Menu
Categories
Аҳли Расул Муҳаммад: ГУЛЛАЁТГАН ХАЁЛ (Фалсафий-бадиий этюдлар)
11/23/2019 Адабиёт

Аҳли Расул Муҳаммад:
ГУЛЛАЁТГАН ХАЁЛ
(Фалсафий-бадиий этюдлар. 801-850)

801. Ўзгаларнинг омадидан севинадиган одам ўз омадсизлигидан ғамга ботмайди.

802. Одамлар очликдан эмас, кўпинча тўқликдан ўладилар…

803. Такрор айтаманки, мен сизга ақл ўргатмоқчи эмасман. Ишлаб турмаса ўладиган ақлимни ишга солаётирман холос…

804. Сен ўз ойдек ҳуснингга ўзинг маҳлиё бўлиб кўзгудан кўз узолмай ўтирибсан. Мен эса – сендан. Аммо менинг кузатиб турганимни сен кўрмайсан. Чунки ўртамизда нафақат девор, балки тоғлар, денгизлар ва ҳатто қитъалар бор…

805. Иккала қўлим иш билан бандлиги туфайли мен сенга учинчи қўлимни узатяпман. Нега мен билан қўл бериб кўришмаяпсан, биродар?..

806. ХХ1 АСР УЧУН ТИЛАК:
1 асрда одамларнинг оёғи ердаю, боши осмонда бўлган. ХХ1 асрда ҳам шундоқ бўлсин, илоҳим…

807. – Туркистон халқлари бирлашиб, битта давлат тикласалар, о, қандоқ яхши бўларди!
– Тўғри айтасиз. Улар бу муборак амаллари билан Ер куррасидаги барча халқларнинг бир-бирларига қўл бериб ягона давлат қуришларидек Улуғ Ишни бошлаб берган бўлишарди…

808. Кўнгилга доир сўзлар эскирмайди. Чунки Кўнгил ҳар доим янги, ҳатто ўта янги. Ахир, ҳозир деётганим Кўнгил боягина деганимдагидек Кўнгил эмас-да…

809. Туғилмоқ нечоғлик қувончли бўлса, ўлмоқ ҳам қайғули эмаслигини англай олганларгина мангулик нималигини биладилар.

810. Бераҳм одамларга раҳмингиз келсин. Чунки улар ғоят заифдирлар.

811. Отам ўзининг алп қомати билан мендан Ўлимни тўсиб турган экан. У кетгач, Ўлим бор бўйи билан менинг қаршимда пайдо бўлди. Ортимда эса бундан бехабар, беғам ва бепарво болам. Оҳ, отажоним-а… Эҳ, болажоним!…

812. Кишини йиғлатиб юборадиган даражада содда бўлганларни йиғлатиб қўймангиз, одамлар!

813. Ўзи ҳақида шунчаки йўл-йўлакай айтилган бир-икки оғиз мақтов сўзни ўзи такрорлаб юрадиган одамнинг мақталадиган нимаси бор экан, деб ўйлаб қоламан баъзан.

814. Бойнинг кенг кошонасида қисилиб-қимтиниб, камбағалнинг торгина кулбасида яйраб ўтираман негадир…

815. Инсон бу дунёнинг қулидир. Қачонки ундан озод бўлса, ҳур бўлади.

816. Болажоним, деб эркалайдиган миттигина она қишлоғимга қайтишим керак! Мендек бетоқат ва ношукур меҳмонингизни кечирингиз, улкан Москва, Вашингтон, Токио…

817. Агар шоҳ ўзининг тиши ўтмайдиган мавзуда элга сўзлашни истаб қолса, шу мавзуни унинг оғзига чайнаб солувчилар албатта топилади.

818. Мен денгизга эмас, денгизлар ғарқ бўлар менинг хаёлларимга…

819. Одамни одам ўлдирмасин, зўравонлик, уруш ва қирғин бўлмасин, деган бўлсалар, демак, зардуштийлар ҳам мусулмон бўлишга интилган эканлар.

820. Ҳаром таомнинг таъми асло ширин бўлмайди.

821. Агар сизда дил бўлса, ўзгаларнинг тилини топа биласиз.

822. Ўзини бизга яқин олиб хонамиз шифтларига бемалол ин қуравергани учун ҳам қалдирғочлар кўзимизга иссиқ кўринади худди туғишган ака-сингилларимиздек…

823. Шоҳга от совға қилувчининг мақсади Ғирот минишдир…

824. Ер ва Осмон оралиғи – бу ёруғ дунё аслида супурмаса ҳам бўладиган озода жойдир. Бироқ бу жойнинг чангини биз одамлар чиқарамиз.

825. Инсоннинг шаънига ёмон сўз айтиш асло мумкин эмас. Чунки у буюк Холиқнинг энг севиб яратган махлуқидир. Бироқ исми ва жисми айнан инсонларга ўхшайдиган шайтонлар ҳам бор-да.

826. Сиз осмондан тушган, мен эса ердан чиққан бўлсам ҳам, барибир ҳозир ҳар икковимиз ер юзидамиз…

827. Кўнгил – кенг. Унинг кенглиги бу дунё, у дунё ва яна бошқа дунёларнинг ҳаммасини сиғдира оладиган кенгликдан ҳам кенг.
Кўнгил – тор. Унинг торлиги ўзига ўзи сиғмайдиган торликдан ҳам тор.

828. Ҳақиқат ва адолат йўқ экан, деб бу дунёдан кетганлар бору, бироқ у дунёдан ҳам тополмадим, деб қайтиб келганлар йўқ…

829. Айтишим зарур бўлган, аммо ҳали айта олмаган сўзларимдан бошқа бу дунёда мени ушлаб турган ҳеч вақоим йўқ.

830. Нотоза жойларда ҳам тозалигини йўқотмаганларга таъзим айланг, озода жойларнинг озодалари!

831. Сизиб ўтавериб Вақт вужудимдан илма-тешик қилиб ташлайди. Ўзи билан бирга олиб Руҳимни, ўзи борар ерга бошлайди…

832. Аёлларга қарасанг агар, парда ичра туриб қарагил. Ўшанда бўлмайди дунёда бирорта ҳам бепарда аёл…

833. Агар сиз фаришта бўлсайдингиз, мен билан ҳозиргидек сўзлашиб турмасдингиз ва, умуман, менинг кўзимга кўриниб ҳам юрмасдингиз…

834. Мен сени бошимга кўтарар эдим бошимга чиқмоқчи бўлмаганингда…

835. Яланғоч қолишдан қўрқмагил ва сен оч қолишдан қўрқмагил. Қўрқ тилсиз қолишдан, фикрсиз қолишдан!

836. Ўликлар чинакам ростгўйдирлар: улар ҳеч қачон тирилмайдилар. Тириклар эса ўлаверадилар ҳам, тирилаверадилар ҳам…

837. Оллоҳ хоҳлаганчалик илм ўрганганнинг илмлари унинг қоронғи қабрини чироқ бўлиб ёритса не тонг!

838. Елкамдаги йиртиқ чопонга тикилмагил истеҳзо билан. У тушади бир кун елкамдан ва сендаги заррин пўстин ҳам тушиб қолар бир кун елкангдан…

839. – Нега хафасиз?
– Кўрмаяпсизми унинг ишини?..
– Қўйинг, хафа бўлманг. Ҳайвондан ҳам хафа бўладими киши?
– Ахир у…

840. Ўзганинг еган-ичганини, кийганини кўролмайдиганлар борлигини билардим. Воажаб, қора терга ботиб ишлаётганингизни ҳам кўролмайдиганлар бор экан!

841. – Тинчгина юрсанг бўлмайдими? Қачон қарасам, ҳамманинг оғзидасан.
– Демак, мен тоза эканман-да, олган бўлса ҳамма оғзига…

842. Нима кўп десам, сўз кўп дейсану, қани ўша Сўз? Узукка кўз, очларга нон, ўликка жон бўладиган Сўз?

843. Инсон туғилгач, яна қайта туғилмаганидек, ўлгандан кейин ҳам яна қайта ўлмайди, демак, унинг мазмунида мангулик яшайди.

844. Донишмандлик аслида инсоннинг энг оддий ва табиий сифатларидан биридир. Ўзидаги шундай сифатни англай олмаганларгина донишмандларга айрича ҳайрат назари билан қарайдилар.

845. Вақтга вафодорлик қилиб, унинг қадрига етганлар сиймосини Вақт ҳам мудом ўзи билан бирга олиб юради. Бевафолик қилиб, қадрига етмаганлар суратини эса қисқа лаҳзалар ичида ташлаб юборади.

846. Пок ва гўзал аёлга нисбатан беҳаё ниятини амалга оширолмаган кимсанинг ўша аёл ҳақида жирканч гаплар тарқатиб юрганини эшитсам, ишкомда олтиндек товланиб турган узумга бўйи етмагач, «Пуф, сассиқ!» дейдиган ҳаммага таниш ҳув ўша Тулки кўз олдимга келади…

847. Кимсасиз қалин ўрмон ёхуд бийдек далаларда тунлари танҳо ўзим бемалол кезиб юравераман. Бироқ гавжум шаҳар кўчаларида кечалари ёлғиз юришга негадир юрагим дов бермайди…

848. «Дунёдан тўйдим», деган киши аслида бу гўзал ва ёруғ дунёдан эмас, балки бу дунёга тўймайдиганлардан тўйган бўлади.

849. Қадим замонларда ваҳший ва тийиқсиз ҳайвонлар кўп бўлган. Ер юзида одамлар кўпайиб, ҳар томонга тарқала бошлагач, уларнинг дами ичига тушиб, думи қисилиб дом-дараксиз бўлиб кетган…

850. Ростгўй одам ўзгаларнинг ҳимоясига муҳтож эмас. Чунки унинг сўзи қилич, кўзи қалқондир.

(Давоми бор)

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*