Menu
Categories
Турсунхон Худойберганов – “Адолат арбоблари” туркумидан…
12/06/2019 Бош мақола

Турсунхон Худойберганов – Президентнинг Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланди

 “Дунё ўзбеклари”дан:

Ўзбекистон олий раҳбариятида ҳам эл юрт учун жон фидо қилиб ишлайдиган мулозимлар талайгина. Олдин президент Каримовнинг Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, сўнг кутилмаганда Фарғона Ички Ишлар Бошлиғи бўлиб лавозимидан анча пастлатилган Турсунхон ака минг бир имтиҳон ва синовдан сўнг яна Тошкентга – Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимига қайтарилган эди.

Биз Турсунхон акани яхши билардик, ҳурмат қилардик. Асли қозоқ миллатига мансуб бўлган Турсунхон Худойберганов ўзбек халқи учун жонфидо қилиб ишлайдиган, ўзбекларнинг қадри ва қимматини ҳамиша жойига қўядиган, авайлаб асрайдиган раҳбар эдилар. Биз ҳали ўшандаёқ, у кишининг бу хислат ва фазилатларини қаламга олиб, вазирлик лавозимидаги ижобий ишлари ҳақида мақола эълон қилган эдик.

Бугун Тошкентдан келган хабар бизни жуда қувонтириб юборди. Турсунхон Худойберганов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланди. Энди МЧСнинг собиқ вазири Президент девонида: “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш устидан назорат ўрнатиш ва уни мувофиқлаштириш Хизмати” га раҳбарлик қилади.

Шу муносабат билан, ўша йилларда Турсунхон Худойберганов ҳақида яхши ният билан эълон қилган мақолани – ниятларимиз ижобат бўлган шу муборак кунларда яна бир бор ўқувчилар ҳукмига ҳавола этишга қарор қилдик…

Исмат Хушев: “Адолат арбоблари” туркумидан – Турсунхон Худойберганов…


Турсунхон аканинг яхши расмиЎзбекистон адолат арбоблари ҳақида сўз борганда, яна бир улуғ инсон, қозоқ фарзанди, бутун онгли ҳаётини милиция ишига бағишлаган Турсунхон Худойбергановни четлаб ўтиш мумкин эмас.
У милициянинг энг оғир участкаси – жиноий қидирув бўлимларига, аввал Тошкент шаҳрига, кейин республикага, энг оғир йилларда бош изқувар бўлди.
Маълумки, совет тузумининг парчаланиш арафасида мамлакатни уюшган жиноятчилик лашкарлари эгаллади. Бу офат нисбатан тинч бўлган Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Ўзбекистонда ҳам уюшган жиноятчилик – қотиллик, бандитизм, ўғирлик, контрабандага қарши кураш тажрибаси – мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ собиқ иттифоқда кўпчиликнинг ҳавасини келтиргани сир эмас.
Ҳатто Россиянинг Дума мажлисида Владимир Жириновский жаноблари: «Уюшган жиноятчиликка қарши курашни Каримовдан ўрганиш керак. Ўзбекистонда автомобилни олиб қочганга ўн йил қамоқ жазоси белгиланди ва автомобил ўғирлиги барҳам топди…» деган эди.
Тўғри, уюшган жиноятчиликка қарши курашда Ўзбекистон раҳбарининг хизмати беқиёс. У турли хил «Лашкарбошиларга» шафқат қилиб ўтирмади. Унинг бевосита ташаббуси билан Ўзбекистонда уюшган жиноятчиликка қарши ўт очилди дейиш мумкин. Лекин бунда фақат қонунларгина иш берди десак, адолатдан бўлмас.
Чунки, маълумотларга қараганда Ўзбекистон қонунчилик палатаси  мустақиллик йилларида икки мингдан ортиқ қонун ва қонун даражасидаги олий фармонларни тахлаб ташлади. Лекин кўпгина ашаддий қонунбузарликлар, жумладан, коррупция авж олгандан авж олди. Ва ҳатто сўнгги йилларда «Одам савдоси» деган ақл бовар қилмайдиган, таъбир жойиз бўлса, қулдорлик жамиятини эслатадиган жиноий офат кенг қулоч ёйди.
Лекин биз тилга олган қонунлар нафақат унинг олдини олиш, балки унга қарши курашишда ҳам асқотмаяпти.
Тўқсонинчи йиллар бошида Ўзбекистонда одам савдоси деган иборанинг ўзи йўқ эди. Аксинча, Ўзбекистонга атрофдан – бошқа республикалардан одам оқиб келиш муаммоси хавф соларди. Ўзбекистонда жиноий қидирув соҳаси юксак даражага кўтарилган давр бевосита Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги Жиноий қидирув Бош бошқармаси бошлиғи, полковник Турсунхон Худойберганов номи билан чамбарчас боғлиқ эканини унинг ҳамкасблари юксак қадрлайдилар.
Кейинчалик Турсунхон ака  Хоразмда Ички ишлар бошқармаси Бошлиғи бўлди. Уни бу диёрга «тартиб ўрнатиш» учун юборишган эди. У киши Хоразмдан жуда катта обрў эътибор билан қайтди. Ўзбекистонда демократик жараёнларнинг энг олдинги сафига кўтарилган Хоразмда биронта одамнинг ноҳақ бурнини қонатмади. Ва тез орада бунинг «мукофотини» ҳам олди: Генерал унвонига сазовор бўлди. Ўзбекистон республикаси Президентининг ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва маъмурий органларни назорат қилувчи Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланди.  
Энди у Ўзбекистоннинг барча куч ишлатар тизимларига бевосита таъсир ўтказа олар эди. Милициядан чиққан генерал табиийки, куч ишлатар тизимларининг «Шер ва юлбарслари» бўлган МХХ ва прокуратурага хуш келмаслиги тайин эди.
Лекин шунга қарамай, бу қирқ қулоқлик катта қозондан Турсунхон ака қайнаб ва янада чиниқиб чиқди. Президент девонининг кадрлар билан ишлаш бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлган Темур Алимовнинг ҳам ҳақиқий афти башарасини очишда унинг хизматлари беқиёс. Бу мавзуни биз ўша даврнинг тадқиқотчиларига қолдирамиз.
Ўзбекистон кадрлар қирғини сабабчиси Алимов ўн йиллик тахтидан қулагач, бу ўринга ҳақли равишда ўша пайтнинг энг обрўли адолат арбоби – Турсунхон Худойберганов лойиқ топилди.
Тез орада кадрлар билан ишлаш бўйича Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов ва қишлоқ хўжалиги бўйича Давлат маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков Президентнинг энг яқин маслаҳатгўйларига айландилар.  Ўзбекистонда мустақиллик йилларида йўл қўйлган баъзи адолатсизликлар тикланишига шулар бир қадар сабабчи бўлишди. Бироқ, афсуски бу узоққа чўзилмади.
Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимлари «Шербаччалари ва юлбарслари» уларнинг ҳар иккаласини ҳам Президент қанотидан узоқлаштиришга муяссар бўлдилар.
Исмоил Жўрабеков пенсияга кузатилган бўлса-да, Турсунхон Худойбергановни улар фаол ҳаётдан узиб қўйишолмади. У ўша йилларда Ўш воқеаларидан кейин нисбатан нотинчлик региони саналган Фарғонага – Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи этиб юборилди. Аслида  нотинч регион бўлиб қолган водийни тинчлантириб, Қирғиз – Ўзбек муносабатларини нормаллаштириш бўйича «Фавқулодда комиссар» этиб жўнатилди.
Турсунхон аканинг шогирди бўлган Аҳмаджон Усмонов эса, Худойберганов тавсияси билан Наманган милицияси бошлиқлигидан – Андижон ҳокими этиб тайинланди.
Хуллас, «Фавқулодда комиссар»нинг Фарғона сургуни кўпга чўзилмади. Яна бир оғир синовдан муваффақиятли ўтган милиция генерали мана қарийб ўн йилдирки, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида ишлаб келмоқда.
Адолат билан айтганда Турсунхон акага қадар Ўзбекистонда Фавқулодда Вазиятлар вазирлиги борлигини кўпгина ҳушёр кишилар ҳам пайқамасди, билмасди. Собиқ раҳбар Баҳодир Қосимовнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлигини ташкил қилишдаги ролини инкор этолмаймиз, албатта. Лекин бу вазирликнинг борлигини биз асосан ўша пайтларда МЧС матбуот хизматини бошқарган жасоратли йигит, оташқалб журналист Азамат Суюнов мақолалари орқали билардик, холос.
Турсунхон Айдарович раҳбар бўлиб келганидан кейин Вазирлик бугунги кунда Ўзбекистондаги хавфли вазиятлар билан курашишдан кўра кўпроқ унинг олдини олиш билан шуғулланмоқда ва бунга эришмоқда деб дадил айтиш мумкин.
Турсунхон аканинг Ўзбекистоннинг ижтимоий сиёсий ҳаётидаги фаол хизмати билан бир қаторда унинг яна бир буюк намуна мактаби бор. Бу унинг меҳнаткаш ва оқил фарзандларидир. Унинг уч ўғли бор: Аслбек, Ортиқжон ва Алишер. Уларнинг ҳаммаси олий маълумотли.
Улардан битта Ортиқжон отанинг касбида – Тошкент шаҳар жиноий қидирув бўлимида фаолият кўрсатаётганига ҳам йигирма йил бўлиб қолди. Бу орада ота генерал бўлди, икки бор Давлат маслаҳатчиси бўлди, Милиция Бош Бошқармаларини бошқарди. Бироқ Ортиқжоннинг погонида ва амалида бирор бир ортиқча сакраш ва кўтарилиш юз бермади. У ҳамон Тошкент шаҳрининг эътироф этилган энг яхши изқуварларидан бири эди ва шундайлигича турибди.
Қолган икки ўғил – Асилбек ва Алишербек мана неча йилларки, Чиноз туманига қарашли Эшонобод гузарида хўжалик раҳбари Кенбой оғага қанот бўлиб, Эшонободнинг янада обод бўлишига катта ҳисса қўшмоқдалар. Айни пайтда чорвачилик билан шуғулланиб, элнинг маъмурчилигини таъминлашда ҳам жонбозлик кўрсатишмоқда.
Хуллас улар боболарининг удумини давом эттиришяпти. Уларнинг самарали меҳнати туфайли бугунги Эшонобод – обод гузарга айланди. Фарзандларига балиқ ейишни эмас,  балки балиқ тутишни ўргатган Турсунхон ака менинг назаримда уларнинг бахтли келажаги  пойдеворини аллақачон яратиб қўйган. Энг муҳими уларни бахт – меҳнатнинг меваси эканлигига ишонтира билган.
Шундай ажойиб фарзандлар етиштира олган, ўз кичик ватани – қишлоғи учун кўприклар ва мачитлар солган одамнинг номи ҳеч қачон ўчмаса керак.
 Қолаверса у кишининг Ўзбекистон адолат арбоблари сафидан аллақачон жой олиб улгурганини ҳисобга олсак, Ўзбекистонда туғилиб ўсган ва ўзини Ўзбекистон фарзанди деб билган қозоқ фарзанди Турсунхон Худойберганов ўзбек қозоқ дўстлигини мустаҳкамлашдаги хизматларига биз ҳали алоҳида қайтиш ниятидамиз.  
Бу буюк хизматни у туғилганидан бўён –  мана етмиш йилдирки, фидойилик билан бажариб келяпти…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
Торонто шаҳри, Канада

 

3 шарҳ

  1. Турсунхон Худойберганов ҳақида ёзган бу мақолангизни ўқиганимга уч-тўрт йил бўлган эди. Бугун уни яна қайта ўқиб, Сизга қойил қолдим. Журналистнинг холислиги ва одиллигидан далолат беради янги Президентнинг бу Фармони…

  2. Турсунхон ака Хоразмда ишлаганда бизнинг уйда бир соатча меҳмон бўлган эди. Бу эса қуйидагича содир бўлганди:
    Менинг синфдош дўстим Ботирнинг ўғли Ўктам биз билан қўшни яшар эди. Ботир эса Турсунхон аканинг ҳам дўсти экан.

    Турсунхон ака Хоразга ишга келганида Ўктамни Турсунхон ака участковой қилиб қўйди. Ўктам бўлса ишгада бормай “дори” чекиб уйида ётаверди.
    Районнинг милиция бошлиғи Турсинхон акага “Ўктамни бошқа ишлатиб бўлмайди, уни бўшатаман” деган. Шунда Турсунхон ака Ўктамнинг уйига келиб унга насиҳат қилмоқчи бўлса, Ўктам чиқиб қочиб кетган.
    Турснхон ака билан келган 3-4 милиционерлар Ўктамни тутиб келгунларича Турсунхон ака бизнинг уйда чой ичиб ўтирган.
    УВДнинг бошлиғи бўлсада унинг содиқ дўст эканини ўшанда кўрганман.

  3. Ҳурматли Исмат ака!
    Сизнинг қатор йиллар мобайнида куч ишлатар тизимларининг ходимлари тўғрисида ёзиб келаётган мақола ва хотира китобларингизда фақат битта инсон, у хам бўлса ТУРСУНХОН ХУДОЙБЕРГЕНОВ ўз пок номини бирон маротаба, бирон сонияга ҳам булғаш у ёқда турсин, ҳаттоки бирон инсон бу киши ҳақида салбий фикр билдира олганлиги ҳақида ўқимадик ва эшитмадик ҳам.
    Бизнинг юртда бу киши ишлаганчалик лавозимларда ишлаган кўплаб казоларнинг фарзандлари қилмишлари дунёга достон бўлиб кетганлиги букун хеч кимга сир эмас.
    Шавкат Миромонович ана шундай кристалл соф инсонни бугунги куннинг энг долзарб буғинига раҳбар этиб тайинлашлари бекорга эмас.
    Ҳалқимизнинг чорак асрда тўпланиб келган муаммоларига тўғри бахо бериб,масаланинг ижобий ҳал қилиниши учун ана шундай ЎЗ ШАНИНИ ЕРГА УРМАГАН ГЕНЕРАЛ КЕРАК ЭДИ, БУ ХАБАРДАН БИЗНИНГ БОШИМИЗ ОСМОНГА ЕТДИ.

Leave a Reply
*