Menu
Categories
Таниқли ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубов 79 ёшида оламдан ўтди
11/27/2019 Бош мақола

 Таниқли ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубов 79 ёшида оламдан ўтди


Толиб Ёқубов 12 йиллик муҳожиратдан сўнг Франциядан Ўзбекистонга ўтган йили қайтган эди.
Толиб Ёқубов 12 йиллик муҳожиратдан сўнг Франциядан Ўзбекистонга ўтган йили қайтган эди.

Таниқли ўзбек инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Толиб Ёқубов 79 ёшида Жиззахдаги уйида 27 ноябрь куни вафот этди. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган ҳуқуқ фаолининг яқинларига кўра, марҳумнинг жаноза намози куннинг иккинчи ярмида ўқилади.

Толиб Ёқубов ўтган йили 12 йиллик муҳожиратдан сўнг Франциядан Ўзбекистонга қайтган эди. Яқинларига кўра, у сўнгги ойларда оғир аҳволда ётган.

Таъқиб-тазйиқлар остида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган ва Францияда бошпана топган ҳуқуқ фаоли ўзбек фуқаролигидан махрум этилган эди​.

Ислом Каримов вафотидан сўнг Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасига виза сўраб қайта-қайта мурожаат қилганидан сўнг Толиб Ёқубовга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги унинг сайёҳлик ҳужжатига бир йиллик ўзбек визаси қўйиб берган эди.​

Толиб Ёқубов 1941 йилда Жиззах шаҳрида дунёга келган.

Физика-математика фанлари номзоди. Олти фарзанднинг отаси.

1964 йилдан 1992 йил охирига қадар Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика Институтида ўқитувчилик қилган.

Толиб Ёқубов 1980-йиллар охирида “Бирлик” Халқ ҳаракатининг фаол аъзоси бўлган.

У 1996 йилда “Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти” бош котиби ва 2001 йилда эса айни жамиятнинг раиси этиб сайланади.

У Ўзбекистон ҳуқуқ тартиботи органларининг давомли босими остида фаолият юритишга мажбур бўлганини айтиб келган.

Толиб Ёқубов 2006 йил июлида “сохта” жиноят иши очилиши ортидан мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганди.

"1" Comment
  1. Inna lillahi va inna ilayhi rojiuun . Hakikiy bir Vatanparvar kahramonidan ayrildi – Ozbekiston bugun . Shuhratparastlik kasaliga duchor bolmagan bir pok avlodidan ayrildi Ozbekiston bugun . Muholifat saflarining sardoridan ayrildi Ozbekiston bugun . Odamiylik boglarining bir bogidan ayrildi Ozbekiston bugun . Zulmlarga karshi yok deya olgan mard oglonidan ayrildi Ozbekiston bugun . Alloh taolo Egam ozi sizni jannati ila mukofotlasin – aziz va muhtaram dostim …

Leave a Reply
*