.me/abdullaorif

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*