Menu
Categories
Кенжабий: КЎНГЛИМДАГИ ПРЕЗИДЕНТ Янги асар (7)
02/02/2020 Бош мақола

7. МИЛЛИЙ ҒОЯ ВА МАДДОҲИЗМ

Миллий ғояни бақирув билан ҳам, чақирув билан ҳам амалга ошириб бўлмайди. Миллий ғоя фақат чиройли амаллар орқали амалга ошади. Миллий ғоя коррупцияга, порахўрликка, давлат мул-кини талон-торож қилишга, жаҳолатга, кўзбўямачиликка, таъмагир-ликка, қаллобликка қарши доимий кураш, дегани.

Туркия киночиларининг тарихий шахслар ҳақидаги филмлари туркий халқлар учун – бу миллий ғоя. Халққа садоқат – бу миллий ғоя. Раҳбарларнинг сўз ва иш бирлиги, халқнинг хизматида бўлиши – бу миллий ғоя. Кутубхоналарга 10-15та китоб олиб бериш ҳам – бу миллий ғоя. Битта маҳалладаги иқтидорли, лекин қўли калта оила-нинг фарзандини биргаликда ўқитиб бериш ҳам – бу миллий ғоя. Ўз ташаббуси билан битта кўчага тош ётқизиб, асфальтлаб бериш ҳам – бу миллий ғоя. Порахўрнинг юзига порхўрлигини айта билиш ҳам – бу миллий ғоя.

Чорак аср давомида шоир ва адибларимиз, журналистларимиз миллий ғоя ҳақида сафсата сотишдан нарига ўта олмадилар. Чунки миллий ғояни кўтариб чиққан, байроқ қилган зиёлиларимизнинг бир қисми маддоҳлик туғи остида қабоҳат салтанатига асос солдилар. Бу маддоҳларнинг мамлакатга келтирган зарари энг қаттол экстримист-лар жиноятлари зарари кўламидан ҳам ошиб тушишини англаган инсон борки ўзини қўйишга жой тополмайди.

Юртга фидоларни қилиб сиз эъзоз,

Пойига гуллардан тўшанг поёндоз.

Лек элни чалғитар маддоҳ аҳлининг,

Оғзига қўрғошин қуйсангиз-да оз.

Маддоҳлар келтирадиган зарар мамлакатни беш-ўн йиллаб эмас, балки, юз йиллаб орқага ташлаши тарихимизда кўп бор учрайди. Биз ҳамон шу мудҳиш қусурдан қутила олмаяпмиз. Қуруқ мақтов, ҳамду санолар. Баъзи ҳукумат раҳбарларининг ўз халқи ва давлатига қилган жиноятларини давлат сири деб тушунтиришга ҳаракат қилувчилар ҳам жазоланиши керак. Давлатга иқтисодий зарар келтирганлар жазога тортилади-ю, бутун бир жамиятни чал-ғитган ва бу давлатнинг барча тизимларига салбий таъсир қилган, ёлғон ва пуч ғояларга инонтирган маддоҳлар ҳар сафаргидек бу гал ҳам сувдан қуруқ чиқадиган бўлишса бошланган ислоҳатларга кўп-чиликда гумонсираш кучаяди. Ахир мамлакатни чорак аср бошқар-ган олчоқ ва қаллобларни қаҳрамон даражасига кўтарганлар ҳам ўша маддоҳлар эмасми?

Кино ва театрларимизда буюк тарихий шахсларимизнинг ҳаёт йўлларини очиб берувчи саҳналар, бир неча империяларга асос солган саркардаларимиз ҳаёти ҳақида сериаллар яратиш миллий ғоямизнинг жон томири ҳисобланади. Бобораҳим Машрабни дор тагига олиб келган қандай куч эди? Қандай эътиқод эди? Беҳбудий кимларнинг буюртмаси билан қатл қилинди? Нега “Ўткан кунлар” китобини бир неча бор ўқиймизу, унинг муаллифи Абдулла Қодирий сиймоси кино ва театр саҳналарида ҳанузгача яратилмади?

Агар Абдулла Қодирий сиймоси яратиладиган бўлса Қодирий устидан бўҳтон хатларини уюштирган, ҳозирда кўча ва хиёбонларда савлат тўкиб турган баъзи адибларимизнинг ҳайкаллари олиб ташланиши керак бўлади. Орадан саксон йил ўтса ҳам архивлар тилга кирганда “буюк” деб юрган баъзи адибларимизнинг қўллари тирсагигача қонга ботгани халққа ошкор бўлишидан чўчияпти-ларми? Лекин, барибир, А. Қодирий образи яратилиши ва саҳна-ларда қўйилиши керак. Йўқса, тарихимиз сахталаштирилаверади. Авлодлар боримиз шу экан-да, деб юришаверади.

Қуруқ қошиқ оғиз йиртар, деганларидек, қуруқ чақирув ва шиорлар билан миллий давлатчилик олдида кундаланг турган муам-моларни ҳал қилиб бўлмайди. Буни ислоҳатлар даврида кўраяпмиз. Илгариги раҳбарлар даврида халқнинг давлатдан кўнгли совугани, ихлоси қайтганига юқоридаги фикрларимиз битта далилдир, холос.

Ҳатто, ўз халқини оёқ ости қилувчи бундай мустақилликнинг кимга кераги бор, деган пичингларни эшитганимда, алам ва нафратдан ўзимни қўлга олишга ожиз қолган пайтлар бўлган. Лекин, ҳовуримдан тушиб, дўппини бир жойга қўйиб, ўйлаб қарасам мустақиллик бир гуруҳ олғирлару порахўрлар, мансабдорлару маддоҳлардан бошқа кимга наф келтирди, мустақиллик мустақул-ликка айланиб кетмадимикан? – деган хавотирли саволлар қийнаганида мунис халқим кўзларига қаролмай юрган кунларим кўп бўлган. Миллий ғоя билан маддоҳизмни аралаштириб юбориш мамлакатни жарлик сари етаклашини ёшларимиз хаёлдан қочирмасликларини истардим.

Ватанни куйламоқ яхши. Унга атаб юракларни ларзага келти-рувчи, талпинтирувчи ажойиб шеърлар ёзмоқ таҳсинга лойиқ. Лекин уни шунчаки қуруқ сўзлар билан севиб ҳам, севдириб ҳам бўлмас-лигини юқорида таъкидлаган эдик. Қалами чархланган, дунёга ўзи-нинг салмоқли сўзи ва фикрини айта олган шоирлар ижодини кузат-сангиз уларнинг она ватан ҳақида ёзганлари жуда кам. Сабаби, улар бу мавзунинг муқаддаслигини сезгани ҳолда бунга жуда эҳтиёткор-лик билан ёндашганлар ва шу сабабдан бу ҳақда жуда кам битган-лар. Бу уларнинг ватанни куйлайман, деб кулгули ҳолатга тушиб қолишларидан ўзларини тийганларида.

Ҳеч бир давлат миллий ғоясиз яшай олмайди. Миллий ғоя давлатнинг эртасини белгиловчи дастурдир. Лекин миллий ғояга урғу беравериб маддоҳизмга берилиб кетмаслик керак. Миллий ғоя билан маддоҳизм сув билан ўт. Маддоҳизм ҳеч қачон миллий ғоя бўлмаган ва бўлолмайди ҳам. Маддоҳизмга йўл очган, уни қўллаб-қувватлаган давлат ўзига гўр қазиган билан баробардир. Не-не буюк давлатларнинг тарих саҳнасидан тушиб, йўқ бўлиб кетиши сабаб-лари кўп бўлмаса ҳам, маддоҳизмнинг “хизмат”лари катта.

Миллий ғоя агар у мустаҳкам пойдеворга эга бўлса миллатнинг ички, яширин қувватини яратувчилик ишларига йўналтиради ва худ-ди бугунги ислоҳатлар каби буюк ўзгаришларни амалга оширишга олиб келади.

Маддоҳизм диктатура бошқарувидаги давлатларда илдиз отади, унади, ўсади. Гуллаб, мевалар тугади. Оқибатда бутун мамлакатда маддоҳлар қавми пайдо бўла бошлайди. Муаммолар хаспўшланади. Муаммони гапирганларнинг оғзига урилади. Маддоҳизм муҳиблари ҳақпарастларни, адолатпарварларни тазйиқ ва қувғин қилишда бош-қош бўладилар. Маълумки, адолат бузилган жойда давлат устун-ларига дарз кета бошлайди. Чорак аср давомида диктаторга ҳамду санолар ўқиш билан нимага эришганимизни бугунликда бутун дунё кўриб турибди. Яхшиям мамллакат бошқарувига халқпарвар, юрт-парвар инсон келди. Агар бошқа бир латтачайнар мамлакат жиловини қўлга олганда борми эди. Эҳ-ҳе. Бу ёғини ўйласанг юрагинг орқа-га тортиб кетади.

Ҳозирги даврда қуруқ ғояга ҳеч ким эргашмайди. Қуруқ чақириқ ва шиорлар ўтмишда қолиб кетган. Ҳозир информация ва янги технологиялар даври. Ҳар қандай ахборот лаҳзанинг ўзида бутун дунё бўйлаб тарқалмоқда. Ахборотлар йиғилиб, таҳлил қилиниб, илмга айланмоқда. Қай бир халқнинг илми зўр бўлса дунёни ўша бошқаради. Дунё ҳамжамияти ўша халқнинг сўзини тинглайди. Президентимиз Ш. Мирзиёев шунинг учун ҳам халқи-мизни китобхонликга, илмга чорлаб, неча бир қарор ва фармонлар чиқариб, илм-маърифатга маблағлар ажратаётгани бежиз эмас. Китобхонлар рағбатлантирмоқда. Нима, давлатнинг пули ошиб-тошиб, сочилиб ётибдими? Йўқ, албатта. Президентимиз бу ҳаракат-лари билан халқимизни янада саводли ва билимли қилиш, дунёга ўз сўзини айтадурғон ва ўз сўзини ўтказадурғон авлодлар тарбиясини мақсад қилган.

Қонунчиликда экстримизмга, порахўрликка қарши жиноий моддалар бор экан, маддоҳизмга ҳам қарши қонунлар қабул қилиш даври аллақачон келган, деб ўйлайман. Маддоҳизмнинг жамиятга салбий таъсири порахўрлик, экстримизм келтириб чиқарадиган зарардан кўп бўлса кўпки, асло кам эмас. Чунки жамиятда содир бўлаётган камчилик ва нуқсонлардан кўз юмиш, бўлар-бўлмас қуруқ олқиш ва чорловлар орқали хаспўшлаш натижасида катта ўпири-лишлар юзага келади. Сўнгра бу нуқсонларни бартараф қилиш учун йиллар сарфланади. Қанча маблағ. Маблағ-ку, майли. Вақт-чи? Йўқотилган, қўлдан чиқарилган фурсат-чи? Вақтинг кетди, нақдинг кетди, дейдилар. Беҳуда кетган фурсатни қувиб етиш учун 2-3 баробар тезроқ ва кўпроқ ишлашга тўғри келади. Бошқа давлатлар эса ҳар томонлама ривож топиб, биздан анча узоқлашиб, олдинлаб бораверади. Шу боисдан ҳам маддоҳлар барча жиноятчилар қатори жазоланиши лозим. Йўқса, қуруқ мақтовлар, кўзбўямачиликлар, порахўрликлар давом этаверади. Токи тараққиётимизга тўшов бўл-масин десак, бу иллатдан қутулай десак, маддоҳизмга қарши қонун қабул қилишимиз шарт.

Ш. Мирзиёев ҳокимият тепасига келгунга қадар давом этган 25 йиллик давр мабойнида маддоҳизм шу даражада илдиз отган эдики, шохига урсанг саройлар силкинар даражага келганди. Юртпарвар, миллатпарварлар ўғлонларнинг босган ҳар қадами кузатувда бўлди. Бир замонлар юртни босиб олган босқинчилар юрт озодлиги учун курашганларни босмачилар деб тамға босганлари каби, буларга ҳам экстремист, бузғунчи, ватан хоини сифатида қаралди. Истаса, кўчада кетаётган ҳар қандай одамни турмага ташлаб бир кунда қип-қизил жиноятчига айлантириш даражасигача бориб етдилар. Ҳақиқий шоир ва ёзувчилар кўчаларга ҳайдалди. Матбуот, телевидение эшик-лари улар учун ёпилди. Номи қора рўйхатларга тиркалди. Қуруқ мақтов, олқишлардан энсалар қотар даражага келди. Қадамда кўз-бўямачилик, қадамда ёлғон. Ҳақни сўзлар тиллар кесилди. Оғизларга қулфлар урилди. Шунда ҳам бу урилган қулфлар калитини топган-лар, юрагида ўти борлар имкон бўлди дегунча борини айтишнинг уддасидан чиқдилар. Улар ҳақиқат аталмиш яловни жирканч, ювуқ-сиз қўлларга топширмади. Сўзни илоҳий қудрат билгувчилар қийноқ ва азобларга ҳам, туҳмат ва бўҳтонларга ҳам кўксини қалқон қилди. Халқи ва юртига наинки тилларида, ҳатто хаёлида ҳам хиёнат қил-мадилар. Уларнинг ушбу кунда юзлари кундан-да ёруғ. Маддоҳ-ларнинг эса нафаси ичига тушган. Иштонини ҳўллаб қўйган боладай кўзлари олазарак.

Қўшнилар билан яқин алоқада бўлиш, ўтган камчиликлари-мизни рўйи рост айтиш Ўзбекистоннинг жозибасини оширмоқда. Бизга қўшниларимиз, узоқ-яқин қардошларимиз талпинмоқда. Бу умидларни оқламоқ ҳар бир Ўзбекистон фуқароси учун принципиал-

ликни – юртга садоқатни, сидқидилдан хизмат қилишни тақоза қилади.

Миллий ғоя маддоҳизмга айланиб кетмаслиги зарур. Акс ҳолда давлатни инқироз кўчасига етаклайди. Биздан зўр миллат йўқ, деб кўкракка уриш билан, келажагимиз буюк бўлади, буюк давлат қурамиз, деган қуруқ шиор ва даъватлар қанчалар жозибали эштил-масин, бунга ҳеч ким ишонмайди ҳам, эргашмайди ҳам. Одамзот кўриб турган нарсасига ишонади, ўшангагина эргашади. Халқимиз 100 йил давомида қуруқ шиор ва чақириқлардан роса ҳам тўйган. Бу чақириқлар оқибати сароб бўлиб чиққанлиги яқин тарихимиз мисолида янада аниқроқ намоён бўлади. Фақат сабот ва бардош билан ишлаган, ишлаганда ҳам замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга қўллаган ва ишлаб чиқарган маҳсулотларни жаҳон бозорларида кўнгилдаги нархларда сота олган тақдиримиздагина буюк келажакни қуришимиз мумкин.

Кўплар чет эллардан бошпана излаб чиқиб кетишга мажбур бўлишди. Мамлакат олдида турган муаммоларни кўтариб чиққанлар жамиятга қутқу солувчилар, уни парокандаликка олиб келувчилар, деб баҳоланди. Пайтида мустақилликка қарши турганлар мансаб-ларга кўтарилди ва мустақиллик орден ва медаллари билан тақдир-ланди. Халқ куларини ҳам, йиғларини ҳам билмади. Бу лўттибоз-лардан кундан кунга умиди сўниб борди.

Президентимизнинг кўзбўямачиликка, қуруқ мақтов ва олқиш-ларга қарши айтган сўзларига қарамасдан яна ялоқхўрлар пайдо бўлмоқда. Уларнинг раҳнамолари ҳамон савлат тўкиб мамлакат тарғибот идораларини бошқармоқдалар. Халқнинг савиясини чорак аср давомида тизгинлаб турган олчоқлар қилмишлари эл-юртга ошкор қилиниши керак. Буларнинг қилмишлари минглаб террор-чилар қилган жиноятидан ҳам ошиб тушди. Террорчилар жисмонан йўқ қилсалар, маддоҳлар миллатни руҳан мажрух қиладилар. Ура-урага ўргатадилар. Бир тўп манқуртлар авлодини дунёга келтиради, натижада бутун бир миллат руҳи фалажга айлантирилади. Энди таққослаб кўрингчи: Суриядаги ИШИДдан биздаги маддоҳларнинг қай бири мамлакатга кўпроқ зарар етказган? Ватан, ватан, деган билан ҳеч ким ватанпарвар бўлиб қолмайди.

Маддоҳизм асорати асрларга чўзиладиган эпидемия, сурункали касаллик. Суяк суриб келаверади гўё. Шу боисдан ҳам курашларнинг кураши бу маддоҳизмдир. Ўз –ўзига маҳлиёлик, ўз-ўзини олқишлаш нималарга олиб келганлигини кўриб турибмиз.

Яратилган имкониятлардан бир тўп маддоҳлар аҳли фойда-ландилар, бошқаларни бу даврага киритмадилар. Улар ислоҳатларни тилда тасдиқласалар ҳам, дилда зимдан тўсқинлик қиладилар. Жуда нари борса бепарволик қиладилар. Бепарволик эса яна эски, бўл-мағур, чиркин ақидалар яшашига имконият яратади.

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

Leave a Reply
*