Menu
Categories
Камолиддин Раббимов: Хорижда ушлаб турилган мухолифат
12/06/2019 Бош мақола

Хорижда ушлаб турилган мухолифат
*
*
Каримов тафаккурига кўра, режимга танқидий қарашдаги шахслар – мухолифат учта жойда бўлиши керак эди: ёки қамоқда, ёки қабрда, ва ё хорижда. Бошқа вариант йўқ эди. Бу тафаккур 90чи йилларда шаклланган эди, кейинги ўн йилликларда эса, сиёсий тизим ўз тафаккурини ўзгартира олмади. Ўша давр учун, хорижга чиқиб кетиш – “йўқ бўлиб кетиш” деган тушунчани берарди. Тўсатдан, глобализмни янги тўлқини кириб келди. Бугун хорижга чиқиб кетиш – Ўзбекистонга ичкаридагилардан кўра кучлироқ ва самаралироқ, эркинроқ ва танқидийроқ таъсир қилиш демакдир. Ўйлайманки, бугун ҳеч бир сиёсий тизим информацион технологияларга, ижтимоий тармоқларга самарали қарши тура олмайди.
*
Ўзбекистон ҳокимиятига янги маъмурият келгач, давлат сиёсатида мухолифатга нисбатан концептуал қарашни ўзгартириш имконияти бор эди. Ўзбекистон шахмат доскасидаги вазият қуйидагича: янги ҳокимият ислоҳотлар сиёсатини бошлаяпди; репрессияларни тўхтатиб, ижтимоий тафаккурдаги қўрқув даражасини тушураяпди. Жамиятда эса, йиғилиб қолган муаммолар тезда ҳал бўлавермайди. Янги ҳокимиятга нисбатан, табиийки, танқидий қараш шаклланаяпди, кучайиб бораяпди. Мана шу фонда, ҳукуматнинг ижтимоий тафаккурга таъсири юқори бўлган шахсларга, акторларга, мутафаккирларга муносабати, ҳамкорлиги қай даражада? Менимча, бундай ҳамкорлик йўқ дейиш мумкин.
*
Мухолифат эса, сиёсий тизимнинг иродаси билан, четда қолдирилаяпди. Яъни, хорижда консервация қилиб, ушлаб турилибди. Бамисоли, “сизлар бироз кутиб туринг, ҳозир ичкаридаги ижтимоий-сиёсий вазият пишиб етилгач, сизга ҳам навбат келади. Олдингидан кўра, вазиятни кучлироқ чайқашингиз мумкин” дегандек. Олдинги маъмуриятга нисбатан мухолиф бўлган шахсларни, янги маъмуриятга илиқ муносабатини кўрмаслик, бу илиқ қарашларни қадрсизлаш – узоқни кўра-билмаслик ҳисобланади. Бугун Ўзбекистонни ичқарисида ҳам турфа фикрлайдиган янги авлод етишиб турибди. Агар янги ҳокимиятни оёғи тоядиган бўлса, булар ҳам тайёр мухолифат.
*
Мухолифат керак! Лекин, Ўзбекистонни яқин ўн йиллик ичидаги тараққиёт модели шундай бўлиши керакки, турфахил фикрлайдиган, мухолиф қарашдаги мутафаккирлар ҳам сиёсий тизимнинг ва давлат ҳокимиятининг ичида/атрофида, гармонияли фаолият олиб бориши лозим. Бунда давлат ҳокимияти ҳаммани эшита билиши, муаммоларни ҳал қилиши ва манфаатларни қондира олиши керак бўлади. Давлат бошқарувини кучли чайқалиши ёқи йиқилиши, мақсадга мувофиқ эмас.
*
Ўзбекистон мухолифати, бугун ташкилий жиҳатдан қудратли эмас. Лекин, бу заиф ва тарқоқ мухолифатнинг қўлида легитимлик чироқлари бор. Бу чироқлар Ўзбекистонни ичига қайтадиган бўлса, давлатни йиқитмайди, аксинча, уни легитимлигини кучайтиради, мустаҳкамлайди. Яқинда бир шахс Намоз Нормуминга ташланиб, видеолар қилибди. Эски маъмуриятнинг қадрдон стили. Лекин, бу каби ҳақоратомуз ташланишлар, мухолифатни кучайишига, одамларнинг ижтимоий энергиясини янги ҳокимиятга қарши йўналтиришга сабабчи бўлади холос. Мухолифатчига ташланаётган бу шахсни кузатган ҳар қандай одамда нафрат пайдо бўлиши табиий. Ҳуқуқий давлатда, одамларни ҳақорат қилиш, таҳқирлаш, судсиз сўроқ қилиш – жазоланиши керак, тақдирланиши эмас. Билмадим, ким бу каби одамларни йўналтирмоқда. Лекин, натижа янги ҳокимият учун аниқ салбий бўлади.

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

"2" Comments
  1. Aс Салом алайкум! Исмат ака АбдулХамид сериалини яна кайта твларга куйилишида ёрдам беринг

  2. Men shy yigitni juda hurmat kilaman . Har zamon holis va soglom filkrlar bildirishda davom etib kelmokda . Alloh rozi bolsin va omadlar yor bolsin holis insonlarga .

Leave a Reply
*