Menu
Categories
Исматилло Йўлдошев: Бу ишқни ололмас ҳатто ўлим ҳам…
02/11/2020 Адабиёт

Дийдор соғинтирар, соғинчлар-ажал,
Жонимга қасд қилиб қўймайди фироқ.
Ҳижрон юрагимга беради сайқал,
Қалбимни хун қилиб тўймайди сароб.

Мудом нигоҳимда муштоқлик акси,
Умидин узмайди телба руҳим ҳам.
Тугаб тугамайди кўзларим ашки,
Бу ишқни ололмас ҳатто ўлим ҳам.

Озорлар жонимга тилайди озор,
Aйрилиқ қилмайди висолни эҳсон.
Сенсиз яшаш-оғир, унутиш-душвор,
На ўлиб, на қолиб яшолмайди жон.

Неки қилган бўлсам ўзимга қилдим,
Жонимни ҳар кўйда ўртади фироқ.
Мен шунчаки севдим… оҳ қаттиқ севдим,
Сендан ҳеч нарсани кутмадим бироқ.

Мен севдим деган сўз – бу менинг севгим,
Сен мени севишинг шарт деганимас!
Aгар гуноҳ бўлса – менинг гуноҳим,
Хеч кандай изохлар, авфлар керакмас!

Сен мен учун дардмас – балки шифосан,
Қалбингдан жой олиш – мендаги истак!
Сен менга на қайғу… ва на армонсан,
Ҳеч эришиб бўлмас… хаёлсан фақат!

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*