Menu
Categories
Давлат арбоби ва сиёсатчи – бугун Қозоқистонда биринчи Президент куни – Б.Жумаев
12/01/2019 Бош мақола

Бердиёр ЖУМАЕВ,

халқаро журналист.

Ўзбекистонда Қозоғистон йили давом этмоқда…

БУЮК ДАВЛАТ АРБОБИ ВА ЙИРИК СИЁСАТДОН!

1 декабрь – Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти куни!

2012 йил қишининг илк куни, Қозоғистон Республикаси Парламенти сенати қабул қилган «ҚРнинг «Қозоғистон Республикаси байрамлари тўғрисида»ги қонунига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, қозоғистонликлар учун яна битта дам олиш ҳамда байрам санасига айлантирилди. Ўшандан эътиборан, ҳар йили 1 декабрда – мазкур Буюк биёбонлар мамлакати бўйлаб, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти куни тантанали равишда нишонланиб келинмоқда.

1991 йил 1 декабрь – Нурсултан Абишевич Назарбоев умумхалқ сайловлари натижасида Қозоғистон ССРнинг Президенти лавозимига сайланганлиги воқеаси ва санаси ушбу санани нишонлашга асос сифатида хизмат қилди.

Айни байрам Қозоғистон Республикаси Биринчи Президентининг давлат ва мамлакатнинг ҳамда Қозоғистон халқининг олдидаги буюк хизматларини эътироф этиш ҳамда уларни муносиб тақдирлаш ва эъзозлаш мақсадида таъсис этилгандир.

* * *

2019 йилнинг Наврўз байрами арафасида Қозоғистон Республикасининг Президенти Нурсултон Назарбоев Қозоғистон халқига давлат раҳбари сифатидаги ўз лавозимини қонуний тарзда, белгиланган муддатидан бир йилдан-да кўпроқ илгари, тарк этиши тўғрисидаги телемурожаат билан чиққан эди. Элбошининг бундайин қатъий қарорга келиши, бутунжаҳон сиёсат олами нарироқда турсин, ҳатто-ки, қозоғистонликларнинг ўзлари учун ҳам, мутлақо кутилмаган воқеавий янгилик бўлганди, шунингдек, айни хабар

халқаро қамровда ҳамда мамлакат миқёсида мардона қадам тариқасида кутиб олинди ва олқишланди…

* * *

…Мазкур қардош мамлакатда фаолият кўрсатаётганим 12 йилдан кўпроқ муддат мобайнида Қозоғистон Республикаси Биринчи Президентининг етакчи ҳамда раҳнамо тариқасидаги фаолиятига зимдан жиддий назар солиб келаман. Мана шундай кузатишларим натижасида Нурсултон Назарбоевни аллақачонлар йирик давлат ҳамда улкан сиёсат арбоби тимсолида кашф айлаганим-да – бор гап!

Аввало, деярли 30 йил мобайнида мана шундай юксак вазифани муносиб равишда эгаллаб туришнинг ўзи, мутлақо осон эмасдир! Орадан кечган ва тарихан унчалик узоқ бўлмаган давр жараёнида собиқ Совет Иттифоқининг ўртамиёна ҳисобланган бир республикасини, нафақат Осиё қитъасидаги, билъакс бутун жаҳондаги кўзга кўринган ҳамда тан олинган давлатларнинг қаторига қўшиш, унга оламий эътироф сифатида: «Осиё қоплони» номи берилишига эришиш, албатта Қозоғистон Республикаси Тўнғич Президентининг улкан хизматларидир.

У кишининг Қозоғистон учун, ниҳоятда оғир ҳамда қийин бўлган ХХ аср тўқсонинчи йилларининг иккинчи ярмида мамлакатнинг ҳамда давлатнинг янги пойтахтини бунёд этиш борасидаги кескин саъй-ҳаракатларини эса – беқиёс журъат ва жасоратнинг ёрқин ва бетакрор тимсолига менгзаш мумкин-у зарурдир.

Дарвоқе ушмундоқ қаҳрамонлик, кейинчалик дунёвий миқёсда тан олинда ва такрор-такрор ажойиб-ғаройиб таърифлар ҳамда тавсифларнинг манбаи бўлди. Ўзим ҳам бир пайтлари Астана шаҳри бунёд этилганлигининг 10 йиллик юбилейи муносабати билан, “Астана – оламаро остона!” сарлавҳали шеъримни (кейинчалик уни қайта ишлаганман) битгандим ва уни баҳолуқудрат таъриф-тавсиф этгандим. Мана ўша битигимнинг айрим сатрлари:

Дўнмиш бунда чўл – чаманистона, саҳро – суманистона,

Ки, довруғи-донғи кетмиш офоққа-ю очунистона,

Шундан таърифи-тавсифи сиғмамишдир ҳаргиз достона,

У қўноқлар ва турғунлар учун оламаро остона –

Дунёда қиёси йўқ бетакрор пойтахтдир, бу – Астана!

Аввало, зоҳирида қардошлар миллийлиги мужассам,

Пойдевори эл-юрт қадридек, оридек маҳкам-мустаҳкам,

Тағин, аксари пойтахтларнинг гўзаллиги жамолида жам,

Машриқ – Мағриб меъморчилиги шавкати-ю шуҳрати ҳам –

Жаҳонда монанди йўқ бетимсол марказдир бу – Астана!

Эртаклардан ҳаётга кўчмиш хилқат-ҳайратнинг макони,

Афсоналарнинг ҳам-ки, ҳақиқатга эврилмиш имкони,

Етти иқлимдаги чўх тилсимлар-мўъжизалар ошёни,

Қозоғистонликлар бағрикенглиги яққол намоёни –

Чиройда ўхшаши йўқ нуристон қалъадир бу – Астана!

Пойтахтга доир дастлабки ғиштингни қўймишдир Элбоши,

Тез фурсатда халқ билан бирга Нуркент қурмишдир Элбоши,

Мислсиз – тенгсиз қутлуғ тимсолга асос солмишдир Элбоши,

Энди, тоабад бунёдкоринг бўлиб қолмишдир Элбоши –

Марказий Осиёнинг-да фахри манадир, шу – Астана!

Биёбонлар бағрига боғ-роғларинг бешак безак берар,

Ташриф буюрган бор-ки, шахдингда улуғ келажак кўрар,

Пойтахтлар орасидаям ўзингдирсан, бамисли гавҳар,

Умринг боқий бўлсин, халқаро аталмиш: “Дунёвий шаҳар” –

Оламаро қозоқюртнинг ёруғ юзидир, бу – Астана!

Мен оддий ижодкор сифатида юқоридаги жиҳатларни қайд қилар эканман, Астана шаҳрига унинг ҳақиқий бунёдкори саналмиш Элбоши – Нур-Султан номининг қўйилишиниям, ниҳоятда ўринли ҳамда одилона қарор тариқасида баҳолайман.

* * *

Умуман олгандаям, Нурсултон Абиш ўғли Назарбоевнинг Ер юзи қамровидаги қандайин даражадаги улуғ раҳнамо эканлигини ва у кишининг бутуноламий обрў-эътиборини қуйидаги эътирофлардан ҳам сезиш қийин эмасдир.

Нурсултон Назарбоев ўзининг истеъфога чиқиши муносабати билан қатор мамлакатларнинг етакчилари билан телефон орқали мулоқотлар ўтказганди. У киши билан суҳбатда бўлган барча давлат бошлиқлари келгусидаям Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгашининг Раиси, Қозоғистон Халқи ассамблеясининг ташаббускори ва ташкилотчиси ҳамда доимий Раиси Нурсултон Назарбоев билан яқин алоқада бўлиб туришларини изҳор айладилар.

Жумладан, Россия Федерациясининг Президенти Владимир Путин ҳар иккала қўшни давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда ҳамдўстлик муносабатлари учун Нурсултон Назарбоевга астойдил миннатдорчилик билдирди.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоевнинг истеъфога кетаётганидан улкан таассуфда эканлигини изҳор этди ҳамда у кишини: «Бундайин қатъий қарорга келишга қодир бўлган улуғ сиёсатчи ҳамда етакчи!» – дея муносиб таърифлади.

«Қирғизистон ҳамда Қозоғистондек қардош мамлакатлар ҳамда халқлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга Нурсултон Назарбоевнинг қўшган ҳиссаси улкан» эканлигини Қирғизистон Республикасининг Президенти Сооронбай Жээнбеков уқтириб ўтди.

Беларусь Республикасининг Президенти Александр Лукашенко ўзининг Нурсултон Назарбоев билан узоқ йиллик дўстлигини ҳамда Қозоғистон билан Беларусь ўртасидаги дўстона муносабатларни жуда қадрлашини таъкидлади.

Арманистон Республикасининг Бош вазири Никол Пашинян эса, Арманистон ҳамда Қозоғистон давлатлари ҳамда халқлари ўртасидаги самарали алоқаларда Нурсултон Назарбоевнинг ҳиссаси катта эканлигини урғулаб ўтди.

* * *

Нурсултон Назарбоев давлат раҳбарлигини навбатдаги Президент Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаевга муносиб равишда ва қонуний тарзда топширган бўлса-да, у кишининг халқаро миқёсдаги ҳамда мамлакат қамровидаги обрў-эътибори юксаклигича сақланиб қолди. Қозоғистон Элбошиси, эндиликда ҳам-ки, ўнлаб шарафли давлат ҳамда жамоат лавозимларига эгадир.

29 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг пойтахти Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашувида эса, Туркманистон Президентининг таклифига биноан, давлат раҳбарлари Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевни Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувининг Фахрий раиси этиб, бир овоздан сайладилар.

* * *

Мен мухтасар битигимнинг ниҳоясида, ҳали қозоғистонликлар ҳам, шунингдек, жумлаи жаҳон аҳли ҳам Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев амалга оширажак эзгу амаллардан бисёр бора воқиф бўладилар, дея яхши умид билдираман.

Leave a Reply
*