Menu
Categories
ЎзА – Испанияга сафар: Мадридда дарахтларга эътибор қандай?
02/23/2020 Бош мақола

Испанияга сафар: Мадридда дарахтларга эътибор қандай?

Испанияга сафар: Мадридда дарахтларга эътибор қандай?

Европа иттифоқининг молиявий кўмаги билан Марказий Осиёнинг Минтақавий экологик маркази ( CAREC) “Ўзбекистонда барқарор сув ва экологик ривожланиш учун хабардорликни ва шерикликни орттириш лойиҳаси“ (UzWaterAware) доирасида бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистлар учун Испанияга стади-тур ташкил қилингани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу тадбирда ЎзА мухбири Есимхон Қаноатов ҳам иштирок этмоқда. Қуйида мухбиримизнинг илк таассуротларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Тошкентдан Истанбулга ва ундан Мадридга учиб деярли 12 соат вақтда етиб келдик. Шунинг 9 соатдан кўпроқ вақтини “Туркия ҳаво йўллари”нинг А-321 самолётида ўтказдик. Чарчадик. Йўл азоби, гўр азоби. Мадридга тушишимиз билан эътиборимизни ям-яшил дарахтлар ўзига жалб қилди. Мадридда айни пайтда баҳор мавсуми шекилли. 20 даража илиқ. Одамлар кўйлак ва калта енгли футболкаларда юришибди.
Бир қарашда Мадрид оддий шаҳарга ўхшайди, тарихий жойлари кам, кўп қаватли уйларнинг архитектуравий кўриниши ҳам ўзларимизникига ўхшаб кетади. Жуда баланд бинолар кўринмайди. Лекин, шаҳар ўзига яраша саранжом-саришта.
photo_2020-02-23_18-25-25.jpg
Меҳмонхонага нарсаларимизни қўйибоқ шаҳар айланишга чиқдик. Мадридни кўздан кечирар эканмиз, кўп қаватли уйларга ёнма-ён ўсиб турган дарахтлар диққатимни тортди. Айни пайтда Тошкент шаҳрида Юнус Ражабий кўчасидаги 66/1, 66/2, 66/3, 66/4 ҳамда 72-уйлар оралиғидаги ер майдонида 81 дона дарахтнинг кесиб ташлангани ҳақидаги хабарлар кўпчилик қатори мени ҳам жуда афсуслантираётган эди.
Мадридлик қурувчилар дарахтларга умуман зиён етказмасдан уйларни қурган. Бўлар экан-ку, деб ўйладим. Ҳар қадамда чиқинди ташланадиган контейнерлар ўрнатилган. Меҳмонхонамизга узоқ бўлмаган ҳудудда шаҳар ўртасидан оқиб ўтувчи канал бўйида майсазор бор экан. Одамлар шу ерда оиласи ва дўстлари билан келиб ором оляпти. Лекин, биронта чиқинди қолдирмайди. Халталарга солиб, махсус контейнерларга ташлайди.
Кўчаларда асосан соя солувчи дарахтлар экилган. Манзарали дарахтлар жуда ҳам кўп эмас. Сояли дарахтлар тагида майсазорликда айланиб, чарчоғимиз қандай тарқаб кетганини билмай қолдик.
photo_2020-02-23_18-25-27.jpg
Шу ўринда бизнинг юртимизда ёппасига манзарали дарахтлар (арча, можжевельник, туя ва ҳоказо) ни экаётгани эсимга тушиб кетди. Масалан, Мўйноқда катта йўлнинг икки томонига шундай манзарали дарахтларни экиб ташланган. Биринчидан, бу каби дарахтларнинг на ўзига, на одамларга сояси бор. Иккинчидан, у дарахтларнинг баҳоси ҳам анча ва уларнинг барқ уриб ўсиб кетиши ҳам қийин. Мадридда асосан иқлимига мос маҳаллий дарахтлар экилган. Бизда ҳам маҳаллий сояли дарахт турлари кўп-ку. Нимага шуларни экмаймиз ? Ёзда соя тополмай қийналамиз. Мутасаддилар эса сояли дарахтларни қирқиб ташлаб ё қурилиш туширади, ёки манзарали дарахт ўстиради.
Бугунги кунда дарахт экиш челленджга айланаётган бир даврда тегишли раҳбарлар шу томонига ҳам эътибор берса ёмон бўлмасди.
Маълумот учун: tripmydream.com сайтининг ёзишича, Испания сайёҳлик бўйича дунёда иккинчи ўринда туради (биринчи ўринда Франция) . 2018 йилда Бу ерга 82,8 млн киши ташриф буюрган.
Е.Қаноатов, ЎзА

Журналистлар Испания сув хўжалиги ислоҳотлари билан танишади

​Журналистлар Испания сув хўжалиги ислоҳотлари билан танишади

Марказий Осиё минтақавий экология марказининг мамлакатимиздаги филиали томонидан “Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича хабардорликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш” ( UzWaterAware) лойиҳаси доирасида бир гуруҳ мутахассислар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Испания давлатига стади-тур ташкил этилди.
Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида 2016 йилдан буён амалиётга татбиқ этилаётган ушбу лойиҳа сув ва экологик муаммолар ечимига қаратилган тарғибот ишларини амалга ошириб келмоқда. Бу жараёнда маҳаллий ҳамкорлар билан сувдан унумли фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича аҳоли, талабалар ва болалар ўртасида турли тадбирлар ўтказилган.
photo_2020-02-23_15-26-57.jpg
Лойиҳада ОАВ вакиллари билан биргаликда ишлаш алоҳида инобатга олинган бўлиб, мамлакатимиз бўйлаб ва Германия давлатига пресс-турлар уюштирилди.
Лойиҳа бўйича Испания тажрибасини ўрганишга қаратилган галдаги танишув сайёҳати ҳам шу ишлар давоми ҳисобланади. Стади-тур дастурлари бўйича тадбирлар 24 февраль, душанба кунидан бошланади. Унга кўра, Испаниянинг Толедо, Кордова, Альмерия, Мурсия шаҳарларидаги сувни бошқариш ва ундан унумли фойдаланишда замонавий технологияларнинг амалиётдаги натижалари билан яқиндан танишиш назарда тутилган.
Айни чоғда иштирокчиларнинг Мадрид шаҳри бўйлаб саёҳати бошланди.
photo_2020-02-23_15-27-00.jpg
Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё минтақавий экология марказининг мамлакатимиздаги филиали “UzWaterAware” лойиҳаси ижроси бўйича учинчи компонентидир.Ўз навбатида, улар Европа Иттифоқининг «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш» дастурининг таркибий қисми ҳисобланади. Миллий ҳамкор эса Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидир.
photo_2020-02-23_15-27-01.jpg
Насиба Зиёдуллаева, Испаниянинг Мадрид шаҳридан.
Leave a Reply
*