Menu
Categories
Исмат Хушев: Шерзод Қутбиевни шантаж қилиш кимга ва нимага керак бўлди?
11/10/2019 Демократия сабоқлари

Исмат Хушев:

Шерзод Қутбиевни шантаж қилиш кимга ва нимага керак бўлди?

 

Президентнинг кадрлар сиёсати…

Фарғонадан эсган нохуш шамоллар ортида кимлар турибди?

Улуғбек Ҳайдарнинг хориждаги “башоратлари”

 

Сўзбоши ўрнида:

Кейинги пайтда “Дунё ўзбеклари”га кўплаб ватандошларимиз Шерзод Қутбиев ҳақида қатор саволлар билан мурожаат қилишди.

Қуйида ана шу хатлардан баъзи бирларини эълон қиламиз:

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири И.Хушевга:  

Ҳурматли Исмат ака. Яқинда хорижлик журналист Улуғбек Ашур ўз теледастурида Шерзод Қутбиевни Президент оиласининг яқин қариндоши деб эълон қилди. Уни ўзи ишлаган вазирлик номидан чет элга ишга жўнатиш ваъдаси билан одамларни алдаган ва чув туширган фирма жиноятларига алоқадор деб айтди. Бундан олдинроқ ўз маҳаллий нашрларимиздан бирида Шерзод Қутбиев Фарғонага борганида улфатлари билан майхўрлик қилди деган мақола чиққан эди. Биз Шерзод Қутбиевни ўшанда Фарғонада меҳнат муаммолари билан боғлиқ мажлисда кўрган эдик. Водий халқини иш билан таъминлаш ва Меҳнат бозорларини шакллантириш муаммоларига бағишланган ўша мажлисда биз ҳам бор эдик. Бу ёш ва оғир босиқ, тажрибали мулозим мажлисни юксак савияда ўтказганини ўзимиз кўрдик. Бирданига Тошкентда у киши ҳақида танқидий мақола чиқди. Биз ҳайрон бўлдик. Мана энди чет элда ҳам Шерзод Қутбиевни Президент оиласининг қариндошлигидан фойдаланиб, турли қинғир ишларга аралашиб юрганлиги ҳақида эшиттириш берилди. Наҳотки шу гап сўзлар рост бўлса? Сиз мана шу масалаларга ойдинлик киритиб берсангиз деб Фарғонадан мурожаат қилаяпмиз…

Мухлислар номидан: Ш. Яҳёев, Ш.Солиев, Б.Валиев.


Мухаммад Амин Абдулазизов

АССАЛОМУ АЛЕЙКУМ! ИСМАТАКА ЧАРЧАМАНГ. АГАР АДАШМАСАМ, БУ ШЕРЗОДБЕК ҚУДБИЕВ, ТАШҚИ МЕХНАТ АГЕНТЛИГИ ОРҚАЛИ, ЧЕТГА ХАМЮРТЛАРИМИЗНИ СОТИБ ЮБОРИШДА, КУН УЗ ДА БИР НЕЧА БОР, ХАТТО ЎЗБЕКИСТОН ТВ ЛАРИДА КЎРСАТИЛИБ, ЯНА КИМЛАРНИДУР СУДЛАШИБ, ИШДАН ОЛИШГАНЛАРИГА, БУЛАРНИ ОРҚАСИДАН РОССИЯДА МИНГЛАБ МУСОФИР МУХОЖИРЛАРИНИ ХОР ЗОРЛИГИНИ, КЎРИБ БИЗ КАБИ ЧЕТДАГИ УМУМЖАМОАТ ВАКИЛЛАРИ БОНГ УРГАН, SOS БЕРГАН ИШЛАРГА, МУАЪММОЛАРГА ШУ ОДАМНИ ТЕГИШИ ЙЎҚМИ, САБАБЧИ ЭМАСМИ?


Отабек Тошев  Норвегия, Осло шаҳри.
Ассалому алайкум Исмат ака. Шерзод Қутбиев Президент оиласининг қариндоши деб айтилди. Бу гап қанчалик ҳақиқатга яқин бўлиши мумкин? Наҳотки, Шавкат Мирзиёев ўзининг кадрлар сиёсати билан шуғулланувчи давлат лавозимига ўз қариндошини танлаган бўлса? Ш.Қутбиевнинг қаллоблик ва фирибгарлик билан шуғулланган вазирлик қошидаги ишга жойлаш фирмасига қандай алоқаси бўлиши мумкин?  Шу борада Сизнинг фикрингиз ва муносабатингизни билишни истардик.  

Абдусаттор Рахмонов  Нью Йорк шаҳри (АҚШ)
Ҳурматли Исматжон ака. Президент маслаҳатчиси лавозимига тайинланган Шерзод Қутбиев ҳақида турли туман бўлар бўлмас гап сўзлар тарқаляпти. Шуларнинг қайси бири миш-миш, қайси бир ҳақиқат эканини бизга – халқимизга ойдинлаштириб берсангиз яхши бўларди. Биз кимга ишонайлик?  

Биз бу каби саволларга жавоб топиш илинжида Тошкентдаги расмий ва норасмий манбаларимиз ёрдамида  журналистик суриштирув олиб боришга қарор қилдик.

Унинг натижалари эса бизни ажиб ҳайратларга ошно этди… 

 

1.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда олиб бораётган инқилобий ўзгаришларни шантаж ва шаботаж қилган Хавфсизлик идораси раҳбарлари узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар.

Лекин Президент олиб бораётган сиёсатга бўлган саботажлар барибир тўхтамади. Энди қамалганларнинг садоқатли  шогирдлари зимдан вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилишмоқда.  

Энди улар Президент ишониб ўз ёнига олаётган кадрларга нисбатан шантаж қила бошладилар…  

 

2.

Шерзод Қутбиев 1981 йил 12 апрелда Фарғонада туғилган.

Фарғона политехника институтини – молия ва кредит мутахассислиги бўйича тамомлаган. 

Отаси Давлат ака Қутбиев қишлоқ хўжалиги соҳасида тадқиқотлар олиб борган олим. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида талабаларга дарс берган. Сўнг Тошкент давлат қишлоқ хўжалиги институтига ишга ўтган.

Шерзод ҳам отаси билан аввал Фарғона, сўнг Самарқанд ва ниҳоят Тошкентда ўқиган ва яшаган…

 

3.

Фарғона Политехника институтининг Молия ва Кредит факультетини тугатган Шерзод Қутбиев ўз фаолиятини Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиалида оддий ўқитувчиликдан бошлаган.

Иқтисод фанлари доктори, академик Қаландар Абдурахмонов раҳбар бўлган бу илм даргоҳи Шерзодни олим сифатида шаклланиб, жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим рол ўйнади.

Бу олий даргоҳда Шерзод Қутбиев “Меҳнат муаммолари ва унинг ижтимоий ҳаётга таъсири” мавзуида илмий иш олиб борган…

 

4.

Айни мавзу билан ўз даврида Каримовнинг назарига тушган.

Республика миқёсидаги илмий амалий конференцияда “Меҳнат муаммоларининг коррупцияга таъсири ва Давлат мулозимларининг муҳофазаси” ҳақида гапириб, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти эътиборини тортган.  

Шерзод Қутбиев тилга олган “Давлат мулозимлари меҳнатининг кафолатланиши, уларнинг эртанги кунидан қўрқмаслиги, нафақа муаммоларини ўз вақтида бартараф этиш, уларнинг иқтисодий ва маънавий жиҳатдан ҳамиша кафолатланган бўлиши лозимлиги” ҳақидаги фикрлари конференцияда қизғин баҳсларга сабаб бўлади.

Ўша пайтда коррупцияга ботган мулозимлар табақаси Каримовни чалғитади.

Ўзини “Мамлакатдаги Молия ва Банк соҳаси билимдони” деб билган Ҳукумат аъзоларидан бири сўзга чиқиб,  “Қонунлар нафақадагиларни эмас, халқни ҳимоя қилишга қаратилган бўлиши керак деб ўзича донишмандлик қилади…

 

5.

Ана шу Конференциядан сўнг орадан маълум вақт ўтганидан кейин Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги Бош вазири Шавкат Мирзиев Плеханов номидаги Россия Иқтисодиёт университетининг Тошкент филиалига иш билан бориб, Шерзод Қутбиевни кўриб қолади.

– Сизни ўша муҳокамада ноҳақ тўхтатишган эди, илмий ғояларингиз нима бўлди?  – деб ёш ва ташаббускор олим билан яқиндан танишиб, ҳол аҳвол сўрайди. Энди ўша ғояларни Қонунга айлантириш ва ҳаётга тадбиқ этиш зарурлигини айтади.

Бу уларнинг биринчи учрашуви ва яқиндан танишуви эди.

Шу тариқа Шерзод Қутбиевнинг давлат ва ҳукумат пиллапояларидаги парвози бошланади…

 

6.

Шерзод Қутбиев даставвал – Меҳнат ва социал таъминот вазирлигида, кейинчалик эса бевосита Вазирлар Маҳкамасида фаолият олиб борди. 

2016 йилнинг сентябрь ойида Шавкат Мирзиёев Шерзод Қутбиев номзодини ўзи ишлаган Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани ҳоким ўринбосарлигига тавсия қилади. 

“Меҳнат муаммолари ва унинг коррупцияга таъсири” мавзусида илмий иш билан шуғулланган ёш ва навқирон иқтисодчи олим раҳбарлик қилган Мирзо Улуғбек туманида сўнгги икки йил давомида бирорта ҳам жиддий ЧП содир этилмагани Шавкат Мирзиёев эътиборини тортади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳоким лавозимига тайинлангунга қадар Шерзод Қутбиев Вазирлар Маҳкамаси Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаменти мудири ўринбосари бўлган.

Аввалроқ — 2012−2015 йилларда — Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги (ҳозирги — Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги) Аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш республика илмий маркази директори лавозимида ишлаган.

2010−2012 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги департаментида етакчи ва бош мутахассис, 2007−2010 йилларда Меҳнат вазирлигида турли лавозимларда фаолият олиб борган.  

Кейинчалик меҳнат муаммоларини бартараф этиш учун Ўзбекистонда “Меҳнат ва Бандлик муаммолари” билан шуғулланувчи вазирлик ташкил этилиб, ёш ва истеъдодли олим Шерзод Қутбиев вазирликка тавсия қилинади.

Бу энди Шавкат Мирзиёевнинг Президентлик даврига тўғри келади…

 

7.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари этиб сайланганидан кейин мамлакат ижтимоий сиёсий ҳаёти том маънодаги инқилобий ўзгаришларга юз бурди.  

Шерзод Қутбиев каби ёш ва истеъдодли, қалби яратувчилик ишқи билан тўлиб тошган ғайратли ва ташаббускор мулозимлар даври бошланди.

Лекин ҳар бир давлатнинг ривожланиш ва тараққиёт жараёни – жуда қийин ва машаққатли бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам Президент сиёсатини, унинг кадрларини шантаж ва саботаж қилишга уринишлар бўлди.

Ҳар бир кишининг умр йўлларида “Нур борки, соя бор” деганларидек, жумладан бугунги қаҳрамонимиз Шерзод Қутбиев ҳаётида ҳам баъзи ноҳақликлар юз беради. Давлат раҳбарининг назарига тушиб, жуда тез кўтарилиб бораётган ёш ва навқирон мулозим ўз жойини йўқотишдан қўрқиб қолган баъзи маҳаллий раҳбарларнинг тинчини йўқотади.

Шерзод Қутбиев хизмат сафари билан Фарғонага борганида унга нисбатан очиқдан очиқ шантаж уюштирилади.

“Меҳнат муаммолари ва одамларни доимий иш билан таъминлаш истиқболлари” ҳақида ўтган мажлисда яхшигина маърўза қилиб, иштирокчилар эътиборини қозонган Меҳнат вазири иш вақти тугаб, кун кеч бўлганида ниҳоят узоқ вақтдан бўён кўрмаган ёшликдаги дўстлари ва синфдошлари билан дийдорлашиш учун чойхонадаги бир пиёла чойга боради.

Фарғонанинг чойхоналари водийга ташриф буюрган меҳмонларнинг энг суюкли ва дилкаш маскани экани ҳаммага маълум. Бунинг устига ўзинг асли фарғоналик бўлсанг, болалагинг ўтган гўшаларни, синфдошлар билан юрган кўчаларни эслаш ва хотирлашни ким ҳам қўмсамайди дейсиз. 

Ўзбекистоннинг ёш ва навқирон вазири Шерзод Қутбиев ҳам ана шундай кайфиятда ўз синфдошлари билан учрашади. Чойхонадаги бир чўқим ош устида ёшликдаги дўстлар – асосан синфдошлар бари жамулжам бўлишади…  

 

8.

Лекин у Тошкентга қайтганидан кейин ёшликдаги синфдошлар билан Фарғонанинг сўлим чойхонасида ўтган бу машварат, бу “чойхўрлик” – Ўзбекистоннинг энг нуфузли нашрларининг бирида “маишат ва майхўрлик” деб талқин этилади.

Ҳолбуки водий чойхоналарида ичимлик истеъмол қилинмаслигини, бу ерларда ахлоқ одоб, маданият ва маънавият масалалари анча юқори савияда эканини меҳмондўст ва меҳри дарё водийликлар яхши билишади.

Лекин кимларгадир ёш ва истиқболли мулозимни бадном этиш, шантаж қилиш орқали каръерасига болта уриш Фарғонада кимларгадир жуда керак эди, шекилли…   

 

9.

Бу воқеалар шов шуви тугамай туриб, Шерзод Қутбиев кутилмаганда Меҳнат вазирлигидан – Президент маслаҳатчиси лавозимига кўтарилиб кетди.

У энди республикада кадрлар сиёсати билан шуғулланади. Давлат раҳбарининг бу тайинлови –  қалби ва қўли тоза бўлмаган аксарият мулозимлар юрагига ғулғула солди. 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда олиб бораётган ўзгариш ва тайинловларга таъсир ўткариш ва давлат раҳбарининг бу янги сиёсатини бошқарувчи кучларга бевосита алоқадор бўлиш ҳисси кўпларга тинчлик бермай келаётгани ҳам сир эмас.

Ана шулар бари бир бўлиб, энди Шерзод Қутбиевни халқаро майдонда – хориж матбуотида ҳам бадном қилиш режасини тузадилар…

 

10.

Жиззахда бир муддат яшаган ва ишлаган, аслида эса фарғоналик бўлган журналист Улуғбек Ашурни мен анчадан бўён яхши танийман.

Уни камтар ва камсуқум, ўз устида изланувчан, истеъдодли ижодкор деб биламан.

Лекин кейинги пайтда у Президент Мирзиёев қариндошлари изига тушганини ва улар ҳақида пашшадай нарсаларни филдай қилиб – аюҳаннос солишни одат қилганини қоралайман.

Буни унинг ўзига ҳам бир неча бор айтдим. Унга нотўғри ахборот бераётганлар, ёлғон маълумот билан уни чалғитаётганлар – давлат раҳбаридан айнан Улуғбекнинг қўли билан ўч олаётган аламзада кимсалар эрта бир кун унинг юзини эл-юрт олдида тамомила шувит қилиб қўйиши мумкинлиги қайта ва қайта таъкидладим. 

Менинг бу сўзларимни Улуғбек қандай тушунди, билмадим. Лекин мени бугун – унинг эрта бир кун Президент ва унинг қариндошлари ҳақида эълон қилаётган ахборотлари ростдан ҳам ёлғон ва бўҳтон эканини билиб қолгандаги ҳолати кўпроқ ўйлантиради.

Яқинда Улуғбек ўзининг “Негатив” кўрсатувида Президент Шавкат Мирзиёевнинг назарига тушиб, масъулиятли вазифага тайинланган Шерзод Қутбиевни нишонга олибди. Уни ҳам Президент оиласининг қариндошлари рўйхатига тиркабди.

Хусусан, у вазир бўлган даврда вазирлик лицензиясини олган қандайдир фирмага Қутбиевни ҳомийликда айблабди.

Энг қизиғи, уни Президент рафиқасининг қариндоши деб эълон қилибди…

 

11.

Биз бу масалани ўрганиш учун Тошкентдаги расмий ва норасмий манбаларимизга мурожаат қилдик.

Улардан уч масалада бизга аниқ тиниқ маълумот беришларини сўрадик.

Биринчидан: Шерзод Қутбиев Меҳнат вазири бўлганида Фарғонада “маишат ва майхўрлик” қилганмиди?  

Иккинчидан: Одамларни ишга жойлаб қўйиш ваъдаси билан қаллоблик қилиб, уларни чув туширган “Хуман” фирмасига у ростдан ҳам алоқадорми?

Ва ниҳоят учинчидан: У ростдан ҳам Президент оиласига қариндошми?

 

12.

Тошкентдан келган аниқ тиниқ маълумот ва ҳужжатларни ўқирканмиз, бугунги ўзбек журналистикаси ёлғон ва бўҳтон ахборотларни тарқатиш борасида бошқа давлатларга қараганда ниҳоятда илгарилаб кетганини сездик.

Биринчидан: Шерзод Қутбиев Фарғонада хизмат сафарида бўлганида кечқурун чойхонада синфдош дўстлари билан бир пиёла чой ичгани рост. Лекин матбуотда ёзилганидек “Маишат ва майхўрлик” бўлгани ғирт ёлғон ва тўҳмат бўлиб чиқди. 

Иккинчидан: Меҳнат вазирлиги лицензиясини олган фирма қаллоблик қилиб, одамларни алдаган бўлса, бу жиноятнинг фош этилишида айнан Шерзод Қутбиевнинг ташаббускорлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. ДХХ, Бош прокуратура ва Ички Ишлар вазирлигидаги манбаларимиз бизга айнан Шерзод Қутбиев ташаббуси билан бу фирибгарлик иши тергов қилинаётганини тасдиқлашди. Тергов давом этмоқда ва у адолат тантанасини албатта маҳкамага олиб чиқади. Ўзбекистонда энди ҳеч ким ва ҳеч қачон ўғри ва муттаҳамларни ҳимоя қилмайди, жиноят қилган фирибгар кимсалар албатта ўз жазосини олади. Шавкат Мирзиёев даврида бошқача бўлиши мумкин эмас!

Ва ниҳоят учинчидан: Шерзод Қутбиевнинг Президент оиласига қариндошлиги мутлақо ёлғон ва бўлмаган гап.

У Фарғонада туғилган, холос. Лекин Президент оиласига яқинлиги – қариндошлиги ўйлаб топилган, тўқиб чиқарилган чўпчак ва фантазиядан, афсонадан бошқа нарса эмас. 

Шерзод Қутбиев икки миллионлик Фарғона аҳолиси каби Президент оиласига ҳамшаҳар ва ҳамюрт бўлиши мумкин. Лекин унинг қариндошлиги – ҳақиқатга зид.

Президент оиласи билан Қутбиевлар оиласининг ҳаёт йўллари умр чорраҳаларида мутлақо кесишмаганини фарғоналиклар яхши билишади… 

 

13.

Ўзбекистонда бугун Президент кадрларини шантаж қилиш, уларни эл-юрт кўзи ўнгида ёмонотлиққа чиқариш ва обрўсизлантириш кампанияси авж олганини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардик.  

“Андишанинг отини қўрқоқ” қўядиган бу шантаж ва саботажчиларни фош қилишни ўзбек журналистлари ўйлаб кўрсалар ёмон бўлмасди.

“Кадрлар ҳамма масалани ҳал қилади” (“Кадры решают все”) деб бежиз айтишмаган.

Шунинг учун ҳам ғоявий ғанимлар ва аламзада кимсалар бугун Ўзбекистонда Президент олиб бораётган улуғвор ўзгаришлар дохил кадрлар сиёсатини ёмонотлиққа чиқариш ва шантаж қилишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган кўринадилар.

Ўзбекистонда Қонун ҳамма учун баробар эканини улар яхши билиб қўйиши керак.  

Бировнинг номига тўҳмат ёғдириб, қоралаётганлар ҳам, уларнинг бу ёлғон тўҳматларини, иғво-ю, шантажларини бемалол нашр этаётганлар ҳам.

Ана шу оддий ҳақиқатни бугун мамлакат ичкари ва ташқарисидаги ҳамкасбларимизга эслатиб қўйсак, фойдадан холи бўлмаса керак…

 

14.

Шерзод Қутбиевнинг янги фаолияти муваффақиятли бўлишини истаймиз.

Ўз илмий ишларида тадқиқ қилган ўта муҳим ва долзарб мавзуни энди ростдан ҳам янгиланаётган Ўзбекистон ҳаётига тадбиқ этишларига омад тилаймиз.

Зотан, у киши тадқиқ қилган мавзудаги уч соҳа: Давлат хизмати мулозимлари, Вакиллик органлари ва Президент Бошқаруви – жамиятнинг янги ва улуғ мақсадлари йўлидаги ҳамкорлигини таъминлашга эришилса, бу уч ажралмас соҳанинг бир бутунлиги, бир тану, бир жонлиги таъминланса – Ўзбекистон ўз олдига қўйган улуғвор вазифаларни шараф билан адо этажак.  

Айнан шунинг учун ҳам юртимиздаги барча адолатпарвар инсонлар – Шавкат Мирзиёев мамлакатда олиб бораётган инқилобий ўзгаришларга камарбаста бўлаётган Шерзод Қутбиев каби садоқатли ва ташаббускор мулозимларни ҳар қандай вазиятда ҳам ҳимоя қила олиши ва қўллаб қувватлаши лозим эмасми? 

Ростини айтганда, Фарғонадан эсган тўҳмат шамолининг дайди ифорлари фош бўлишини қаҳрамонимизнинг ўзи истамади. Қолаверса, бизнинг ҳимоямизга ҳам у зор эмас.

Адолатни айтмаслик эса – бизга ёт, касбимизга тўғри келмайди…

 

Сўнгсўз ўрнида:

Хўш, Шерзод Қутбиевни шантаж қилиш кимга ва нимага керак бўлди?

Бу саволга қисман жавоб бера олдик. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор.

Икки қўлимизни кўксимизга қўйиб, инсоф ва диёнат билан айтганда, Шерзод Қутбиевдек ёш бўлса ҳам узоқни кўзлаган, илмий салоҳиятли ва тажрибали кадрларнинг майдонга чиқиши бу, табиийки – жамиятнинг бахти.

Лекин афсуски, бу ҳаммани ҳам қувонтиравермайди. Айниқса, коррупция ботқоғига ботган – “ўзига хон – кўланкаси майдон” арбобларнинг ичига ғулғула тушиши – тинчи йўқолиб, уйқуси қочиши турган гап.

Шу маънода бугун Фарғонадан эсган айрим нохуш шамоллар билан бирга хориждаги баъзи аламзада ҳамкасбларимизнинг бирлашиб кетишидан ажабланмаса ҳам бўлади:

Ўзбек халқининг “Кўр кўрни – қоронғида топади!” деган ҳикмати яна бир бор ўз тасдиғини топган бўлса, не ажаб…

 

Исмат Хушев,

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,

10 ноябрь 2019 йил, Торонто шаҳри, Канада. 

 

 

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

 

"1" Comment
  1. Ассалому Алайкум Исматжон Ака! Укамиз Олим, Жиддий, хамма хам ботина олмайдига мавзусидаги докторлик диссертацияси Шерзод Кутбиев кандай Жасур йигит ва оиласи ижтимоий холати ПОКИЗА Инсон эканлигидан далолат. Мевали дарахтга тош отилади. Хайём бобомиздан ажойиб Инсон табиатига хос булган Беайб ПАРВАРДИГОР талкинига мос равишда Ёзганлар: АХИР БУ ДУНЁДА БЕГУНОХ КИМ БОР? НЕЧУК ЯШАЙ ОЛДИ БУЛМАЙ ГУНОХКОР. ЁМОНЛИК КАЙТАРСАНГ ЁМОНЛИГИМГА, ФАРКИМИЗ НЕ БУЛДИ АЙТ ПАРВАРДИГОР? Ленин эса, Хатосиз Инсон йук. Кичкина хато килиб, тез тузатадиган ОДАМ Аклли. Шерзоджон лавозими Ута жиддий погона булиб, содир этилажак арзимас, Кичкина Адашиш? Президентга рукач этилади. Шунинг учун Шерзоджондан Лавозим сохасидаги илмий иш хулосаларига нисбатан 10-100-1000 карра ХУШЁР булишларини тавсия этган булардим. Якинда Мулохазаларини нотугри талкин этган, ВВС журналисти билан сухбатда СОДИК САФАЕВ Журналистни талкинини нотугри эканлигини, МОХИРОНА хавас этса Арзугулик исботладилар. Шерзоджон Лавозимингиз Жиддий-НОЁБ, Яхши, Билимли, Хаёт тажрибасига эга Одамларга тахлид ва Урганиш Фойдадан холи эмас. Лавозимингиз Ёшингиздан катъий назар кечирим сурайдиган? Аммо Жавохир насихатларимиз олсангиз? ДУРГА айланиши Шубхасиз, Имоним Комил. Рахмат САБРИНГИЗГА, Айникса ЭРИНМАГАН мехнати учун Исмат Хушевга.

Leave a Reply to Абдусаттор Рахмонов
*