Menu
Categories
Исмат Хушев: Каримов зиндонларида ким қанча ётиб чиқди? Тўртинчи мақола
01/01/2020 Бош мақола

 

Исмат Хушев: Каримов зиндонларида ким қанча ётиб чиқди?
Уй қамоғида ётганлар бунга кирмайди…
Ўз касбидан жудо бўлиб, ижоди тақиққа тушганлар…
Ҳибс ва Хорижга бадарға қилинганлар…
Оқил билан Жоҳилнинг фарқи нимада?
Мирзиёев кимнинг йўлидан бораяпти?
 
Каримов ва Мирзиёев даври – муҳожиротдаги ўзбек журналисти нигоҳида…

 

11.

Ўзбекистондан чет элга бадарға қилинган сиёсий муҳожирлар рўйхати:
Муҳаммад Бобир Маликов – Ўзбекистон Олий Суди раиси, Адлия вазири, Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатларидаги биринчи Фавқулодда ва мухтор элчиси. 1993 йилдан эътиборан АҚШдан сиёсий бошпана олган. Муҳаммад Бобир Маликов – Тошкентда туғилган.  У Ўзбекистоннинг биринчи президенти Йўлдош Охунбобоевнинг набираси. 1972 йилда Тошкент Давлат Университетининг Юридик факльтетини битирган. Муҳаммад Бобир Маликов 1989 йилда Ўзбекистон Олий Суди раиси бўлган. У шу даврда “пахта иши” билан қамалган минглаб дехқонларнинг ишини қайта кўриб чиқилишига ва уларнинг озод этилишига эришди. 1991 йилда Адлия вазири этиб тайинланди. Шу даврда “Эрк” партияси ва “Бирлик” халқ ҳаракати рўйхатга олинди. У 1991 йилнинг бошларида Ўзбекистоннинг АҚШдаги биринчи элчиси бўлди, Ислом Каримов олиб бораётган сиёсатга қарши бўлгани туфайли АҚШ ҳукуматидан сиёсий қочоқлик мақоми сўраб, бу мамлакатда қолди ва шундан бери Давлат Департаменти структураларидан бирида ишлайди. Муҳаммад Бобир Маликов оилали, икки қизи бор. Вашингтонда яшайди.
Олим Отаев –  “Ўздонмаҳсулот” Давлат Акциядорлик Корпорациясининг собиқ раҳбари. Ўзбекистон Бош прокуратураси Олим Атаев, унинг қизи Надежда ва ўғли Қаҳрамонни 2000 йилда йирик миқдорда давлат мулкини ўмаришда айблаб, қидирувга берган. Ҳозир Францияда истиқомат қилади.
Авазхон Мухторов – Ўзбекистон халқ депутати, Фарғона вилоят прокурори, Фарғона вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлган. Каримовнинг зуғуми боис тўқсонинчи йиллар бошида Ўзбекистонни тарк этиб, Америка Қўшма Штатларидан сиёсий бошпана олган.
Муҳаммад Солиҳ – Ўзбекистон халқ депутати. Таниқли ўзбек шоири. 1988 йилда Ўзбекистонда ташкил этилган илк норасмий мухолиф ҳаракат – “Бирлик”нинг асосчиларидан бири бўлган. 1990 йилда мухолифатдаги “Эрк” демократик партиясига асос солган. Муҳаммад Солиҳнинг номзоди Ўзбекистонда 1991 йил декабрида бўлиб ўтган президентлик сайловида Ислом Каримовга рақиб сифатида илгари сурилган, расман 12,7 фоиз овоз тўплагани хабар қилинган. 1992 йилнинг 2 июлида парламентда сўз эркинлиги йўқ деб, депутатлик мақомидан воз кечган. 1993 йил апрелидан чет элда  яшайди. Хориждаги ўзбек мухолифати лидери…
Аҳмад ҳожи Хоразмий – қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор. Ўзбекистондаги илм фан намоёндалари, олимлар ва зиёлилар орасида биринчи бўлиб Каримов режимига қарши бош кўтарган биринчи таниқли олим. 2005 йилдан муҳожиротда – Буюк Британияда яшайди.
Тошпўлат Йўлдошев – таниқли дипломат ва сиёсий шарҳловчи. 1943 йил 1 март куни Бухоро (Ҳозирги Навоий) вилоятининг Карманасида  туғилган. Тошкент Давлат университетининг Шарқшунослик факультетини тамомлаган. Ўзбекистон Хавфсизлик Хизмати – СНБни узоқ йиллар бошқарган Рустам Иноятовнинг курсдоши, группасидаги комсорги бўлган. 15 йил мобайнида Ироқ, Сурия, Судан ва Иорданияда араб тили таржимони ва дипломат сифатида фаолият юритган. 1989-1992 йиллар мобайнида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида юқори лавозимларда ишлаган. Тошпўлат Йўлдошев 1992 йилда Ташқи ишлар вазирлигидан ишдан бўшатилишига Каримов режимига нисбатан ўзгача дунёқарашда экани сабаб бўлганини айтади. Ўтган вақт мобайнида мустақил сиёсатшунос сифатида танилган Тошпўлат Йўлдошевнинг Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият таҳлилига бағишланган қатор мақолалари “Дунё ўзбеклари”, Озодлик ва ББС да    эълон қилинган. 2006 йил июл ойида Ўзбекистонни тарк этиб, Қирғизистон орқали Америка Қўшма Штатларига келиб, сиёсий муҳожирлик мақомини олган…
Обидхон қори Назаров – Таниқли дин пешвоси. У имомлик қилган Тошкентдаги “Тўхтабой” масжиди 1990-йиллар бошида минглаб мусулмонларни жалб этган. Тўқсонинчи йиллар ўрталарида ҳукуматнинг масжид ва имомлар устидан назоратни кучайтириш ҳаракатлари Обидхон қори ва тарафдорларининг норозилик чиқишларига сабаб бўлди. Бунга жавобан Ўзбекистон диний идораси уни имомликдан четлатди. Обидхон қори яна ўзи яшаб турган Тошкентдаги уйни ноқонуний эгаллаб олганликда айбланди. 1998-йилда Обидхон қори сирли равишда ғойиб бўлганидан сўнг, унга алоқаси бўлган ўнлаб шахслар қамоққа ташланди. Улар орасида Обидхон қорининг икки ноиби ва укалари ҳам бор. 2005 йилда унинг ўғли Ҳусниддин Назаров милиция томонидан сўроқ қилинганидан кўп ўтмай бедарак йўқолди. Ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати Обидхон қори Назаровни “Ваҳҳобийлик” диний-сиёсий оқимининг Ўрта Осиёдаги раҳнамоларидан бири сифатида кўради. Қозоғистонда унинг ўн нафар тарафдорлари ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга топширилганидан сўнг, Обидхон қори БМТ қочқинлар агентлигига мурожаат этди. Таниқли имом ҳозирда Оврўпо давлатларидан бирида бошпана олган.
Исмат Хушев – “Ҳаёт ва Иқтисод” – “Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири бўлган, Тошкент обкоми аъзоси этиб сайланган. 1994 йил ҳибсга олиниб, Президент Амнистияси билан Авф этилган. Сўнг яна икки маротаба ҳибсга олинган. 2004 йил баҳорида Ўзбекистонни тарк этган. 2012 йилда асос солинган “Дунё ўзбеклари” халқаро нашри Бош муҳаррири. Канаданинг Торонто шаҳрида яшайди.
Абдурашид Самадович Қодиров – Ўзбекистоннинг Туркманистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси. Туркман президенти Сапармурод Ниёзовга суиқасд уюштирилиши асносида Ашхободдаги ўзбек элчихонаси тинтув қилиниши ортидан ўз вазифасидан озод қилинган. 2004 йилдан эътиборан Канада давлатидан сиёсий бошпана олган…
Пўлатжон Охунов – СССР Халқ депутати. 1962 йилнинг 12 мартида Андижон вилоятининг Шаҳрихон шаҳрида туғилган. 1969-79 йилларда ўрта мактабда, 1979-84 йилларда Андижон Давлат Педагогика институтининг кимё ва биология йўналишида таҳсил олган. 1984-1985 йилларда ҳарбий хизматда бўлган. Сўнгра мактабда ўқитувчи, мактаб директорининг тарбиявий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган. Мактаб ёшлар (комсомол) ташкилотини бошқарган. 1989-1991 йилларда СССР Халқ депутати, 1991 йилнинг сентябрида СССР Олий Советига депутат бўлиб сайланди, СССР Олий Советининг “1991 йил 18 августдаги давлат тўнтариш воқеаларини текшириш комиссияси аъзоси”. Шунингдек, СССР илк демократик парламенти таркибида таниқли диссидент, Тинчлик учун Нобел мукофотининг лауреати Андрей Сахаров ва кейинчалик Россия Президенти бўлган Борис Ельцинлар раҳбарлик қилган депутатлик гуруҳи сафида сиёсий фаолиятини бошлаган Пўлат Охунов Ўзбекистонда хам илк ҳаракат — “Бирлик” асосчиларидан биридир. 1992 йили мухолиф–депутат ва “Бирлик”даги сиёсий фаолияти учун Ўзбекистонда бир неча бор ҳибсга олинган ва қатор маҳкама қарорлари билан жами 8 йилга озодликдан маҳрум этилган. Қатор колонияларда жазо муддатини ўтаган Пўлат Охунов 1994 йили халқаро жамоатчилик ва ғарб давлатларининг босими остида қамоқдан озод қилинган. СССР Олий Совети депутати ўлароқ, Иттифоқ даражасида миллий манфаатларни ҳимоя қилишга уринган. 1995 йилдан буён Швеция Қироллиги берган сиёсий бошпана асосида мазкур мамлакатда истиқомат қилади. Мирзиёев давридагина  она Ватани Ўзбекистонга бемалол бориб келадиган бўлди…
Абдувоҳид Паттаев – Ўзбекистон халқ депутати. 1990 йилнинг 20 июнида Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг 40 нафар депутати мамлакат мустақиллиги баëнномасини қабул қилиш ташаббуси билан чиқишди. Бугун хорижда яшаётган биринчи ўзбек парламентининг собиқ дупататлари Муҳаммад Солиҳ, Абдувоҳид Паттаев, Жаҳонгир Маматов ва Насрулло Саидовлар ана шу қирқ нафар депутатлар сафида бўлишган. Шунинг учун ҳам Абдувоҳид Паттаев 1990 йил 20 июнни ўзбек халқининг ҳақиқий мустақилликка эришган куни деб билади. 1993 йилдан бўён сиёсий қочқин бўлиб муҳожиротда яшайди…
Насрилло Саидов – Ўзбекистон халқ депутати. Мустақиллик декларациясига асос солган ўша қирқ нафар жасоратли дупутатлардан бири. Бухородаги қурилиш ташкилотида раҳбарлик қилган. Каримов режимига мухолиф бўлгани учун жуда кўп таъқиб ва тазйиқларни бошидан кечирган. Таниқли санъаткор Дадахон Хасаннинг исёнкор қўшиқларини тинглагансан деб ноқонуний равишда маҳкамага тортилган. 20 йилдан бўён Шимолий Америка қитъасининг Канада давлатида мухожиротда яшайди…
Санжар Умаров – “Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси раҳбари Санжар Умаров, таниқли ишбилармон 2006 йилнинг март ойида Тошкент шаҳри суди қарори билан 10 йилу 8 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.  Тошкент шаҳри суди С.Умаровни оғир иқтисодий жиноятлар, хусусан, ноқонуний топилган пулни қонунийлаштириш, солиқ тўлашдан бош тортиш каби қилмишларда айбдор топган. Аслида у сиёсий фаолияти туфайли Каримов топшириғига кўра шундай жазога йўлиққан. 2009 йилнинг ноябрь  ойида ҳибсдан озод этилган. Ўшандан бўён Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилади…
Жаҳонгир Маматов – Ўзбекистон халқ депутати. 1955 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. 1973-1979 йилларда Тошкент Давлат Университети Журналистика факуьтетида ўқиган. Жаҳонгир Муҳаммад журналистик фаолиятини 1973 йилда “Тошкент ҳақиқати” газетасида корректорликдан бошлаган. Қайта қуриш йилларида ошкоралик муаммолари ҳақида ёзилган “Қуръон ва Қурол”, “Ёнаётган аёл”, “Ёпиқ эшикнинг очилиши” каби туркум таҳлилий очерклари Ўзбекистонда журналистга шуҳрат келтирган. 1990 йилда Жаҳонгир Муҳаммад Ўзбекистон Халқ депутати этиб сайланган. 1990-1993 йилларда у Ўзбекистон Олий кенгашида Ошкоралик қўмитаси раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган. 1991 йил Олий Кенгашнинг 7-сессиясида – Каримовга қарата айтган: “Ислом Абдуғаниевич, Сиз бу дунёда устун эмассиз. Ўзбекистонни Сизнинг онангиз яратган эмас. Ахир мен мажбур бўлдим чет элга кетиш учун ариза ёзишга. Нима учун қувғин қиласиз?!” деган оташин нутқи билан ўзбек халқининг ёдида қолган.  Ана шу нутқидан кейин унга нисбатан сиёсий босимларнинг кучайиши ортидан 1993 йилда Ўзбекистонни тарк этди. Ҳозир Америка Қўшма Штатларида яшайди. У тилшунослик борасида АҚШда нашр этилган тўртта китоб  муаллифи…
Нигора Хидоятова – “Озод деҳқонлар” партияси раҳбари, Таъқиб ва тазйиқдан қочиб, 2012 йил Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди.
Абдураҳим Пўлатов – Техника фанлари доктори, профессор. “Бирлик” халқ ҳаракати лидери. Каримов бошқарув тизимининг асосий танқидчиларидан бири, Ўзбекистон Бирлик Халқ ҳаракати партияси раиси, 1998 йилдан бери АҚШда истиқомат қилади…  
Абдулла Абдураззоқов – адабиётшунос олим, Низомий номли педагогика институти домласи бўлган. Норвегияда истиқомат қилади.
Абдуфаттоҳ Маннопов – фалсафа фанлари номзоди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси. Америка Қўшма Штатларида яшайди…
(Бу рўйхатни, Сиз азиз ўқувчилар, бемалол давом эттиришингиз мумкин)
Шунингдек: Волгоград Давлат Аграр Университети профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Ойбек Кимсанбоев, Новосибирск Давлат университети профессори, фан доктори Неъматжон Раҳимов, косманавтика соҳаси билимдони, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, уч марта СССР Давлат мукофоти соҳиби,  академик Миродим Файзиевич Турдиев, Мурунтов тилла кони ва “Ўзбекзолото” ишлаб чиқариш бирлашмаси раҳбари бўлиб ишлаган, СССР Давлат мукофоти соҳиби, геология фанлари доктори, профессор Аброл Кахоров, аввал Ангрендаги “Узбекшахтастрой” трести Бошқарувчиси, сўнг Жиззахдаги “Жиззахстрой” бирлашмаси Бош директори бўлган, Ленин ордени, икки марта Меҳнат Қизил байроқ орденлари соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи, СССР давлат мукофоти соҳиби Леонид Яковлевич Терман, сиёсий шарҳловчи ва таҳлилчилар Алишер Илҳомов, Камолиддин Раббимов, Алишер Таксанов, Фарҳод Иноғомбоев, Камолиддин Йўлдош, Намоз Нормўмин, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим,  журналистлар Анвар Усмонов, Лола Ҳотамова, Гулнора Равшан, Ғофур Йўлдошев, Матлуба Азаматова, Фурқат Яквалхўжаев, Ҳусниддин Қутбиддинов, Абдувоҳид Ҳайит, Тўлқин Қораев, Юсуф Расул, Улуғбек Бакиров, Бахтиёр Хасан ва яна бу ерда номи унутилган юз минглаб ватандошларимизни ҳам бу рўйхатга киритиш мумкин…  
(Давоми бор)
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
18 декабрь, 2018 йил, Торонто шаҳри, Канада

 

 “Дунё ўзбеклари” учун махсус

 

Leave a Reply
*