Menu
Categories
Исмат ХУШЕВ: БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН ЗОКИРЖОН АЛМАТОВ (2-китоб, 23-боб)
12/23/2019 Бош мақола

Исмат ХУШЕВ:

БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН ЗОКИРЖОН АЛМАТОВ

(2-китоб, 23-боб)


ИСМАТ ХУШЕВ

Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд «Президент эркаси»нинг хотиралари)

 

Суратда: Ўзбекистон Ички Ишлар вазири, генерал полковник Зокиржон Алматов

Иккинчи китоб, 23-боб

Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.

(Mуҳаммад РAҲМOН)

 

БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН ЗОКИР АЛМАТОВ

Ёки менинг шалдироқ  москвичим уч кун пойтахни силкитгани ҳақида.

(Иички ишлар вазирининг сиёсий портретига шарҳ)

 

Зокиржон аканинг янги ва яхши расми

Суратда: Ички Ишлар вазири, генерал полковник Зокиржон Алматов биринчи қаторда (ўртада), “Ҳаёт ва иқтисод – Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев бешинчи қаторда (чапдан биринчи) ҳукумат аъзолари билан Ўзбекистон Олий Кенгаши сессиясида.

 

ИККИНЧИ КИТОБ

Йигирма учинчи боб 

 

1. 

Зокиржон Алматов  1949 – йил Тошкентда туғилган. 1976 – йилда Тошкент давлат университетининг юридик факультетини тугатган.

Тошкент район ички ишлар бўлими бошлиғи, Тошкент вилоят ички ишлар Бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Республика Ички Ишлар вазирлиги жиноят қидирув Бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Ва ниҳоят 1990 – йилдан эътиборан Тошкент вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 1991 – йилнинг 16 – сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазири.

Генерал полковник.

2005 – йилнинг декабрида  “Буюк хизматлари” ордени билан мукофотланиб, истеъфога чиқарилган…

Зокиржон Алматовнинг қисқача таржимаи ҳоли мана шундан иборат.

Лекин унинг ички ишлар соҳасида амалга оширган ишлари ва олиб борган мураккаб фаолияти ҳали кўп таҳлил ва тадқиқ бўладиган, сабоқ ва хулосалар чиқариладиган тарихий аҳамиятга эга…

 

2.

Неъмат ака вафот этганидан кейин Тошкентдаги ҳамма марказий газеталар менга таъзия изҳор қилади.

Бизда – Қашқадарёда марҳумнинг “қирқи”ни ўтказадилар, Тошкентда – “йигирмаси” сини, одат шунақа.

Мендан кўнгил сўрайдиган одамларнинг кети узилмасди, телефонларим узлуксиз жиринглайверарди. Кўпчилик дуои-фотиҳа қилиш ниятида эканини билдирарди, лекин қаерга боришни билмаяпмиз, дейишарди.

Шунда мен Тошкент одатига кўра Неъмат акамнинг “йигирмаси”ни ўтказиш лозимлигини англаб етдим. Бу ҳақда уч-тўртта ўртоқларим ва Президентнинг давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан маслаҳатлашдим. Назаримда Мавлон ака ҳам ёрдам берди.

Маърака қилдик. Жуда кўп одам келди. Герман Лопатин кўчасидаги хонадонимизга одамлар ички ишлар вазирлиги биносининг ёнидан навбатда туриб боришган экан. Кўчалар ёпиб ташланган.

Фотиҳага Президентдан бошқа ҳамма келди. Маърака уйимизнинг орқасидаги зиёфатлар учун мўлжалланган жой – узум ишкомлари соя ташлаб турган сўлим ҳовлида бўлган эди.

Ўша пайтларда асли бухоролик Раҳим Ражабов деган одам – Ўзбекистонда Давлат котиби лавозимида бўлиб, у Президентдан кейинги иккинчи шахс ҳисобланарди.

Шу киши Президентнинг топшириғига биноан бизникида уч кун ўтирган, менинг ёнимда туриб таъзия қабул қилган. Ислом ака ўнг қўлини “оғир кунида ёнида туринг” деб бизникига юборган.

Ажойиб ва камтарин инсон Раҳим Ражабов ҳақида “Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги давлат котиби” номли бобда махсус тўхталганмиз: http://dunyouzbeklari.com/archives/69724

Абдулла Ориповлар ҳам бизникига бориб ўтиришган. Раҳматли отам ҳам Китобдан келиб, Тошкентдаги уйимизда уч кун ўтирган эди.

Акамнинг “йигирмаси”дан олдин уч кунгача дуои-фотиҳага келувчилар учун жой ҳозирлаб, эшикларимизни очиб қўйганмиз…

 

3.

Ўшанда Давлат котиби – Президентнинг ўнг қўли бизникида ўтирганини эшитган Ўзбекистон раҳбарларнинг ҳаммаси уйимизга ташриф буюрган эди.

Республика Бош прокурори Бўритош Мустафоев ва Бош вазир муовини Қаюм Ҳаққуловларнинг “МВД”нинг олдидан навбат кутиб уйимизгача яёв борганини одамлар ҳалигача гапириб юришади.

Миллий Хавфсиз Хизматининг раҳбари Ғулом Алиев, Ички Ишлар вазири Зокиржон Алматовлар ҳам ҳамма қатори навбатда туриб ош еб кетишганди.

Ўзбекистон Бош вазири Абдимўтал Хошимов ва унинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков бошчилигидаги ҳукумат делегацияси маъракага кириб келганида бўш жой бўлмагани учун анча пайтгача тик туриб кутиб қолишганини ҳанузга қадар одамлар гапириб юришади.

Яккабоғлик республика “ГАИ”сининг бошлиғи Маҳмуд Бекмуродов, Тошкент трактор заводининг директор ўринбосари Илҳом Сиддиқов ва бошқа акахонларимиз, ёру-биродарларимиз оғир кунларимда менга ёрдам бериб, ёнимда туришди.

Энди буларни айтиб ўтириш шарт эмасмикан дейман-у, лекин бошингга оғир кунлар тушганда ёнингда турган одамлар асло эсингдан чиқмас экан…

 

 4. 

У пайтларда ўзим билан ўзим овора бўлиб, ниҳоятда руҳсиз, тушкун кайфиятда эдим.

Кутилмаганда навқирон ёшли акамдан ажралиб қолиш хаёлимга ҳам келмаган эди.

Ҳозир бу воқеаларни эслаётганимга сабаб – мақтаниш ёки ким бўлганимни кўрсатиб қўйиш эмас, бошқа гапни айтмоқчиман.

Таъзияни таърифлаб ўтириш одобсизлик бўлади. Одамнинг бошига кулфат тушгандан кейин кўнгил сўраб ҳамма келади-да.

Хуллас, бу билан нима демоқчиман?

Шу орада бир воқеа бўлди. Мен шуни ҳикоя қилиб бермоқчи эдим. Акам ўлганидан кейин унинг ўша синфдоши Абдужаббор ака “87-78 КФ” рақамли “Москвич”имни бир кечадаёқ созлаб беради.

Акам ўша йигитга хушомад қилсам, у машинани тезроқ созлаб беради, деб ўйлаган бўлса керак. Лекин у негадир пайсалга солаверади. Ўша куни ҳам уни ошга олиб келаман деб ҳалокатга учраган.

Ҳозиргача ўша механик акани кўрсам, бир-бирига қарама-қарши бўлган аламли ва ўксик туйғуларим дафн ва мотамдан зада бўлган ярадор юрагимда бош кўтариб, шайтон билан бирга рақс туша бошлайди: “Аканг ўлимига ўша айбдор” дегандай.

Лекин ўзимни қўлга олиб, шайтонга “ҳай” бериб, “ҳаммаси Оллоҳдан” деб, сабр қилишдан ўзга иложим йўқлигини ҳам яхши биламан.

Ҳозиргача Абдужаббор акани кўрсам нохуш ва нотавон бир ҳолга тушиб қоламан.

Тўғри, акамнинг ўлими учун у айбдор эмас дейман-у, лекин барибир уни аввалгидек яхши кўролмайман, ҳурмат қилолмайман.

Учрашиб қолсак, албатта, сўрашамиз, лекин нигоҳларда не-не саволлар туғён уради, етим юракларда армон йиғлайди…

 

 5.

…Жаҳонгир Маматовнинг “Халқ сўзи”даги “зарба”сидан сўнг энди ўзимга кела бошлаган пайтимда акам вафот этди.

Бутунлай довдираб қолдим. Китобдан “Москвич”имни миниб, Тошкентга келдим. “Йигирма”га ҳозирлик кўрилди.

Эрта-индин бўладиган маъракага яна кимларни айтишим керак, кимларни шахсан таклиф таклиф этишим керак – шу масалалар бўйича маслаҳатлашиш учун редакциялар жойлашган “Газета” корпусига бордим.

Шанба куни эди, ҳеч ким ишламас экан, фақат зарур юмуши бўлган одамларгина ичкарига кириб – чиқиб юрарди.

“Москвич”имни шундоққина “Газета”лар корпусининг олдидаги майдонда қолдириб, ўзим “Правда Востока” газетасининг Бош муҳаррири Рубен Сафаровнинг кабинетига чиқдим.

(Менда хизмат машинаси бўлса-да, “Президентнинг қулоғига етиб борса ранжиб юрмасин” деб, дам олиш кунлари уни минмасдим, шофёрга ҳам рухсат берардим).

Рубен Сафаров ўша пайтларда барча ҳукумат ва давлат газеталари раҳбарлари орасида Президентга яқин, табиийки, мен билан ҳам яхши муносабатда эди.

Биз у киши билан ҳали раҳбар бўлиб кетмаган пайтларда ҳам жуда яқин эдик.

Ислом Каримов биринчи секретарь этиб сайланган ўша тарихий Пленумдан чиқиб келиб менга бу хушхабарни айтганидаги қувончимни олдин ёзганман. Сўнг, кўп ўтмай мен ҳам у киши каби Бош муҳаррир бўлганимдан сўнг биз янада иноқлашиб кетдик.

Ҳар иккимиз ҳам Марказқўмнинг Герман Лопатин кўчасидаги “дом”ларида қўшни яшардик, ҳар қалай энди анча яқин эдик. Ҳукумат йиғилишлари, Олий Кенгаш сессиялари ва Президент йиғинларида бирга қатнашардик, ёнма-ён ўтирардик. (Сурат берилади)

 

FullSizeRender (5)

Суратда: “Ҳаёт ва иқтисод” – Экономика и Жизнь” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев “Правда Востока” газетаси Бош муҳаррири, тарих фанлари доктори Рубен Сафаров билан… 

Хуллас, ўша шанба куни Рубен Сафаровнинг кабинетига чиқдим.

Икковимиз беш минутча гаплашдик, шекилли, бир пайт биринчи қаватда ўтирадиган навбатчи аёл (ҳозир бинони милиция ходимлари қўриқлашади) ҳаллослаб, нафаси оғзига тиқилиб,  тўртинчи қаватга кўтарилди (аксига олиб лифт ҳам ишламасди).

У Сафаровнинг хонасига кириб:

– Сизнинг машинангизни ўғирлаб кетишди! – деди менга қараб.

Сафаров икковимиз югуриб пастга тушдик. Машина турган жойида йўқ эди. Ҳайрон бўлдик. Сўнг яна юқорига кўтарилиб, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқовга телефон қилдик.

– Бир келиб кетинг, – деди Мавлон ака.

У киши юборган машинада Президент девонига бордим. У пайтларда мен ўз хизмат гувоҳномам билан давлат раҳбарининг Бош қароргоҳига бемалол кириб-чиқардим.

Қалаверса, соқчилар ҳам мени яхши танир ва ортиқча текширувларсиз ичкарига ўтказиб юборишарди. Ҳозир энди бу қоидалар ўзгарган ва у даврлардагидан тубдан фарқ қилса керак.

Хуллас, ғоз қотганча “честь” бериб ичкарига йўллаган соқчиларнинг бу мулозаматидан ҳаволанибми, билмадим, нима учундир Мавлон ака ўтирадиган бешинчи қават қолиб, олтинчи қаватга чиқиб кетибман.

Эҳтимол, ниҳоятда хўрлигим келгани учунми ёки Давлат котиби уч кун бизникида отам ва мен билан ёнма-ён туриб таъзия қабул қилгани учун миннатдорчилик билдириш ниятидами, ҳар қалай, Ислом акани кўргим келди.

Шу баҳонада машинам ўғирланганини ҳам у кишига шахсан айтмоқчи бўлдим.

Олтинчи қаватга чиқиб Георгий Алексеевич (Президентнинг биринчи ёрдамичиси) билан Равиль Ваҳобович деган Котибият бошлиғига учрадим.

Равиль Ваҳобович Абдуқодиров узоқ йиллардан бери ҳукумат тизимида ишлайди, Ислом акага жуда садоқатли, ишнинг кўзини биладиган, ниҳоятда тажрибали, яхши одам.

Хуллас, мен шу икки инсонга учрашдим. Улар яна бир бор мендан акам вафоти муносабати билан кўнгил сўрашди.

– Хўш, нима гап? – дейишди кейин.

– “Москвич”имни ўғирлаб кетишди, – деб бўлган воқеани айтиб бердим. Улар ҳайрон бўлиб, тафсилотларини сўраб-суриштиришди.

– Ислом акага учрашмоқчиман, – дедим.

– У киши йўқ, чет эллик меҳмонлар билан музокара ўтказяптилар, – дейишди. – Илтимос, бу гапни Ислом акага айтиб ўтирманг, лозим бўлса, ўзимиз у кишини хабардор этамиз, – деди Равиль Ваҳобович ва телефон трубкасини олиб Ички Ишлар вазири Зокиржон Алматов билан боғланди. Бўлган воқеани вазирга айтиб берди…

 

6.

Кечга яқин бу воқеадан Ислом ака ҳам хабар топибдилар. Зокиржон Алматов эса тегишли одамларни оёққа турғизибди.

Бир пайт Ички Ишлар вазири мени йўқлаб қолди:

– Исмат ака, илтимос, бир келиб кетинг, – деди у киши “вертушка”дан.

Зокиржон аканинг олдига бордим. У киши мени вазирликнинг биринчи қаватида кутиб олдилар:

– Очиғини айтсам, мен Сиздан хафа бўлдим, – деди ички ишлар вазири. – Президент мени жуда қаттиқ уришдилар. Шуни ўзимга айтсангиз ҳам бўларди. Бор йўғи эски бир “Москвич” экан. Мен Сизга яп-янги “Жигули” олиб берардим…– деб дарҳол Дилшод исмли ёрдамчиларини чақирдилар.

Дилшод кейинчалик  Ички Ишлар вазирлигида катта бир Бошқарманинг бошлиғи бўлди, алп қоматли, келишган, барно йигит.

Зокиржон ака унга топшириқлар айтиб, сўнг менга шаҳар телефонларини ёзиб бердилар:

– Шу рақам бўйича телефон қилсангиз, тўппа-тўғри ўзимга тушасиз. Бу телефонни фақат ўзим кўтараман. Хавотир олманг, ҳаммаси жойида бўлади. Лекин Ислом акага айтиб бекор қилибсиз, – дедилар яна…

Ислом ака ўша пайтларда ана шунақанги адолатли, ҳамдардли ва талабчан раҳбар эдилар. Демак, машина ўғирлангани учун у киши Ички Ишлар вазирини олиб бориб, олиб келган.

Айнан менинг машинам ўғирлангани учун эмас, умуман машина ўғирлангани учун вазирни қаттиқ койиган, бутун республика миқёсида ўғирликка чек қўйиш чора-тадбирлари ишлаб чиқишга чақирган.

Бу ҳақда ҳали яна тўхталамиз…

Зокиржон ака ўшанда “Ислом акага бекор айтибсиз” деб ранжиб гапирганлари ҳануз ёдимда

У киши бировдан ранжисалар ҳам, лекин одоб билан муомила қилишни биладиган, ҳамсуҳбатининг кўнглига қарайдиган,  самимий ва кўнгилчан одам эдилар.

Вазирнинг гапларидан таскин топдим-у, лекин барибир ўзимча “текшириш” ўтказиб кўрдим. Шаҳар кўчаларида постда турган “ГАИ” ходимларининг ёнига секин бориб:

– Йўқолган машинани қидиряпсизларми? – деб сўрадим ҳазил аралаш.

– Ия, сиз ҳам машинангизни йўқотганмисиз? Биз эрталабдан бўён вазир шахсан ўз назоратига олган битта машинани қидиряпмиз, – рақами мана бундай экан, – дейишиб, кафтларига ёзиб олинган “87–78 КФ” рақамини кўрсатишарди.

Битта ўртоғимнинг машинасида шаҳар айланиб, қайси “ГАИ” ходимига учрашсам, ҳаммасининг кафтига “Москвич”имнинг давлат рақами ёзилганини кўрдим.

Ўша кунлари “ГАИ” ходимларининг кафтлари ҳам “қичишмай” қўйган эди. Ҳамма ёқ тўс-тўполон бўлиб кетди.

Ўшанда республика “ГАИ”сининг бошлиғи – Маҳмуд Бекмуродов эди.

Вазир унга топшириқ берган, Бекмуродов шаҳар “ГАИ”сининг бошлиғига топшириқ беради.

Хуллас, бутун республика “ГАИ” тизими ишга тушиб кетади.

Уч кун шаҳар милициясининг менинг эски москвичимдан бошқа олий ташвиши бўлмади.

Назаримда ўша уч кун менинг шалдироқ москвичим бутун пойтахни силкитиб турди.

 

7.

Орадан икки кун ўтар-ўтмас Зокир аканинг йигитлари менга телефон қилиб:

– Машинангиз топилди, – дейишди.

Тошкент шаҳрининг “Глинка”сида жойлашган шаҳар “ГАИ”сининг Бошқармасида тергов ва жиноят қидирув бўлимлари бор. Бу бўлимнинг бошлиғи – Равшан исмли йигит экан:

– Машинангиз “Роҳат”кўли атрофидан топилди, – деди у.

Чамамда, Зокиржон Алматов республикадага барча жиноят гуруҳларининг раҳбарлари ва “авторитет”ларини ўз агентлари орқали огоҳлантириб:

“Агар шу машина топилмаса, ҳаммангни қаматиб, керак бўлса, оттириб ташлайман!” деб қўрқитган бўлса керак.

Зокиржон ака жиноят оламидагилар билан ҳам гаплашишни ўрнига қўярди. Аслида ана шу фазилати учун ҳам Ислом ака уни вазир қилиб тайинлаган бўлса, ажаб эмас. Биз бу мавзуга ҳали қайтамиз.

Хуллас, менинг машинамни Қобил Бўриев деган жиноятчи йигитнинг гуруҳига қарашли болалар ўғирлаб кетган экан.

Биласиз, кейинчалик “Роҳат”дан чиққан ака-ука Бўриевлар гуруҳи қўлга олиниб, уларнинг кўпчилиги Олий жазога ҳукм қилинади…

Мен “Москвич”имни олиш учун хизмат машинамда пойтахтимизнинг “Глинка” кўчасидаги “ГАИ” нинг шаҳар Бошқармасига борганман.

Машинамни кўриб, йиғлаб юборишимга сал қолди.

Акамнинг вафоти билан боғлиқ нохуш хотиралар хаёлимда яна жонланди.

Номерлари ечиб олингани учунми, билмадим, эски машинам яп-янгига ўхшаб қолганди. Юкхонасида йигирма литрлик канистрда бензин бор эди, фақат ўша идиш йўқолган, холос.

Бошқа ҳеч нарсасига тегишмаган экан.

Машинам топилганини эшитиб Мавлон Умрзоқов  билан Рубен Акоповичлар табриклаш учун уйга келишди. Машинани топган йигит Равшанни ҳам таклиф қилдик.

Биз у билан кейинчалик жуда яқин ва қадрдон бўлиб қолдик. Лекин ўшанда бу изқувар терговчи йигит Президентнинг Давлат маслаҳатчиси билан бир дастурхон атрофида  ўтирганидан ниҳоятда хурсанд бўлган эди…

 

 8.

Эртаси куни эрталаб хизмат машинамда “Олой”бозорига бориб, учта катта-катта, чиройли  гулдаста олдим-да, тўппа-тўғри Ички Ишлар вазирлигига бордим:

– Зокиржон акам бормилар? Мен учрашмоқчиман, – деб вазирнинг ёрдамчиси Дилшодга қўнғироқ қилдим.

Дарҳол мени қабул қилишди. Бир даста гулни кўтариб Зокиржон аканинг узун, кенг ва ҳайҳотдек кабинетига кириб бордим. Дилшод мени ичкарига кузатиб қўйди.

Ички Ишлар вазирининг кабинетига илгари кирмаган эдим.

Икки кун бурун у киши мени пастдаги махсус хонада қабул қилган эди.

Зокиржон Алматовнинг кабинетига биринчи маротаба киришим эди. Даҳшат экан. У киши жуда самимий инсон, мени қучоқ очиб кутиб олдилар.

– Исматжон! Биз Ислом акага хабар қилдик. Илгари бир “сўкиш” эшитган бўлсак, энди “раҳмат” эшитдик, – дедилар у киши хуш кайфиятда.

Шундан сўнг Зокиржон ака ички ишлар ҳаётига оид китоблар, Президент асарлари қатор қилиб териб қўйилган шкафнинг ўнг томонидаги тугмачани босган эдилар, ўша каттакон жавон  китоблари билан автоматик тарзда четга сурилиб,  рўпарамизда келиннинг уйидек қилиб ясатилган мўъжазгина бир уй очилди.

Бу вазирнинг дам олиш хонаси экан.  Зокиржон ака унга кириб, ичкаридаги бошқа қоронғу бир хонадан тиғи ялтир юлтур қилиб турган мўъжазгина ханжар олиб чиқдилар.

Бу ханжарни қамоқхонада маҳбуслар ясашар экан. Пўлатдан ясалган, оппоқ, ялтираб туради. Қини ҳам бор. Шуни менга совға қилдилар:

– Энди хафа бўлиб юрманг! Мана, машина ҳам топилди, – дедилар кўнглимни олиш учун.

Сўнг мени ичкарига – ўша китоб жавони ортидаги “сирли хона”га таклиф қилиб,   музхонани очдилар-да, арман коньягидан бир пиёла қуйиб, менга узатдилар. Ўзлари эса негадир ичмадилар.

Стол устидаги каттакон гулдор лаганда одатда Қашқадарё ва Сурхондарё томонларда тайёрланадиган тандир гўшти бўлаклари турарди.

– Олинг, Исмат ака, Ислом аканинг соғлиги учун, ака-укачилигимиз учун бўшатинг шу пиёлани. Менинг мазам йўқ, дори ичяпман, маъзур тутасиз, – дедилар Зокиржон ака.

Мен – кечагина машинам ўғирланганидан саросимага тушиб қолган содда ва очиқкўнгил  йигит, бугунги ас-асаю, даб-дабалардан, Ўзбекистон ички ишларининг қудратли вазири томонидан оддий бир қишлоқ боласига кўрсатилаётган мулозамат ва эътибордан масрур ҳолда пиёлани бўшатарканман, каттакон бир мамлакат миршаббошисининг менга кўрсатаётган бу эътиборидан ниҳоятда мамнун эдим.

Ўзимни шунга ростдан ҳам муносиб бўлсам керак деб билардим.

Ўзим шунақа зўр, қудратли одам эканман, деб ўйлардим. Истеъдодим, қобилиятим туфайли булар мени тан олишяпти деб хаёл қилардим.

Бу дунёда ҳалоллик, ақл ва идрок, истеъдод ва қобилият бу одамлар учун бир тийин эканини, улар фақат ва фақат давлат раҳбарининг муносабати ва эътиборига қараб одамларга муомила қилишларини мен ҳали билмасдим.

Стол устида ва ён томонимиздаги жавонларда турли туман совға ва сувенирлар, ичимликлар, айниқса турли туман қурол ва ханжарлар уюлиб ётарди.

Зокиржон аканинг ўзига яқин олиб, мулозамат кўрсатиши, ханжар совға қилишидан руҳим кўтарилиб, у кишига миннатдорчилик билдириб, хайрлашдим.

Шунда Зокиржон ака:

– Бизга нима хизмат бор, Исмат ака? – деб сўрадилар.

Ўтган икки кун мобайнида республика “ГАИ”сининг бошлиғи Маҳмуд Бекмуродов билан кўп марта учрашган эдик. У киши ҳамюртим, яхши акахонларимдан бири эди:

– Ваҳ, энди вазир бизнинг чатоғимизни чиқаради! У киши менга умуман гапирмай қўйди. Машинангизни топиб бермасак, жуда ёмон бўлади! – деб юрган эди Маҳмуд ака.

Ўша кишини хотиржам қилиб қўймоқчи бўлдим:

– Зокиржон ака, шундоқ телефонни олиб, менинг олдимда Маҳмуд Бекмуродовга бир раҳмат айтиб қўйинг, илтимос! – дедим. – Менга қилган хизматингиз шу бўлсин!

Зокиржон ака дарҳол трубкани кўтариб:

– Маҳмуджон! Хафа бўлманг, иш юзасидан уришамиз, койиймиз, лекин ҳаммаси яхши бўлди. Мана, Исматжон олдимда ўтирибди. У сиздан ниҳоятда миннатдор. Сизга ҳам, йигитларингизга ҳам раҳмат! Бундан кейин Исматжондан хабар олиб туринг! – дедилар.

Назаримда, у киши бизни яқинлигимизни билмас экан.

Мен Зокиржон акага яна бир бор миннатдорлик билдириб, хайрлашдим.

У киши мени кузатиб қабулхонага чиқдилар. Қабулхонада уч-тўртта полковниклар билан бирга битта генерал ҳам бор эди.

Бу генерал – Равшан Ҳайдаров бўлиб, у ўша пайтларда ички ишлар вазирининг кадрлар бўйича ўринбосари эди.

Мен асли гулистонлик бўлган Равшан Ҳайдаровни яхши танирдим. У киши аввал  компартия марказий комитетида маъмурий органлар бўлими раҳбари эди. Марказқўмда бу соҳа бўлимлар мавқеи бўйича асосан иккинчи ўринда турарди. У қуролли кучлар, МЧС, божхона ва куч ишлатар тизимларини назорат қиларди. Бу ердан у киши Ички ишлар вазирининг кадрлар бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Зокиржон ака ўшанда унга подполковник унвони берди, холос.  Сўнг уни Тошкент вилоятига “сургун” қилди.

Равшан акага МВД да полковник бўлиш насиб этмади.

Тошкент вилоятида принципиаллиги ва қаттиққўллиги билан Президентнинг назарига тушган Равшан Ҳайдаров полковниклик ҳам қолиб, бирданига генерал бўлди ва маълум муддат Тошкент вилоят ва шаҳар Ички ишлар Бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлади. Сўнг Божхона Давлат қўмитаси бошлиғи, Фавқулодда Вазиятлар вазири бўлди. Кейин Сирдарёга ҳоким этиб тайинланди.

Ва ўша ердан у кишининг мулозимлик карьераси аянчли якун топганини эшитдим. Равшан Ҳайдаров ҳақидаги фикримизни якунларканмиз, адолат ҳаққи ҳурмати айтиш жоизки, ички ишлар ва божхона тизимида у кишидек ҳалол ишлаган мулозимлар жуда кам бўлди. Ана шу ҳалоллиги Равшан акага панд берган бўлиши мумкин деган хулосадаман…

Қабулхонадагилар вазирнинг қора чарм қопланган ичкари ташқарили, икки қаватли маҳобатли эшиги очилган заҳоти ўринларидан ирғиб туриб, “честь” берганча ғоз қотишди.

Йўл-йўлакай улар билан ҳам сўрашиб ўтдим. Зокир ака қабулхонада қолди. Дилшод мени пастгача кузатиб қўйди…

 

9. 

Ички ишлар вазирининг кабинетидан чиқиб,  хизмат “Волга”сига ўтирдим-да, тўғри республика “ГАИ”сига бордим.

Улар ўша пайтда “Ц-5” мавзесидаги ўн икки қаватли бинода ўтиришарди. Шу бинода Юнусобобд туман милицияси ҳам жойлашган эди.

Республика “ГАИ” си тепа қаватларда эди. Олтинчи қаватга кўтарилиб, Маҳмуд Бекмуродовга гулдастанинг иккинчисини тақдим этиб, унга ҳам миннатдорлик билдирдим.

У киши вазирдан раҳмат эшитгани учун жуда хурсанд бўлиб ўтирган экан.

– Исматжон, бизга нима хизмат бор? – деб сўради Маҳмуд ака ҳам хайрлашаётиб.

– Малол келмаса, шаҳар “ГАИ”сига телефон қилиб, бир раҳмат айтиб қўйсангиз бас, – дедим.

У шаҳар “ГАИ”сининг бошлиғи Аҳмаджон Эркабоевга телефон қилиб, миннатдорлик билдирди. Сўнг биз хайр-хушлашдик.

Учинчи гулдастани олиб шаҳар “ГАИ”сига жўнадим.

Ростдан ҳам, икки кун мобайнида ҳамма тиним билмасдан ишлаган эди. Мен шаҳар “ГАИ”сининг бошлиғини яхши танимас эдим, у кишининг асли водийлик эканини билардим, холос.

Ўзи бўлса, яхшилаб танишиб олиб, раҳмат айтмоқчи эдим. Афсуски, йўқ экан.

Қабулхонасига гулдастани қўйиб чиқиб кетганман.

Кейин Аҳмаджон ака миннатдорчилик билдириб, қабулхонамга телефон қилибди.

Котибам қўнғироқ қилганлар рўйхатида қайд этиб қўйган экан…

 

10. 

Мен бу билан нима демоқчиман? Агар Ички ишлар вазири истаса, йўқолган ҳар қандай машина ҳам икки кунда топилар экан.

Истак бўлса, ҳамма соҳада ҳам тартиб ўрнатиш мумкин экан.

Кейинчалик, Президент ташаббуси билан Ўзбекистонда машина ўғриларига қарши жуда қаттиқ жазо чоралари жорий қилинди.

Натижада, республикамизда машина ўғирланиши собиқ иттифоқ республикалари орасида энг паст даражага туширилди.

Битта-иккита ҳодиса учраб тургандир, лекин оммавий равишда машина ўғирлигига барҳам берилди.

Эсингизда бўлса, Москвадаги қайсидир бир йиғилишда Россия Президенти Борис Ельцин: “Қатьий тартиб-интизомни ўрнатишда, талон тарожлик ва безорилик,  машиналар ўғирлиги каби жиноятларга  барҳам беришда биз Ислом Каримовдан кўп нарсаларни ўрганишимиз керак”, – деб эътироф этганди…

Дарҳақиқат, Ислом Каримовнинг машина ўғирлигига қарши амалга оширган чора-тадбирлари самарали бўлди.

Ўзбекистонда 1992 йиллардаги машина ўғирлигидан ҳозир ном-нишон ҳам қолмади.

Бугун республикамизнинг истаган бурчагида машинангизни қолдириб кетсангиз, “мангуста” сигнали ўрнатилмаган бўлса ҳам жойида туради.

Ислом аканинг шахсий ташаббуси туфайли бизда машина ўғирлигига деярли чек қўйилганини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.

Бу ерда менинг машинам ўғирлангани ҳам маълум маънода бу борада рол ўйнагани ҳам табиий, албатта.

Лекин қай даражада ўта муҳим рол ўйнаганини эътироф этиш – тепадагилар виждонига ҳавола…

 

 11.

Машинам ўғирланиб, сўнг топилганидан кейин республикамизнинг турли жойларидан машиналарини ўғирлатган жуда кўп танишларим менга телефон қилишиб: “Нима қилайлик, қандай маслаҳат берасиз?” деб мурожаат этишарди.

– Аниқ бир нарса дея олмайман. Милицияга учрашинглар, – деб жавоб берардим. Шунда бадавлатроғ бир танишимнинг менга айтган гаплари ҳамон ёдимда турибди:

– Исматжон, уч-тўрт кун мобайнида бутун республикамиздаги милиция ходимлари оёққа турди. Ўзи қанақа маркадаги машинангиз йўқолган эди? – деб сўрайди.

– “Москвич” машинам йўқолган эди.

– Йўғ-е, мен “Мерседес”нинг охирги маркаси бўлса керак деб ўйлабман. Битта “Москвич” учун шунча тўполон кўтарилган бўлса, демак ростдан ҳам “Мерседес” машинангиз йўқолганда, ҳатто “Интерпол” ҳам оёққа туриб кетар экан-да! – деганлари ҳануз ёдимда…

Машинамнинг ўғирланишини бутун тафсилотлари билан эслаб қолганимга яна бир сабаб шуки, бардачокда Неъмат акамнинг “йигирмаси”га атаб ёзилган таклифномалар бор эди.

Ўғрилар ўша таклифномаларга тегишмаган, ҳаммаси жойида турган эди…

Хуллас, акам вафот этганидан кейин орадан уч ой ўтади. Куз келади.

Бошга оғир мусибат тушганда одамларнинг таскин-тасаллиси кишига жуда катта мадад берар экан.

Машинамнинг ўғирланиши ҳам мени оғир ўй-хаёлларимдан бир оз чалғитди.

Ўғирликнинг бу томони, албатта “фойдали” бўлди…

 

12. 

… Мен ҳикоя қилган бу воқеалар –  Ўзбекистон республикаси Ички Ишлар вазири Зокиржон Алматов билан ҳаётимдаги учрашувларим ва шахсий муносабатларимнинг энг гуллаган, ойдин ва ёруғ даврлари эди.

Афсуски, бу даврнинг хазонрез пайти ҳам, қоронғу ва нурсиз кунлари ҳам бор.

Улар Зокиржон аканинг “мустаҳкам қальаси” – вазирликнинг афсонавий   ертўласи – даҳшатли  “зиндони” билан боғлиқ.

Мўҳташам кабинетидаги “дам олиш” хонасида  коньяк ичиб, тандир гўшти еган тарихий ва муборак кунлардан бир оз ўтиб  –  мен бугун эҳтиром билан тилга олган, менга ханжар совға қилиб, “Исмат ака” деб рўпарамда тавозе қилиб турган бу хотамтой генерал – республиканинг иккинчи рақамли қудратли раҳбарига айланади.

Тақдир тақозоси ва замона зайли билан, ўша – менга ханжар совға қилинган машҳур ва даҳшатли бинонинг ертўласида – Исмат Хушев ҳам “меҳмон” бўлади.

Ҳеч эсимдан чиқмайди. Ички Ишлар биносининг шундоққина ёнгинасида жойлашган Герман Лопатин кўчасидаги хонадонимизга эрта тонгда мени ҳибс этиш учун келган миллий хавфсизлик хизмати ходимлари тинтув чоғи топилган ўша ханжардаги Зокиржон Алматовнинг жимжимадор имзосини кўриб, дамлари ичига тушиб кетган эди…

Кейин қамоқдан чиққанимдан сўнг мени яна қамашди. Биринчи гал олти ой қамашган бўлсалар, энди қўрқитиш учунми, билмадим уч кунга қамашди. Китобда қамаб – дўқ-пўписа билан “тилингни тийиб юр”деб – Тошкентга қўйиб юборишди.

Пойтахтда эса – Зокиржон Алматовнинг ўша мени биринчи маротаба қамалганимда тергов қилган ходимлари Тохиржон Муллажонов ва Ботир Турсуновларнинг ўткир назорати остида қолишимга мажбур қилишди.

Озодликда бўла туриб, ўзимни озод сезмаган “уй қамоғи” мисоли ўтган бу эрксиз кунларим – мени учинчи маротаба уюштирилган сохта наша билан  қамаган дамларгача давом этди.

Кейин Республика Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари Рустам Иноятовнинг бевосита ёрдами ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг кўрсатмаси билан мен Зокиржон Алматов раҳбарлигидаги бу “таъқиб ва террор” машинасининг чангалидан энди тамомила озод этилган эдим.

Бу ҳақда шу бобнинг охирида батафсил айтилади.

Кўп ўтмай яна Бош муҳаррир этиб тайинландим.

“Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг учинчи китобида биз бошимиздан ўтган бу хўрлик ва зўрликларнинг мунгли ва маҳзун ҳикоясига ҳали бафуржа қайтамиз…

 

 13.

Зокиржон Алматовнинг сиёсий портретига шарҳ берарканмиз, у кишининг Ислом Каримов салтанатига яқинлашган дастлабки кунлари ҳақида ҳам айтиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб биламиз.

Мен Зокиржон Алматов билан илк маротаба –  у киши билан бирга Тошкент обкомининг аъзоси бўлган муборак бир кунда танишган эдим. Бунинг эса ўзига хос тарихи бор.

Тўқсонинчи йилларнинг бошларида Зокиржон ака Тошкент вилоятидаги районлардан бирининг милициясига бошчилик қиларди.

Мен эса “Ҳаёт ва иқтисод” журналига эндигина раҳбар этиб тайинланган шукуҳли кунлар эди.

Айтишларича, Зокиржон ака асли Чимкент вилоятининг Туркистон шаҳрида таваллуд топиб, Бўстонлик туманининг гўзал ва сервиқор тоғлари, зилол ва тез оқар дарёси, гўзал табиати ва сўлим боғлари қўйнида ўзбек, қозоқ ва тожиклар билан бир оила боласидек ўйнаб кулиб вояга етган.

Зокиржон ака Бўка район милиция бошқармасининг жиноят қидирув ва тергов бўлимида   хизмат қилиб юрган даврларида Ислом аканинг назарига тушиб, тезда район милиция бўлими бошлиғи ва сўнгроқ Тошкент вилоят ички ишлар Бошқармаси раҳбари даражасига кўтарилган.

Абдулла Орипов, Зокиржон ака ва мен Ислом аканинг тавсияси билан бир кунда Тошкент обкомига аъзо бўлганмиз.

Ислом акага Зокиржон Алматовнинг чапанилиги, дангаллиги ва итоатгўйлиги,   топшириқларни: “Есть!”,  “Албатта бажарамиз!” деб ҳар қандай хизматга шайлиги ёққан бўлса, не тонг!

Ислом ака эндигина Ўзбекистонга раҳбар бўлган йиллари Тошкент вилоятидаги жиноят ва коррупция кўлами ниҳоятда катта эди. Ана шу муаммоларни ўрганиш жараёнида Олий раҳбариятдан кимдир Зокиржон Алматовдан шикоят қилиб қолган: Яхши ва қобилиятли терговчи, лекин “сих ҳам, кабоб ҳам” куймасин қабилида иш кўради деган. Жиноят олами билан ҳам яхши алоқаси борлигидан нолиган…

У аслида республика раҳбарига бу гапни айтиб, Зокиржон Алматов тагига сув қўйишни мўлжаллаган эди. Лекин, бунинг тескариси бўлади.

Назаримда, Зокиржон аканинг республика миқёсида раҳбар бўлиб кетишида бу шикоятомуз хабарнинг муҳим ўрни бўлса, ажаб эмас.

Ислом Каримовга эса – айнан шундай “фазилат”ли милиция мулозими керак эди.

Албатта, биз бу фикрга орадан йиллар ўтиб, Ўзбекистонда Ислом Каримов ва Зокиржон Алматовларнинг сал кам йигирма йиллик бошқаруви таҳлилидан кейингина келдик.

Тошкент вилоятида рўй берган ўша йиллардаги маълум тартибсизликлар чоғида Зокиржон Алматовни Ислом ака янада яқинроқ ва аниқроқ ўрганган кўринади.

Тор доирадаги суҳбатда: “Бу тартибсизликлар ташкилотчилари ва ҳомийларини нима қиламиз?” деб ўсмоқчилаб сўраганида, Зокиржон ака ҳеч иккиланмай: “Пешонасидан отиб ташлаш керак!” деганида Президент: “Масъулиятни бўйнига оладиган йигит, шекилли” дея ишонч билдиргани эҳтимолдан холи эмас…

Тўқсонинчи йиллар бошида Зокиржон акадан ташқариТошкент вилоятидан  Президент назарига тушган яна икки киши ёдимда қолган:

улардан бири Рустам Аҳмедов – вилоят ҳарбий комиссари, иккинчиси Баҳодир Қосимов – вилоят ўт ўчириш бўлими бошлиғи.

Зокиржон Алматов ҳам бу пайтга келиб Тошкент вилоятининг  бу лавозимга жуда тез ва чақин тезлигидай етишган ёш ва довруғли милиция мулозими эди.

Уларнинг учалови ҳам обком йиғилишларида энг биринчи қаторда ўтиришарди. Улар қалин дўст,  вилоятдаги энг  ёш ва ғайратли, истиқболли мулозимлар эди.

Кейинчалик Ислом аканинг бевосита  ёрдами билан уларнинг учалови ҳам республика миқёсидаги раҳбарларга айланиб кетишди.

Зокиржон ака – Ички Ишлар вазири, Рустам ака – Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири, Баҳодир ака эса – биринчи бор ташкил этилган Фавқулодда Вазиятлар вазири бўлишди.

Булар ҳақида муқаддам тўталдик, яна тўхталамиз.

Қизиқ, Зокиржон Алматов билан кўтарилиб кетган дўстларининг раҳбарлик қисмати жуда тез аянчли якун топди.

Ўзбекистоннинг биринчи Мудофаа вазири Рустам Аҳмедов кўп ўтмай ишдан олиниб, устидан жиноий иш қўзғатилди. Республиканинг биринчи Фавқулодда Вазиятлар Вазири бўлган Баҳодир Қосимовнинг ҳам мулозимлик юлдузи тезда сўнди.

Лекин улар билан бирга кўтарилиб кетган Зокиржон Алматовнинг истиқболи, аксинча, кундан кунга барқ уриб, гуллай бошлади

Бу ҳақда кейинроқ яна айтамиз…

 

 14.

Зокиржон Алматов вазир бўлган даврда биз журналистлар Ички Ишлар тизими ходимларини ўзимиз истаганча танқид қилолмасдик. Бунга Зокиржон ака йўл қўймас эди.

Президентнинг биринчи ёрдамчиси (Георгий Крайнов), Ишлар Бошқармаси Бошлиғи (Зелемхон Ҳайдаров), матбуот котиби (Мурод Муҳаммад Дўст), оммавий ахборот воситалари ва маънавият ишлари бўйича Президентнинг Давлат Маслаҳатчиси (Хайриддин Султонов) Зокиржон ака ва у кишининг вазирлигига келган ҳар қандай бало-қазо учун ўзларини қалқон қилишдан ҳам тоймас эдилар.

Буни Президент ҳам билса керак, индамасди.

Ҳолбуки,  ўша пайтларда бу соҳа тизимида порахўрлик, кўзбўямачилик, коррупция энг авж нуқталарга чиққан эди.

Буни ҳамма биларди. Буни Миллий Хавфсизлик Хизмати ҳам биларди. Лекин ҳеч ким Зокиржон аканинг мушугини пишт дейишга ботинолмасди.

Қолаверса, хуфия хизмати идораси раҳбари Рустам Иноятовнинг ўзи ҳам қайсидир маънода Зокиржон акадан ҳайиқарди.

Мен бу фикрни ўйлаб, ўша йиллардаги юқори давлат тизимидаги воқеа-ҳодисаларни мушоҳада қилиб, Президент ва унинг атрофидаги мулозимларнинг ўзъаро муносабатларини таҳлил ва талқин қилиб айтаяпман.

Фактларга мурожаат қилсак.

Мен ҳукумат журналига Бош муҳаррир этиб тайинланган 1989 йилдан эътиборан Миллий Хавфсизлик Хизмати ва унинг баъзи юқори даражадаги мулозимлари билан яқин ва ишончли алоқада бўлганман.

Ўша пайтлардаги бу икки қудратли ва нуфузли соҳа орасидаги ўзъаро рақобат ва “пойла-пойла”ларни нафақат ўз кузатувларим орқали, балки хавфсизлик хизматидаги ўз ваколати билан Раисга яқин бўлган ўша танишларимнинг фикр ва хулосаларидан келиб чиқиб ҳам айтаяпман.

Шу билан бирга Миллий Хавфсизлик Хизмати тизими билан Ички Ишлар вазирлиги орасида кўзга кўринмас бир адоват, Президент таъсирига кимда кўпроқ эгалик рақобати мавжуд эдики, буни бугун ўша пайтлар республиканинг юқори доирасига дохил бўлган мулозимлар инкор этмасалар керак.

Зокиржон Алматов шу даражага бориб етган эдики, ҳатто Миллий Хавфсизлик Хизматининг раҳбарлари ва оила аъзоларини кузатиш, текшириш, орқаларидан хуфия назорат ўрнатишга ҳам журъат эта олган эди.

У бу эркин ҳатти ҳаракатларга давлат раҳбарининг рухсатисиз қўл уриши мумкин эмас эди, албатта.

Ислом акадаги ўта ҳушёрлик ва ҳеч кимга ишонмаслик, ўз атрофидаги куч ишлатар ва хуфия тизимларини – уларнинг ўзлари орқали назорат қилиш, уларни бир бирига қайраб туриш каби ажиб бир маҳорати бор эдики, мен бу сирли ва синоатли раҳбарликнинг сабоқ ва тажрибаларини – хорижнинг тинч ва осойишта гўшаларида Президент орбитасида ўтган кунларим ва йилларимни хаёлан таҳлил қилиб, энди энди англаб етаяпман…

 

15. 

Дарвоқе, Зокиржон ака раҳбарлик қилган ички ишлар тизими соҳасидаги порахўрлик ҳақида.

Шуни виждон билан айтишим керакки, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати билан Ички Ишлар тизимини солиштирсак, Рустам Иноятов бош бўлган хуфия хизмати тизими – Зокиржон Алматов раҳбарлик қилган Ички Ишлар соҳасига қараганда минг марта ҳалолроқ ва инсофлироқдир.

Олдин ҳам шундай эди, назаримда, ҳозир ҳам шундай бўлса керак!

Мен бу гапларни ҳаводан олиб айтаётганим йўқ. Буни айнан шундайлигини бу соҳага алоқадор бўлган кишилар, соҳа мутахассислари, ҳукумат ва давлат мулозимлари, Президент ва унинг даврасига қачонлардир яқин бўлган журналистлар, зиёлилар яхши билишади.

Фактларга мурожаат қилсак.

Менинг қайнотам Шаҳрисабз “заготзерно”сининг шу соҳага энг кўп раҳбарлик қилган директори эди.

Бугун Францияда яшаётган синглимиз Надежда Отаеванинг дадалари Олим ака Ўзбекистон Дон маҳсулотлари вазири бўлган пайтларда ҳам қайнотам ўша “заготзерно”да раҳбар бўлган.

Олим Отаев вазир бўлганидан сўнг нима бўлган, нима қўйган, уларнинг Президент билан ораларидан нима ўтган – бу менга қоронғу.

Шуниси маълумки, кутилмаганда Олим Отаев Ўзбекистонни тарк этиб, хориж эллар сари юз тутганидан сўнг, унинг вазирлиги ва республикадаги Дон маҳсулотларига алоқадор тизимни Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлиги қошидаги Коррупция ва Рекетга қарши Бош Бошқарма тергов қила бошлайди.

Эҳ-ҳе, ўша пайтда бўлган воқеа ва ҳодисаларни, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган порахўрликларни  эсласам, Зокиржон акага бўлган ҳурмат ва эҳтиромим ўрнини номсиз бир нафрат ва нохуш бир маломат эгаллай бошлайди.

Ўзбекистонда бу соҳага алоқадор мулозимлар ҳали унутмаган бўлса керак: Олим Отаев Ўзбекистондан қочгани муносабати билан республикадаги барча дон маҳсулотлари идоралари раҳбарлари бирма бир тергов қилиниб, ҳибсга олина бошланди.

Унинг кўлами шу қадар катта эдики, ҳеч ким бунга қарши бош кўтара олмас эди. Чунки, бу шахсан Президентнинг топшириғи билан бўлаётганини одамлар яхши биларди.

Зокир Алматов бошчилигидаги коррупцион тизим эса бундан фойдаланиб, мазкур соҳа мулозимларини қуртдай шилий бошлади.

Пул бера олмаганлари, сўзсиз ҳибс этиларди.

Дон маҳсулотлари билан шуғулланувчи идора раҳбарининг оғзи еса ҳам, емаса ҳам “қон” эди…

 

 16.

Ана шундай кунларнинг бирида қайнотам Тошкентга келди.

У киши одатда пойтахтга келса, бир-ров бизникига кириб, қизи ва набираларини кўриб ўтарди. Мен асосан ишда бўлардим.

Агар вазирликда мажлис бўлиб, Тошкентда бир-икки кун қолиб кетсалар, кечқурун албатта бир пиёла чой қилиб, меҳмонга чақирардик.

Бу гал у кишининг кайфиятлари йўқлигини бир кўргандаёқ пайқадим. Ўзлари ниҳоятда оғир ва мулоҳазали, кам гап одам эдилар. Индамадилар.

Кечаси, улар меҳмонхонага кетганларидан сўнг, оилам йиғламсираб айтиб қолди: “Дадамнинг ишлари чатоқ экан. Қамалишлари мумкин…” деб.

У яна ниманидир айтмаётганлигини, яшираётганлигини ўйчан нигоҳларидан сезиб турардим:

– Беш минг (5000)  Америка доллари сўрашибди…

“Ким?” деган саволимга “МВД”дагилар деб жавоб берди…

Эртаси куни Миллий Хавфсизлик Хизматидаги акалардан ёрдам сўрашга қарор қилдим. Лекин оилам ва қайнотам буни билиб, қаршилик қилишди:

– Бу бизнинг соҳада кечирилмайди! Бугун бўлмаса эртага албатта яна қамашади. Бизнинг соҳада ҳалол ишлаш жуда қийин…

Ўша пайтда жуда кўп мулозимлар МВД га пора бериб ҳам барибир қамалаётган эдилар.

Биз – агар қайнотамни ушлаб қолишса, кейин ҳаракат қилишга қарор қилдик.

Лекин у кишини ушлаб қолишмади. 5000 АҚШ долларни олиб, қўйиб юборишди…

 

 17.

МВД мулозимига пулни бериб, ташқарига чиққунига қадар мен ўз хизмат машинамда ички ишлар биносининг ёнида қайнатамни кутиб турганман.

Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ. Ўзинг Бош муҳаррир – адолат посбони бўла туриб, адолатсизлик қурбони бўлсанг, кишига алам қиларкан. Шундай лавозимда бўла туриб ҳам, шахсан вазир билан “ака укалик абадий бўлсин” деб тост уриштирганимга қарамай, барибир ожиз эдим.

Мафия илдизларининг нақадар чуқурлигига тан бермай иложимиз йўқ…

МВД биноси остонасида қайнотамни кутиб турарканман,  хаёлимда минг бир фикр ғужғон уриб айланарди.

Қимматбаҳо мармар ва гранитдан қопланган бу салобатли бино ўз куч қудрати ва салобатини кўрсатиш учун қурилгандай жуда маҳобатли эди. Кўрган одамнинг эс-ҳушини ўғирлаб, хаёлини оларди.

Бу ерлар ҳам бир пайтлар Тупроққўрғонга кирган. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биносига ўхшаб у ҳам олти қаватдан иборат.

Бир қараганда бу бино ҳам Марказқўм (ЦК) нинг нусхасига ўхшарди. Ўтган шу йиллар давомида унинг зиндонида не не мулозим ва амалдорлар, давлат ва жамоат арбоблари “меҳмон” бўлмаган дейсиз.

Ҳатто шу бинони қурган собиқ ички ишлар вазири Ҳайдар Яҳёев ҳам бу зиндонлар жабрини шахсан татиб кўрди. Фақат у айнан шу бино зиндонида эмас, балки Ички Ишлар вазирлигининг Шимолий темир йўл вокзали зиндонида ҳибсда бўлган.

Мени ҳам 1994 йилнинг 26 августида илк маротаба ҳибсга олишганларида энг аввал шу зиндонга олиб боришган…

Мана энди ҳибс ва хўрликлар тугаб, яна бош муҳаррир эдим. Лекин энди олдингидай ўт олов эмас, анча босилиб, қуйилиб қолган эдим.

Ниҳоят, узоқдан қайнатам кўринди. У МВДга кираётганидай безовта ва нотинч эмас, анча хотиржам эди.

–          Худога шукур, олишди…

Шу бир оғиз сўзни эшитиб, елкамиздан тоғ ағдарилгандай бўлди. Қанотамнинг туғишган иниси Самижон ака “Хайрият” деб, укасини қучоғлаб олди. Терговга аралашиб қолган укаси тақдиридан безовта ака кўзида ёш милтиллади.

Пул костюмнинг ён чўнтагида, конвертга солинган ҳолда турганди…

Ўшандан кейин Зокиржон Алматовнинг олдига кириб, порахўр ходимларининг қилмишларини айтиб беришга бир неча маротаба қарор қилганман.

Лекин оилам ва ҳали балоғатга етмаган болаларим: “калтакнинг бир учи қайнотамга ҳам тешигини айтиб” мени бу йўлдан қайтариб қолишган эди…

Ўша кундан эътиборан ҳаёт ва жамият ҳақида, давлат ва ҳукумат ҳақида умримда илк маротаба норозилик ҳиссини туйдим. Уларга нисбатан  шу пайтга қадар юрагимда бўлган ишонч ва эътиқодга ҳам илк маротаба ўшанда путур етган бўлса, эҳтимол…

Кейин орадан анча йиллар ўтиб, қайнотам вафот этганидан сўнг,  таъзияга келган Миллий Хавфсизлик Хизматидаги юқори даражали мулозим акамизга шу воқеани айтиб берганимда: “Сиз Бош муҳаррирсиз, Раис Сизга ишонадилар, агар шу гапни бир варақ қоғозга ёзиб берсангиз, биз уларни ҳозир ҳам қамаймиз!” – деб дадил айтган эди.

Лекин мен Зокиржон акани ва яна бошқа кўп нарсаларни ўйлаб, барибир ёзиб беролмадим…

 

 18.

Зокиржон Алматов бош бўлган Ички Ишлар вазирлиги билан Рустам Иноятов раҳбарлигидаги Миллий Хавфсизлик Хизмати рақобати ҳақидаги иккинчи ҳикоя эса қуйидагича.

Бу воқеа менинг қамалишим билан боғлиқ.

Республика Олий суди Қарори ва Президент амнистияси билан 1994 йил декабрнинг сўнгги  кунларида суд залидан озод этилганимдан сўнг ҳам мени “МВД”га тез-тез чақириб туришарди.

Мен ҳар сафар уларнинг ҳузурига никоҳ узугим ва қўл соатларимни ечиб, иссиқроқ ва эскироқ кийимда борар эдим.

Улар мени истаган пайтда яна қамаб қўйишлари мумкин деб ўйлардим ва улардан жуда қўрқардим..

Ўзбекистонда бир маротаба қамалган ва тергов нималигини билган одам менинг бу ҳолатимни яхши билса керак деб ўйлайман.

Хуллас, навбатдаги “суҳбат”ларнинг бирида вазирликнинг Бошқарма бошлиғи Тохир Муллажонов қўлида ходим бўлиб ишлайдиган Сафаров деган қозоқ йигит мендан Президентнинг матбуот котиби Мурод Муҳаммад Дўст ҳақида, унинг амалга қўйган сафдошлари ҳақида сўрай бошлади.

У қўлидаги рўйхатга қараб менга савол берарди.

Усмон Азимов ҳақида сўради. Кейин Эркин Аъзамов.

Мен улар ҳақида ўз билганларимни айта бошладим. Лекин бундан улар нима мақсад кўзлаганларини билолмай гаранг эдим.

– Мурод ва яна бир гуруҳ мулозимлар сени, Мавлонни ёмонлаб “Улар ўрнингизни олмоқчи эди” деб, Президентга ёзиб берганини билсанг керак. Тергов материалларида бор, ўқигандирсан, – гапни узоқдан бошлади Сафаров.

– Уларнинг ҳаммаси миллион миллион пул қилиб юришибди. Уй-жой, ҳовли-дачалари, машина ва бойликлари, кимдан қанча олиб, кимни қаерга ишга қўйганлари, ўйнашлари ва ўзинг билган сирларнинг ҳаммасини бизга айтишинг керак! Ўзингга яхши бўлиши учун, Президентга содиқлигингни исботлашинг учун шу ишни қилишинг керак! – деди у.

Сўнг рўйхатни стол устига қўйиб, ўзи сигарет чека бошлади.

Кўз қирим билан унда ёзилган Мурод Муҳаммад Дўст, Усмон Азимов, Хайриддин Султонов, Муҳаммад Раҳмонов, Маматқул Ҳазратқулов, Хуршид Даврон, Иброҳим Ҳаққулов,  Мурод Мурод Дўстнинг қўлида девонда ишлайдиган фан доктори, профессор ёрдамчиси, сурхондарёлик Эшон (кейинчалик бу одам Тошкент қишлоқ хўжалиги институтида ректор бўлди), Аҳмад Тошхўжаев, Қулмон Очил, Фахриёр ва яна аллакимларнинг номига кўзим тушди.

Мен рўйхатга тикилиб қолганимни кўриб, ростини айтди: “Мавлон Умрзоқов бошчилигидаги сенларнинг гуруҳингдан кейин навбат мана буларга келди. Тепанинг топшириғи шу. Бизга ёрдам беролсанг, озодликда юраверасан, бўлмаса яна қамаласан!”

У “Яна қамаласан!” деган сўзни худди “Кўчага чиқиб келаман” дегандай жуда  сокин ва бамайлихотир айтди ва мен унга ишондим…

– Менга вақт беринг…- дедим зўрға. “Мен ўйлаб кўрай” дея олмадим. Чунки уларга у бинода туриб бундай деб айтиб бўлмасди.

Уйга келиб, ҳибсдан қутулиб, яна тутқинликка тушганимга лаънатлар айтиб, кўп ўйладим.

Мурод Муҳаммад Дўстни мен ёмон кўрардим. У  муҳаррир бўлган пайтимда ҳам мени ёқтирмаслигини яшириб ўтирмасди.

Лекин Усмон Азимов, Эркин Эъзамов, Муҳаммад Раҳмон, Хуршид Даврон, Маматқул ака ва бошқалар менга яхшилик қилган бўлса борки, ёмонлик қилишмаганди.

Қулмон эса ўзимнинг яқин ва жонажон дўстим эди…

Муродга аччиқ қилиб, уларни ёмонлай олмасдим. Бу менинг қўлимдан келмасди.

Ўйлай ўйлай Миллий Хавфсизлик Хизматига мурожаат этишга қарор қилдим…

 

19.

Юлбарс Шералиев ўша пайтларда МХХ энг катта ва асосий Бошқармаларидан бирини бошқарар, Рустам Иноятовга яқин одам эди.

Биз у киши билан ҳали Шаҳрисабзда раҳбарликни эндигини бошлаган пайтларимдан таниш эдик.

Мен Москва Давлат университетини тугатиб келиб, Абдулла Ориповнинг тавсияси билан Шаҳрисабз горкомининг биринчи секретари Евгений Березиков қўлида иш бошлаганимни “Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг биринчи китобида батафсил ёзганман.

Юлбарс ака эса ўшанда Шахрисабз “КГБ” сининг бошлиғи эди. Кейинчалик у киши ҳам менга ўхшаб, Тошкентга – МХХ нинг марказий идорасига кўтарилиб кетди. Бир муддат ҳатто янги ташкил этилган Давлат Божхона қўмитаси раиси, генерал Ўрайимжон Абдуғаниевнинг биринчи ўринбосари ҳам бўлиб ишлади.

(Сурат берилади)

 

FullSizeRender (3)

Суратда: Президиумда ўнгдан биринчи “Ҳаёт ва иқтисод” – Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев, чапдан биринчи Божхона Давлат Қўмитаси раиси, генерал Ўрайимжон Абдуғаниев, Бош вазир ўринбосари, академик Мурод Шарифхўжаев, Олий Кенгаш депутати Акмал Саидов ва бошқа мулозимлар. Орқадаги иккинчи планда эса – МХХ нинг кадровик офицери, Божхона раисининг биринчи ўринбосари Юлбарс Шералиев. Бу соҳа кишилари одатда  доим орқа планда бўлишади…

“Тошкент портлашлари” муносабати билан ҳибсга олинган ва МХХ ертўласида сирли равишда вафот этган Зайниддин Асқаров ўз баёнот ва кўрсатмаларида Юлбарс Шералиев номини бир неча марта тилга олган…

Хуллас, шу кишига мурожаат қилдим. У киши ўша заҳотиёқ Раис билан боғланди. Кейин кечга яқин бир иккита йигитлар билан уйимга келиб, менга эртага МВД да бўладиган суҳбат матнини магнитофонга яширинча ёзиб олиш “сир”ларини ўргатишди.

Улар ўша куни менга суҳбатлашганда шимнинг ичидан кийиб олинадиган  овоз ёзиб, суратга оладиган жиҳозларни ҳам қолдириб кетишди.

Эртаси куни Сафаров мени негадир “МВД”нинг ичига эмас, ташқаридаги машиналар автостоянкасига бошлаб борди. Эскироқ оқ “Жигули”си турган экан. Ўшанинг ичида гаплашдик.

Мен билганларимни қўшиб-чатиб, ҳаяжон билан айтиб бердим. Юлбарс ака айтиб, ёздирган “маълумотлар”ни қўлига тутқаздим.

Иложи борича уни кўпроқ саволга тутишим лозимлигини, унинг овози имкон қадар кўпроқ ёзиб олиниши кераклигини билардим.

Ярим соатга яқин гаплашганимиздан сўнг у менга жавоб берди.

Мен қушдек енгил бўлиб “МВД”нинг шундоққина орқа томонида, Герман Лопатин кўчасидаги уйимиз ёнидаги машинада йигитлари билан мени кутиб турган Юлбарс аканинг олдига бориб, бўлган воқеани айтиб бердим.

Уйга кириб, ичимдан тақиб олган жиҳозларни ечиб, уларга бердим. Улар мамнун бўлиб жўнаб кетишди…

Шу-шу Зокиржон Алматовнинг йигитлари мени умуман безовта қилмайдиган бўлишди.

Кейинчалик Сафаров МВД дан ҳайдалганини, унинг раҳбарлари ҳам жазоланиб, бошқа ишга ўтказилганини эшитдим.

Мен бу гапларни бугун биринчи маротаба элга ошкор этаяпман.

Рустам Иноятов бош бўлган Миллий Хавфсизлик Хизматининг бевосита ёрдами ва аралашуви билан Президентнинг матбуот котиби бўлиб турган Мурод Муҳаммад Дўст раҳбарлигидаги бир гуруҳ истеъдодли ижодкорлар боши узра таралган қора булут шу тариқа тарқаб кетган эди.

Мен ўшанда бу сир асрорига етолмагандим. Чунки ўзим бу арафада редакторлик мавқеимни  йўқотган ва бошимда  қора булутлар қайта ва қайта йиғилаётган пайтлар эди.

Мен бу гапларни атай тўқиганим ёки ўйлаб топганим йўқ.

Ислом Каримовнинг шахсан ташаббуси билан Президент Аппарати  атрофида ўша йиллар тўпланган бир гуруҳ умидли ва салоҳиятли ижодкор ёшлар устида МВД нега бунчалик бош қотираётгани, уларнинг изига тушганлиги менга ҳануз қоронғу.

Кейинчалик маълум бўлишича Ислом ака бу гапдан мутлақо бехабар бўлган.

Бу ишларнинг бошида турган Зокиржон ака ҳам, “Исматжонга раҳмат айтиб қўйинглар!” деб менга миннатдорчилик билдирган Рустам Иноятов ҳам, бу хайрли ишни бевосита амалга оширган Юлбарс акалар ҳам, оллоҳга шукр, бугун тирик.

Улар менинг бу борада ёлғон гапиришим мумкин эмаслигини яхши билишади.

МХХ нинг бу борадаги хизматини тан олмаслик ва ошкор қилмаслик мумкин эмас.

Келажак авлод хуфия идора архивларини очганида –  махсус хизматлар одамларни фақат қамаш ва қийнаш билан шуғулланганларини эмас, балки мана шунақанги савобли ишларни қилиб, аксар ҳолларда адолат тарафида турганини ҳам билиши керак…

 

20.

Зокиржон Алматов ҳақида яна бир гап. Буни эҳтимол Ўзбекистонда кўпчилик билмас.

КГБ раиси Ғулом Алиевнинг ишдан олиниши маълум бўлгач, Президент куч ишлатар тизимлари, маъмурий органлар ва махсус хизматларни назорат қилувчи Давлат маслаҳатчиси Бахтиёр Ғуломовдан бу ўринга зудлик билан муносиб номзод топишни буюради.

Бахтиёр Ҳисомович МХХ Раислигига – ўринбосар бўлиб ишлаётган Рустам Иноятовни қўйиш керак деса, Ислом ака кутилмаганда Зокиржон Алматов номзодини ўртага чиқаради.

Президент топшириғига кўра Бахтиёр Ғуломов Алматовни Девонга суҳбатга таклиф қилади. МХХ га раҳбар бўлиш таклифини эшитган Зокиржон ака қўрққанидан беихтиёр ўрнидан туриб кетади: “Мен улар билан ишлолмайман, улар ман билан ишлолмайди. Узил кесил мени йўқ қилмоқчимисизлар? Мен бу идорада ишлашим мумкин эмас. Биз бир биримиз билан ўт ва олов” деб ялинган.

Кейин бу ахборотдан хабардор бўлган Ислом ака ҳам: “Юраги дов бермабди-да” – деб, Рустам Иноятов номзодига рози бўлган…

 

 21.

Биз бугун Зокиржон Алматовнинг Ички Ишлар вазири сифатидаги ниҳоятда масъулиятли ва кўп қиррали фаолиятининг ўзимиз кўрган ва билган, гувоҳ бўлган  баъзи бир қирраларинигина қаламга олдик, холос.

Ўзбекистондай улкан давлат ички ишлар вазирининг ҳаётини унинг ўзидан бошқа ҳеч ким тўла тўкис тасаввур этолмаса керак.

Менинг назаримда Зокиржон Алматов даври – МВД тарихида ўзига хос ва унутилмас бир давр бўлиб қолди. У МВД фаолиятини ўзидан олдинги вазирлар орасида – Ҳайдар Яҳёевдан кейин муайян даражада баланд кўтара олган шахс сифатида тарихда қолади.

Дарвоқе, Зокиржон акадан олдинги вазирлар ҳақида.

Асли Самарқандда туғилган Ҳайдар Яҳёев КГБ мактабини ўтаб, миршаббоши бўлиш билан бирга яхшигина шеърлар ҳам ёзган, унинг ашулалари хонандаю созандалар томонидан куйга солиниб, қўшиқ қилиб айтилган.

Ички Ишлар вазири шоир бўлса, адабиёт ва санъатга меҳр қўйса, буни албатта табриклаш ва қутлаш керак. Чунки адабиётга, санъатга яқин бўлган одам ҳеч қачон адолатсизлик ва худбинлик, қўполлик ва муштумзўрлик билан келишолмайди.

Болалик пайтларимда ҳар тонг радиодан Ҳайдар Яҳёевнинг қўшиқлари тараларди. Биз миршаббоши шоир ашулаларини тинглаб, катта бўлганмиз, ўсиб улғайганмиз. Эҳтимол, Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари Шароф Рашидов ёзувчи бўлгани учун ҳам бу куч ишлатар соҳани маданиятлироқ қилиш учун шоиртабиат одамни атайлаб шу юксак лавозимга тайинлаган бўлса ажаб эмас.

Ҳеч эсимдан чиқмайди. Китобда ўрта мактабни битириб, Тошкентга ўқишга келганимдан кейин Абдулла Орипов билан жуда яқин бўлиб кетганимни хотираларимда ёзганман, яна ёзаман. Ана шундай серзавқ ва бетакрор талабалик дамларимда Ҳайдар Яҳёев билан боғлиқ баъзи хотиралар ҳануз ёдимда қолган.

Етмишинчи йилларда Абдулла аканинг, агар хотирам алдамаса, “43”32” ТН рақамли “Жигули”си бўларди. У киши машинани жуда моҳирлик билан бошқарарди. Лекин шунга қарамай аксар ҳолларда сархуш юрадиган шоирни ГАИ ходимлари йўлларда кўп тўхтатарди.

Ана шундай кунларнинг бирида Абдулла акани Ички Ишлар вазири Ҳайдар Яҳёев йўқлаб қолди. Вазир ва шоир орасида ажиб бир дўстона муносабат бўлиб, назаримда Абдулла ака миршаббошининг баъзи шеърларини таҳрир қилиб бериш ҳуқуқига ҳам эга эди.

Ўшанда мен Студентлар шаҳарчаси – “ВУЗ городок”даги журналистларнинг 2-ётоқхонасида яшардим. Абдулла ака “Жигули”сида ётоғимизга келиб мени олдилар-да, сўнг иккаламиз Ички Ишлар вазирлигига бордик.

Абдулла ака мени машинага қўриқчи қилиб, ўзи ичкарига кириб кетди. Анча вақтдан кейин хуш кайфият билан чиқиб келди. Абдулла аканинг қўлида Ҳайдар Яҳёевнинг куни кеча босмадан чиққан яп-янги китоби бўлиб, унда қуйидаги дастхат сиёҳ ранг билан жуда чиройли ва аниқ тиниқ қилиб ёзилган эди:

“Менинг устозим, бетакрор истеъдод соҳиби Абдуллажон учун Ўзбекистоннинг барча йўлларида ҳамиша яшил чироқ ёнсин! Вазир Ҳайдар Яҳёев! Тошкент, 1976 йил.”

 

 22.

Шу шу Абдулла ака ГАИларнинг “таъқиби”дан тамом қутулиб кетди. Бунга ўзим бир неча бор шахсан гувоҳ ҳам бўлганман.

Энди улар Абдулла Ориповни тўхтатсалар, ўз вазирларининг дастхатини ўқиб, худди Ҳайдар Яҳёевнинг ўзини кўргандай тугмаларини ўтказиб, “ғоз” қотиб, честь бериб қолишарди…

Кейин орадан йиллар ўтиб, Абдулла Орипов Ўзбекистонда машҳур бўлиб кетганидан кейин худди шундай дастхатни отамга ҳам ёзиб берган эди:

“ГАИ ходимларига! Фронтовик Хушевга эътибор қилишингизни сўрайман! Ўз. КП Тошкент обкоми аъзолигига кандидат Абдулла Орипов (Имзо). 25 ноябрь, 1981 йил”.

 

FullSizeRender (6)

 

Отамнинг ўзлари учун эса қуйидаги самимий сатрларни ёзган эдилар:

“Азиз ва қадрдон Маҳмуджон ака Хушевга укалик ҳамда юртдошлик меҳри муҳаббати билан, Абдулла Орипов (Имзо) 25 ноябрь, 1981 йил, Тошкент шаҳри.”

(Сурат берилади) 

 

FullSizeRender (1)

 

Ўтган йили Ўзбекистонга борганимда Китобдаги эски уйимизга бориб, отамнинг китоб жавонидан бошқа ёдгорликлар билан бирга Абдулла Орипов дастхати ёзилган ўша китобни ҳам Канадага олиб келдим.

1981 йилда йигирма минг (20000) нусхада) Ғофур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган “Нажот қалъаси” номли яшил муқовали бу китобни варақласам, олисларда қолган Ўзбекистоним – раҳматли отам, Абдулла акам ва Ҳайдар Яҳёев билан боғлиқ маҳзун хотиралар ёдимга тушади…

 

 23.

Асли самарқандлик бўлган Ҳайдар Яҳёевдан кейин туркистонлик Қудрат Эргашев Ички ишлар вазири этиб тайинланди. У киши жуда камтар ва самимий инсон бўлиб, дастлаб Тошкент шаҳар паспорт столининг бошлиғи эди. Кейин Республика паспорт тизимига раҳбарлик қилди. Сўнг Рашидовнинг назарига тушиб, вазир бўлди.

Лекин минг афсуски, шундай ажойиб ва дилкаш инсон КГБ раиси Мелкумовнинг таъқиб ва тазйиғига учраб, ҳали ишдан олинмай туриб, вазирлик курсисида сирли равишда ўзини отиб, ўлдирди…

Қудрат Эргашевдан кейин наманганнинг Олмосида туғилган Неъматжон Ибрагимов Ички Ишлар вазири этиб тайинланди. Бунга қадар у киши Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида маъмурий (админстратив) идораларни назорат қилувчи бўлим мудирининг ўринбосари эди.  Лекин бу юксак лавозимда кўп ишлайолмади.

У кишидан кейин КГБ раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган Вячеслав Камолов Ички Ишлар вазир бўлди. Бу пайтда Ислом Каримов  Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари эди.

Лекин Вячеслав Камолов негадир Ислом акага эмас, балки кўпроқ Москвага қараб иш юрита бошлади. Табиийки, бу Ислом Каримовга ёқмасди ва Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритганидан кейин Камоловнинг ҳам вазирлик умри кўпга чўзилмади.

Ўзбекистон 1 – сентябрь куни Мустақил давлат этиб эълон қилинган бўлса, 16 – сентябрда Зокиржон Алматов мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Ички Ишлар вазири этиб тайинланади…

 

24. 

Биз юқорида тилга олган Ўзбекистон ички ишлар вазирлари орасида Ҳайдар Яҳёев билан Зокиржон Алматовларнинг ўз муносиб ўринлари бор.

Яхёев муайян даражада ўзининг профессионал иш фаолиятидан ташқари шоирлиги ва қўшиқлари қанотида янада кенг шуҳрат қозонган бўлса, Зокиржон ака Ўзбекистоннинг бурилиш даври – Мустақилликнинг дастлабки инқилобий кунларида катта ва  юксак масъулиятни зиммасига ола билган ва уюшган жиноятчилик тўлқини атрофида чайқалиб турган Ўзбекистон кемасини бир қадар тинчита олган эди.

Зокиржон Алматов  Ички Ишлар вазирлиги (МВД) тарихида Президентга энг яқин бўлган  вазир сифатида ҳам ёдимизда қолади.

Бироқ, шу билан бирга, Зокиржон аканинг номи –  совет давридан қолган оғир ва қоронғуликдан иборат – ёпиқ тизимга айланган ички ишлар вазирлигининг иш услуби энг коррупциялашган бир давр сифатида ҳам Ўзбекистоннинг янги тарихига битилиб қолса ажаб эмас.

Зокиржон Алматов ва унинг вазирлик салоҳияти ҳақида ҳали кўп ва хўп ёзилади. Мен бунга аминман.

Биз Зокиржон акани кўп нарсаларда айблашимиз, номини ёмонотлиқ қилишимиз мумкин. Лекин бир нарсада дўстлари ҳам, ғанимлари ҳам унга ҳамиша тан беришган: У ниҳоятда самимий ва табиий, кўнгилчан, дилкаш одам. Ҳатто ўз душманларидан – Вазирликнинг энг чўққисида бўлганида ҳам қасос ва ўч олишни хаёлига келтирмаган, бунга уринмаган ҳам.

Зокиржон ака ўзига қадар бўлган барча ички ишлар вазирлари орасида кенг жамоатчилик билан муайян даражада алоқа ўрната олган вазир эди. Ички Ишлар вазири учун эса – бу жуда муҳим фазилат. Ҳамма билан тезда тил топишиб, киришиб кетадиган (доступный) одам эди. Оддий одам ҳам астойдил интилса, унга йўл топа оларди. Ва шу билан бир қаторда ҳожати ҳам чиқарди.

Зокиржон акада одамгарчилик фазилати кучли эди. У юксак мансабда турганда ҳам, инсонийлик қиёфасини йўқотмаган раҳбар эди.

У вазир бўлиб, Ўзбекистон Олий раҳбариятида ўзига хос мавқега эга бўлган юлдузли онларида ҳам ўз оддий ходимларининг, ҳамкасбларининг, адабиёт ва санъат аҳли, журналист ва ёзувчиларнинг тўй ва маъракаларида қўриқчиларсиз иштирок этиб, уларнинг қувонч ва қайғусига шерик бўлишни сира канда қилмаган…

 

25.

Шу билан бирга у Олий раҳбариятдаги энг яқин ва мансабдор дўстларининг кўнглини овлаш учун махсус рухсатнома кашф этганлиги ҳам кейинчалик маълум бўлди. Чунки Зокиржон акада вазир бўлса ҳам дўстларидан ҳеч нарсани аямайдиган ажиб бир дангаллик ва мардлик  бор эди.

Кейинчалик Бош муҳаррир Исмат Хушев дохил – Президентнинг давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов гуруҳи ҳибсга олинганида фош этилган бу қудратли рухсатномада қуйидаги “Фармон” ёзилган эди:

Ушбу рухсатномани кўрсатган шахсни текшириш ва сўроққа тутиш мумкин эмас. Аксинча, унинг барча талаб ва кўрсатмаларини бажариш шарт!”

Олдинги бобларнинг бирида ёзганимдек, бу рухсатномадан бир гал мен ҳам фойдаланган эдим.

1994 йилнинг эрта баҳор ойларида Мирзамурод Икромов эндигина Тошкент вилоятига ҳоким этиб тайинланганидан кейин, яшанба кунларининг бирида Мавлон Умрзоқовнинг Давлат маслаҳатчилари учун махсус ажратилган ҳукумат “коттежи”да ўзъаро яқин бўлган уч-тўрт мулозимлар фавқулодда йиғилиб қолдик.

Давра қизиб, зиёфат энди авжига чиқаётган маҳал, ичимлик тугаб қолди. Якшанба бўлгани учун шофёрларга жавоб бериб, ўзимиз ёлғиз қолган эдик. Мен эса “Дўрмон”га ўша – йўқолганида Зокиржон Алматов топиб берган “87-78 КФ” рақамли “Москвич” машинамда  борган эдим.

Мирзамурод Икромов тезда бир қоғозга хат ёзиб, менга берди. Палон жойга босангиз, ҳаммасини коробкаларга солиб, тахлаб қўйишибди, багажга жойлаб, олиб келаверинг” деди.

Шунда менинг ичганимни билган Мавлон ака “кор эҳтиёт” деб, қўлимга қизил рангли рухсатнома берди.

Мен айтилган манзилга бориб, тахлаб қўйилган коробкаларни олиб, дарҳол изимга қайтдим. Кайфиятим жуда ахши, сархуш ва шоҳона бир ҳолда эдим.

“Луначарский” шоссесига чиқиб, “қайдасан “Дўрмон” резиденцияси” деб қуюндай елиб борарканман, беихтиёр олдимда кетаётган автомашиналар карвонига кўзим тушди. У аввал нуқтадек кўринган бўлса, менинг тезлигим ҳам катта экан, шекилли, тезда у ҳам катталашиб, Президент кортежига айланиб қолди.

Ўшанда Ислом аканинг кортежи бугунгидек сон саноқсиз ва ваҳимали эмас, лекин барибир давлат раҳбарининг машиналар карвони қандай бўлса, ўшандай эди.

Мен юз километр тезлик билан кетаётган бўлсам, улар 120 -140 километр тезликда кетаётган эдилар. Шунда нима жин урди-ю, уларга етиб олгим келди. Сархушлик ва Ислом ака билан яқинлигимга бўлган ишонч менинг ихтиёримни тамом ўғирлаб олган эди.

Машина тезлигини ошириб, қушдек учиб бора бошладим. Шунда қаердан чиқди билмадим, икки томонимдан ойналари қорайтирилган икки енгил машина мени қисиб кела бошлади. “ТуркВО”га етар етмас, тормоз бериб, машинани тўхтатишга зўрға улгурдим.

Бир пасда машинамни граждан кийимидаги кишилар ўраб олишди. Шунда қўрққанимдан Мавлон ака берган рухсатнома қолиб, муҳаррирлик гувоҳномамни кўрсатдим. Сўнг бир оз ўзимга келдим, шекилли, уни ҳам бердим.

Қизил рухсатномани кўрган йигитлардан бири уни олиб, орқа машинада ўтирган кишига кўрсатди. Сўнг унинг ўзи машинадан чиқиб, менга яқинлашиб, “честь” бериб, узр сўраркан, ортиқ бундай қилмаслигимни, Президент кортежидагилар уларга рация орқали мени ҳибсга олишни топширганини айтди.

Лекин улар негадир  мени ҳибсга олмай, ҳурмат билан қўйиб юборишди…

Мана Сизга Зокиржон Алматов Олий раҳбариятдаги дўстларига берган рухсатноманинг қудрати…

Бугун Канаданинг тинч ва осойишта, сирли ва сукунатли гўшаларида Президентга яқин бўлиб юрган ўша суронли ва шонли кунларимни эслаб, баъзан ўйлаб кетаман.

Қани бугун  кимдир худди ўша сархуш ва ўзига ишонган такаббур Исмат Хушевга ўхшаб 140 километр тезлик билан Ислом Каримов кортежига яқинлашишга ҳаракат қилиб кўрсин-чи, нима бўларкин?

Зокиржон Алматов Мавлон Умрзоқовга берган ва Олий раҳбариятнинг саноқли мулозимларидагина бўлган, сирли код билан муҳрланган  бу рухсатнома – ўз даврининг барча тўсиқ ва ғовларидан бетўхтов ўтадиган мўъжизакор ва олий ҳужжатнома эди…

 

 26.

Зокиржон Алматовдаги меҳр оқибат билан одамгарчилик – ҳамиша – амалда бўлганида ҳам, мансабдан кетганида ҳам – унинг атрофида одамлар аримаслигининг асосий сабабларидан бири бўлса керак.

Замона зайли билан мен Зокиржон Алматовнинг зиндонларидан чиққан бир одам сифатида уни орадан шунча йиллар ўтганидан кейин ҳам ўртадаги дўстлик ришталарига содиқ қолганлиги ҳақида бир мисол айтай.

Ўтган йили Тошкентда бўлганимда Зокиржон Алматов билан шахсан кўришиш насиб этмаган бўлса-да (у киши Болтиқбўйи давлатларининг бирида экан), бироқ унинг йигитлари мени аввалгидай ҳурмат иззат кўрсатиб, шоҳона дастурхон ёзганларини қадрламай бўладими?

Бу ҳурмат ва иззат шахсан генерал полковник Зокиржон Алматов ташаббуси билан бўлганлигини мен яхши билардим.

Зокиржон ака ўшанда эҳтимол Тошкентда бўлган бўлиши ҳам мумкин. Ҳар қалай у киши эски терговчи ва изқувар эмасми, Исмат Хушевнинг ўн йиллик танаффусдан сўнг кутилмаганда Ўзбекистонга кириб келиши мамлакат раҳбарининг рухсати ва махсус хизматларнинг ўткир нигоҳи остида амалга ошишини яхши билган.

Балки шунинг учун ҳам ортиқча гап сўзлардан қочиб, мен билан атай кўришмаган бўлиши ҳам мумкин. Лекин эҳтиромини етказишди, ёзганларимни ўқиб турганини айтишди…

Зокиржон аканинг мана шунақанги одамгарчилиги унинг табиатига хос эканлигини кўпчилик яхши билади. Эҳтимол шунинг учун ҳам вазифасидан кетганига қарамай кенг жамоатчилик билан дўстлик ва биродарлик алоқалари мустаҳкам сақланиб қолганлиги, атрофида ҳамиша одам борлиги – ҳеч кимга сир эмас.

Биз юқори мансабидан кетганидан кейин ҳеч ким йўқламай қўйган, тамомила яккаланиб қолган  мулозимларни ҳам кўп кўрдик. (Рустам Шоғуломов, Темур Алимов ва бошқалар шулар жумласидандир).

Бир сўз билан айтганда – Ислом Каримов томонидан тўқсонинчи йиллар бошида Бўка тўполонлари орасидан топилган оддий изқувар терговчи тез орада генерал полковник даражасига етиб, ўзбек милицияси тарихида ўзига хос профессионал бир мактаб яратди.

Буни унинг дўстлари ҳам, душмалари ҳам яхши билишади ва тан олишади…

 

 27.

Бугунги ўзбек жамиятида давлатчиликнинг ёзилмаган қонунлари бор.

Ўзбек бойларининг карвонбошиси сифатида Мираброр Усмонов қўллаган номзодгина давлат ва ҳукуматнинг савдо соҳаларига раҳбарлик қилиши, олди сотди ва тижоратнинг юмшоқ ўриндиқларига ўтириши мумкин.

Худди шунингдек бугунги ўзбек олигархлари ўз етакчимиз деб Зокиржон Алматовнинг этагидан тутишган. Собиқ Ички ишлар вазиридан “Оқ йўл” олганларигина “саф”га қўшилиши, давлат “рўйхат”ларидан ўрин олишлари мумкин.

Ҳа, Зокиржон Алматов вазирликдан тушса ҳам, олигархлар “подшолиги”дан тушгани йўқ. Тушиш нияти ҳам кўринмайди. Чунончи ҳар йили у ўзининг мана шу “ўз жамоаси” билан махсус самолётга ўтириб, Дубайга – туғилган кунини нишонлашга равона бўлади деган гап сўзларни кўп эшитганман.

Дунёнинг қайси бурчидаги жаннат эшигидан мўраламанг – у хоҳ Дубай бўладими, Майями ё Анталия бўладими, Истанбул ё Арабистон, Миср ва ё Гонгконг, Сингапур ё Милан бўладими – уларнинг барчасида ўзбек олигархларининг ўз гўшалари бор.

Зокиржон Алматов шу гўшаларнинг энг азиз меҳмони саналади…

 

28.

Зокиржон Алматовнинг сиёсий портретига биз ҳали яна бир неча бор тўхталамиз.

Ўзбекистон халқ депутати Шовруқ Рўзимуродов ва ёзувчи Эмин Усмоновларнинг қамоқхонадаги сирли ўлими, Тошкент портлашлари, Зайниддин Асқаровнинг қамоқхонада ҳибсда ўтириб берган фавқулодда баёноти, мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳни чеченлар ёрдамида йўқ қилиш йўлидаги уринишлар ва ниҳоят Андижон фожеалари билан боғлиқ бўлади Зокиржон акани эслашларимиз…

Дарвоқе, агар Андижон фожеаси рўй бермаганида эди, Зокиржон Алматов ҳали вери ишдан кетмасди.

Халқаро талаб ва қистовлар қурбони бўлди у.

Ҳар ҳолда Зокиржон Алматов ички ишлар тизимини имконият даражасида моҳирлик ва усталик билан бошқара олди.

Яна бир маротаба такрорлашни истардик, агар Андижон воқеаси бўлмаганида, Зокиржон Алматовнинг қуёши ҳали вери сўниши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди…

Демак, Ўзбекистон давлатчилиги қарор топаётган, мустақиллигимиз мустаҳкамланаётган оғир бир даврда ички ишлар тизимига бошчилик қилган Зокиржон Алматов ҳақидаги хотираларимиз ҳали давом этади…

 

Исмат Хушев,

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,

 

14 октябрь, 2014 йил,

Торонто шаҳри, Канада.

 

20 шарҳ

  1.  
    Хамрокул Аскар
    Туҳмат боис бошимга кулфат тушганида шу одам менга ҳам ёрдам берганди…

    1. Хушевнинг ёзганларини қанча такрор ўқиманг, хеч зерикмайди одам.
      “Хуллас, ғоз қотганча “честь” бериб ичкарига йўллаган соқчиларнинг бу мулозаматидан ҳаволанибми, билмадим, нима учундир Мавлон ака ўтирадиган бешинчи қават қолиб, олтинчи қаватга чиқиб кетибман” ташбеҳи эса сўзлар воситаси билан англатилган фикргагина эмас, театрнинг бир кўринишига ўхшайди.

    1. Shuxrat Normurod

      Мана шундай холисликни доимо сиздан кутиб қоламиз деб, бир груҳ мухлисларингиз номидан.

    2. O’zbekxon

      Исмат ака сиз алоҳида камдан кам учрайдиган талантли ижодкорсиз. Ёзаятган Ўзбекистон давлатчилик ҳақидагиларингиз таппа таёр тарих бўлибди, ҳеч бир тарихчи сиздек оддий, тушинарли ўқувчини ўзига тортадиган қилиб ёзишига ишонмайман. Халқимиз учун таёр тарих яратаяпсиз.

    3. Otabek Toshev

      Даҳшат қилиб ёзибсиз, Исмат ака! Воқеаларни ўзингиз кўргансиз-да шу учун жуда табиий ва ўта қизиқарли чиққан. Бу мақолангизни ўқиб, ўзим ҳам ўша сиёсий ҳодисаларнинг гўёки ичида бўлгандек бўлдим. Қўлингиз дард кўрмасин, Исмат ака. Жуда яхши ва самимий ёзасиз. Сизга ҳавасим келади.

    4. Dahshatli darajada holislik bilan yozilgan asar. Boshqalar qachon bilmadim, lekin men bugun kashf etdim Ismat Hushevni.

    5. SNB raisi inoyatov ham Zokir akadan hayiqib turardi. Bu rost gap, Ismat Hushev buni to`gri payqagan.

    6. Mashina o`grilari ham, jinoyatcilik ham, o`gRilik va muttahamchlik ham ko`paydi Zokir akadan keyin. Bu odam davrida oz bo`lsada adolat bor edi milisiyada.

    7. Исмат ака, Сиз яқинда Тошкентга келганингизда “Роҳат” кўли тарафлардаги шахсий ресторан ва Чорбоғдаги дачаларнинг бирида Зокир Алматов билан икки маротаба учрашиб, суҳбатлашган экансиз, шу ростми?

      “Дунё ўзбеклари”дан:
      Йўқ, бизга “Роҳат” кўли тарафида эмас, балки, “Салом” кафеси атрофидаги шахсий ресторанларнинг бирида Зокиржон аканинг ўзлари эмас, балки у кишининг номидан – “Янги ўзбек бой”лари “бир пиёла чой” ичиришган эди. Зокиржон ака ўша кунлари Ўзбекистонда эмасман деб, шогирдлари номидан қойилмақом меҳмон қилиб, сиёсий ҳушёрликнинг энг олий намунасини кўрсатган эдилар…

    8. Ismat Hushev bu Ismat Hushev. Hech kim unga teng kela olmaydi bugun. Na hukumatda, na muholifatda. Shuni hamma bilib qo`ysin.

    9. “Дунё ўзбеклари”ни анчадан бўён кузатиб келаман. Исматбекнинг ёзганларини ўқиб, яратганга минг-минг шукроналар қиламан, уни авайлаб-асраб, Ўзбекистондан олиб чиқиб кетганига. Агар Исмат Хушев бугун четда бўлмаганида, ватанда туриб бундай гўзал ва бебаҳо мақолаларни ёзолмасди. Каримов бу мамлакатни авахтага айлантирганини у ўз вақтида пайқаган экан. Мана ман деган ёзувчилар ҳам ёзишга журъат этолмаган ҳақиқатларни шу йигит ёзяпти бугун. Хорижга кетган журналист ва ижодкорлар сон мингта. Уларнинг ҳаммаси қумга сингган сувдай йўқ бўлиб кетди. Лекин Исмат Хушев, аксинча, гуллаб яшнади, хориждаги ўз ижоди билан ўзбек журналистикасининг ёрқин юлдузига айланди. Ўзбекистон ички Ишлар вазирлигига узоқ йиллар раҳбарлик қилган ва ўта мураккаб шахс бўлган Зокир Алматов ҳақидаги бугунги ажойиб хотиралари бу дил сўзларимнинг чин исботидир.

    10. Zokir Almatov haqida, Karimovning atrofidagi jinoiy guruh haqida hali juda ko`p narsa yoziladi. Lekin Ismat Hushevning hotiralari bularning ishidagi eng holis va adolatli yozilgani bilan ajralib turadi. Mard va ruhan kuchli odamgina o`zini qamagan mirshabboshi haqida shunday samimiyat bilan, begarazlik bilan asar yozishi mumkin…

    11. Ismat Khushevdagi halollik va samimiyat, talant va niyoyatda kuchli hotira uni o`zbek jurnalistikasining bugungu bayroqdori etib qo`ydi. Bu hammaga ham nasib etmaydigan baht bu. Men shunday yorqin bir iste`dod bilan zamondosh ekanimdan fahrlanaman.

    12. Zokir Almatov Gulom Alievning o`rniga KGB raisi bo`lishi mumkinligini birinchi eshitishim. Nima bo`lganda ham o`sha paytda Hushev prezidentga yaqin bo`lgan Bu gaplar ham rost bo`lishi mumkin. Lekin bir narsa aniq: Agar Zokirjon aka o`sha paytda rostdan ham KGB raisi etib saylanganida o`zbek halqi bugungi qullik ka bu qadar tushib qolmasdi. Lekin Almatov 25 yil Inoyatobday bu lavozimda qololmasdi ham…

    13. Zokirjon Almatov tarihiy shahs. Ismat Hushev unga ob`ekliv baho bergan, Qani endi boshqalar ham shunday samimiy va holis bo`lsaydi…

    14. Rahmat Sizga Ismat aka. O`qib, yaqin o`tmishimizga qaytganday bo`ldim.

    15. Zokirjon Almatovning suyosiy portreti bahonasida Islom Karimov diktaturasining 25 yillik qonli tarihiga yahshi baho bergansiz. Ofarin!!! Bu qadar samimiy yozilgan asarni hali siyosat mavzusida o`qimagan edim.

    16. Ismatjon uka akangizni xudo raxmat qilsin joylari jannatda bolsin. Qoli qon odamxor Zokir Almatovni jasliq qamo1qxonasida korsam deb niyat qilaman. Ne bir qilichdek begunox farzantlarimizni yostugini quritgan bu jinoyatchi xozirgi kunda Yunus obod Rayonidagi machitga borib namoz oqiyotgan rekan. Uning shuncha qilgan jinoyatlarini xudo sira xam kechirmasa kerak.

      1. Турдиев

        Рахмат

      1. Малайзия

        Жуда қизиқарли ёзилган. Биз Зокир Алматовни кўрмаганмиз, фақат эшитганмиз. Лекин ёмон тарафдан кўп эшитганмиз: Золим, диктаторнинг тузумини ҳимоя қилувчи ва ҳокоза деб. Лекин Исмат Хушевнинг ёзганларини ўқиб, у кишини яхши билмаганимизни, яхши ва камтар, самимий одам эканини кашф қилдик. Раҳмат Исмат ака, Сизга. Жуда яхши ва қизиқарли ёзасиз, ўқиб, қандай тугаб қолганини ҳам билмайди одам. Демак Мирзиёев бу одамни яна ҳукуматга тикласа, арзир экан. Яна бир бор раҳмат

Leave a Reply
*