Menu
Categories
Исмат Хушев: 1 китоб, 20 боб ИЖОДКОРЛАР ЁТОҚХОНАСИ
02/05/2020 Исмат Хушев: "Подшо эркатойининг саргузаштлари" (1-китоб)
Исмат Хушев, Канада.
UzbekDunyo@hotmail.com
(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари)
Биринчи китоб. 20 – боб.
Умри – сaбoқ, дaрслигигa гумoн йўқ,
Мубoҳaсa, бaҳслигигa гумoн йўқ.
Тaрихий шaхс эмaсдир-у вa лекин,
Исмaтжoннинг шaхслигигa гумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
431
Суратда: Исмат Хушев (чапда) “Оила ва Жамият” газетасининг собиқ Бош муҳиррири, айни пайтда –  Ўзбекистон Ахборот Агентлиги (ЎзА) Бош директори ўринбосари Қулмон Очил билан, 1993 йил…
ИЖОДКОРЛАР ЁТОҚХОНАСИ
(Қулмон Очил, Абдимўмин Тиловов, Карим Баҳриев ва Азамат Суюновлар ҳақида)
1.
Ўша даврга алоқадор архивимни кўздан кечираётсам, Абдулла Ориповнинг тугалланмаган битта шеъри чиқиб қолди:
“Бўлурман суҳбат ичра гоҳо Исмат билан бир кун,
Ўтарким яхши даврон ҳам дуруст улфат билан бир кун”
деб бошланувчи мазкур шеър ғазал йўналишида ёзилган бўлиб, унинг яккаю-ягона нусхаси сақланиб қолган экан.
Бундан ташқари яна бир гўзал ғазал ҳам борки, Абдулла Орипов ўзининг шундай ўлмас ва бетакрор асарлари менда борлигини эҳтимол билмас.
Биз баъзан Муҳаммаджон Раҳмонов билан учрашиб қолган дилхуш дамларда шароб ичиб, шеър айтишни яхши кўрардик.
Муҳаммаджон ака, айниқса, менинг биринчи муҳаббатимга бағишлаб ёзилган ўша машҳур ғазалнинг
“Айлагил озроқ карамким, ул каби қул олдида.
Ахмару-оташ ўзинг-ку, кулмагин кул олдида…”
деган сатрларини тинглаб, Абдулла Орипов барибир буюк шоир деган хулосага келарди.
Мен, бир пайтлар телбаларча меҳр қўйган устозимнинг бу бетакрор шеърий дурдоналарини, яхши ва ёруғ кунлар келиб, китобларим Ўзбекистонда чоп этилиши мумкин бўлган муборак кунларда, тўлалигича эълон қилиш ниятидаман…
2.
Энди шахсий ҳаётим масаласига келсак, 1987-йилнинг 31-октябръ куни менинг тўнғич қизим – Ҳулкарим туғилди.
Ҳануз Оқтепадаги ижарахонада яшардик. Эсимда, оиламни биринчи шаҳар касалхонасига олиб борганмиз. Ўшанда Қулаҳмад ака Ризаев бош врач эдилар.
Наргиснинг қон босими кўтарилиб кетган, биринчи фарзанд туғилиши эди. Туғилиш жараёни оғир кечади. Шунда Қулаҳмад ака рафиқамни оғир аҳволдан сақлаб қолганлар.
Қулаҳмад ака доим биз ижодкорларга қўлидан келганча яхшилик қилиб келганлар, Билмадим, рафиқалари Бернора Қориева санъаткор бўлганлари учуми, ишқилиб, Қулаҳмад ака бизга ўзгача меҳр кўрсатардилар.
У кишидан умрбод миннатдор ва қарздормиз…
3.
Ўшанда Ўлмас Умарбеков Маданият ишлари вазири эди.
Иброҳим Ғафуров у киши билан қадрдон экан. Мен оилам билан ижарахоналарда қийналиб юрганимни билиб, жуда катта ёрдам берганлар.
Шу ўринда яна бир нарсани очиқ айтиб ўтишим керак: биз Карим Баҳриев икковимиз “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ходимлари орасида ўқувчилардан энг кўп хатлар олардик. Бу хатларнинг аксарини олдинги бобларда эълон қилдик.
Муқаддам таъкидлаганимдек, менинг тилга тушган мақолаларимни Иброҳим ака эринмасдан таҳрир қилиб берарди. Бизнинг Иброҳим ака билан яқинлигимиз Аҳмаджон Мелибоевнинг ғашини келтирарди.
Умуман, газета редакциясида бир-бири билан зимдан рақобатлашадиган иккита гуруҳ пайдо бўлганди.
Хусусан, Абдунаби Ҳайдаров, Бекқул Эгамқулов, Ашурали Жўраев, Рашид Раупов, Камол Матёқубов, Ёқубжон Хўжамбердиев, Мурод Абдуллаев ва Аҳмаджон Мелибоев бир тараф бўлса, биз – Иброҳим Ғафуров, Маҳмуд Саъдий, Карим Баҳриев ва мен яна бир тараф (гуруҳ) эдик…
4.
Қизиқ ҳолат мавжуд эди. Очиғи, Иброҳим ака бизни кўп балолардан асраб юрарди. Лекин у киши ҳеч кимни “Зўр ёзяпсиз, офарин!” деб мақтамасди. Аввало, Иброҳим ака мендан ҳадиксираб юрди.
Кейинчалик билсам, у киши нима учундир профессор Очил Тоғаев билан унчалик чиқишмаскан – ораларидан қора мушук ўтган экан.
Биз эса, Очил Тоғаев билан салкам ота-бола эдик. Устига-устак, мен Қашқадарёдан – домланинг ҳамюрти эдим.
Шу нарса Иброҳим акани чўчитиб юрарди, чамамда. Иброҳим аканинг менга меҳри тушиб қолишига бир воқеа сабаб бўлади.
Одатда, мен топшириқларни бажаришга жон-жаҳдим билан киришардим.
Бир куни Аҳмаджон Мелибоев менга қандайдир топшириқ беради. Кундуз куни керакли маълумотларни тўплаб, кечаси билан ишхонада машинкада мақола ёзиб, тонг отганини ҳам билмай қолибман.
Машинкада тез ёзаман: Москвада ҳам, армияда ҳам машинкада тез ёзишнинг ҳавосини олганман.
Ёзаётган пайтимда тўлган саҳифаларни столнинг устига, агар столга сиғмаса – полга ёйиб қўядиган одатим бор. Чунки керакли саҳифани излайдиган бўлсам, қоғозни варақлаб ўтирмасдан қараб олишим осон бўлиши учун шундай қилардим.
Хуллас, бир куни тонг саҳар редакциядаги осойишталикдан фойдаланиб машинкада мақола ёзиб, саҳифаларни йўлаккача ёйиб, ишлаб ўтирсам, негадир Иброҳим ака келиб қолдилар.
Билмадим, бозорга чиққан эканларми, сейфдан пул олиш керак эканми, ишқилиб, кутилмаганда редакцияга келадилар ва менинг ишлаб ўтирганимни кўрадилар.
Дам олиш куни эди. Дик этиб ўрнимдан туриб салом бердим, саломимга алик олдилар-у, ўз ишларини битириб чиқиб кетдилар. Боя айтганимдек, у киши “э-э, қойил!” деб одамни ҳовлиқтириб юбормайдилар…
5.
Душанба куни редакцияда йиғилиш бўлади. Мен қаёққадир кетгандим, мажлисда йўқ эдим.
Шунда Иброҳим ака:
– Мен Исматжонни жиддий қабул қилмас эдим. Жуда ажойиб йигит экан. Машинкада қандай тез ёзишини, ижод билан қандай шуғулланишини кўрдим. Айрим ўртоқлар қандай ишлашни Исматжондан ўргансалар ёмон бўлмасди, – деган эканлар…
Ўша воқеадан сўнг биз Иброҳим ака билан иноқлашиб кетдик.
Кейин Ёзувчилар уюшмасида Иброҳим аканинг 50 йиллик юбилейи бўлади ва унда мен сўзга чиқиб: “Иброҳим аканинг яхши одам, яхши таржимон, яхши мунаққид эканини ҳамма айтаяпти. Лекин Иброҳим ака биз ёш эрлар учун ҳам ўрнак бўладилар. Мен у кишининг телефонда ўз рафиқаларига “Ойдинжон” деб мурожаат этганларини эшитганман”,  – деганимда залда гулдурос қарсаклар янграйди.
Кечқурун эса Очил Тоғаев менга қўнғироқ қилиб: “Сен қандайдир муттаҳамни мақтадинг, тутуруғинг йўқ экан-ку!” деб дашном беради.
Ўшандан сўнг мен Очил Тоғаевнинг “шогирдлари” сафидан чиқарилган эдим…
6.
Иброҳим ака истеъдодли, умидли ёшларнинг бошини силардилар. У киши айрим кимсалардек маҳаллийчи эмас.
Бир куни Иброҳим ака мендан қаерда яшаётганимни сўраб қолдилар. Мен бор гапни айтдим. Шунда Иброҳим ака Ўлмас Умарбеков номига хат ёзиб бердилар: “Газетамизнинг истеъдодли ходими Исмат Хушевга Маданият вазирлиги қарамоғидаги ётоқхонадан жой ажратиб беришингизни сўрайман”, деб ёздилар.
Хатни олиб “Навоий 30” да жойлашган Маданият вазирлигига бордим.
Иброҳим ака телефон қилган шекилли, қошлари камондек гўзал котиба мени кўриши биланоқ: “Сиз адабиёт газетасиданмисиз?” деб дарҳол ичкарига таклиф қилди.
Вазирнинг хонасига кирганимда Ўлмас ака мени ўрнидан туриб кутиб олди. Узун ва кенг  кабинетининг ярмигача юриб келиб кўришди.
Сўнг хатни қўлимдан олиб,  дарҳол “Берилсин!” деб имзо қўйиб берганди.
Биз тез кунларда Наргис ва Ҳулкар қизим билан Хадрадаги тўққиз қаватли оилавий ётоқхонага кўчиб борганмиз…
7.
Маданият вазирлигига қарашли, Ҳамза театрининг орқасида қад ростлаган бу ётоқхонада асосан санъаткорлар истиқомат қилишарди.
Бизга тўққизинчи қаватдан жой беришди. Қўшни хонада Муҳаммадали Абдуқундузов оиласи Валя опа ва икки ўғли билан яшарди.
Ҳозир у киши Ўзбекистонда машҳур санъаткорлардан. Айниқса, Бобур ролини қойилмақом қилиб ижро этганларидан сўнг эл назарига тушдилар.
Кейинчалик иккинчи фарзандим – ўғлим айнан шу ётоқхонада дунёга келди.
Унга Шукрилла Мирсаидовнинг таклифи ва Ислом Каримовнинг розилиги билан “Ислом” деб исм қўйганмиз.
Бу пайтда Ислом Каримов республика раҳбарлигига келганига эндигина бир ой бўлганди.
Бу ҳақда иккинчи китобнинг “Ислом аканинг биринчи отдоши” номли бобида батафсил ҳикоя қилинади…
8.
Ислом Каримовнинг ҳокимиятга келиши ва ўғлимнинг туғилиши баробарида менинг ҳам ғариб ва нотавон, лекин курашчан ҳаётимда нурли ва юлдузли, декин сокин ва осойишта кунлар бошланади.
Биз эса, ўзимиз учун азиз ва қадрдон бўлиб қолган ғариб ва кўримсиз ижодкорлар ётоқхонасидан ҳукуматнинг кўркам ва муҳташам дачасига кўчиб ўтамиз.
Лекин буларнинг ҳаммаси ҳақида кейин. Ҳозирча эса Ўзбекистонга Рафиқ Нишонов раҳбарлик қилиб турибди.
Ислом Каримов ҳали узоқда – Қашқадарёда…
9.
Қулмон Очил, Абдумўмин Тиловов, Карим Баҳриевлар ҳам Хадрадаги ўша оилавий ётоқхонада яшардилар.
Қизиқ, дастлаб мени ҳар тонг хизмат машинаси ётоқхонадан ишга олиб кетарди. Сўнг, кўп ўтмай – депутат бўлгач Карим Баҳриевга ҳам хизмат машинаси кела бошлади.
Қулмон билан Абдумўмин гоҳ менинг, гоҳ Каримнинг машинасида ишга кетишарди. Бу хизмат машиналари бир неча бор алмашди, янгиланди.
Кейин йиллар ўтиб, аввал мен, сўнг Каримжон бирин-кетин улардан айрилдик. Биздан сал кейинроқ мансаб пиллапояларига чиққан Қулмон ва  Абдумўминларга ҳам кейинчалик хизмат машиналари кела бошлади.
Улар Президент билан яқин бўлиш бахтига муяссар бўлмадилар. Биз эса Каримжон билан Президентга шахсан таниш эдик – у билан, не бахт ва ё не кулфатки, яқин эдик!
Бу йиллар давомида бизнинг шўрлик бошимиз не-не азоб-уқубатлар кўрмади, подшоликнинг – саройнинг не-не сиёсий найранглари ва ўйинларига дуч келмади, дейсиз.
Қуёшга яқин бўлсанг куйиб кетасан, узоқ юрсанг, тафтини қўмсаб қоласан дейишгани шу бўлса керак-да…
Ажаб дунё. Биз Карим иккимиз ҳукмдорга яқин бўлганимиз боис шу мўъжаз умримиз давомида не не балоларни кўрмадик. Не не мансаблардан урилмадик…
Лекин подшога унчалик яқин бўлмаган Қулман ва Абдимўминлар урилмай нетмай бемалол ишлаб юришибди…
10.
Абдумўмин Тиловов – самимий ва дилкаш йигит. Биз бир муддат “Адабиёт” газетасида бирга ишлаганмиз.
Ўшанда унинг Чироқчидаги сариқ касаллиги муаммосига бағишлаб ёзилган мақоласи республикада катта шов-шувга сабаб бўлган ва унга анча обрў келтирган эди.
Кейин Ислом Каримов ҳокимиятга келиб, ўзим Бош муҳаррир бўлгач, масъул котиб бўлиб менга ишга ўтди. Икки-уч йил ишлагач, “ойлиги катта экан, форма бераркан, унвон учун ҳам ҳақ тўларкан” деб “Постда” газетасига ўтишига кўмаклашишимни илтимос қилди.
Ўшанда Ички Ишлар Вазирининг кадрлар бўйича ўринбосари Равшан Ҳайдаров эди, у кишига айтиб ишга жойладим. Сўнг кўп ўтмай: “Бу ер бизга тўғри келмас экан. Лекин энди бўшатишмаяпти” деб яна илтимос қилди.
Ички Ишлар соҳасига ишга кириш ҳам, бўшаш ҳам жуда қийин экан, энди вазир Зокиржон Алматовдан илтимос қилишга тўғри келди…
11.
Умуман, Президентга яқин бўлиб юрган пайтларимда Ички Ишлар вазирига турли масалаларда бир неча маротаба мурожаат қилганман.
Аксарият ҳолларда органдан ноҳақ урилган кишиларни ҳимоя қилиб вазир ҳузурига борардим. Зокиржон ака мени ҳар гал иззат-икром билан кутиб олиб, илтимосларимни ижобий ҳал этишга ҳаракат қиларди.
Ҳатто бир гал у кишининг қабулидан совға сифатида маҳбуслар қамоқхонада ясаган ажойиб ханжар олиб қайтганман. Кейин эса кўп ўтмай ўша совға берилган бинонинг қон ва тер ҳиди анқиб турган ертўласида узоқ муддат ҳибсда ҳам бўлганман…
Ана шулар ҳақида ва шу баҳонада бу одамнинг ўзбек давлати ва сиёсатидаги ўрни борасида иккинчи китобнинг “Машинамнинг ўғирланиши ёки Зокир Алматовнинг сиёсий портретига чизгилар” номли бобида батафсил ҳикоя қилинади…
12.
Хуллас, Абдумўмин дўстим “Постда” газетасидан бўшаганидан сўнг, божхонада ишлашни орзу қилиб қолди.
Ўшанда Божхона Давлат Қўмитасининг бошлиғи – милициядан чиққан машҳур ўзбек генерали Ўрайимжон Абдуғаниев,  Миллий Хавфсизлик Қўмитаси мулозими Юлбарс Шералиев унинг биринчи ўринбосари эди…
Бордик. Қўмита – ҳозирги шаҳар бошқармаси жойлашган Чилонзордаги бинода эди. “Исмат Хушев айтганидан кейин йўқ деб бўладими” деб Ўрайимжон ака ўша куниёқ Абдумўминни матбуот котиби қилиб ишга олиш ҳақида буйруқ бердилар…
13.
Дўстим Абдумўмин билан боғлиқ хотираларимнинг яна бири Олий таълим вазири Саидаҳрор Ғуломовга алоқадор.
Абдимўмин бир куни менга ўғлим божхона қўмитаси коллежига ўқишга кириш керак, лекин ҳужжатларини олишмади, – деб қолди. Уни етаклаб, олий таълим вазири Саидаҳрор Ғуломов ҳузурига олиб бордим. Таништирдим. Саидаҳрор ака қўлидаги давлат герби туширилган визитка (ташриф билети) га имзо чекиб, қўлимга бердилар. Шуни олиб бориб, коллеж директорига беринг дедилар.
Вазир имзосини кўрган директор ўша заҳотиёқ Абдумўминнинг ўғлини нафақат ҳужжатини қабул қилди, балки ўқишга киргани билан ҳам табриклади…
Кейин орадан ўн йиллар ўтиб, мен Канадага кетганимдан кейин Абдимўминнинг кутилмаганда вафот этганини эшитдим.
У вафот  этганида ҳам Давлат Божхона Қўмитасининг матбуот котиби эди. Бугун унинг ўша мен ўқишга киритиб қўйган ўғли отасининг ўрнида ишлаётганини айтишди.
Дўстимнинг бевақт ўлимидан бир куйинсам, ўғлининг отаси ўрнида ишлаётганидан бир оз суюндим…
14.
Қулмон Очилов ҳам самимий ва дилкаш, лекин жуда ҳушёр йигит. Мен амалда юрган пайтларда оилавий борди-келди қилардик – жуда яқин эдик.
Биринчи маротаба қамалиб чиққанимдан сўнг негадир мендан ўзини олиб қочадиган бўлди. Иккинчи ва учинчи маротаба қамашганларидан сўнг мендан ҳазар қилишини яшириб ўтирмади.
Ҳолбуки, мен ҳур фикрлилигим – исёнкорлигим боис тазйиққа олинганимни у яхши биларди.
Бу пайтга келиб у Мурод Муҳаммад Дўст гуруҳига аъзо ўлароқ – Ўзбекистон Ахборот агентлиги раҳбари ўринбосари лавозимига тайинланган эди.
Мана, чорак асрдан бўён, у ҳамон шу вазифада. Баъзан унинг оппоқ тишларини кўрсатиб, қизариб, ҳаёли кулишларини, “Жўра!” деб самимий чақиришларини қўмсаб қоламан.
Хадрадаги ётоқхонада бирга яшаган бедард ва беташвиш кунларимизни, яқин бўлган бегидир ва масъум дамларимизни соғинаман…
(Юқоридаги сурат)
15.
Карим Баҳриев – мен учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам шахси ва ижоди ҳали тадқиқ ва таҳлил қилинадиган, адабиёт ва сиёсат дарсликларига киритиладиган донишманд бир шахс. Теран қалбли, тафаккурли йигит. Мен шундай бир ноёб истеъдод соҳиби билан замондош ва сафдош эканимдан фахрланаман.
Мен уни дастлаб Ислом Каримов билан таништирган ва Пиримқул Қодиров раҳбарлик қилаётган “Миллатлараро муносабатлар, тил ва маданият” қўмитаси масъул котиби бўлишига кўмаклашган эдим.
Кези келганда айтиб ўтиш лозимки, мустақил Ўзбекистон давлатчилиги шаклланишида мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим рол ўйнаган Ислом Каримов, Шукрилла Мирсаидов, Исмоил Жўрабеков, Мавлон Умрзоқов, Ғулом Алиев, Зокиржон Алматов, Муҳаммад Солиҳ, Жаҳонгир Маматов, ака-ука Пўлатовлар билан бир қаторда нисбатан ёш сиёсатчилардан фақат Карим Баҳриевгагина бу китобда алоҳида махсус боб бағишланган. Нега? Нима учун? Бунинг сабаблари ҳам ўша бўлимда батафсил баён этилади.
Масалан, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Фармони билан ҳали 1992-йилдаёқ ўттиз ёшли Карим Баҳриев вазир ўринбосари этиб тайинлангани ва кўп ўтмай бу Фармон бекор қилинганини биласизми? Йўқ, билмайсиз!
Буни фақат Президент, унинг кадрлар бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов ва мен билардим. Президент суҳбатидан чиққан Каримжон ҳам ҳали Фармон имзоланганидан бехабар эди. Кейин бу лавозимга Жаҳонгир Маматов тайинланади…
16.
Ижодкорлар ётоқхонасида биз билан бирга яшамаган бўлса-да, лекин ўша даврдан буён ҳамиша сафимизда – даврамизда бўлган яна бир йигит борки, у ҳақда ҳам айтиб ўтмасак, ҳиқоямиз кемтик бўлиб қолиши мумкин.
Бу ажойиб ва ғаройиб дўстимизнинг номи – Азамат Суюнов. У ҳақдаги ҳикояни анча илгарироқдан – мозийдан бошлашга тўғри келади.
…Илгари айтиб ўтганимдек отам етмишинчи йилларнинг бошларида районимиздаги Бешкалтак қишлоғидаги мактабга директор бўлиб ўтади.
Кенжа ўғил бўлганим боис баъзан шанба-бозор кунлари мени ҳам мотоциклининг аравачасига солиб Корабулоққа чўмилгани олиб борарди.
Юқориоқбой билан Корабулоқ қишлоқлари ўртасида жойлашган бу сўлим манзил шовуллаган боғ-роғлар маскани бўлиб, айниқса чиллаки – сурхак узумлари билан машҳур эди.
Бир гал Китобдан эндигина келиб, отамнинг идорасига кираётганимизда, кўчада париллаб Т-28 трактори тўхтади. Тележкасидан бир бола ошиб тушиб, менинг ёнимга шахдам юриб келди ва “Ҳў, домуллонинг боласи, кел, танишайлик!”-деди.
– Яхши, – дедим мен шаҳар ўспиринларига хос беписандлик билан нотаниш болага бошдан-оёқ разм солиб. Офтобда пишган, чайир, қорасоч, қоракўз, миқти бола менга қўл узатиб: – Азамат, – деди. Кафтларимни қаттиқ сиқди: “Кучи мўл, гапирганда кўзингга тикилиб турар экан”.
Унда илк бор кузатганим шу бўлди.
– Исмат, – дедим мен.
Шу-шу Қорабулоқда менинг биринчи ва ягона орттирган жўрам Азамат бўлиб қолди. Кейинги гал у тағин бир таклиф билан келди:
– Кел, бир олишиб кўрайлик, – деди у.
– Шарти нима? – сўрадим мен.
– Йиқитсам, отангнинг мотоциклида бир учирасан, – деди у.
– Мен йиқитсам-чи? – сўрадим мен. Бу ҳақда ўйлаб кўрмаган экан, боши қотиб қолди.
– Унда сенга бир сузма халта ёнғоқ бераман…
Кекса тут тагидаги саҳнада олиша кетдик. Олдинига тиришиб-тиришиб, қучоқлашиб, ҳеч бир-биримизни йиқитолмадик. Кейин иккаламиз баравар ёнбош тушдик.
– Кел, кучимиз тенг, олишувимиз дуранг бўла қолсин, – дедим мен.
– Бўлмайди, олишувда бир киши енгилиши керак, – деди у.
Тағин ёқалаша кетдик. Оқибат, пишмаган шаҳар боласи – мен йиқилдим.
Жуда алам қилди. Рости, чақирилмаган жўрамдан қаттиқ хафа бўдим. Узоқ вақт аразлаб, ундан ўзимни олиб қочиб юрдим.
Бир куни Китобда – марказий бозор орқасида жойлашган сомон гузардаги ҳовлимизнинг дарвозаси тақиллаб қолди. Чиқиб очсам, остонада Азамат турибди.
– Мен келдим, жўра, – деди у жилмайганча қулоч ёйиб, – қишлоққа бормай қўйдинг…
Бир-биримизни бағримизга босиб, ердан узиб-узиб, қучоқлаша кетдик. Азаматнинг қўлидаги бир сузма халта ёнғоқ ҳар силкинганимизда “шиқир-шиқир” қиларди…
17.
Ўшанда биз 11-12 ёшлардаги беғам ва беташвиш болалар эдик.
Шу гапларга ҳам мана, оз эмас, кўп эмас, 30 йил бўлибди. Ҳар гал Азаматни кўрсам, раҳматли отам, беғубор болалик йилларим, Қорабулоқ ва Бешкалтакнинг мусаффо боғлари кўз ўнгимда қайта жонланади. Энтикиб кетаман…
Ҳарқалай, Азамат билан болаликдан дўст бўлганимиз бежизга эмас, иккаламизнинг ҳам пешонамизга журналистиканинг қаттиқ нонини заҳмат чекиб ейиш ёзиб қўйилган экан.
Биримиз Тошкент ва яна биримиз Москва Давлат университетларининг журналистика факулътетларини бирин-кетин битириб келдик. Республика газета-журналларида ишладик. Яхши-ёмон кунларни бошдан кечирдик…
Очиғини айтсам, Азаматнинг журналистикадан бошқа соҳаларда ҳам ноёб қобилияти бор. У, масалан, эпчил полвон, номдор спортчи ҳам бўлиши мумкин эди. (Тўйларда кураш тушиб, эчки-улоқ олиб қайтганларини ҳали-ҳануз эслаб юраман).
Яхши олим, зукко педагог ҳам бўла оларди. Ундан зўр, алолатпарвар ҳуқуқшунос ҳам чиқиши турган гап эди. Совет замонининг битта ёш раҳбари вазифасини ҳам зўриқмасдан уддалай оларди. Лекин нима дейсиз – у журналист бўлди.
Тақдир аъмолида ёзилмаган бўлса, ўзбекнинг ҳокисор зиёлиси Шерали Турдиевга куёв бўлармиди? Қисмати қўшилмаган бўлса, журналистика тадқиқотчиси, истеъдодли шоира Кавсар Турдиевага уйланармиди?
Жўрамнинг битта одати бор – ҳаммани, катта-кичикни ўзига тенг кўради. Паст олмайди, юқори тутмайди – тенг кўради. Баъзи калондимоғлар, маънавий тамагирлар бундан ранжишади: “Ким бўлибдики, ўзини бизга тенг кўради!” деб.
Мен биламанки, бу Азамат дўстимнинг ундайларга ҳали ҳам ҳиммат кўрсатгани бўлади. Аслида, улардан бир-икки бўйга баланд туради…
18.
Кейинги йилларда, кексалар айтмоқчи, “ақлимиз қуйилганда” у тағин менга кўмакка келди.
“Туркистон”, “Инсон ва қонун”да орттирган тажрибаси билан янги “Ҳамкор” газетасининг туғилиши, оёққа туриши, мазмун ва қиёфа касб этишида менга беминнат ёрдам берди.
Айни чоғда биродаримнинг тағин бир янги қирраси намоён бўлди. У яхшигина мутойиба – ҳажв қаламига эга эканлигини кўрсатди.
“Ҳамкор”даги ҳангомалари ўзига ҳам, газетага ҳам обрў келтирди.
Азамат фавқулоддаги қобилияти билан маълум муддат Фавқулодда вазиятлар вазирлигида матбуот котиби бўлиб хизмат қилди. Хизмат қилганда ҳам қойилмақом қилиб ишлади – юзлаб мақолалар ёзди.
Касбига, соҳасига, вазири (Баҳодир Қосимов)га кўп меҳр кўргизди, аммо меҳрибонлик кўрмади.
У баъзан менга: “Сен уч марта қамалиб, уч марта Бош муҳаррир бўлдинг. Мен умримда бир маротаба муҳаррир бўлсам ҳам, армоним қолмасди” – деб ҳавас қиларди…
Яқинда Тошкентга боргнаимда у билан кўришдик. “Қўйлиқ” бозоридаги китоблик йигитлар ошхонасида ошхўрлик қилаётиб, кимдир уни айтиб қолди, танийсизми деб. Ўша заҳотиёқ телефон қилиб, чақиришди. МЧСнинг шалағи чиққан эски “Волга”сида учиб келди. Мени кўриб, кўзларига ишонмади, қучоқлаб оларкан, йиғлаб юборди. Мен ҳам йиғладим.
Йиғлаб йиғлаб ўтган кунлдаримизни эслаб, отамлашдик…
Кетар пайти “Қўйлиқ” бозоридан МЧС нинг “Волга”сини йитариб ўт олдиргунча, она сутимиз оғзимизга келди…
19.
…Хадранинг “Ҳамза” театри орқасида жойлашган тўққиз қаватли мўъжагина бинода – ижодкорлар ётоқхонасида маълум муддат биз билан бирга истиқомат қилган дўстларимнинг ҳаёт саҳифалари ана шундай ёрқин ва қизиқарли, ибратли лавҳалардан иборат.
Кимдир буларни ўқиб, шу гапларни ёзиш шартмиди деб ўйлар. Эҳтимол, улар ҳам ўзича ҳақдир.
Саксонинчи йилларда мунис ва меҳмондўст, лекин ғалвали пойтахтда ўз ўрни ва йўлини топиб олиш учун қишлоқдан келиб ўз билгича курашган ва қайсидир маънода бунга эришган биз – беш йигит, беш “жўра” бундай деб ўйламаймиз.
Гарчи бугун тақдир бизнинг йўлларимиз ва дилларимизни турли манзил ва ғоялар сари бурган бурган бўла-да, лекин мақсадимиз бир – шу мустақил Ватанга муносиб бўлиш, унинг шан-шавкати учун курашиш.
Фақат бу мустақилликни, бу муносиблик ва бу курашни ким қандай тушунади – бу энди бошқа масала…
(давоми бор)
1 шарҳ
  1. Demokrat
    Qulmon Ochil degan do’stingiz singari odamlar hayotda uchrab turadi. Salgina xato qilsangiz yoki ishingiz tushib qolsa tamom sizdan yuz o’grishadi. Ularga siz har doim yordam berib tursangiz jo’rasiz. Foydangiz tegmay qolgan kuni bir tiyinga qimmat matohsiz. Shuning uchun do’stni tanlash kerak.Qulmon Ochil sizga yaqinlashsa qorasi yuqadi deb o’ylagan. Balkim shundoq hamdir. Chunki siz qamalib chiqqan ediz. Chunki siz bilan jo’ralikni davom ettirsa bunaqa lavozimga erisha olmas edi.
Leave a Reply
*