Menu
Categories
Йўлчиман манзилим уфқдан нари Ложувард денгизнинг тубига яқин – Абдулла Орипов
11/13/2019 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”

Абдулла Орипов

“… Ўтган мафкура бизни, халқни, олимларниям, адабиётшуносликниям шу даражада буздики, ким нима деса шуни тагидан кир, маъно ахтариш бошланиб кетди. Усмон Носирни ҳукм қилишган.

Йўлчиман манзилим уфқдан нари
Ложувард денгизнинг тубига яқин.

Шу сатрлар делосида ёзилган, ложувард денгизнинг тубида нима бор? Америка! Усмон Носир Америкага кетяпти.
Мана шунақа хулоса чиқарган. Кейин Усмон Носирдан айб ахтаришган:

Шеърим яна ўзинг яхшисан
Боққа кирсанг гуллар шарманда.

Айбловни қаранг: «Бу нима дегани? Совет гуллари Усмон Носир шеърларидан хунукми? Совет гуллари шарманда бўладими?» Энди шу даражага етдики, образли фикрлашнинг ўзи керак бўлмай қолди. Адабиётшуносликнинг қизиқ-қизиқ томонлари бор. Бу ҳақда раҳматли Озод Шарафиддинов айтиб юрарди. Танқидчилар атайлаб қилмайди, бу кўпинча тушунмасликдан келиб чиқади…”

2005 йил декабр

✍️Абдулла Орипов

 


АРМОН
Усмон Носирга

Жажжи бола тинмасдан сира
Акасига ёлворар ёниб:
— Жон акажон, кўрсат биргина,
Жон акажон, бир кўрай қониб.
Акасининг қўймас қўлидан,
Ўртанади ёшгина жони.
Ниманидир олиб қўйнидан
Кўрсатади сўнг акажони.
Гўдак яна ўтмайин фурсат,
Акасига тикади кўзин:
—Жон акажон, яна бир кўрсат,
Кўзим билан кўрайин ўзим.
Тинчитмайди уни бир нафас,
Осилади “жон” деб бўйнига.
Акажони кўрсатиб бирпас,
Яширади сўнг бор қўйнига.
Нимайди у? Маъсум туйғунинг
Оромига сололган ғавғо?
Не бўлса ҳам болакай унинг
Дийдорига тўймади асло.
Нимайди у? Балки бир безак —
Армон қилиб юрган нечалар.
Не бўлса ҳам ўшани гўдак
Тушларида кўрди кечалар.
Нимайди у? Балки бир тугун,
Ё оддий тош, ёки оддий гул.
Не бўлса ҳам ёш инсон учун
Ўша дамда ноёб эди ул.

1965

✍️Абдулла ОРИПОВ

 

“… Ўтган мафкура бизни, халқни, олимларниям, адабиётшуносликниям шу даражада буздики, ким нима деса шуни тагидан кир, маъно ахтариш бошланиб кетди. Усмон Носирни ҳукм қилишган.

Йўлчиман манзилим уфқдан нари
Ложувард денгизнинг тубига яқин.

Шу сатрлар делосида ёзилган, ложувард денгизнинг тубида нима бор? Америка! Усмон Носир Америкага кетяпти.
Мана шунақа хулоса чиқарган. Кейин Усмон Носирдан айб ахтаришган:

Шеърим яна ўзинг яхшисан
Боққа кирсанг гуллар шарманда.

Айбловни қаранг: «Бу нима дегани? Совет гуллари Усмон Носир шеърларидан хунукми? Совет гуллари шарманда бўладими?» Энди шу даражага етдики, образли фикрлашнинг ўзи керак бўлмай қолди. Адабиётшуносликнинг қизиқ-қизиқ томонлари бор. Бу ҳақда раҳматли Озод Шарафиддинов айтиб юрарди. Танқидчилар атайлаб қилмайди, бу кўпинча тушунмасликдан келиб чиқади…”

2005 йил декабр  

УМР ҒАРОЙИБОТЛАРИ

Мен азамат чинор эдим,
Сўнг эгилиб тол бўлдим,
Ғоят ўткир шароб эдим,
Ҳалим бўлдим, бол бўлдим.
Тулпор эдим бир маҳаллар
Сувлиғини чайнаган,
Охир келиб, аллакимлар
Етаклаган “мол” бўлдим.

2013 йил 8 ноябрь

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан  

 

Leave a Reply
*