Menu
Categories
Бош муҳаррир И.Хушевга: Рустам Қосимов ҳақидаги мақолага имомлар номидан шарҳ
11/30/2019 Бош мақола

Ўзбекистонда бугун Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида халқ юз йиллик орзуларига эришиб, том маънодаги эркинликка мушарраф бўлди. Бу ҳақиқат барча томонидан, ҳам Ўзбекистон аҳолиси, ҳам дунё жамоатчилиги томонидан баралла эътироф этилмоқда.

Бироқ Президентнинг бу халқпарварлиги, тараққийсеварлик сиёсати кимларгадир ёқмаяпти. Шу боис улар қўлларидан келганча бу тараққиёт йўлига тўсқинлик қилишга, берилган эркинликларга имкон қадар халал беришга уринишмоқда. Буни Президент томонидан чиқарилган қарорлар, буйруқлар ижросининг пайсалга солинаётганида кўришимиз мумкин.

Президент мамлакатга сайёҳлар оқимини жалб қилиш мақсадида ҳар бир шаҳарда, шаҳарлараро йўллар бўйларида масжидлар, намозхоналар қуриш ҳақида буйруқ берди. Бироқ буйруқ ижроси амалга ошмади. Республика Қуръон мусобақаси ўтказиш бўйича кўрсатма берди, мусобақа биринчи йилнинг ўзида ими-жимида ўтказиб, шу билан у ҳам ора йўлда қолди.

Соқол қўйгани учун Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университети талабаси, рўмол ўрагани учун Президент фармонига кўра ташкил этилган Халқаро ислом академияси талабаси ўқишдан ҳайдалди. Шу академия лицейи талабаси яна шу рўмол учун ўқишга киритилмади. Президент мактабларда динни ўргатиш керак, деб талаб қўйяпти, лекин мактабларда динга қарши тарғибот давом этяпти.

Буларнинг барчаси ўз навбатида халқнинг ҳам, халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистон раҳбарига бўлган ишончига, Ўзбекистондаги улкан ислоҳотларга боғлаган катта умидларига салбий таъсир кўрсатяпти.

Бугун Президентнинг жамиятни эркинлаштириш, конституцион ҳуқуқларни таъминлаш, диний эркинликларни кафолатлаш сиёсатига қарши бўлганларнинг боши Президентнинг дин ва жамоат ташкилотлари бўйича маслаҳатчиси Р.Қосимовдир. Бунга тўлиқ асос бор. Қуйида фикримизни батафсил асослаб берамиз:

1. Қосимов ўзини ҳамма жойда араб тилининг билимдони қилиб кўрсатиб, Президентни ҳам шунга ишонтириб келмоқда. Ваҳолонки, у араб алифбосининг 28 дона ҳарфини ҳатто тўғри талаффуз қила олмайди. Холис мутахассислар орқали текшириб билиш мумкин.

2. Қосимов қаерда бўлмасин, ўзини диний илмларнинг билимдони, исломшунос олим қилиб кўрсатмоқда. Ваҳоланки, Қуръондан бирор суранинг маъносини тафсир қилиш тугул, дурустроқ ўқишни ҳам билмайди. Президентимиз Қуръон ўқитишимиз керак, ҳадисларни ўргатишимиз керак, деб турган бир пайтда Президент маслаҳатчисидек юқори лавозимли давлат арбоби Қуръонга таъна тоши отмоқда.

Мисол учун, Қосимов Мисрга қилган сафари давомида у ерда таълим олаётган бир гуруҳ талабалар билан суҳбатда бўлган. У ерда талабаларга “Қуръон қонун ҳам эмас, дастур ҳам эмас” деб айтган. Бу бир оғизлик гап давлат маслаҳатчисининг диний саводсизлиги устига мусулмонлик эътиқодига қарши эканини ҳам фош қилади.

Маслаҳатчининг саводсизлик намойиши бу билан ниҳоясига етмайди. 2018 йили охирларида Шаҳар ва туманлар Халқ таълими бошқармалари бошлиқлари ва мухассислари билан ўтказган учрашувида Қосимов “мен Қуръонни охиригача ўқиб чиқдим. Қуръон противоречие (қарама-қаршилик)га тўлиб ётибди. Ҳадисларни ўқитиш ёш авлодни заҳарлайди”, деган.

Президент “Қуръон ўқитишимиз керак” дейди, маслаҳатчи Қуръонга қарши. Президент Имом Бухорийнинг китобларини, ҳадисларни ўргатишимиз керак”, дейди, маслаҳатчи “Ҳадислар ёшларни заҳарлайди” дейди. Қосимов Президентнинг сиёсатига қарши эканини очиқча намойиш қилиб келмоқда. Президент номидан, давлат номидан саводсизлик билан, динга қаршилик кўрсатиб, халқни давлатга, Президентга қайраш, унга бўлган ҳурматга путур етказишга уринмоқда.

Қосимов динни ва имомларни давлатнинг биринчи рақамли душманлари, деб барчани ишонтирмоқда. Бир йилдан буён Республиканинг барча вилоятлари имомларининг миясини ювиш, уларни диндан узоқлаштириш, ўз профессионал вазифаси билан шуғулланишига имкон қолдирмаслик мақсадида бир неча марта малакасини ошириш курслари ташкил қилди.

Аслида бу курслар малакани оширишга эмас, имомларни қўрқитиш, ваҳимага солиш, диний эътиқоддан узоқлаштиришга қаратилган эди. Гарчи имомлар узоқ йиллик зулм ва истибдод таъсирида норозиликларини очиқ ифодалашга журъат этмаган бўлсалар ҳам, бу ишларнинг бошида Қосимов турганини, унинг ҳали ҳам атеист ва эътиқодсиз муртад эканини яхши тушуниб етишди.

Президент Мирзиёев ислоҳотларидан катта руҳий тетиклик, жонланиш олган кўпгина имомлар Қосимовнинг ўта ҳурматсиз ва ахлоқсиз муомаласи орқасида давлатга нисбатан ҳадиксираш билан қарай бошладилар.

Малака ошириш курси очилишида Қосимов шахсан қатнашган. У имомларни саводсизликда айблаган. Унда Қосимов имомларга қарата “соқол микробга тўла бўлади, ҳаммангни соқолингни қирдираман”, деб таҳдид солган. Бу муомала имомларнинг қаттиқ ғазабини қўзғатган. Малака ошириш курси асосан. халқнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлган дин пешволарини собиқ совет тузуми даврида синовдан ўтган динсизлаштириш, динга нисбатан шак-шубҳа уйғотишга қаратилган тарғибот малакасига таянган.

Шунингдек, Давлат ва жамият қурилиши академиясида Р.Қосимов ташаббуси билан имомлар учун ташкил этилган малака ошириш курсида маърузачи Ислом академияси ректори Ш.Ёвқочев “Еттинчи асрда араблар бостириб келганда ерлик подшоҳлар Хитойдан ёрдам сўраб мурожаат қилган. Хитой ёрдам бермагани учун араблар бу ерларни босиб олишган. Ўшанда Хитой ёрдам берганда эди, биз мусулмон бўлишдан қутулиб қолган бўлардик” деб айтган.

Бу гап ўзбек халқининг бутун бошли ўтмишини йўққа чиқариш демак. Биз бугун фахрланаётган тарихий обидаларимиз, Имом Бухорий, Термизий, Мотуридий, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Ибн Сино, Беруний, Амир Темур, Алишер Навоий, Бобур ва бошқа барча алломалар, мутафаккирлар, давлат арбоблари ва бутун тарихимизга хиёнатдир. Бунинг устига малака ошириш курсида имомларнинг профессионал фаолияти учун умуман кераксиз бўлган, сийқаси чиққан маълумотлар мажбурлаб ўқитилмоқда.

Бир йил ичида имомлар учун олти марта малака ошириш курси ўтказилди. Курснинг ҳеч қандай дастури мавжуд эмас. Дарсларга умуман тажрибасиз, билимсиз ёшлар тайинланган. Бу ҳам етмагандек, имомлар мажлислари атайлаб намоз вақтларига, айниқса жума намози вақтига белгиланади. Имомлар бундан жуда норози.

3. Р.Қосимов Миср, Туркия, Татаристон ва бошқа жойларга уюштирган сафарларида Ўзбекистоннинг ютуқларини намойиш қилиб келдик, улар бизга жуда катта баҳо беришди, деб Президентни ишонтирмоқда.

Аслида Қосимов Мисрга бўлган ташрифи давомида ал-Азҳар шайхи, ал-Азҳар университети ректори, ал-Аҳром газетаси стратегик тадқиқотлар маркази ва бошқа жойларда бўлган учрашувларда Ўзбекистонда ҳуқуқий эркинликлар, диний соҳадаги енгилликлар берилгани, жамият миллий-диний қадриятларга, миллий ўзликка қайтаётгани, илгариги қатағон сиёсати тугатилгани ҳақида гапириш ўрнига динийлашишга йўл қўймаслик, таълим муассасаларида рўмол ўрашга рухсат берилмаслиги ва шунга ўхшаш маънан эскирган, бугунги кун Ўзбекистон раҳбари сиёсатига умуман зид, эски давр тушунчаларини илгари сурди.

Бу эса Мисрнинг деярли барча масъуллари томонидан тушкун кайфиятда қабул қилинди ва Ўзбекистондаги бўлаётган ислоҳотларга ишончсизлик уйғонди. Журналистлар Қосимовнинг саволларига берган жаоблари бемаънилигидан бошқа савол ҳам бериб ўтиришмади.

4. Россия Федерацияси Татаристон Республикасига қилган сафарида Татаристон муфтийси Камил Самигуллин билан бўлган суҳбатда ўзининг ҳуқуқий саводсизлигини намойиш қилишдан ташқари Ўзбекистонда шахс эркинликлари чекланаётган каби таассурот қолдирди. Муфтий Самигуллин Р.Қосимовнинг ҳуқуқий онгсизлигидан ҳайратланиб, ҳуқуқ дарси ўтишга мажбур бўлди.

Муфтий шундай деди: “Биз дунёвий давлатда яшаймиз. Дунёвий давлат дегани шуки, унда дин давлат сиёсатига арашалмайди, лекин барча дин вакилларига барча ҳуқуқлар берилади. Ҳаттоки динга ишонмайдиган одам ҳам ўз ҳуқуқидан фойдаланади. Христиан черковга, буддист храмга боришга ҳуқуқи бўлгани каби мусулмонлар ҳам масжидларига бориш ҳуқуқига эгалар. Биз дин одамлари дин фарз қилган нарсаларни тўғрисини етказамиз” деди. Бу тушунган одам учун Ўзбекистонга қарши жуда катта антиреклама бўлди.

5. Татаристон Бош вазири ўринбосари Васил Шайхразиев билан бўлган суҳбат асносида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, эркин бозор иқтисодиётининг илгариги хатолиги исботланган социалистик иқтисоддан афзаллиги ҳақида гапириш ўрнига, совет давридаги иқтисод ҳақиқий экономика бўлганини айтиб, Ўзбекистон Президентининг, давлатнинг танлаган йўлига ишончсизлигини кўрсатди.

6. 2018 йили Президент Мирзиёев фармони билан Халқаро Ислом академияси ташкил этилди. Президент фармонига асосан, академияга асосан Ислом илмларини чуқур биладиган кенг қамровли олимлар, илоҳиётчи тадқиқотчилар етказиб бериш вазифаси юкланди.

Бироқ, академия очилганидан кўп ўтмай кутилмаганда Президент томонидан катта ишонч билдириб тайинланган дунё таниган атоқли олим ректорликдан бўшатилиб, унинг ўрнига диндан мутлақо бехабар, атеист Ш.Ёвқочев ректор этиб тайинланади. Ёвқочев илгари ишлаган Шарқшунослик институтида порахўрлик билан танилган. Ўз талабаларининг диплом ишларини ёзиб бериб кун кўрган. Ҳатто айрим талабалар унинг иш вақтида ароқ ичиб маст бўлганига ҳам гувоҳ бўлишган. Ёвқочевни Ислом академиясига айнан Р.Қосимов ректор этиб тайинлаган.

Мақсад – олдиндан белгиланган динга қарши, охир натижада Президентга қарши яширин режани амалга ошириш эди. Ректорлик фаолиятини бошлаши ҳамон Ёвқочев рўмолга қарши тазйиқ бошлади. Талабаларнинг норозилиги ҳам, ота-оналар норозилиги ҳам уларни ўз йўлидан қайтара олмади. Мақсад эса давлатга қарши норозилик уюштириш, Президентнинг обрўсини тўкиш эди.

Ислом академиясидан ўқишдан ҳайдалган талаба қиз ва лицей талабасининг судга қилган мурожаати то Президент арашалмагунига қадар қондирилмади. Ўзбекистоннинг энди тикланиб келаётган обрўси халқаро ҳамжамият олдида тўкилиши ҳам на Қосимовни, ва на ректор Ёвқочевни қизиқтирди. Бугунги барча муаммолар Президент сиёсатига зимдан душман бўлган, дўст кўриниб, аслида халқни давлатга қарши гижгижлашни кўзлаган шу маслаҳатчи ва унинг тарафдорлари сабаблидир.

7. Каримов даврида мутлақ изоляцияда бўлган халқ Мирзиёевнинг диний соҳадаги ислоҳотлари орасида ҳаж ва умра амалларига эркинлик берилишини катта мамнуният билан қарши олди. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда ҳажга бориш учун навбатда турганлар сони миллиондан ортиқ. Тошкент шаҳри, Водий вилоятларида аҳоли зич ҳудудларда ҳажга 180-200 кишилик навбатлар мавжуд.

Аҳоли ҳажга борувчилар сонини ошириш бўйича бир неча йиллардан бери мурожаат қилиб келади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу бўйича Президентга кўп марта мурожаат йўллади. Афсуски, аҳолининг талаблари ҳам, мусулмонлар идораси мурожаати ҳам Президентга етиб бормай, маслаҳатчи Қосимов қўлида қолиб кетди.

Порахўрлик ва коррупция ботқоғига ботган Қосимов аҳолининг ҳажга бориши кўпайса, жамиятда порахўрлик камайиб кетиб, ўзининг чўнтагига зарар келтиришини ўйлаб, мурожаатларни Президентга етказмади. Унинг ўрнига ҳажга борувчилар кўпайса жамиятда экстремизм хавфи кучайиб кетади, деб ваҳима кўтарди.

Табиийки, бунга Президентни ишонтирди. Жамоат ташкилотлари бўйича маслаҳатчи Қосимов фуқаролар йиғинларида аҳолини ҳаж ва умра учун рўйхатга олишни расман порахўрлик асосида ташкил этди. Илгариги тенглик ва ижтимоий адолатни таъминловчи навбат тизимини бекор қилиб, маҳаллага кўпроқ ёрдам бериш баҳонасида порахўрлика йўл очди. Аҳолидан тушаётган юзлаб норозиликларни “Президент маҳаллага ёрдам берганлар борсин деган”, деб ўз айбини Президентга тўнкаб, яна халқни давлатга қарши гижгижлаяпти.

8. Президент Ш.Мирзиёев дунёнинг барча мамлакатлари билан, жумладан, мусулмон мамлакатлар билан яхши ҳамкорлик муносабатларини қайта тиклади. Жумладан, Миср Араб Республикаси расмий ташриф билан бориб, Президент Сисий билан учрашди. Икки ўртада яқин ҳамкорлик ҳақида келишувга эришилди. Ал-Азҳар билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўртасида меморандум имзоланди.

Бироқ, бир йилдан ортиқ вақт ўтган бўлсада, Қосимов Миср билан имзоланган келишувларни амалга ошириш бўйича ишларни бажармаслик қасдида пайсалга солиб келяпти. Бутун дунёда эътироф этилган мусулмон ташкилоти бўлган ал-Азҳар билан ҳамкорлик Ўзбекистон учун жуда муҳим. Унинг муҳимлигини Президент ҳам яхши тушуниб, ал-Азҳар шайхи билан бир неча марта кўришди.

Бироқ буни Қосимов истамайди, чунки бундай ҳамкорлик Президентнинг обрўсини ошириб, халқнинг янада кўпроқ олқишига сазовор бўлиши мумкин.

9. 2018 йили Президент фармонига асосан Самарқандда Ҳадис илми олий мактаби ташкил этилди. Бу ерда ҳадис илмининг чуқур билимдонлари, ҳадисшунос олимлар, кучли илоҳиётчилар, етук уламолар тайёрланиши кўзда тутилган эди. Шу йилнинг ўзидаёқ олий мактабга талабалар қабул қилиш бўйича топшириқ берилди.

Имтиҳонлардаги кўзбўямачилик, Имомлар – Исҳоқжон домла Бегматовнинг соқоли, Баҳодир қори Раҳматуллаевнинг ишдан олиниши ва бошқа турли туман кўзбўямачиликлар, адолатсизлик ҳақида ҳам талайгина фикрлар айтиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ҳар томонлама, жумладан динга оид ислоҳотларга тўсқинлик қилаётган, Ўзбекистоннинг юрт ичида ҳам, ташқарисида ҳам яхшиланиб бораётган имижига салбий таъсир кўрсатаётган, бир-бирига яқинлашаётган, меҳр-оқибатга қайтаётган давлат-халқ муносабатларини ёмонлаштираётган, халқнинг ва халқаро ҳамжамиятнинг Президентга нисбатан ишончига путур етказаётган бош фитначи Р.Қосимолиги шубҳасиз.

2018 йили Ўзбекистон АҚШ Давлат департаменти томонидан алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар рўйхатидан чиқарилган, олиб борилаётган ислоҳотларга катта ишонч билдирилган эди.

Қосимовнинг касофати билан 2019 йил октябрь ойида Буюк Британия тадқиқот маркази Ўзбекистонни яна хавотирли давлатлар қаторига қўшиб қўйди.

Ўзбекистондаги имомлар номидан

“Дунё ўзбеклари” учун махсус.

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*