Menu
Categories
Исмат Хушев: Ёлғон арафа ёки биринчи муҳаббат изтироблари (1-китоб, 5-боб
01/14/2020 Бош мақола
 Исмат Хушев, Канада.
UzbekDunyo@hotmail.com
(“Президент эркаси”нинг хотиралари)
Биринчи китоб. 5 боб.
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
417
Суратда: Ломоносов номли Москва Давлат университети, журналистика факультети студенти  Исмат Хушев (ўртада) Абдулла Орипов (ўнгда) ва Нормурод Нарзуллаев (чапда) билан Москвада, май, 1980 йил.
Ёлғон арафа
ёки биринчи муҳаббат изтироблари
1.
Демак, Тошкент Давлат университетидан Москва Давлат университетига ўкишга кетишга қapop қилдим.
Москва – бу Москва! Ортиқча таърифга ҳожат бўлмаса керак.
“Ломоносов номидаги университетнинг ҳашамдор ва қуббали бинолари қайси ўспириннинг тушларига кирмаган дейсиз!”
Профессор Лазиз Қаюмовнииг «Меридианлардаги учрашувлар» китобидан ўқиган бу оҳанграбо сўзлар менинг болалик шууримда мангуга муҳрланиб қолган эди.
Маълумки, бу ўқув даргоҳи дунёдаги тўнғич илм ўчоқларидан бўлиб, 1755 йилда М.В.Ломоносов ташаббуси билан ташкил этилган ва кўплаб машҳур олимларни вояга етказган эди.
Москва Давлат университети дунёда ҳамиша салмоқли нуфузга эга бўлиб келган.
Албатта, бундай дорилфунунда таҳсил кўриш ҳар бир талаба учун илоҳий орзу эди.
(2001 йилнииг бошларида Москва Давлат университети ректори жаноб Виктор Садовничий Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга дорилфунун фахрий профессори дипломини тантанали равишда топширганида мен ҳам шу университетга дахлдорлигимдан қалбимда ажиб бир фахр туйгандим.)
Москвага ўқишга кетишимнинг муҳим сабабларидан бири тўғрисида муқаддам қисқача тўхталиб ўтдим: Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетидаги таълим–тарбия даражаси мени қониқтирмасди.
Бундан ташқари, бошқа жиддий сабаблар ҳам бор эди. Шу ҳақда индамай ўтсам, бу китобни ўқийдиган таниш-билишларим: “Ростини ёзмабсиз-ку, тақсир!” деб каминани изза қилишлари турган гап…
2.
Мен қишлоқдан чиққан оддий бола бўлсам-да, лекин ҳаётда ўз олдимга жуда кўп мақсадларни қўйган эдим.
“Бу ҳаёт меники!” деган қатъий ишонч билан яшар эдим. Ўз-ўзидан равшан-ки, ҳар қандай мақсадга эришиш учун жиддий билим олиш лозим бўлади.
Баҳо олиш учун эмас, билим олиш учун ўқиш кераклигини аллақачон тушуниб етгандим.
Шу ниятда Тошкент Давлат университетининг аввал сиртқи, сўнг кечки ва ниҳоят кундузги бўлимларида ҳам ўқидим.
Мақтаниш эмас-у, лекин мен билан бирга ўқиган курсдошларимнинг қай биридан сўраманг; “Исмат бошқача эди, билимга чанқоқ ва тиришқоқ, шеъриятга айрича меҳр қўйганди”, дейишарди.
Ўша пайтларда шеъриятга яқин, кўплаб ишқий шеърларни ёд билган студент йигит айниқса қизларнинг назарида энг улуғ ва суюкли инсон ҳисобланарди.
Шоирларни-ку қўяверинг, уларнинг обрўйи ўша пайтларда жуда баланд эди. Улар қизларнинг назарида илоҳий ва қўл етмас бир орзу эдилар…
3.
Ҳеч эсимдан чиқмайди.
Омон Матчон бир куни университет ётоқхонасига келиб, шеър ўқигандан кейин ундан дастхат олмоқчи бўлган қизлардан бирига атаб ишқий шеър ёзганида кўпларнинг қўли етмай юрган бу гўзал оилалик ва бола чақалик шоирга ростакам меҳр қўйиб, журфакдаги барча ошиқларини доғда қолдирган эди…
Кейинчалик Омон аканинг бу қизга атаб ёзилган машҳур шеъри “Сени яхши кўраман” номи билан алоҳида китоб ҳолида ҳам чиққан эди.
Биз, шоир бўлмасакда, лекин ишқий шеърларни ёд билгувчи йигитлар ҳам ўша пайтларда қизларнинг эҳтиромли назарида эдик.
Тўғри, биз ҳали уларнинг билагидан ушлашга ботинмасдик, мўччи олиш мумкинлигини хаёлимизга ҳам келтирмасдик. Лекин барибир энг омадли ва бахтли йигитлар – биз эдик.
Қизларнинг туғилган кунлари бизсиз ўтмасди. Биз жўшқин давраларнинг ва шеърпараст лобарларнинг кўнгил тўридан мустаҳкам жой олиб улгурган эдик…
4.
Чингиз Айтматовнинг «Жамила», «Оқ кема» , Одил Ёқубовнинг «Муқаддас», «Тилла узук», «Қанот жуфт бўлади», Ўлмас Умарбековнинг «Ёз ёмғири»., «Одам бўлиш қийин…» каби дилбар қиссаларини ўқийвериб, ўзимиз ҳам ишқ муҳаббат бобида салкам “профессор” даражасига етиб қолгандик.
Айниқса, суюкли ва ҳассос ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» китобини ўқиб, ҳаёли ва иболи қизларимиз нега камайиб кетяпти, улар қаерда экан деб “Кумушларга мактуб” номли шеьр ҳам ёзган эдим:
Отабек, Кумушни қайдан олгансан,
Қандай севолгансан сен уни беҳад.
Қалбига севгини қандай солгансан,
Отабек, мен сенга қилурман ҳасад!
деб Отабекка чин юракдан ҳам ҳавас ва ҳам ҳасад қилиб юрган бахтли ва хаёлпараст дамларимиз эди.
Худди гулзорда учиб-қўниб юрган капалакка ўхшардим, беозор ва беғубор, беташвиш ва бахтиёр эдим.
Xали севги жафоларидан бехабар бўлган покдомон ва ошифта қалбим ишққа жуда-жуда зор эди.
Лекин ногоҳоний пайдо бўлган биринчи муҳаббатим менинг тинч ва осуда ҳаётимни остин-устин қилиб юборди…
5.
Эсингиздами, илоҳий шоиримизнинг инжа cатрлари бор:
Ҳаёт мендан аямади неъматларини,
Не иcтаcам берди доим, ҳеч бир тонмайман.
Фақатгина бир дард ўртар юракларимни,
Мен муҳаббат тақдиримдан мақтанолмайман…
Афcуcки, муҳаббат тақдиримдан мен ҳам мақтанолмайман. Менимча, бугун у дилбарнинг исмини аниқ айтиш шарт эмас, аммо бир қўшиқчи қизни жуда қаттиқ яхши кўриб қолдим.
У мен учун Гёте орзу қилган Лотта эди, Қодирийнинг Кумушбибиси эди, ҳазрат Ҳофизнинг сўлим ғазали эди.
Э-э, бир-бир санасам, эрталабгача ҳам таърифлари тугамайди – у мен учун ҳамма нарса эди, жоним-жаҳоним эди!
Биз у билан жуда иноқ эдик. Билмадим, чекcиз муҳаббат деганлари шу бўлса керак. Ҳаммасига шоир дўстим Сирожиддин Саидов тирик гувоҳ!
Карангки, маҳбуба (Келинг, унинг номини бундан кейин шартли равишда «Кумуш» деб атай қолайлик) яшайдиган ётоқхона таъмирланадиган бўлиб қолди.
Мен «Кумуш»ни “Вуз городок”даги ўзим яшайдиган ётоқхонага олиб келдим. Биз бир ой давомида ёнма-ён яшаганмиз.
Лекин бир сония ҳам одоб доирасидан чиқмадик: икковимиз ҳам қишлоқлик эдик, орият, номуc биз учун энг олий қонун эди.
Сирожиддин бизга ҳавас қилиб, ҳар оқшом ётоқхонамизга келарди, бирга овқатланардик. Қўшиқчи қиз таомни жуда ширин пиширарди. Кўпинча унинг ёнига дугоналари келиб туришарди.
Бир куни Сирожиддин “Кумуш” нинг чангчи дугонаcи билан танишади. У қизнинг сочлари жуда узун, ўзи ҳам келишган, гўзал эди. Унга бағишлаб Сирожнинг шеър ёзгани ҳануз ёдимда:
Кapaнг, тепамизда осмон бор экан,
Юринг, юлдузлардан териб тушайлик…
Яхши шеър ёзганди. Лекин кейинчалик уларнинг муносабати яхши бўлмади.
Шоир дўстимнинг дилбар сатрларига дилбар Дугона дил очмади…
6.
“Кумуш” ўзининг Бешёғочдаги янги таъмирланган ётоқхонасига кўчиб кетганидан сўнг, одатдагидек, Сирож икковимиз яна оч қоладиган бўлдик.
Бир куни атайлаб “Кумуш”ни излаб Консерваториянинг ётоқхонасига бордик. Паcтдан унинг исмини айтиб чақирдик.
Тепадан – иккинчи ё учинчи қаватдан “Кумуш” қаради:
– Ҳа, оч қолдиларингми? – деб cўради у деразадан бошини чикариб.
– Асти сўраманг, жуда очмиз, – дедик.
Қиз беш бармоғини кўрcатиб:
– Бўладими? – деди. Яъни, “беш сўм етадими?” демоқчи бўлди.
– Бўлади, – дедик биз қувониб.
Шундан кейин у хонасида бирпас кўринмай турди-да, сўнг бир дона бели синмаган беш сўмликни тепадан ташлади: коғоз пул ҳавода ўйнаб-ўйнаб пастга туша бошлади.
Сирож мендан кўра новча бўлгани учун пулни бир сакраб илиб олди.
– Раҳмат! – дедик. – Яхшилигингизни асло унутмаймиз.
Хайр-хyшлашиб дарҳол якин-атрофдаги ошхона томон йўл олдик. Ўша пайтда беш сўм – биз учун жуда катта мукофот эди.
Биз Бешёгочнинг ёнидаги сой бўйида жойлашган ошхонага бориб мазза килиб лағмон еганмиз.
Ўша пайтлар “Бўрижар”да лағмонни зўр тайёрлашарди…
7.
Орадан йиллар ўтиб мен Москвага ўкишга кетганимдан сўнг Сирожиддин “Тошкент оқшоми”да эълон қилинган туркум шеърларини юборади.
Шеърларининг ҳошиясига: “Исмат, баъзан оч қоламан, ўша беармон кунларни соғинаман. Бешёгоч, “Кумуш”, беш сўм пул, бўлиқ лағмонлар…” деб қайд этиб қўйганди шеър чиққан газета ҳошиясига….
Қисқаси, мен нима учун Москвага ўқишга кетишга мажбур бўлдим?
Бизнинг “Кумуш” билан муносабатларимиз жиддий тус олганди. Доврyғимиз ҳатто Китобга ҳам етиб боради.
Отам гузардаги чойхонада ҳар хил миш-миш гапларни эшитади: радиодан ўша қизнинг қўшиқлари янграб қолса, улфатлари отамга киноя гаплар қилишади…
Хом сут эмган банда бир куни яхши ниятда, отам билан маслаҳатлашмасдан “Кумуш”ни поездга чиқариб, биргаликда тўппа-тўғри Китобга бордик.
Туман марказидаги деҳқон бозоридан ўтиб, бизнинг уйга борилади. Бозор оралаб ёнма-ён кетаяпмиз. Ҳамма бизга қарайди. Албатта, одамлар телевизорда тез-тез чиқиб турадиган “Кумуш”ни дарров танийдилар, мени ҳам кўпчилик билади. Кўчада кетиб бораяпмиз-у, ҳамманинг кўзи бизда.
Шундоқ бозордан чиқсак, ҳайҳотки, отамга дуч келдик:
– Ассалому алайкум! – дедим дарҳол. Бу киши отам бўладилар, – деб отамни “Кумуш”га таништирдим.
– Ассалому алайкум! – деди “Кумуш” ерга қараб, қизариб.
– Келинг, қизим… Келинг, ўғлим… – деди отам ҳайратланиб. У ноқулай аҳволга тушиб қолди.
– Ота, мана, келинингизни олиб келяпман, – дедим сир бой бермай шўхлик билан.
– Хуш келибсизлар… Майли, сизлар уйга бораверинглар…   Узр, паркка шахмат ўйнагани кетаётган эдим… – деб отам хиёбон томон бурилди.
Ҳазилим отамга ёқмаганини сездим. Бирдан ўжарлигим тутиб қолди:
– Ота, қизиқ одамсиз-а, ахир биз атайлаб сизнинг олдингизга оқ фотиҳа олгани келяпмиз-ку! – дедим шаккоклик билан.
– Майли, майли, бош устига – деди отам. Лекин биз билан юргиси келмади. – Бораверинглар… деб хиёбонга кириб кетди…
8.
Ўзимиз кетдик.
Орадан хийла фурсат ўтиб уйга бордик. Бирпасда ҳовлимиз гавжум бўлиб кетди: опаларим келишди. Айниқса, онам қувончининг чеки йўқ эди:
– Кошкийди шундай қиз келиним бўлса, – деди онам мени бир четга тортиб.
Оқшом пайти телефон жиринглаб қолди. Мен трубкани олиш учун айвонга кўтарилдим. Сўнг у ердан ҳовлига қарадим: узум ишкомлари остидаги чорпояда, чироқ ёғдусида гул-гул ёниб янгам, опаларим, онам ва “Кумуш” ўтирарди.
У опамнинг гулдор халатини кийиб олган эди. Улар бир-бирлари билан апоқ-чапоқ бўлиб кетишганди. Шундай машҳур қўшиқчи қиз уйимизга келганидан уларнинг боши осмонда эди…
9.
Мана, шунча йиллар ўтиб кетса ҳамки, ўша латиф манзара ҳамон кўз ўнгимда турибди.
Ўша воқеаларни эсласам, ҳозир ҳам юрагим орзиқиб кетади…
Онам “Кумуш”ни ғойибона яxши кўрарди.
Мана, энди онам ҳам йўк, “Кумуш” ҳам бошқага тегиб кетди… (Илоҳим, бахтини топгани роcт бўлcин!)
– Мен шу қизга уйланаман, – дедим онамга.
– Бош устига, бахтли бўлинглар! – деди онам сидқидилдан қувониб.
Ўша кеч “Кумуш” бизникида ётиб колди, ярим окшомгача опаларим билан сирлашиб ўтирди.
Китоб туманида ўша пайтлари учтагина “Москвич” бўларди, биттаси бизники – ям-яшил эди. Эртаcи куни эрталаб “Кумуш”нинг жомодонини машинага солишиб, Китобдан ўттиз чақирим наридаги тоғли бир қишлоққа жўнаб кетдилар.
Отам ҳали машинани яхши ҳайдай олмасди, шунинг учун Эргаш тоғам рулга ўтирди. Хуллас, бўлажак келинни машинага миндириб, унинг қишлоғига йўл олдилар.
“Кумуш”нинг дадаcи ҳам ўкитувчи эди. Улар отам билан таниш эдилар, ҳар хил тадбирларда учрашиб юришар, бир бирларини ҳурмат қилишар эди.
Отам “Кумуш”нинг дадаси ҳурмати учун қизини қишлоққа олиб боради…
10.
Сўнг биз онам билан маслаҳат қилдик:
– Ўғлим, кичкина аканг оиласидан ажралди. Ширингина фарзанди бор… Энди уни қайта уйламоқчи эдик. Бирданига иккита тўй қилишга қурбимиз етармикин? Яна билмадим, болам – деди онаизорим.
Кун бўйи интизорлик билан отамни кутдик. Лекин у киши қоронғи тушгандан кейингина келдилар. Келдилар-у, тўппа-тўғри уйга кириб кетдилар, ҳеч нарса дея олмадик. Энди тонг саҳаргача кутишга мажбур эдик. Ўзлари гап очмасалар онам, опаларим гап очолмасдик.
Уйда тартиб қоида шунақа эди….
Эрта тонгда отам уйғониб, ювиниб-тараниб чорпояга келиб ўтирди. Унинг қовоғидан қоp ёғиларди, кайфияти ниҳоятда ёмон эди.
– Хўш, ўғлим, Тошкентга қачон кетасиз? – деб сўради у ғазабини аранг ичига ютиб. Отам мени одатда сизламасди…
– Сиз билан битадиган бир-иккита ишлар бор эди, ота, – дедим унғайсизланиб. – Маслаҳатли иш билан келгандик…
– Ҳеч қaнaқа маслаҳат бўлмайди! Тур, нарсаларингни йиғиштир! – деди отам авзойи бузилиб.
Мен отамдан жуда қўрқардим, югуриб бориб лаш-лушларимни йиғиштирдим…
11.
Одатда, Китоб – Тошкент поезди тушдан сўнгги соат иккиларда вокзалдан жўнаб кетарди, лекин отам мени эрталабки соат ўндаёк, бекатга етказиб келди.
Ҳеч ким билан хайрлаша олмадим, бир-иккита врач акаларни газеталарга мақола қилиб ёзиб юрардим, ўшалар отам билан мени вокзалга кузатиб чикишди. Отам уларни қайтариб юбориб:
– Мана билет! – деб менга чиптани узатди ва: – ўғлим, энди купега кир! – деди.
Кейинчалик онамдан эшитишимча, қизнинг ота-оналари отамни қуюқ кутиб оладилар, қўй сўйиб, меҳмон қиладилар (чамамда, бизнинг муноcабатларимиз уларнинг ҳам қулоғига етиб борганди).
Биз Тошкентдан сешанба куни келган бўлсак, “Кумуш”га айтгандим-ки: “жума куни уйларингга совчилар боради!”деб.
Аммо чоршанба куни отам мени вокзалга келтириб, купега тиқиб кўяди.
Энди “Кумуш” ниҳоятда ноқулай аҳволга тушиб қолишини ўйлаб юрагим сиқилди. Ўчакишгандек, поездни ҳам тўрт соат илгари перронга келтириб кўйишибди. Вагонлар бўм-бўш эди, биз ота-бола биринчи бўлиб купега кирдик.
Купега кирган заҳотим отам чап қўли билан иягим аралаш бир мушт туширди, зарбанинг зўридан гандираклаб бориб, пешонам билан иккинчи полканинг тахтасига урилдим.
Кўзимдан олов чиқиб кетди: – Падарингга минг лаънат! – деди отам қаҳр аралаш. У умрида сўкинмаган, жуда маданиятли одам эди. – Ким саньаткор билан турмуш қуриб, бахтли бўлибди?
Агар ғишт қолипдан кўчган бўлса, уни айт, мен тўй қилиб берай. Нимагаки, у яхши одамнинг қизи, отасини ҳурмат қиламан. Лекин тўйнинг эртасигаёқ сени оқ қиламан! Беҳаё! Беор! Мени сендай ўғлим йўқ!
Катта акангдан кўнглим қолган эди: ўқишдан ҳайдалди, бир амаллаб тиклаб келдим. Кичкина аканг ҳам мени куйдирди, ёлгиз сендан умид қилгандим, лекин сен ҳам куйдирги чиқдинг! Пешонам шўр экан!
Отам бошини чангаллаб купенинг бир четига ўтириб колди.
Мен ҳам бир бурчакда гангиб турардим…
12.
Анчадан сўнг отам бошини кўтармасдан шундай деди:
Ҳозирча у қиз бола, унга тегина олмайдилар, лекин эртага сен унга уйланганингдан кейин Бош муҳарриринг сени Мирзачўлга пахтакорлар ҳаётидан репортаж ёзиб келиш учун командировкага жўнатади. Хотинингни эса ЦК нинг cекретари Мадагаcкар ва ё Кубага “Ўзбекистон маданияти ва санати декадаси”ни ўтказиб келиш учун ўзи билан бирга олиб кетади.
Улар хотинингга қўшиб бир нечта раққоcаларни ҳам эргаштириб кетадилар. Сен ҳеч нарсадан бехабар, чўлдан репортаж ёзиб келасан, оиланг бўлса, ҳукумат воизлари билан гўё ҳеч нарса бўлмагандек чет элга бориб келади…
Мен айнан шу қиз шунақа бузилиб кетади, демоқчи эмасман. Бироқ, ҳаётнинг бешафқатлигини айтмоқчиман сен тирмизакка! Раҳбарларнинг кўпчилиги санъат даргоҳига кирган хотин-қизлардан фоҳиша ўрнида фойдаланиб юришларини эслатиб қўймоқчиман сен олифтага.
Санъат даргоҳи кўпинча одамнинг ўзини ҳам сотишга мажбур қилади. Сен бу гапларни қаёқдан биласан, тирмизак!
Шу гапларни айтиб-айтиб отам вагондан тyшиб кетди…
13.
Мен Тошкентгача йиғлаб келдим. “Кумyш”га айтилган кунда совчи юбора олмадим.
Тошкентга келиб, хонамга кирсам “Кумyш”нинг уйда кийиб юрадиган халатлари қолиб кетган экан. Халатдаги унинг хушбўй ҳидлари гупиллаб димоғимга урилди, аламим баттар қўзиб яна  кўнглим бузилди…
Орадан анча вaқт ўтиб “Кумyш” Тошкентга келди. Дугоналаридан сўраб-суриштирсам: “Қайтиб кўзимга кўринмасин! Мени шарманда қилди!” дебди.
Мен уни кўра олмадим, учрашиб қолсак ҳам қайси юз билан унга қарашни билмасдим. Уйга кирcам, радиодан унинг қўшиқларини бераётган бўлишарди. Телевизорни томоша қилиб ўзимни чалғитмоқчи бўлсам, лоп этиб “Кумуш” чиқиб қоларди.
Мен учун дyнё тор бўлиб қолди. Мен Тошкентда ўқий олмадим…
14.
Таниш – билишларимдан, хусусан Абдулла Ориповдан илтимос қилдим, сўнг деканимиз Анвар Шомақсудовнинг ҳузурига йиғлаб кирдим, бор гапни у кишига тyшyнтирдим, ёрдам сўрадим:
– Агар ўзбек журналистикаси етим бўлиб қолишини истамасангиз, домла, мени Москвага ўқишга юборинг, – деб илтимос қилдим.
Йиғлаётганимни кўрган декан аҳволимга ниҳоятда ачиниб турган бўлса ҳам, лекин оғзимдан чиққан гапни эшитиб кулиб юборади.
Қapaнг, омадим бор эканми, ёки худойим ризқу насибамизни Москва томонларга сочиб қўйган эканми, хуллас, айнан ўша пайтларда СССР Министрлар Cоветининг “Москва олий ўқув юртларида иттифоқдош республикалардаги миллий кадрларни қайта тайёрлаш тўғрисида” махсус қарори қабул қилинган экан.
Ўша қарорга кўра, ҳap бир миллий республиканинг вакиллари Москва олий ўқув юртларида ўқитилиб, сўнг жойларга қайтариб юборилар экан.
Хусусан, менга қадар ТошДУнинг журналистика факультетидан Юсуф Ҳамдамов билан Отабек Бобожоновлар ҳам мазкур қарор асосида Mосквага ўтиб кетишган эди.
Эxтимол, деканимиз Анвар Шомақсудов мендан қутилмоқчи бўлдими ёки ростдан ҳам раҳми келдими, отам билан бўлган яхши муносабатларини эсладими, ишқилиб, Бахтиёр Хасанов билан мени Москва Давлат Университетига ўқишга юборди…
15.
Москва университетида биздан имтиҳон олинмади, тўғридан-тўғри ўқишни давом эттириб кетавердик.
(Кейинчалик худди мен каби Карим Баҳриев Москвада, Амирқул Каримов эса Ленинградда ўқиш шарафига муяссар бўлган эдилар).
Москвага бориб, aкадемик Шверник кўчасидаги университет ётокхонасига жойлашдик. Ўн олти қаватли бу масканда чет элликлар билан бирга маҳаллий республикалардан келган талабалар ҳaм бирга туришарди.
Аллақачон буйруқлар чиққан, биринчи сентябрдан эътиборан тўртинчи курсдан ўқишни бошладик.
Мен илк бора бепоён Советлар Иттифоқининг пойтахти ва кўрки бўлмиш – Москвага қадам кўйдим.
Москва! У мени катта ҳаяжон билан кутиб олиб, чексиз ҳайратларга ошно этди. У жуда ваҳимали ва ҳайбатли шаҳар!
Бутуниттифоқ пионерлар лагери – “Артек”ка борган, йирик анжуманларда қатнашган жаҳонгашта йигит учун Москвада ўқиш табиий ҳолдек туюларди…
16.
Москвага ўқишга кетишимнинг яна бир муҳим сабаби ёки сабабчиси – бу шоир Абдулла Орипов эди.
Ўша йилларда Абдулла ака ҳар хил юмушлар билан Москвага тез-тез бориб турарди. Мен Абдулла акага мутаассибларча меҳр қўйган эдим, у кишини Москвага шофёри ёки бошқа биров эмас, ҳамиша ўзим кузатиб қолардим.
Абдулла ака аэропортга икки-уч cоат олдинроқ боришни, парвоз олдидан ресторанда ўтириб эллик грамм ичишни ва умримда емаган таомлар билан мени сийлашни яхши кўрарди.
Мен ҳар гал Тошкент аэропортидан Абдулла акани Москвага кузатаётган пайтимда “Нега мен ҳам устозимга қўшилиб Москвага боролмайман?” деб ўксинардим. “Агар Москвада бўлганимда, Абдулла акани аэропортда ўзим кутиб олардим-ку!” деб афсусланардим…
Ўша пайтларда Абдулла Орипов мен учун буюк бир инсон, фариштадек тоза ва беқиёс зот эди. Мен у кишининг пайпоқларини ювишдан, хизматларини бажаришдан уялмасдим.
Ҳатто кўйлакларини ҳам янгамнинг қўлидан тортиб олиб, ювиш ва дазмоллашдан фахрланардим. У кишига шинам шароит яратиб берсам, ўзимни бахтиёр деб билардим.
Студентлик давримда Абдулла аканинг уйларида ўзимни эркин ҳис этардим. Кўпинча икковимиз Олой бозорига бориб, рўзғор учун керакли нарсаларни харид қилиб қайтардик. У киши бир пачка пулни қўлимга бериб, елкамга қопни ташлаб, бозор-ўчар қилдирарди.
Абдулла аканинг уйида мен худди унинг боласидек қадрдон бўлиб қолгандим, ҳамма нарсага ҳаддим сиғарди. У киши менга атаб ҳатто шеьр ҳам ёзганди:
Менинг шеьрларимни севибсан, Исмат,
Шеьрларим номидан сенга кўп раҳмат.
Сира кўрма алам, сира кўрма ғам,
Оламда қанотинг ёзиб юр, болам.
Доим ошно бўлгин самимиятга,
Шунда раҳмат деймиз биз ҳам Исматга.
Шу гапларни айтди таваккал, башанг
Қашқа воҳасидан Абдулла аканг…
17.
Машҳур шоирнинг бир “жигули”си бўларди.
Унга шофёрликка ёлланган бир йигит машинасини миниб кетиб коларди, Абдулла ака уни сўкиб, кутиб ўтирарди. Мен бўлсам орзу қилардимки: “Нима учун мен машина ҳайдашни билмaйман, агар билганимда, ҳозир Абдулла ака анави йигитни эмас, мени сўкаётган бўларди!” деб…
Ҳaттo Абдулла акадан сўкиш эшитиш ҳам мен учун буюк бир мукофот эди!
Шундай қилиб, Тошкент аэропортидан улуғ шоирни кузатиб, мўнғайиб қолган ўксик пайтларимда мен ҳам албатта Москвада ўқийман, у ерда ҳам Абдулла аканинг хизматида бўламан деб аҳд қилганман…
18.
Колаверса, Москвада ўқиш – ҳар қандай йигит-қизнинг ушалмас орзуси эди, ҳамма Москвага талпинарди. Мен ҳам: “Москвада ўқиган одам келажакда албатта етук бир инсон бўлади, амалдор бўлади”, деб ўйлардим.
Дарҳақиқат, Моcква катта пойтахт, йирик шаҳар, дунё сиёсатининг марказларидан бири эди. У кишига ижобий таъсир қилишини мен яхши билардим.
Москвага келганимдан кейин англадимки, хато қилмаган эканман. Москва мени катта орзу-умидлар ва қуйиқ ваъдалар билан кутиб олди. Бу азим шаҳарда кўплаб дўстлар орттирдим.
Москвада муҳит бутунлай бошқача эди. У ерда мажбурий сабоқ берилмайди. Тошкент худди бир чекка вилоят марказига ўхшаб қолади.
Москвада сиз эркинсиз, истасангиз – дарсга борасиз, истамасангиз – ҳеч ким сизга “дарсга келгин” демайди.
Лекин синов-имтиҳонлар пайтида қаторлашиб ўтирган профессорларга “шпаргалка”сиз, эмин-эркин, худди ўртоқларидай уларнинг саволларига жавоб берсангиз бас, сиз навбатдаги босқичга ўтиб кетаверасиз.
Ҳақиқий билим олишни истаган одамлар учун манa шундай эркин ижодий муҳит яратиб кўйилган эди. Агар маърўзалардан қониқмасангиз, бемалол аудиториядаи чиқиб кетаверасиз. Ҳеч ким сиздан: “Қаёкка кетаяпсан” деб сўрамайди…
19.
Бизнинг курсимизда ўн саккиз нафар талаба бор эди.
Лекин “поточная лекция” юз-юз эллик талабаларга қўшиб ўқиларди. Охирида албатта ҳисоб-китоб бўларди. Талабаларнинг билим даражаси синчиклаб текшириб кўриларди.
Кейин мени ўқитувчилар билан талабаларнинг ўзаро муносабати ҳайрон қолдирарди. Танаффус пайтларида улар бир-бирига сигарет бериб, чекишиб, латифалар айтиб, ўзъаро суҳбатлашиб ўтиришарди…
Бизда эса yнaқa бўлиши мумкин эмасди. Москвада бўлса, ўқитувчилар билан талабалар ўртасидаги фарқ сезилмасди, уларнинг ўртасида девор йўқ эди. Сиз ҳаётда мутлақо эркинсиз.
Бизда, Тошкентда комсомол, касаба уюшма ёки бошқа жамоат ташкилотлари доим ҳукмронлик қилишга интилади, одамлар ҳаётини бошқариб туришга ҳаракат қилади. Москвада эса бунақа гаплар йўқ эди.
Тўғри, у ерда ҳам бояги ташкилотлар бор, лекин агар истасангиз, ҳатто комсомол ташкилотининг устидан ҳам сиз ҳукмронлик қилишингиз мумкин, уларга ўз таъсирингизни ўтказа оласиз.
Москвада инсон эркинлиги ва ҳақ ҳуқуқи ҳамма нарсадан устун қўйилган. Ҳар калай Москва – энди бу барибир Москва экан!
Кўпинча амалий машғулотлар ўтказиш учун газеталарнинг редакцияларига борардик.
Мени ҳайратга солган нарса шу бўлганки, энг машҳур газеталарнинг барларида очиқ-ойдин ичимликларнинг ҳар қандай тури сотиларди: истаган ходим истаган пайтида эллик грамм ичиб, ҳамкасби билан уч-тўрт оғиз гаплашиб, яна ишхонасига кириб кетаверарди.
У пайтларда бизда бунақа гаплар йўқ эди…
 


Суратда: Ломоносов номли Москва Давлат университети, журналистика факультети студенти  Исмат Хушев  устози Абдулла Орипов  билан  Москвада, май, 1980 йил.
417
Суратда: Ломоносов номли Москва Давлат университети, журналистика факультети студенти  Исмат Хушев (ўртада) Абдулла Орипов (ўнгда) ва Нормурод Нарзуллаев (чапда) билан Москвада, май, 1980 йил.
(Давоми бор)
3 шарҳ
  1. Хамрокул Аскар
    Хотиралар., имлаб чорлайди,
    Қирларимга адирларимга…
    Тунлар йиғлаб ёшим тўкилди –
    Руҳим сингган сатрларимга…

     

  2. 1 шарҳ

    1. Дильбар Хайдарова

      Исматжон, Московга борган йилингиз, опа сизга келинингизни курсатаман деб, мени хам уша махобатли 36 каватли Ломоносов университетингизга олиб кетгандингиз, келиннинг кимлиги эсимда йугу, узбек киз эди. Роса гурунг бергандингиз…

       

    2. 1 шарҳ

      1. Мен бу асарни ҳар ўқиганимда, Исмат Хушевни қайта ва қайта кашф этиб бораяпман. Умрим бино бўлиб бунақа содда ва самимий ҳикоя ўқимаган эдим. Исмат Хушев журналистикада ҳам бадиий адабиётдан-да, ўлмасроқ асарлар қолишини исботлаб бера олди бу ўлмас асари билан…

Leave a Reply
*