Menu
Categories
Бердиёр Жумаев: Ортиқча ва ўринсиз қарсакбозлик бизга ҳозир керакми? (Муносабат)
01/28/2020 Бош мақола

Бердиёр ЖУМАЕВ,

халқаро журналист.

ҚАРСАКБОЗЛИК ГУЛДУРОСИ – МАДДОҲБОЗЛИК САДОСИ!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига жорий йилда қилган Мурожаати давлатчилигимиз тарихидаги мана шунақанги ҳаётий ўта муҳим даъватларнинг учинчиси бўлди. Уларнинг ҳар қайсиси Ўзбекистоннинг ҳамда ўзбек халқининг тақдири учун фавқулодда улкан аҳамиятларга эга эканлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Аммо мана шу оламшумул Мурожаатларга кўланка ташлаб турадиган умумий салбий жиҳат бордир-ки, бу – Президентнинг мазкур чиқишлари жараёнидаги (эҳтимол, кимларнингдир томонидан атайлаб уюштиришлар оқибатида) узлуксиз ва ўринсиз қарсакбозликлардир.

Залда ўтирганлари-ча, бўлар-бўлмасга, гулдурос чапаклар чалиб, тез-тез ўринларидан туриб кетаётганларнинг ўзларига, балки, билинмас, бироқ бунақанги сохта жазавага тушишларга четдан қараган одам ўзини ноқулай ҳис этиши, янаям аниқроғи, ғижиниши турган гап.

Мана шундайин қалбаки қарсакбозликларни қайта-қайта кузатар эканман, беихтиёр, шўролар замонида ўтказилган КПСС съездлари ҳамда СССР Олий Совети сессиялари пайтидаги совет матбуотида бисёр бора такрорланадиган «охири олқишга айланиб кетадиган, узоқ муддат давом этувчи қаттиқ қарсаклар» («громкие, продолжительные аплодисменты, переходящие в овацию») дейилган таъриф-тавсифлар ёдимга тушиб кетади. Лекин шунақа шароитдаям ўша вақтларда, ҳадеб, ўриндан туриб кетаверишлар йўқ эди: ура-урачиликнинг мана шуниси бизнинг кашфиётимиз бўлди, шекилли…

Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатлари ўзбек «ойнаижаҳони»да тўлиғича намойиш қилинаётган пайтларда мамлакатимиздаги чет эллар дипломатия ваколатхоналарининг раҳбарлари, халқаро ташкилотларнинг намояндалари, бошқа хорижий меҳмонларнинг залда ўзларини тутишларига кўп бора назар ташлаганман. Улар ҳар гал қарсакбозлик бошланганида иложсизликдангина унга қўшилаётганликлари, айниқса, тез-тез ёппасига ўриндан туриб кетишлар вақтида эса, буни жуда малол олаётганларини сезиш қийин эмас…

* * *

2020 йилги Мурожаат эълон этилганидан кейин республика оммавий ахборот воситаларини депутатлар, сенаторлар, вазирлар, ҳар хил мақомдаги бошлиқлар, олимлар, шунингдек, бошқа казо-казоларнинг чиқишлари босиб кетди. Аксарият ҳолларда, улардаям Президентга мадҳиялар, баландпарвоз гаплар, бажарилмайдиган ваъдаларни эшитиш мумкин эди, холос. Бунақанги кетишда Ўзбекистон телевидениеси, радиоси, матбуоти қачон холис ҳамда ҳаққоний бўлишини айтиш қийин.

Ушбу ғайритабиий вазиятларда хаёлга ушмундоқ фикр келади: гарчанд, Мурожаатларнинг бевосита тингловчилари ҳамда оммавий ахборот воситаларида ушбу хусусда жўшиб-тошиб сўзлаётганлар, айни Мурожаатларда белгилаб берилган вазифаларни, бамисоли, уларни эшитиш жараёнларида қилган олқишбозликларидек, шиддат-шижоат билан амалга оширганларида эди, эндиликда ниҳоятда катта самаралар ва улкан натижаларга эришган бўлардик. Минг таассуфлар-ки, аслида эса, буларнинг, мутлақо тескариси кузатилмоқда…

Шундай экан, бизлар хоҳлаймизми ёки йўқми, бунақанги зўрма-зўраки қарсакбозликлар-у олқишбозликларнинг гулдурослари маддоҳбозликлар-у хушомадгўйликларнинг садолари сифатида янграйверади, умуман олганимизда эса, аслидаям-ки, худди ушмундоқдир.

* * *

Балки сабоқ бўлар, эҳтимол юқоридагидек ҳолатлардан тегишли хулосалар чиқаришар, деган ниятда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси бундан олдинги чақириқларининг депутатлари ва сенаторларига йўлланган шеъримни қайтадан эълон этишим мақсадга мувофиқ кўринди.

ЕТАРСИЗМУ БОШИГА ЎЗБЕКИСТОННИНГ?!

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

депутатлари ҳамда сенаторларига…

 

Олий Мажлиснинг, эй, депутатлари ҳам сенаторлари,

Сизларни «муҳтарам» деб, иззатлашга-да бормаюр тиллар.

Чунки эл-юртга муносабатингиз ҳурматга тескари,

Нопок фаолиятингиздан эса, боз, ғашланур диллар.

 

«– Бизлар тинмасдан-тинчимасдан ишлаётирмиз-ку, наҳот,

Кўрмайсан, эшитмайсан, ўқимайсан! » – деб, ургаймисиз дўқ.

Ҳа, йиғинларингиз-у  кенгашларингизни ёритар, фақат,

Афтидан, теле-радио, матбуотдаям бошқа эрмак йўқ!

 

Кошки, машваратсозлик билан зил муаммолар ечилса,

Ёинки жўнашиб кетса, барорсиз-юришмас юмушлар.

Қани, мажлисбозлик ланг иқтисодиётга наф келтирса,

Ва ёким, ўнгланса-енгиллашса, абгор-ночор турмушлар?..

 

Таассуф, бундай бўлмаган, бўлмаяпти, бўлмас ҳеч қачон,

Мўъжиза рўй бермаслигини жудаям яхши биласиз!

Кўксингизга муштлайсиз-у халқнинг вакилларимиз, дебон,

Элга хизмат эмас, хожаларингизга қуллик қиласиз.

 

Унутманг: халқнинг аҳволи ишингизга ягона мезон,

Ҳозир у хор-зор, оч-яланғоч, демак-ки, баҳонгиз чакки.

Милёнлаб ўзбек ишсиз-ошсиз – юртда-ётда санқир сарсон,

Миллат фожеълари барчангизга тепки-тарсаки-дакки!

 

Холис сўзланг: Ўзбекистонникидай лаббайгўй парламент,

Нечук замонда, қай томонда-ю қаён маконда ўтган?

Юз фоизиям қуллуқчилар – «хўп-хўп»чилардан иборат,

Депутатлар-сенаторлардан, аҳмоқдур, дадиллик кутган…

 

Негаки, Олий Мажлисда тўғри-нотўғрини баробар,

Бир овоздан маъқуллайсиз, тўла қувватлаб-қўллагайсиз.

Дунёвий парламент амалиётига зид бориб – саросар,

Депутат ҳамда сенатор номлариниям булғагайсиз!

 

Нечун ноҳақлиги учун ҳукуматга ё президентга,

Эътироз билдиролмайсиз ёхуд танқидга тутолмайсиз?!

Булар хос ва мос қоидалар-ку, жаҳоний этикетга,

Очиғи, қўрқоқлигингиздан жазм-у журъат этолмайсиз!

 

Бизда демократия мавжуд деб, кўпиртиргайсиз оғиз,

Аслида адолат, эркинлик, эътиқод, ҳақ-ҳуқуқ поймол.

Қонунлар ўликлигидан журм-у жиноятлар жазосиз,

Яна яғмо-ғорат, ўғирлик-порахўрлик – одатий ҳол!

 

«Келажаги буюк давлат қураяпмиз!» – деб, сўйларсиз лоф,

Мазкур сафсатангизни муҳитнинг ўзи чиқарди йўққа.

Ниҳоят, энди жонларига тегиб алдов ила авров,

Фуқаролар барингиздан қўл ювиб, урмиш қўлтиққа.

 

Таълим ислоҳоти мактабни-маорифни «еб» битирди,

Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг самараси – барбод.

Оқибат, лак-лаклаб фарзандлар истиқболини йитирди,

Натижада, ўсаётир чаласавод-касалманд авлод.

 

Оналари йиғлаган, аёллари бўзлаган мамлакат,

Парламенти, энг аввало, арзигай айламоққа яксон.

Бефарқсиз-ки, хотин-қизларимиз қадрсиз, қийналган ғоят,

Бўйнингиздаги зил гуноҳларни, хуллас, ювмоқ эмас осон.

 

Жамият бедодгарлигини, зинҳор, мумкинмас сезмаслик,

Элнинг сабр товоғи тошди, асаби таранг – тортар ёйни.

Тузум таназзулин-инқирозин, даркор, хаспўшламаслик,

Сизлар-чи, гўё этак бирла яширмоқчисизлар ойни!

 

*      *      * 

 

Айтинг-чи, Ватан учун, асло туйгайсизму масъулият,

Тағин, халқ ҳаётигаям жавобгарлик ҳис этарсизму?

Ё зўрларга ялтоқланиб, нуқул, кўзлаб фойда-манфаат,

Охир, шарманда-шармисор бўлиб сафлардан кетарсизму?!

"1" Comment
  1. Азизбек

    Балли! Домлага hахмат! Рост, шу гулдурус қарсакларни куриб биз, томошабинлар уялиб кетяпмиз! Президентни узлариям ноқулай вазиятга тушиб қолиши турган гап! Уят де, уят!!! ( Узоқ давом этган гулдурус қарсаклар)

Leave a Reply
*