Menu
Categories
Ўзбек журналистикаси учун оғир йўқотиш… Таъзия (“Ўтганлар ёди” туркумидан)
12/08/2019 Бош мақола
 Amirkul Karimov

Абдували билан 1978 йил Ҳозирги Миллий университетнинг Физика факультети биноси ҳовлисида Журналистика факультетига кириш имтиҳонлари пайти танишиб қолгандим.

Ўша йили у ўқишга кирди, Менга бир балл етмади. Бирга кирмаганимизга мендан кўпроқ қайғурган, юпатган эди. Мен келгуси йил кирдим. Бирга ўқидик. “Оқ олтин” тумани пахта далаларида ҳайқириб шеърлар айтдик.

У аввал телевидениеда, сўнг газетада ишлади. Ўзига хос инжа феъли билан беназир, қалби пок инсон эди. Ҳар гал қучоқ очиб кўришаркан “Қачон бир ёзилиб ўтирамиз, жўра!” дерди.

Бугун унинг орамизда йўқлигига ишонгим келмайди! дийдорни қиёматга қолдириб кетди.

Алвидо дўстим, ИННА ЛИЛЛАҲИ ВА ИННА ИЛАЙҲИ РОЖИЪУН! * * *

Абдували Қутбиддин 1960 йил 20 июнда Қашкадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилган.

ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1983).

 Дастлабки шеърий тўплами — «Найсон» (1988).

Шундан сўнг шоирнинг «Ҳумо», «Бахтли йил», «Хаёл кечаси», «Сен ва сен учун», «Узоқдан олисга» ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган.

«Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1997).

Кўзингни тиқма, бу менинг бошпанам,
Пойгакдан мўлтайма, асло қўймайман,
Юрак деб аталган қизил офтобадан
Узим қон ичгайман, сенга қуймайман.

Бармоғинг ниқтама, менинг пешонам
Хати тирноғинг-ла ёзилмагандир.
Мен билан Худонинг ўртасида ғам
Ариғлари сен-ла қазилмагандир.

Юзинг буриштирма, менинг бу юзим,
Босганман гоҳ кишан, гоҳ тиканларга.
Ичган бўлсам ичдим, ҳайрат қимизин,
Эзилдим эзилиб эзилганлардан.

Меники бу ғавғо, керакмас даллол,
Дафтарим варақлаб ўқий олмайсан.
Агарки, борлиғим йиртсалар, алҳол,
Менга бошқа борлиқ тўқий олмайсан.

Йўлу йўриғингга юрмасман зинҳор.
Эшит, фарёд чиқар ўпган тошимдан,
Илоё, бошингни тешмасин дўл-қор,
Илоё, ёрилма еган ошингдан.

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан


Ўзбек журналистикаси учун оғир йўқотиш…

Бугун, 8 декабрь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, севимли шоиримиз, “Халқ сўзи“ газетаси масъул ходими Абдували Қутбиддинов оламдан ўтди.Иқтидорли, нозиктаъб ва юксак дидли шоир Абдували Қутбиддин 1960 йил 20 июнда туғилган.

Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тугатган (1983).
Самарқанд вилояти газетасида хизмат қилган.
1985 йилдан Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир бўлиб ишлади. 1990 йилда “Ёзувчи” нашриёти ташкил бўлгач, аввал етакчи муҳаррир, сўнг бош муҳаррир бўлиб хизмат қилади.
Кейинчалик Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида ишлади. Сўнгги вақтларда “Халқ сўзи” газетасида фаолият юритиб келаётган эди.

Дастлабки шеърий тўплами — “Найсон” (1988). Шундан сўнг шоирнинг “Ҳумо” (1989), “Бахтли йил” (1991), “Хаёл кечаси” (1994), “Сен ва сен учун” (1996), “Узоқдан олисга” (2007) ва бир неча шеърий тўпламлари нашр этилган.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги жамоаси марҳумнинг оила аъзолари ва шогирдларига чуқур таъзия изҳор этади.

ЎзА
Leave a Reply
*