Menu
Categories
Дунё ва тақдирлар: Ёш қизни зўрлаб, ёқишда гумон қилинган тўрт эркак ўлдирилди
12/11/2019 Бош мақола

Дунё ва тақдирлар: Ёш қизни зўрлаб, ёқишда гумон қилинган тўрт эркак ўлдирилди

People argue with police over a protest against the alleged rape and murder of a 27-year-old womanФото муаллифлик ҳуқуқиREUTERS

Дунё ва тақдирлар: Ёш қизни зўрлаб, ёқишда гумон қилинган тўрт эркак ўлдирилди.

Бу галги шов-шувли зўравонлик ҳодисаси яна Ҳиндистонда юз берган.

27 ёшли қурбон ҳаётдан кўз юмган.

Қотиллар ўлдирилишини минглаб одамлар байрам қилишган.

Тўрт гумондорни Ҳайдаробод полицияси отиб ўлдирган.

Ўтган ҳафта юз берган зўравонлик ҳодисаси ортидан, полиция аввалига уларни ҳибсга олган.

Жума куни тонгда тўрттовлонни жиноят сатҳига олиб борган.

Ёш қизчанинг зўрланиши нега диний низо қўзғамоқда?

Деҳли: икки ўсмир жинсий тажовузда гумон қилинмоқда

Секс ва жинсий зўравонлик: Жинсий зўрланган бўлса, аёлнинг ўзи айбдор, трусигига қаранг…

Қозоғистонда жинсий зўравонлик ҳақида гапириш осонми?

Покистонлик аёл: ‘Рақс тушмаганим учун эрим сочимни қириб ташладиʼ

Худди ўша пайтда гумондорлар уларнинг қуролларини ўғирлаб, қочишга уринишади.

Полиция ходимлари бунга изн беришмайди, маҳбусларни отиб ташлашади.

Уларнинг қурбонига айланган қизнинг куйиб кетган жасади кеча, пайшанба куни топилган.

Бунинг ортидан, қаҳру ғазабга келган одамлар кўчаларга чиқишган.

Намойишчилар полицияни қўл қовуштириб, қараб ўтиришда айблашган.

Тўрт гумондорнинг отиб ўлдирилгани хабарини эшитиб, қурбоннинг онаси Би-би-сига, “Адолат қарор топгани”ни айтган.

Қўшнилари бу янгиликни мушаклар отиб нишонлашган.

Минглаб одамлар эса, полициянинг ишини олқишлаш учун кўчаларга чиқишган.

Аммо соҳа эксперти бунга танқидий кўз билан қараган.

Ҳали бунинг ўзбошимчалик амали бўлмаганини аниқлаш лозимлигини айтган.

Жума куни нима бўлганди?

Полиция содир этилган жиноятни қайта саҳналаштириш учун гумондорларни сатҳга олиб борган.

Бу ҳақда Киберобод (Cyberabad) полиция комиссари Би-би-сига айтган.

Cyberabad Ҳайдаробод чеккасида қад ростлаган.

У ерда Microsoft ва Google каби йирик халқаро ширкатлар идоралари жойлашган.

Зўравонлик ва қотиллик содир этилган пулли майдонча айни шу сатҳга яқин бўлган.

Комиссарнинг айтишича, қуролларини олиб, қочаман, дейишганида, полиция гумондорларни отиб ўлдирган.

Ҳодисада икки полиция зобити ҳам яраланган.

Уларнинг қурбони бўлган қиз ҳайвонлар шифокори бўлиб ишлаган.

Ёш шифокорнинг зўрланиб, кейин ваҳшиёна ўлдирилиши ортидан, полиция кескин танқидлар остида қолиб кетган.

Айниқса, қурбоннинг оиласи соатлаб бу каби танқидлардан тинмаган.

Қурбон оиласининг муносабати

Сўнгги янгилик ортидан Би-би-си мухбири қурбоннинг уйига борган.

Уларнинг қўшнилари мушаклар отиб, ширинликлар тарқатиб, бу хабарни қандай байрам қилишаётганига гувоҳ бўлган.

“Ўз ҳолатимни сўзда ифодалаб бера олмайман. Хурсандчилигим қайғуга қоришиб кетган. Чунки энди қизим ҳеч қачон уйга қайтмайди”, – деб айтган қурбоннинг онаси мухбиримизга.

“Қизимнинг руҳи тинчиди. Чунки адолат қарор топди. Шундай бўлишига ҳеч қачон кўзим етмаганди. Қизимнинг бошига тушган кунни бошқа ҳеч кимга раво кўрмайман”.

Қурбон онасининг айтишича, жинсий зўравонликка оид қонун янада кучайтирилиши лозим.

Унинг наздида, “Жазо шундай бўлиши керакки, эркаклар қизларга ҳатто кўз қирларини ташлашдан қўрқишлари керак”.

Қурбоннинг опаси эса, полициянинг амали ўзларини учун “ниҳоятда кутилмаган” бўлганини айтган.

“Мен маҳкама жараёни бўлиши ва суд адолатни қарор топтиришини кутгандим. Синглимни тирилтириб бермаса-да, барибир, сўнгги янгиликдан жуда енгил тортдим. Чунки полициянинг ишидан кейин, бунга ўхшаш жиноятга қўл урмоқчи бўлган одам етти ўйлаб, бир кесадиган бўлади”.

Ижтимоий тармоқларда ҳам гап

Сўнгги янгилик ижтимоий мулоқот тармоқларини ҳам том маънода ларзага келтирган.

Айниқса, Twitter ва Facebook полициянинг амалини олқишловчи твит ва коментларга тўлиб кетган.

2012 йилда қизи автобусда оммавий зўравонлик қурбонига айланиб, ҳаётдан кўз юмган қизнинг онаси ҳам жуда мамнун эканини айтган.

“Жазодан бошим кўкларга етди. Полиция зўр иш қилди”, – деб айтган у ANI ахборот агентлига.

Яна бир мухбиримизнинг айтишича, сўнгги қотиллик саҳнида минглаб одамлар йиғилишган. Йўлларда тирбандлик ҳосил бўлган.

“Яшасин, полиция”, деган ҳайқириқлар қулоққа чалинган.

Полиция гумондорлар билан тўқнашган сатҳда эса, одамлар полицияга гулбарглар отишган, ширинликлар тарқатишган.

Полиция бошқача йўл тутиши мумкинмиди?

Худди шу манзарада полициянинг хатти-ҳаракатларини савол остига олганлар ҳам кўрилган.

People on the highway

Собиқ полиция зобити ва тизимдаги ислоҳотларнинг Бош меъмори Пракаш Сингхнинг Би-би-сига айтишича, “бу каби ҳолатнинг олдини мутлақ олиш мумкин бўлган”.

“Маҳбусларни маҳкама ёки жиноят сатҳига элтишда ниҳоятда эҳтиёткорлик кўрсатилиши лозим”, – деган у.

“Ташқарига чиқаришдан аввал улар текширилиши, кишанда бўлиши керак. Полиция эҳтиёт бўлмаса, ҳар қандай нарса юз бериши мумкин”.

Бироқ, шунда ҳам, Пракаш Сингх сўнгги ҳодисани ўзбошимчалик, дейишга ҳали эрта эканини айтади.

Ҳиндистонда буни кўпроқ “ўзаро тўқнашувда юз берувчи ўлим ҳолати”, деб аташади.

Жинсий зўравонлик ва қотиллик ортидан, минглаб кишилар ўз норозиликларини билдириб, Ҳайдаробод полиция идорасига боришади.

Зўравонларга ўлим жазоси берилиши кераклигини таъкидлашади.

Собиқ Болливуд юлдузи, Ҳиндистон парламенти Олий палатаси вакиласи Жая Баччан ҳам сўнгги зўравонлик ҳодисасига муносабат билдирган.

Гумондорлар “осиб ўлдирилиши” кераклигини айтган.

Унинг бу сўзлари худди шу мавзуга бағишлаб ҳафта бошида ўтказилган парламент йиғини чоғида янграган.

“Биламан, жуда шафқатсизликдек янграши мумкин. Аммо бунга ўхшаш инсонлар омма ўнгида осиб ўлдирилиши керак”, деган Жая Баччан.

Ҳиндистондаги бошқа партиялардан бўлган парламент вакиллари ҳам сўнгги зўравонлик ҳодисасини қоралашган.

Бутун мамлакат бўйлаб ҳам намойишлар ва огоҳлик тадбирлари бўлиб ўтган.

Ҳиндистон қонунчилигига мувофиқ, бу каби ҳолатларда қурбоннинг исм-шарифи очиқланмайди.

vigil in DelhiФото муаллифлик ҳуқуқиREUTERS

Қотиллик тафсилотлари

Қурбон бундан ўн кун бурун кечки соат 18:00 лар атрофида мотоциклда уйдан чиқиб кетади.

Шифокорнинг ҳузурига бормоқчи бўлади.

Кейинроқ уйига телефон қилиб, мотоцикли ғилдирагининг ели чиқиб кетгани, бир юк ҳайдовчиси ўзига кўмак бераётгани ва пулли майдонча яқинида кутиб турганлигини айтади.

Шундан сўнг у билан қайтиб боғланишнинг иложи бўлмайди.

Пайшанба куни тонгда сутчи кўприк остида қизнинг жасадига тўқнаш келади.

Қурбон оиласининг айбловлари ортидан, ўтган ҳафта учта полиция зобити ишдан олинади.

Улар полицияни қизлари бедарак кетиши ортидан, тезкор чора кўрмаганликда айблашади.

Қурбон оила аъзоларига кўра, полиция қизнинг яширинча эрга тегиш учун уйдан қочиб кетганини тахмин этишади.

Бугун Ҳиндистонда хотин-қиз бўлиш хавфсизми?

Айнан пойтахт Деҳлида юз берган 2012 йилги шов-шувли зўравонлик ҳодисаси ортидан, Ҳиндистонда жинсий зўравонлик мавзуси диққат-эътиборда.

Аммо аёлларга қарши жиноятлар камаяётгани ҳақида ҳеч қандай аломатлар йўқ.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, ўтган икки йил ичида полиция 33658 жинсий зўравонлик ҳолатини қайд этган.

Бу Ҳиндистонда кунига ўртача 92 та хотин-қиз бу каби ҳолларнинг қурбонига айланади, деганидир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Leave a Reply
*