Menu
Categories
А.Кўчимов А.Ориповга: Бу дунёда шеърки, мангу – Ҳазрат, Сиз ҳам мангусиз.
02/09/2020 Адабиёт

Abdusaid Kochimov

АБДУЛЛА ОРИПОВГА

Сиз шеър учун яралгансиз,
Сиз шеър билан тириси.
Шоирларнинг бири эмас,
Шоирларнинг пирисиз.
Шеър айтсангиз, қайнаб-тошар
Булбулларнинг ҳаваси.
Сўзингизда Мир Алишер
Бобомизнинг нафаси.
«Онажоним шеърият»нинг
Қуёш ўпган тонгисиз.
Бу дунёда шеърки, мангу –
Ҳазрат, Сиз ҳам мангусиз.

6.07.2012 й.

ТИШ
Ҳадеб ўзин урган билан ўтга-чўққа,
Бу дунёда ҳар ким ошин ошар экан.
Ҳаёт ёнғоқ тутар экан тиши йўққа,
Тиши борлар ёнғоққа зор яшар экан.
6.07.2012й.

ДЎСТ ДЕГАНИНГ…
Ёвуз касдан қочиб қутулмоқ мумкин,
Қўшнинг нобоп эрса, кўчиб кетгайсан;
Аммо дўстинг бўлса мунофиқ, серкин.
Бир умр қонингни ичиб ўтгайсан.
7.07.2012й

КЎППАК
– Устоз, нега итдай акиллар бу кас,
Ортингиздан ҳуриб, кўнглин хушлайди?
– Бўтам, билмайсизми, семирган кўппак
Қорни тўйгандан сўнг кимни тишлайди?

ПИСМИҚ
Дўстларни қийнаган иғвофуруш тош,
Писмиққа бегона, гўё чивиндир;
Туҳмат тоши бир кун ёрмагунча бош,
Ул кас ҳаммасига томошабиндир.
12.09.2012 й

БАХШИ
Қўлида дўмбира, эмранар бахши:
– Бўтамо-ов, ҳақиқат ҳаётнинг нақши.
Баъзи ҳақиқатлар борки, боламо-ов…
Уларни билгандан билмаган яхши.
12.09.2012 й.

АЛДАНИБ ЯШАСАНГ…
Одамзотнинг йўли баланд-паст экан,
Гоҳ-гоҳ алданмоқ ҳам унга хос экан.
Бир умр алданиб яшасанг, аммо
Ўзингни дуч келган дорга ос, экан.
12.09.2012 й.

ҲАМҚИШЛОҚЛАР
– Эшитдингми, Эшматнинг ули
Бўлган эмиш катта амалдор?
– Узун эмиш оёғи, қўли,
Қаср қурган эмиш уккағор…
– Эсам, уриб-сурилмай туриб,
Биз ҳам фойда кўриб қолайлик.
Ул-бул ишимизни битириб,
Бир нимали бўлиб олайлик…

КЕСАТИҚ
Нобакор шогирдин бошини силаб,
Мундоқ деган экан ҳазрати пирлар:
– Бўтам, ажабланманг осмонни талаб,
Ойга ҳамла қилса қутурган шерлар.

ҚОЗИ
Барча дилни айлаб чароғон,
Қилганида ҳаммани рози.
Ҳақиқатга музаффар посбон,
Адолатчи бўлмасди қози.

“ШОГИРД”
– Нега эшак каби ҳанграйди бу кас,
Устоз, не туҳмат бу, бу қандай битик?
– Бўтам, нонкўр шогирд эшакдан ҳам паст,
Қачон сиздан сўраб ҳанграбди ҳўтик?

ЭЛЛИКҚАЛЪА МАНЗАРАЛАРИ

БЎСТОН
Юлдузлар Ердами, ё Ер Осмонда,
Ёки бу гўзаллар битта маконда?
Ҳайҳот! Мўъжиза бу – келмас ишонгинг
Элликқалъадаги шаҳри Бўстонда.

ҲАР ТОҒНИНГ…
Ҳар тоғнинг чўққиси бўлгани мисол
Бордир ҳар заминнинг гавҳар-нуқроси.
Элликқалъаликнинг элсевар, элёр –
Неъматиллоси бор, Неъматиллоси.

ЭЛЛИКҚАЛЪА
1
Бунда достон сўйлар ҳар тепа, ҳар тош,
Қадимий ҳикмат бор ҳар куй, яллада.
Шул боис оламга юз тутган қуёш,
Дастлаб салом берар Элликқалъага.

Кун бўйи фалакда маҳлиё балқиб,
Кечқурун ётоққа кетар паллада;
Тенгсиз гўзалликдан юраги қалқиб,
Яна таъзим қилар Элликқалъга.

2
Аччиқ кўз ёши бор, ширин орзу бор,
Ҳар дарахт, ҳар гиёҳ, эзгин аллада.
Минг йиллар нарида нола қилган тор,
Қалбни зир титратар Элликқалъада.

Бир-бирига виқор, бир-бирига бол,
Бири чўгирмада, бири саллада;
Элликта минора – эллик оқсоқол
Мангу эртак сўйлар Элликқалъада.

АҚЧАКЎЛ
1
Оролнинг тақдирин билмайман, аммо
Халқнинг рисқи бутун, насибаси мўл;
Осмону фалакка туташ дашт аро,
Чайқалиб ётибди, ана, Ақчакўл.
Бу мовий аланга, бу яшил зиё,
Париваш мисоли айлаб қўяр ром.
Тасаввур қасрига сиғмас бу дунё,
Хаёлот боғига сиғмас бу олам.
Қирғовул, каптарлар учганда гур-гур,
Балиқлар осмонга сапчийди шошиб;
Кўкда парвоз қилган бургутдек мағрур,
Кемалар сузади тўлқинлар ошиб.
Салқин саҳарларда соҳилда шодон,
Шоирлар эмраниб айтганда шеърлар;
Энкайиб заминга тушади осмон,
Тўлғаниб кетади тилларанг қирлар.
Бу ерда жаранглар – тинмас ёз бўйи,
Музаффар ҳаётнинг бахтли қўшиғи.
Бу ер – умидларнинг муҳташам уйи,
Бу ер – эзгуликнинг олтин бешиги.

2
Подадай ёйилиб бормоқда боғлар,
Соядай ортига чекинмоқда чўл.
Белини Паҳлавон Маҳмуддек боғлаб,
Чўлни қувиб борар ўктам Ақчакўл.
Миришкор деҳқон – у, меҳнаткаш, танти,
Унга жондек азиз ҳар қиёқ, шона;
Неки бор, ҳаммаси суюк фарзанддир,
Неки бор, барига у – мунис она.
О, бу кўл – чўл аро кўм-кўк атиргул,
Унутган сарбаланд шараф не, шон не.
Мақсади – ундириб олса беқусур,
Тупроққа ташланган ҳар чигит, донни.

3
Дунёда нима мўл – денгиз, уммон мўл,
Уларнинг қошида гоҳо чўкким тиз.
Аммо, барчасидан азиз Ақчакўл,
Менга ҳаммасидан Ақчакўл азиз.
Илло, озодликнинг карвони – тўрда,
Уфққа туташдир чексиз йўлимиз.
Шу улуғ мақсадда биз билан бирга,
Меҳнат қилаётир Ақчакўлимиз.

…Оролнинг тақдирин билмайман, бироқ
Бугун отаётир Ақчакўл тонги.
У чўлда ҳилпирар бамисли байроқ,
Ақчакўл мангудир, Ақчакўл мангу!

ОИЛА

Тутдек тўкиларди, қолмай қилча из,
Ушлаб турмаганда, Юлдузни Юлдуз.
Бир-бирига содиқ, вафодор-йўлдош,
Аҳил оиладир Ой билан Қуёш.
Мудом бир-бирига ҳаловат излар,
Вафодор ошиқлар – Кеча, Кундузлар.
Дарахтнинг томири бўлсайди саёз,
Қовжираб қоларди келмасдан аёз.
Суяб турмасайди тоғларни тоғлар,
Янчиб ташлар эди уларни зоғлар.
Оила бақувват бўлсайди агар,
Қирол Лир бўлмасди дайди, дарбадар.
Шоҳу гадога ҳам бахтдир оила,
Ҳаммага мўътабар тахтдир оила.
Мустаҳкам оила – мустаҳкам қўрғон,
Унга писанд эмас на дўл, на бўрон.
Аҳил, иноқ бўлса кимнинг рўзғори,
Яқин йўлолмайди ўғри, безори.
Ҳар кун жанжал-ғурбат, бўлса камомат
Ундайин оила қилдек омонат.
Пайдо бўлибдики бу дунёйи дун,
Мустаҳкам оила унга бел – устун.
Оила давлатга савлат бўлади,
Бу давлат энг кучли давлат бўлади.
Оила шарафи юракда, жонда,
Жон қадар азиздир Ўзбекистонда.

БОЙЧЕЧАК
Бўлмагин-да, бунча жонсарак,
Қор бағрида ором олсанг-чи!
Бойчечагей, эй, содда малак,
Билмайсанда, баҳор алдамчи.
Сени бир паст ўйнатиб қўйиб,
Аёз билан савдо қилади.
Қонинг сўриб, симиргач тўйиб,
Изғиринга совға қилади.

ҲАЗИЛ
– Эсинг жойидами, нега муштлайсан,
Мендан қандай шумлик, ғирромлик кўрдинг?
– Ҳазиллашдим. Аммо, энди қушдайсан,
Дўстим, ичингдаги шайтонни урдим.

ЁМОНЛИК
Ёмонлик учун ҳам кимсада юрак
Отнинг калласидек бўлмоғи керак.
Фақат у муҳаббат гулларигамас,
Фасод кулларига тўлмоғи керак.

МАДДОҲ
Маддоҳни кўп анойи дема,
Тиш оқини кўрсатмас текин.
Томга чиққач, тегмаса нафинг,
Олиб қўяр нарвонни секин.

ТУТУН
Ўтин ёқсанг, ҳаммадан бурун,
Алангадан тутун чиқади.
Хушомадгўй, бамисли тутун,
Оловдан ҳам бутун чиқади.

ШИВИР-ШИВИР
Ёмғир, дўлга қилмайман парво,
Чўчимайман ғовур-ғувурдан.
Ҳаймиқаман томчидан аммо,
Кўп қўрқаман шивир-шивирдан.

ЁЛҒИЗ АЁЛ

Ёлғиз аёл…
Бойлиги – хаёл…
Орзу, умид, аҳди – хаёлда.
Хаёл каби чеҳралари ол,
Гўзал бахт йўқ ёлғиз аёлда.

Эзганида турмуш – ташвишлар
Тош остида қолган гул мисол.
Она бўлиб қўлидан ушлар,
Момо бўлиб эркалар хаёл.

Ёстиқ қучиб бесас ва гирён,
Шум тақдирдан безган чоғларда.
Оқ тулпорли шердил паҳлавон,
Олиб кетар осмон –боғларга.

Аммо, йўқдир уйда ўйдоши,
Оқшомлари мунгдош етим моҳ.
Юлдуз – кўкка сачраган ёши,
Юлдуз – кўкда жовдираган оҳ.

Эру хотин, дерлар, қўш қанот,
Эру хотин – жуфт вужуд, жушт мушт.
Ёлғиз аёл, ў, темир сабот,
Бир қанотда учаётган қуш.

Эру хотин – авраю астар,
Хотин – бўйин, эр эса бошдир.
Ёлғиз аёл – ҳам авра-астар,
Ёлғиз аёл – ҳам бўйин-бошдир.

Оила – қўш устунли айвон,
Бири кетса айвон қулайди.
Ёлғиз аёл – темиртан жувон,
Елкасини шифтга тирайди.

Бозор-боққа чопар бир ўзи,
Иморатин ўзи қуради.
Тегирмонин тортар бир ўзи,
Арпасини ўзи ўради.

Якка ўтин ёнганми, қачон,
Қачон ўрмон бўлган якка тол?
Якка чўпдан ҳам ўт, ҳам ўрмон,
Пайдо қилса, қилар шу аёл.

Аммо, сира чиқмас нафаси,
Чиқмагандек якка ғоздан сас.
Катта уйнинг ёлғиз бекаси.
Фариштадек яшар хору хас.

Воҳ! Шунда ҳам ғийбат қуллари,
Туртиб-суртиб ўтар шўрликни.
Эзғиланган юрак гуллари,
Қучиб ётар тоғ-тоғ хўрликни.

Музлаб кетар вужуди гоҳо,
Кўрганида турқи совуқни.
Ийманади ҳайдашдан аммо,
Эшигидан ўтган товуқни.

Илож қанча,
Шу экан тақдир,
Қалқони йўқ, йўқдир султони.
Битта ўзи, бир ўзи мажбур
Кўтариши керак дунёни.

Кесиб ташланг иғвогар тилни,
Ғар кўзларни жарга итаринг.
Бойчечакдек мўъжаз кўнгилни,
Қуёшсан, денг, бошга кўтаринг.

Одамлар-ей, ҳеч бўлмаганда,
Омон бўлсин хаёл саройи.
Ёлғиз аёл хаёл сурганда,
Ўзинг паноҳ бўлгин, Худойим!

Ёлғиз аёл…
Бойлиги – хаёл…

ШОҲ ЭДИПНИНГ АРМОНИ

О! Келсайдим дунёга қайтиб,
Шоҳ бўлсайдим ярим жаҳонга.
Тожу тахтга раҳматлар айтиб,
Топширардим Шукур Бурҳонга.

ЎЗИМГА НАСИҲАТ

Ёмонларга йўлама яқин,
Ёмонликни унутгин тезда.
Яхшиликни унутма лекин,
Яхшиларни ҳар куни эсла.

МАҚТОВ

Сизни мақтаганни севинг, эркаланг,
Мен ҳам мақтовчига мурид – фирқаман.
Мақтовчи зотларни суяман, аммо
Ҳадеб мақтагандан жуда қўрқаман.

ШАМОЛ
Бир-бировин йўлин тўсмайди,
Кайфиятин юрмайди бузиб.
Шу эси йўқ, шу шапшак, дайди
Шамоллар ҳам бизлардан тузук.

ҲАҚИҚАТ
“Ҳақиқат эгилар, аммо синмайди”.
Бу ҳаққос нақлга ғубор инмайди.
Аммо, эгилганда синиб кетганларнинг
Кўзларидан ёши тинмайди.

НАСИҲАТ
Тоғларни олмадек тишлайман, десанг,
Ойни оқ каптардек ушлайман, десанг,
Бўлсин, бу сўзларим дилингга ойна:
Оғзингдаги ошни эринмай чайна.

МОРБОЗ

Қир четида ёлғиз хонадон –
Овлоқ эди қирнинг бу бети.
Бу томонда кўп эди илон,
Бу уйда ҳам илон кўп эди.

Ётар эди бедапояда,
Сирғаларди токзор оралаб.
Гоҳ қўрқинчли, сирли соядай,
Турар эди шифтда мўралаб.

Ажиб экан, инсонда ҳавас
У ҳам дилда хуш сеҳр туйди.
Ҳайвон ёхуд қушларга эмас,
Илонларга меҳрини қўйди.

Ажабсиниб қаради ҳамма,
Ота-она норози бўлди.
Илонбозлик ҳаваси, аммо
Ҳавасларнинг дорози бўлди.

Бирга ўсди илонлар билан,
Эсламади хавфу хатарни.
Тунлари бу совуқ махлуқни,
Қучоғида олиб ётарди.

Одамлигин унутди одам,
Илонлигин илон унутди.
Икки қутб – иккита олам,
Бир вужудга айланиб кетди.

Довруғ солди илон ўйнатиб,
Донғи юлдузларга қўндилар.
Морбозларни қўйди ўйлатиб,
Қойил қолди ҳатто ҳиндулар.

Кўплар унга ташаккур айтди,
Кўплар кулди, кўплар кулдирди.
Ҳайҳот! Бир кун томоша пайти
Уни илон… чақиб ўлдирди.

ҚЎРҚМАСАНГ

У ёққа ўтсам ҳам туртасан,
Туртасан, бу ёққа ўтсам ҳам.
Нимадан бунчалар қўрқасан,
Бир уриб йиқит-да, қўқмасанг.

ЎРМОНДАГИ ҚОИДА

Ёввойи ўрмоннинг қонуни булдир:
Муқим тураверар майда патталар.
Катта дарахтлар-чи, кесилар “шир-шир”,
Кесилиб кетади доим катталар.

ШАМОЛ

Енгил нарсаларни излайди шамол,
Енгил нарсаларни пойлаб туради.
Енгил нарсаларни топдими, дарҳол,
Кўкка олиб чиқиб, ерга уради.

САВОЛ
Зинҳор илтимосга қолмасин кунинг.
Абдулла Орипов

Мен ҳам илтимосдан тўйганман, устоз,
Отарга ўқим йўқ, кўрарга кўзим.
Аммо қай манзилга бош урмай, бехос
Яна: “Илтимос…”дан бошланар сўзим.

Илтимос қилмасанг, қовоқлар уюк,
Зичлаб қулоқларга тиқилган пахта.
Миқ этмас қаршингда ўтирган “буюк”,
Димоғдор қарашлар совуқ ва сохта.

Илтимос қилмасанг, гоҳ яқин кишинг,
Галга солиб турса, қилиб турса ноз;
Илтимос қилмасанг, битмаса ишинг,
Айтинг, не қилайлик, муҳтарам устоз?

РУБОИЙ

Оҳ, оҳ! Ойда қатра доғни кўрмадим,
Ойнадай осмонда зоғни кўрмадим,
Аммо кайфим учди заминга боқиб,
Биттаям бағри бут, соғни кўрмадим.
ҲИКМАТ

Бевақт юзларингни тирнаса ажин,
Барвақт қариб қолса учқур хаёлинг;
Олисдан излама бу ҳолнинг важин,
Бунга айбдордир сўзсиз аёлинг…

Аёлинг шу кўйга бўлса гирифтор,
Бевақт хира тортса қуралай кўзинг…
Сен ҳам ўзгаларни қилма гуноҳкор,
Бунга айбдорсан аввало ўзинг.

Илло, “эру хотин” дейилмиш хилқат,
Муқаддас, мукаррам ва илоҳий сир –
Бағрида гуллаган қадимий ҳикмат:
“Эр-хотин – қўш ҳўкиз” дегани шулдир…
23. 1. 2011 йил.

Ҳўтикка мугуз битса…

Ҳўтикка мугуз битса, соғ қўймасди ҳўкизни,
Мушукка қанот битса, қириларди қуш зоти.
Шул боисдан ҳўтикка шох бермаган табиат,
Шул боисдан бўлмагай мушукларнинг қаноти.

Тош отганга…

Яхшилик қилишдан умрбот толма,
Аммо, яхшиликни юзига солма.
Ёмонлик қилганни эсингдан чиқар,
Ёмонлик қилганни тилингга олма.
Илло, тош отганга ош бер, деганлар,
Ош берган зотларга бош бер, деганлар.
9.02. 2011 йил.

Нотантилик гоҳо эзар дилларни,
Масхара бўлганда инжа туйғулар.
Тоғлар маликаси – эрка гулларни
Водариғ! Энг аввал ўпар тулкилар.

ЎЗБЕК НЕГА УХЛАМАЙДИ?

(Ҳазил)
Ўзбегимнинг тантанаю тўйлари кўп:
Югур-югур шому саҳар тўхтамайди.
Ярми бедор – элу юртга ош берай деб,
Ярми эса – ош ейман деб, ухламайди.

ЭЛЕГИЯ

Митти куртак, момиқ гул бўлди,
Довчаларга айланди гуллар.
Дастурхонлар мевага тўлди,
Ҳузур қилдик неча ўн йиллар.

Аммо, чарчаб қолди қария,
Гулдан қолди, мевадан қолди.
Ҳаёт шу-да.
Қисмат шу, дея,
Кесиб, чопиб, ўчоққа солдик.

Оловида пиширдик таом,
Лаҳча чўғни солдик сандалга.
Эрта-индин, хулласи калом,
Бормоқчимиз кунда ковларга.

ҚИСМАТ
У орзу қиларди, бургутдек кезиб,
Ҳаммадан баландда туришни.
Кимнидир оёғи остида эзиб,
Кимнингдир устидан юришни.

Қисмат тиригида қилмади вафо,
Мана, ниятига бугун етишди:
Халойиқ уйидан қабргача то,
Елкада кўтариб кетишди.

ҲАВАС

Жаранглади қўнғироқ илкис,
Чўчиб тушди адибнинг ўғли.
У томонда бир нотаниш қиз –
Овозлари сержаранг, чўғли.
Телевизор мухбири экан,
Қиммат экан ҳар он, дақиқа.
Зўр кўрсатув қилмоқчи экан,
Падар бузруквори ҳақида.
Бундай хушбўй, хушрўй хабардан,
Қувонмайди қайси инсон, ким?
Искандар-чи, Искандар ўйчан,
Анча муддат туриб қолди жим.
Гап шундаки, мазкур кўрсатув,
Тайёрлангай ижодхонадан.
Илҳом завқи бўрондай гув-гув,
Гувлаш керак ушбу хонадан.
Бир тарафда дафтар, патқалам,
Ўнгда мўъжаз шамчироқ бўлсин.
Оёқ ости қип-қизил гилам,
Стол-стул ярқироқ бўлсин.
Зар чопонда чойнак, пиёла,
Гуркирасин райҳонлар иси.
Ишва билан турсин уялиб,
Чор чўп ичра илҳом париси.
Ўйлар суриб бир ёнда оғир,
Танбур турсин, ё турсин дутор.
Одил Ёқуб ёзувчи, ахир,
Ёзувчи – бу ярим санъаткор.
Тўрт томонда қуёшдек алқаб,
Турсин улуғларнинг суврати.
Хуллас, турсин хонада балқиб,
Ёқубовнинг донғил журъати.
Шундоқ эди қизнинг талаби,
Аён эди сўзнинг маъноси.
Бироқ, сира бўлмаган эди
Ёқубовнинг ижодхонаси.
Дабдабаю ас-асаларга,
Ёқубовда йўқ эди ихлос.
Ҳою ҳавас, васвасалардан
Азиз эди бир парча қоғоз.
Ёзар бўлса, хаёллар суриб,
Ерга бағрин бериб ёзарди.
Гоҳ ўтириб, гоҳида туриб,
Гоҳо юриб-юриб ёзарди.
Отасининг расмига боқиб,
Искандарнинг чиқмасди саси.
…Яна, яна Одил Ёқубов
Даҳосига келди ҳавасим.

ЖИМЖИТЛИК

Ярим тун…
Ёнига бориб ўтирдим.
У хиёл сурилди, майин жилмайди.
Бошимни қуйига солиб ўтирдим,
У ҳам хаёлларга толиб ўтирди.
Қўлини оҳиста елкамга қўйиб,
Кўзи билан артди, кўзимдаги гардни.
Раҳматлик энам ҳам шундайин суюб,
Раҳматлик отам ҳам шундай эркаларди.
Эна, энажон, деб кирдим бағрига,
Ота, деб, суйкалдим, ғариб юкиндим.
Олис-олис, ўйчан осмон бағрида,
Юлдузлар тин олди, қотиб қолди тун.
Сукунат қўйнида, сукунат билан,
Ҳазин ўйга толдик, узоқ қолдик жим.
Ҳилол йўлимизга тўшади гилам,
Ҳилол ичимизга нур сочди сим-сим.
Шамолни тингладик, тоғни тингладик,
Тоғдек дарахтларни тингладик суюб.
Ширин уйқудаги боғни тингладик,
Қушларнинг тушини тингладик тўйиб.
Қизларнинг сочидай ингичка саслар,
Эртак айтар эди ўтга – ўланга.
Чўғдай товланарди шавқу ҳавас-ла,
Шудринг кўзидаги тим-тирс аланга.
Қуршаб борар эди гир-теваракни,
Мурғак майсаларнинг шивир-шивири.
Маҳлиё этарди маҳзун фалакни,
Чексиз сукунатнинг чексиз сурури.
Юракни ёргудай сокин, тинч дунё,
Мезон толасида тургандай эди.
Шошқалоқ, бесабр еллар ҳам гўё,
Оёқ учларида юргандай эди.
Кўнглим жайронларин тугади сабри,
Ҳуркак оҳулардай отилди тикка.
Туйқус титраб кетди хотира қабри
Болалигим ётган чанг-чунг кенгликда.
Атроф тўлиб кетди шовқин-суронга,
Уммондек кўпирди жарангсиз жаранг.
Яна оро кирди паришон жонга
Жимжитлик бағридан тўкилган малҳам.
…У мени овутди, мен эсам уни:
Товушсиз, ҳайқириб қўшиқлар айтдик.
Жимжитлик бағрида ўтказиб тунни,
Тонгда… аста-аста уй-уйга қайтдик.

КУЗ
ЭТЮТЛАР

1
Шамоллар шохларни силкитган сари,
Яримжон япроқлар ерга қўнади.
Заъфарон баргларнинг суякчалари,
Оёқлар остида «чирс-чирс» синади.

Дарахтлар “Оҳ!” урар – нолаларидан,
Титрайди шаҳарнинг юпун боғлари;
Кўзларин узолмас болаларидан,
Бағрини ўртайди фарзанд доғлари.

Ерпарчин баргларга термулиб, беҳол,
Оғир ўйга толар чўлтоқ супурги.
Ютоқиб, тутоқиб ҳайқирган шамол,
Хазонзор боғларни селдек супурди…

2
Қор каби, пар каби тўзғийди ҳар ён,
Тут каби тўкилган тилла япроқлар.
Изғирин зарбидан изиллар гирён,
Яланғоч навдалар, пилла бутоқлар.

Ҳуркитилган минг-минг капалак мисол
Боғни босиб кетди тўзғиган барглар.
Фақат қоя каби турарди чинор,
Гўё писандмасди унга бу зарблар.

Чинорга санчилар мисли тиғ-тикан,
Ғазабнок шамолнинг алам-дардлари.
О! Унча-мунчага тўкилмас экан,
Катта дарахтларнинг катта барглари .

3

Нимжон майса-ўтлар бир-бирин аяб,
Балиқдай ҳавони тамшаниб ҳўплар.
Уларни отадек турарди суяб,
Қариган кўкатлар – қуриган чўплар.

ҚАРИЛИК

Қарилик дегани озодлик, ҳурлик,
Бамисли кўкдаги бахтиёр қушсан.
Офтобдек нур сочар, қилар ғамхўрлик,
Дунёда кимнингки қўлига тушсанг.

Ҳаётда нима бор – роҳатдан ширин?
Соҳиби султонсан ўзинг-ўзингга.
Рўзғор ташвишлари ва олахўржин,
Мероси шарифдир ўғил-қизингга.

Ишга кеч келдинг, ё, барвақт кетдинг, деб
Пешонангда ёнғоқ чақмайди биров.
Энди юрагингга бергай мангу зеб,
Қарилик аталмиш бешуъла олов.

Эртадан кечгача бекорсан, бўшсан,
Унутилар барча адоват, гина.
Гоҳо хаёлингда жонланар тушдай,
Босиб ўтган йўлинг – зинама-зина.

Ҳайратга солади баъзи лаҳзалар,
Баъзиси қийнайди – пушаймон ейсан.
Кулгингни қўзғайди баъзи лавҳалар,
Бошқасига: қуллуқ, қадрдон, дейсан.

Аммо, увилламас фитна, бўронлар,
Энди яқинлашмас ғийбат тошлари.
Ҳатто, тишламоққа маҳтал шайтонлар,
Энди парво қилмас – йўқдир ишлари.

Гоҳ ўйга толасан паришон, карахт,
Танҳолик азоби ўртайди жонни.
Гоҳо олисларда қолган муҳаббат,
Ёритиб юборар хира осмонни.

“Ў, дунё!
Дунё-я!”, дейсан энтикиб,
Бариси ўтдими, ўтдими баҳор?
Энди йўлларимга кўзларин тикиб,
Кутиб турибдими, ташқарида қор?”

Кексалик қиш эрур, деганими бу,
Қариган бургутни ўйнарми калхат.
Бўрининг қариси кўппакка кулгу…
Бу қандай кўргулик, бу қандай хилқат?

Устингга бостириб келар булутлар,
Умидлар – ноумид кетар йироқлаб.
Оппоқ каптарлардек учади “пар-пар”,
Умринг дафтаридан кўчган вароқлар.

Аммо… тилсимларга бойдир бу дунё,
Гоҳ қийғос гуллайди мўйсафид боғлар.
Ёшлик чоғларига қайтади гоҳо,
Инсон боласи ҳам кексайган чоғлар.

Бошқани билмайман, аммо, ёронлар,
Сархуш чертилмоқда хаёл торларим.
Боғдаги баҳорий оппоқ тўфондай,
Гуллаётир қалбим бодомзорлари.

Ўнсаккиз ёшдаги йигитдек ўктам,
Бўз бола давримга қайтаётирман.
Кўксимда қулф урар музаффар кўклам,
Шаршара қўшиғин айтаётирман.

Кўм-кўк майсаларнинг мовий сасидан,
Райҳон иси келар, тонг иси келар.
Эрка булбулларнинг шўх ялласида –
Мастона ҳайқирар мастона еллар.
Баланд қоялардек қатор бодомлар,
Оппоқ алангадек тургай шовуллаб.
Ёронлар, олтмишдан ошган одамлар
Асл бўз йигитдек ёнгай ловуллаб.

Сеҳрга кўмилган менинг ҳам руҳим,
Кўнглим тоғлар каби юксала бошлар.
Ёшлар бу туйғуни англамас, балким
Буни олтмишдан сўнг англайди ёшлар.

Ёронлар!
Бу ҳолдан қидирманг ҳикмат,
Савол-жавобнинг ҳам йўқдир кераги.
Одамзот юраги ёшдир ҳаммавақт,
Асло қаримайди инсон юраги.

ТЕЛИВИЗОР

Ҳаётнинг энг тиниқ ойнаси эди,
Томоша қилардик бутун дунёни.
Кураш майдонига айланди энди,
Бугун у чинакам кураш майдони.

Қитъани қитъадан суриши мумкин,
Осмоннинг юзини мумкин буриши.
Худо кўрсатмасин, бошлаши мумкин
Ҳотто, навбатдаги жаҳон урушин.

НГ КАТТА ХАТО

Дунёда ҳамма ҳам адашар, ҳатто
Лочин кўз сайёдлар қилмишлар хато.
Бир йўлда икки бор қилинган хато –
Хатолар ичинда энг катта хато.

ЎТИРИШ

Ўтиришда аввало: “ол-ол”у, “ич-ич”, бўлди,
Барча исму шарифлар: “… ов-ов”мас, “…вич-вич”, бўлди,
Давра тугар чоғида барчаси топди барҳам:
Ҳамма – ҳаммадан кечди – ҳаммаёқ: “кеч… кеч!”, бўлди.

ҚУДУҚДАГИ ТОШ
Қудуқнинг тубида милтиллаган тош,
Ёлғиз одам тўккан ёшга ўхшайди.
Ёлғизлик дардига дучор бўлган бош,
Қудуқ тубидаги тошга ўхшайди.
Сенинг кўзларинг ҳам тўлгандир ёшга,
Ёлғизлик дардига мубтало бошсан.
Дўсту ёронинг йўқ ўзингдан бошқа,
Сен ҳам қудуқдаги бечора тошсан.

Томчи
Томчидан огоҳ бўл, ёмғирдан эмас,
Томчи ташвишингга ташвиш қўшади.
Боболар ҳар сўзни бекорга демас:
Томчи томаверса, тошни тешади.

ЛАЙЛАКҚОР
Гуллаб кетди осмон боғлари,
Само кетди гулларга тўлиб.
Оқ гулларнинг оқ япроқлари,
Тушаётир лайлакқор бўлиб.

ЖИННИЛАР
Жиннихоналарда даволар эди,
Ақли ноқисларни, эси пастларни.
Пана-пастқамларда кимлардир энди,
Табиб қилмоқчимиш шундай касларни.
Террорчи ниқобда юзини тўсиб,
Падаркуш худкушлар устидан кулар.
Ё тавба, дунёни тўзғитиб – бузиб,
Қайта қурар эмиш энди жиннилар.

ОДДИЙЛИК
(Қадимий ёзувлар билимдони,
профессор Насимхон Раҳмонга)
Юксак-юксакларни кўзлар бўлсангиз,
Ҳамиша энг баланд чўққини кўзланг.
Насимхон Раҳмонни излар бўлсангиз,
Камида беш минг йил наридан изланг.

Камида беш минг йил нарида, ўйчан,
Тошли битикларга очқич излар у.
Хаёлот оламин тамом этмиш банд,
Сирли ёзувлардан таралмиш ёғду.

Суғд, урхун, энасой – хилма-хил хатлар,
Ҳар бири бир давр – бир даври замон.
Ирқ, моний, санскрит – тилсим-хилқатлар
Билан гурунгдошдир Насимхон Раҳмон.

Ҳар мисқол битикка ато этиб жон,
Ҳар ҳарфга бахш этар дилда борини.
Ёзги осмон каби ёритгай шоён,
Мозийнинг туманзор кенгликларини.

Кўҳна битикларнинг этагин тутиб,
Олис-олисларга бошлаб кетади.
Даҳолар руҳига таъзимлар этиб,
Мароқанд, Бақтирия, Шошлаб кетади.

Авесто бобомнинг сарҳадларига,
Ям-яшил гиламлар тўшаётир у.
Ватанимнинг тарих дафтарларига
Янги саҳифалар қўшаётир у.

Илдизинг қаерда, қаерда лошинг,
Дунёда энг қадим элдирсан, балким.
Милёндан ошиқдир, эҳтимол, ёшинг,
Эй, бобо Туроним, эй, момо халқим!

Уммон қаъридаги гавҳардек чексиз,
Достонларинг кўпдир ўқишга маҳтал.
Балки, юлдузлардир сен қолдирган из,
Эҳтимол, қуёшдир сен ёққан машъал.

Қачон пайдо бўлган бу оқсоч дунё,
Қачон пайдо бўлган ҳазрати инсон?
Бундай жумбоқларга сочмоққа зиё,
Насимхон Раҳмонлар керакдир ҳар он.

…Камтарлик Пиридан сўзлай десангиз,
Аввало, Насимхон Раҳмондан сўзланг.
Насимхон Раҳмонни излай десангиз,
Камида беш минг йил наридан изланг.

ТУЗЛАМА
ҳазил
Жоним, менга ўзга даво излама,
Жоним, ҳамма дардга шифо – тузлама.
Қизғанмасанг бўлди фақат меҳрингни,
Жоним, юрагимни фақат тузлама.

СОЯ
Ҳадеб кўкрагингга муштлама, ҳадеб
Ҳуда-беҳудага йиртмагин ёқа.
Ўзига шунчалар берган билан зеб,
Балиқ бўлибдими бирон қурбақа!

Дарёлар оқдими кийман – тескари,
Мангудир фалакка туташ қоялар.
Эй, соя, бефойда чиранишларинг,
Ахир, вақтинчадир барча соялар.

Шу оддий ҳикматни сезмайсан нучун,
Нечун ўз-ўзингни санайсан қоя?
Сени бу дунёдан йўқ қилмоқ учун,
Ипакдек бир қатим шуъла кифоя.

БАХТ

Чарх уриб гуллаган боғдир севган дил,
Севилган қалб эса сеҳрли олам.
Аммо, бахтлиларнинг энг бахтлисидир
Ҳам севган, ҳам севиб, севилган одам.
1.12.2011 й

МУҲАББАТ САВДОГАРЛАРИ

Муҳаббатни сотибсан, аммо
Энди уни топишинг қийин.
Борлиғингни қийнар бу савдо,
Кунлар, ойлар ўтгани сайин.
Балки, бир кун англаб хатони,
Вужудингни ўртар аламлар.
Ғамга кўмар еру самони,
Юрагингдан тўкилган ғамлар.
Бироқ, қайтмас, қатмагай асло,
Муҳаббатнинг сирли дамлари.
Сен-ку, сотдинг, сотилмас, аммо
Чин севгининг тоза гавҳари.
Бозор излаб бўлманг саргардон,
Сотилмайди севги зарлари
Бу ҳикматни англайсиз қачон,
Эй, сиз, севги савдогарлари!

ОСМОНИМ
Биз тупроқ, ер эдик,
Сиз баланд осмон,
Биз қақроқ чўл эдик,
Сиз мовий уммон.
Қул каби ғарибу нолон эдик биз,
Шоҳ каби кабиру даврон эдингиз.
Ястаниб ётибди еру кўк аро,
Чеку чегарасиз, бетимсол саҳро.
Ҳар баҳор мен Сизга гуллар тутаман,
Интизор кутаман, зор-зор кутаман.
Сиз ҳануз назарга илмайсиз, аммо
Мен ҳам суйкалишни қўймайман асло.
Ўтди, эҳ-ҳе, қанча баҳорлар, кузлар,
Ўтди, ўтаётир кеча-кундузлар.
Сиз эса ўшасиз, ҳамон ўшасиз,
Осмоним, ёнимга қачон тушасиз?

ҲОЛАТ
Сен беаёв ёндирдинг – ёндим,
Суякларим чарсиллаб ёнди.
Танам лаҳча чўғ бўлгандан сўнг,
Ичимда зўр ёнғин уйғонди.
Сени шартта оловга отдим,
Тиниб кетди, кўзларим тиниб;
Энди эса, лабда табассум,
Ўтирибман чўғда исиниб.

* * *
Шу каснинг йўлида нега кўкардим,
Ким менга дуч қилди бу касни?
Бошидан тиллолар тўкардим.
Шу касни йўқ қилган нафасни.
Биламан, то ўла-ўлгунча,
Асло тинч қўймайди бу ғаним.
Бу бадбин касга тенг бўлгунча,
Ўлганим яхшироқ, ўлганим.

ЁРОНЛАР!

Заррадан иборат асли бу олам,
Томчидан бунёддир денгиз, уммонлар.
Нақадар ғанимат одамга-одам,
Нақадар азизсиз, менга Ёронлар!

Қуёшга ўхшайди муҳаббатингиз,
Ўктам кўксингизга ўхшар осмонлар.
Сиз тоғдек суянчим, тожу тахтимсиз,
Шамсу талъатимсиз, дўстлар, Ёронлар!

Ҳар қатра меҳрингиз кўзга тўтиё,
Қаҳрингиз ўтида куймиш шайтонлар.
Сиз билан муҳташам сершовқин дунё,
Сиз билан қалбга нур тўлмиш, Ёронлар!

Ўнгирингиз ўпиб, суртаман кўзга,
Қалбингиз бепоён – бепоён уммон.
Сиздаги садоқат – сиғмайди сўзга,
Сиздаги оқибат – беадоқ достон.

Рақиблар ўқига қалқонсиз доим,
Қалъамсиз – ўтолмас дўллар, бўронлар.
Раҳимдил Худойим, шердил Худойим,
Бағрида асрасин, сизни, Ёронлар!

ЭСКИРГАН ФАЛСАФА

Одамзот маймундан яралган эмиш…
Эски фалсафа бу – уйдирма, миш-миш.

Нақлда заррача бўлсайди мазмун,
Шохма-шох тентираб юрмасди маймун.

Басавлат қасрлар қурар эди у,
Қозоннинг бошида турар эди у.

Негаки, шумликка тўла оламда,
Шумликда тенг келмас ҳеч зоғ одамга.

Шу буюк шумликка митти нишона,
Бу бечора маймун, бу шўрпешона.

Маймунча қилиқлар мўлдир одамда,
Унга дуч келамиз ҳар кун, қадамда.

Айбини ҳайвонга тўнкамоқ учун,
Одамзот маймунни яратган у кун.

Хуллас, бу миш-мишлар ёлғон таралган,
Аслида, одамдан маймун яралган.

БОҚИЛГАН ОТ
“…Донғи яна кетсин узоққа,
Илиги куч-қувватга тўлсин.
Эвазига – пойга, улоқда.
Ҳамиша энг биринчи бўлсин.”
…Йўқ! Умидлар ойнадай синди,
Бойловда хўп семирди ахта.
Фақат… ярамасди у энди
На пойгага ва на чартоққа.

ХАВОТИР

Бу тош бир кун ёриши мумкин,
Ё сенинг , ё менинг бошимни.
Ё устида ётиши мумкин,
Ё сенинг , ё менинг лошимни.
Аммо, тегма, жойида турсин,
Одамларнинг пойида турсин.
Чунки, ҳамма кўриб турибди,
Кўрмагандай юриб турибди.
Балки, бу тош, тош эмас – тилсим,
Чўғдир, ўтдир…
Яна ким билсин…
Тегма,
тегса,
тегсин, бошқалар,
Нима қилса,
бошқалар қилсин.

БАХТЛИ ТЕНТАКЛАР

Жонга тегмадими, эй, доно зотлар,
Беҳуда чоп-чопу минди-миндилар.
Билсангиз, энг бахтли инсон эканмиз
Бизлар, Сиз: “тентак!”, деб кулган жиннилар

КЎКСИМДАГИ МОЗОР
Нима қилай, шу экан пешонамга ёзари:
Кўксим тўла мозор-ей, дўстларимнинг мозори.
Хиёнатчи зотларни кўмганман бу қабрга,
Энди қийнаса керак то ўлгунча озори.

ҚЎРҚОҚНИНГ ДАЪВОСИ
Жим турсанг – шишар шардай
Қўрқоқнинг дўқ-даъвоси.
Сал туртсанг – тўзар пардай
Ичида бор ҳавоси.

БУГУНГИ ТУЛКИЛАР
Бугунги тулкилар товуқ, қуён қидириб,
Қирма-қир изғимас шайтондай.
Зўрларни бир-бирига едириб- қириб,
Бек бўлишни кўзлар ўрмонга.

СЕН ВА МЕН

Ҳамма сенга дўст бўлсин, дейман,
Тош бўлмасин, дейман, йўлингда.
Афсус, қанча ғамингни емай,
Бу иш келмас асло қўлимдан.

Сен, ёв, қилай, дейсан, ҳаммани,
Дўстлар тошдай ётсин йўлимда.
Афсус, бу орзунг ҳам бемани,
Бу иш асло келмас қўлингдан.

ҚИЗҒАНЧИҚ
Бир парча сояни қизғанар ёзда,
Қишда қор сўрасанг гезариб кетар.
Ҳатто, худойимнинг ҳавосиним
Бергиси келмайди – бўзариб кетар.

ЎРМОНДА
(ЧИЗГИЛАР)
1

Эгри дарахт кетди кесилиб,
Ўтин бўлди, йиқилган замон.
Тўғри дарахт саройга келиб,
Устун бўлди – эъзозда ҳамон.

2

Билинмайди майдаси унча,
Катта дарахт синса даҳшатдир:
Қанча майса, бегуноҳ ғунча,
Ниҳолларни кетар қақшатиб.

МАЖНУНТОЛ
Бунча ғариб, муте, нотавон,
Ё қисматми унга бу хўрлик?
Қанча меҳр кўргани замон,
Эгилади баттар бу шўрлик.

Ё олганми осиб бўйнига,
Тоғнинг энг чўнг қояларини.
Кўтарсанг ҳам бошингга. Нега
Кўтарайин демас бошини?

Йўқ! Шоирлар таърифи ёлғон,
Ошиқ эмас, Мажнун эмас ул.
У абадий қулликда қолган,
У – абадий қулликдаги қул.

ЖИНОЯТ
Вақт деганлари бахтдир бетимсол,
Яратган Эгамдан чексиз иноят.
Шу улуғ неъматни гар қилсанг увол,
Тенгсиз жиноят бу, тенгсиз жиноят.

ОМАДСИЗГА
Биласанми, омадлидан нимадир фарқинг?
У, далани шудгорлайди, сочади уруғ.
Кетмон, омоч кўрсанг дарров ўзгарар турқинг,
Ётиб-ётиб, сен шудгордан излайсан қуйруқ.

ҒАРАЗ
Бу дунёга келгандан буён,
Адолатни қилмайсан фараз.
Яхшиликнинг кўзига тикан
Қадамоқни кўзлайсан, ғараз.
Бошинг бир зум чиқмас калтакдан,
Сўзсиз, мурдаликка нойилсан.
Лекин шунча таёқ есанг ҳам
Ўлмай юрганингга қойилман.

БОЛТА
Ётган эди бир четда занглаб,
Даста бўлди, болтага даста.
Болта, даста ўсган теракни
Каллаклаб ташлади бир пасда.

СИР
Асра, ичингдаги сирингни асра,
Учма хушомадга, дўқ, ё алдовга.
Қара, оддийгина данакка қара,
Чақмагунча мағзин бермас бировга.

ТЎРТЛИК
Тоғларнинг қорини кураб бўлгайми?
Қуёшга типпа-тик қараб бўлмайди!
Виждонсиз каслардан имон, эътиқод,
Бахтсиздан, чимдим бахт сўраб бўлмайди.

ВАЙСАҚИ

Тилинг бир қаричмас, хайрият, калта,
Агар, икки қулоч бўлса, нетардинг?
Каллангни сапчадек узарди болта,
Аллақачон итдай ўлиб кетардинг.

ИККИЛИК
Кеча-кундуз ишлаш учун яшар баъзилар,
Ишлаганни тишлаш учун яшар баъзилар.

БАХТ
Қават-қават замин остида,
Қимирласа қурт ё қумирсқа.
Қават-қават осмон устида
Пайдо бўлса тариқдай нусха;
Милиён йиллар наридан хира,
Йилтилласа ожиз шамчироқ,
Кўзимиздан қочмайди сира,
Барин аён кўрамиз, бироқ
Бағрингдаги азиз болангнинг,
Ўйларини англасанг бекам.
Бундай бахт йўқ экан оламда,
Эгнг улуғ бахт асли шу экан.

Х Х Х
Тош тешмоқни томчи ўргатди,
Дўқ, зўғимни ўргатди қамчи.
Бир тан бўлиб бағримга отди,
Дунёда бор айёр, алдамчи.
Мағрур кездим шуҳрат отида,
Атрофимда бирдамлик саси.
Шайтанатнинг салтанатида
Қурол тутган борки, ҳаммаси.
Йўқ! Бу сарой жирканч ва совуқ,
Энди унга бўлмам қарам ман.
Аммо, энди битта ҳамкор йўқ,
Бир халоскор топмай гарангман.

ИККИЛИК
Сени таъқиб қилар қадам-бақадам,
Кўринганидан кўп кўринмас одам.

ИТ – ИТ ЭКАН…
(Ғ. Ҳга)
Қариялар ҳамма гапни билар экан,
Билиб-билиб пешонангни силар экан.
Бобом: “итни эркалама, ит – ит”, дерди.
Ит –ит экан, итлигини қилар экан…

Абдусаид Кўчимов

 “Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*