Menu
Categories
«Тобутдан қайтиш»: «Суперсешанба»да Байден биринчи ўринга чиқиб қолди
03/04/2020 Бош мақола
«Тобутдан қайтиш»: «Суперсешанба»да Байден биринчи ўринга чиқиб қолди

АҚШнинг собиқ вице-президенти Жо Байден кутилмаганда «cуперсешанба» якунларига кўра АҚШ президентлиги учун Дональд Трампнинг рақиблари пойгасида биринчи ўринга чиқиб олди. Ҳолбуки у бир неча ҳафта аввал сайловолди кампаниясида аутсайдер сифатида кўрилаётганди.

77 ёшли Байден демократлар пойгасида етакчига айланди / Getty Images

АҚШ президентлиги сайловидаги асосий воқеалар бошланиши арафасида Жо Байденнинг ўзи ғалаба қозонишига шубҳа қилмаётгандек эди.

Сешанба тонгида у Лос-Анжелесда ўз тарафдорлари иштирокидаги митингда чиқиш қилди – у саҳнада чап қўлида музқаймоқ кўтарган ҳолда пайдо бўлди.

«Мен қабрдан қайтдим. Сиз мени эрта кўмиб қўйдингиз, лекин мен ҳали ўлмагандим», – деди собиқ вице-президент мамнун жилмайган ҳолда.

Маҳаллий вақт билан сешанба куни ярим тунда навбатдаги праймеризлар ўтказилган АҚШнинг 14та штатида ва Америка Самоасида Жо Байден ҳеч нарсани бўрттириб гапирмаётгани ойдинлашди: овоз беришлар якунларига кўра, у 9та штатда ишончли ғалабага эришган – Алабама, Арканзас, Массачуссетс, Миннесота, Шимолий Каролина, Оклаҳома, Теннеси, Виржиния ва Техасда.

Яна бир штатда – Мэнда ҳам у ўзининг асосий рақиби Берни Сандерсни кичик фарқ билан ортда қолдирмоқда, бу штатда овозлар ҳали тўлиқ ҳисоб-китоб қилиб бўлинмаган.

Сандерс фақат Колорадо, Юта ва ўзининг штати бўлмиш Вермонтда устун келган. Социологларнинг ҳисоблашича, мустақил сенатор ҳали Калифорнияда ғалаба қозониб «суперсешанба»нинг асосий сюрпризини тақдим этиши ҳам мумкин – ғарбий штатда энг кўп делегат овози учун курашилади.

«Суперсешанба» нима дегани?
Анъанага кўра, 50 йилдан буён айнан шу кун АҚШда президентлик кампаниясидаги асосий кун ҳисобланади.

Икки сиёсий партиянинг миллий қўмиталари «суперсешанба»га қадар қайси штатларда кокуслар ва праймеризлар бўлиб ўтишини белгилашади. Бу сафар Айова, Нью-Ҳэмпшир, Невада ва Жанубий Каролинада «суперсешанба»дан олдин бирламчи сайловлар бўлиб ўтди. Праймеризда овоз берувчилар Партиянинг миллий съездида у ёки бу номзод тарафида туриб қатнашадиган делегатлар сонини аниқлаб беришади.

Дастлабки тўртта штатдаги бирламчи сайловларда атиги 155 делегат овози учун кураш олиб борилганди, Демократик партиядан президентлик сайловида номзод бўлиш учун эса 1 991 делегат овозини ютиш керак бўлади. «Суперсешанба»да 1 357 нафар делегат овози учун курашилади.

3 март куни АҚШнинг 14 штатида ва Америка Самоасида сайловлар бўлиб ўтди. Сайлов участкаларига Демократик партиянинг Қўшма Штатлар ҳудудидан ташқарида яшовчи тарафдорлари ҳам келишган.

Демократик партияда айни вақтда президентлик сайловида қатнашишга даъвогар бўлган беш номзод қолган. «Суперсешанба» арафасида икки номзод – Саут-Бенд шаҳрининг собиқ мэри Пит Буттижич ва сенатор Эми Клобушар Жо Байден фойдасига кучларни бирлаштириш учун пойгани тарк этишди.

Кейинги «суперсешанба» 10 март куни бўлиб ўтади.

Пойгада фақат икки киши қоладими?
«Суперсешанба»нинг дастлабки натижалари эълон қилинганидаёқ президентлик пойгасидаги яна уч нафар номзоднинг имконияти қолмагани маълум бўлиб улгурди.

Конгресс аъзоси Тулси Габбард фақат битта делегат овозига эга бўлган ҳолда аутсайдерга айланган – бу делегат ҳам унинг ўз юрти бўлган Америка Самоасидан. Ҳар қандай оғир вазиятда ҳам пойгани тарк этмасликни ваъда қилган сенатор Элизабет Уоррен эса ўзи туғилиб ўсган Массачуссетс штатида собиқ вице-президент Жо Байденга ютқазди.

Нью-Йоркнинг собиқ мэри, сайловолди кампаниясига ўз маблағлари ҳисобидан 500 миллион доллар сарфлаган ва праймеризларга эндигина қўшилган мультимиллиардер Майкл Блумберг эса фақат Америка Самоасидаги праймеризда ғолиб бўлди. Виржинияда уни сайловчиларнинг фақат 10 фоизи қўллаб-қувватлаган, қолган штатлардаги натижалар янада камтарроқ кўриниш олган.

Лекин Блумберг демократлар пойгасини тарк этишга шошилмаслигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, у ҳамон АҚШ президентлиги учун курашда Дональд Трампга рақобат туғдириш мақсадидан қайтмаган.

«Бошқа номзодлар тўртта штатдаги сайлов учун бутун бир йилни сарфлашди. Аммо мен сайлов тақдири ҳал бўладиган штатларда – Висконсин, Мичиган, Питтсбург, Оҳайо, Шимолий Каролина ва Флоридада Дональд Трампга қарши кампанияда иштирок этаман», деди у Флорида штатида ўз тарафдорлари билан учрашувда.

Блумбергнинг сайловолди штаби вакили эса Америкадаги бир неча телеканалларга берган интервьюсида собиқ мэр пойгани тарк этиши мумкинлиги, аммо Демократик партия номзодларини молиявий жиҳатдан қўллашга тайёрлигини билдирган.

Демократлар кимга тикишган?
2019 йил давомида Жо Байден президентлик пойгасининг яққол фаворити ҳисобланаётганди, у барча сўровларда устунлик кўрсатди. Аммо Дональд Трамп импичменти иши доирасида унинг рейтинги пасая бошлади ва бу дастлабки праймеризларда акс этди – Айова, Нью-Ҳэмпшир ва Невада штатларида Байден етакчилик қила олмади ва ўзини социалист деб атайдиган Берни Сандерс биринчиликка чиқди. Унга эса кутилмаганда Байден эмас, Индиана штатидаги Саут-Бэнд шаҳрининг собиқ мэри, уруш фахрийси, полиглот, етти тилни билувчи 38 ёшли Пит Буттижич рақобат кўрсатди.

Вермонтлик мустақил сенаторнинг муваффақиятлари унинг ёшлар орасидаги обрўси ва АҚШ ҳудудидаги испан тилли жамиятлар уни қўллаётгани билан боғланди. Бу эса Демократик партия истеблишментини жиддий хавотирга сола бошлади.

Вице-президент Жо Байден сайловчилар билан учрашувларида Барак Обама олиб борган сиёсатни давом эттиришини қайта ва қайта таъкидлаган бўлсада, натижалар жуда ёмон эди – Айовада у тўртинчи ўринни олди, Нью-Ҳэмпширда – бешинчи ўринга тушиб кетди, Невадада эса катта қийинчиликлар билан иккинчи бўла олди.

Фото: Getty Images

Жо Байден учун илк ишончли ғалаба 29 февраль куни Жанубий Каролина штатидаги праймеризда қўлга киритилди. АҚШ жанубидаги бу илк праймеризда собиқ вице-президентни афроамерикаликлар жамияти қўллаб-қувватлади. Уни Сандерс таклиф этаётган ҳаддан ташқари радикал чоралардан (текин тиббий ёрдам ва барча америкаликлар учун бепул олий таълим) хавфсираган мўътадил демократлар ҳам қўллаб-қувватлашди.

Айнан шу праймериз демократ номзодлар пойгасидаги бурилиш нуқтаси бўлди. Байденнинг биринчи ғалабасидан кейин уни демократларнинг барча етакчилари қўллай бошлашди. Бу эса айнан у Демократик партиядан президентликка номзод сифатида танланганини кўрсатади, сўнгги кунларда Конгресснинг ўнлаб вакиллари, губернаторлар ва бир қанча шаҳарларнинг мэрлари ҳам шундай фикр билдиришган. АҚШ президентлиги учун собиқ номзодлар Пит Буттижич ва Эми Клобушар эндиликда Байден штаби томонида туриб сайловолди митингларида иштирок этишмоқда.

New York Times нашри хабарига кўра, АҚШнинг 42-президенти Билл Клинтон «эски дўстлари» билан бир неча марта музокара ўтказган ва агар Сандерс ноябрдаги сайловга етиб борса Трамп томонидан яксон қилиниши ва бу «партия учун оғир мағлубият бўлиши» ҳақидаги хавотирларини билдирган.

Қариялар жанги
«Суперсешанба» вақтида ўзининг ишончли ғалабаси ҳақида эълон қилган Жо Байден бу воқеани «инқилоб» деб атади (бу вақтгача Берни Сандерс ва унинг тарафдорлари ўз натижаларини шундай атаб келишганди).

«Одамлар инқилоб ҳақида гапираётганмиди? Айнан биз буни бошладик!», деди у Лос-Анжелесдаги тарафдорлари қаршисида.

Эндиликда демократлар пойгасида 77 ёшли Жо Байден ва 78 ёшли Берни Сандерс қолмоқда.

Президентлик пости учун энг ёш номзод эса Оқ уйнинг амалдаги раҳбари, 73 ёшли Дональд Трамп бўлиб қолади.

 

Leave a Reply
*