Menu
Categories
Исмат ХУШЕВ: ЎЗБЕКИСТОНДА БУГУН ТАЪЗИЯНИНГ НАРХИ ҚАНЧА?
03/09/2020 Бош мақола
Яхши-суъратимИсмат ХУШЕВ:
ЎЗБЕКИСТОНДА БУГУН ТАЪЗИЯНИНГ НАРХИ ҚАНЧА?
«Ўзбекистон президентига мактублар» туркумидан
СЎЗБОШИ ЎРНИДА
 Ўзбекистонда яна бир чинор қулади.
Эллигинчи йилларда Ўзбекистон Комсомоли Марказий Комитети биринчи котиби, олтмишинчи йилларда Ўзбекистон пахта тайёрлаш саноати министри, Наманган обкомининг биринчи секретари, республика спорт қўмитаси раиси, Ўзбекистоннинг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари – “Постпред”  ва ниҳоят саксонинчи йиллар ўрталарида – Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми раиси бўлиб ишлаган Мирзаолим Иброҳим 90 ёши арафасида Тошкентда вафот этди.
Шундай улкан ва атоқли сиймо ҳаётдан кўз юмар экан, ҳар қачонгидек Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари лом мим дейишни лозим топмадилар. Бу ноинсоний сукунат яқин ўтмишда ҳаётдан видолашган буюк ўзбек давлат ва жамоат арбоблари Ёдгор Насриддинова, Нуриддин Муҳиддинов, Ориф Алимов, Раҳмонқул Қурбонов, Нормуҳаммад Худойбердиевларга нисбатан ҳам юз берган эди…
1. 
Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!
Ёдгор Насриддинова, Нуриддин Муҳиддинов, Ориф Алимов, Раҳмонқул Қурбонов, Нормуҳаммад Худойбердиевлар вафот этганида Ўзбекистон ҳукумати томонидан матбуотда бир оғиз бўлса ҳам таъзия берилмагани бизни ҳануз ажиб ҳайрат ва ҳасратларга ошно этиб келади.
Майли, улар Сиз тамал тошини қурган ва яратган Ўзбекистон номли мустақил давлатдан анча олдин – Советлар даврида раҳбарлик қилган эдилар, шунинг учун ҳам бевафо бу янги давлат уларни эсламаса, эсламагандир деб ўзимизни овутиб ва совутиб юришимиз мумкин.
Ваҳоланки, шу мустақил Ватан ва шу янги давлат раҳбари сифатида Сиз уларнинг вафоти ҳақида бир оғиз бўлса-да – ўз сафдошларингиз ва ҳамкасбларингизни сўнгги йўлга кузатиш бобида ўз сўзингизни айтишингиз лозим эмасмиди?
Майли, уларнинг айби “эҳтимол совет давлатига хизмат қилганликдадир” деб ўзимизга таскин ва тасалли беришимиз мумкин. Ахир мустақил Ўзбекистоннинг юқори эшелонида бир иккита чувриндини ҳисобга олмаганда, совет давлатига хизмат қилмаган ким бор, ахир?…
 
2. 
Маълумки, сўнгги йилларда Сиз билан бирга Ўзбекистон мустақиллиги ва давлатчилиги тамал тошини қўйишда жонбозлик кўрсатган бир талай сафдошларингиз  – илм фан, адабиёт ва санъат намоёндалари, давлат ва жамоат арбоблари ҳам бирин кетин ҳаётдан кўз юмишди.
Жаҳонга машҳур кинорежиссер Малик Қаюмов, таниқли рассом Раҳим Аҳмедов,  Академиклар Обид Содиқов, Саъди Сирожиддинов, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Комил Яшин, Одил Ёқубов, Мирзамаҳмуд Мусахонов, Пўлат Ҳабибуллаев, Воҳид Козимов, Мирзағани Искандаров, Эркин Юсупов,  Шаҳобиддин Зиёмов, Ўткир Ҳошимов, Эркин Шайхов, Солижон Мамарасулов, Эркин Ҳайитбоев, Шавкат Яҳёев, мана энди куни кеча Мирзаолим Иброҳим ҳам не не ҳасрат ва армон билан бу ёруғ дунёни тарк этдилар.
Ўз вақтида буюк Ибн Синонинг ворислари деб дунёда тан олинган, Ленин мукофоти деган юксак оламшумул мукофот туғини Ўзбекистон байроғига биринчи бўлиб қадаган академик Ёлқин Тўрақулов ва таниқли олим  Қоплонбек Исломбековлар бу оламдан кўз юмишганини ватандошлар ҳатто билмай ҳам қолишди.
Собир Юнусов, Карим Аҳмедов ва яна қанчадан қанча таниқли олимлар –  илму фан арбоблари ном нишонсиз бу дунёдан ўтиб кетдилар.
Афсуски, уларнинг вафоти ҳақида ҳам матбуотда бир оғиз бўлса-да, хабар берилмади.
Фақат Озод Шарафуддинов, Саид Аҳмад ва Мурод Шарифхўжаевлар вафот этганида ҳукумат таъзиялари эълон қилинди, холос.
Кенг жамоатчиликда савол туғилади:  Улардан буларнинг фарқи нимада?
Нима, биз юқорида тилган олган, вафоти ҳақида хабар берилмаган марҳум зиёлилар – адабиёт, санъат, журналистика, фан ва илм аҳли халқ душмани деб эълон қилинганмидилар?
Улар давлат ва миллат олдида эмас, балки унинг раҳбари олдида гуноҳкормидилар ё?
3. 
Ислом ака.
Ўзбекистонда бугун илму фан ва маданият аҳлига давлат ва жамоат арбобларига эътиборсиз  муносабатни ўйлаб баъзан менинг бошим қотади.
Сиз  тарихан  асрлаб давом этган не не чигаллик ва жумбоқларга қисқа муддатда донишмандлик билан жавоб топа олган буюк инсонсиз, ахир.  Бунга мисоллар жуда кўп.
Бутун дунёга номи кетган улуғ боболаримиз Имом Бухорий, Ал Термезий, Аҳмад Фарғоний каби буюк шахсларнинг – Сиз боис  ўзбек халқига қайтариб берилишининг баҳоси бормикан?
Сиз уларнинг номинигина қайтариб бериб қолмай, буюк Амир Темур изидан бориб, улуғ боболаримизнинг хоки пойи ётган муқаддас жойларни  муборак қадамжоларга айлантиришда бош қош бўлдингиз. Бу борада -меҳнатингиз ва шафоатингизни аямадингиз.
Шу билан бирга Хасти Имом, Шоҳи Зинда ва Занги Ота каби бир қатор қадамжоларни ободонлаштиришдаги хизматингиз ҳам беқиёс.
Не бахтки, бугун тошкентда Сизнинг саъй ҳаракатингиз билан қурилаётган  – Ўрта Осиёнинг энг  баланд ва ҳашаматли, улуғвор ва кўркам  масчидининг очилиши арафасида турибмиз.
Сиздек – мана шундай кенг саҳоватли ва зукко инсоннинг  – ўтмишдаги ота боболаримиз ҳурмат иззатини жойига қўйиб турган бир пайтда, ўз замондошларига кўрсатаётган бағритошлиги сабабини мен Сиздан эмас, балки  атрофингиздаги калтабин ва нодон маслаҳатчилардан излаш керак деб ўйлайман.
Бунинг сабабини эса, аслида  – улар Сизнинг саҳоватли оёғингиз остига қўяётган бомбалардан  излаш керак.
Назаримда, улар бу бомбаларнинг қачон портлашини интизорлик билан кутиб тургандай…
Мирзаолим
СуратдаМинбарда – Президент Ислом Каримов, орқа планда ўнгдан – Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми раиси Мирзаолим Иброҳимов ва унинг биринчи ўринбосари Борис Иванович Бугровлар навбатдаги сессия мажлисида….
4. 
Ислом ака!
Эсингиздами, Сиз номи ноҳақ оёқ ости қилинган Шароф Рашидовни илк маротаба тилга олганингизда  халқимизнинг бағри ва ғурури қанчалар кўтарилган  эди. Сиз ўз устозингиз номини оқлаганингизда одамларнинг оёққа туриб кетганини ўз кўзим билан кўрган эдим. Сиз бу улуғ ишни – Политбюро ҳали қутуриб турган бир пайтда бетакрор бир жасорат билан амалга ошира олган эдингиз.
Афсус, афсус ва яна афсуслар бўлсинки,  кейинчалик атрофингизни қуршаб олган калтабин ва нодон (балки унча нодон ҳам эмасдир, уларнинг бошқа мақсадлари бордир) ёрдамчиларингизнинг  «доно маслаҳати»билан  Шароф Рашидовнинг номи ҳам бугун Тошкентдаги бир кўча-ю, қабр тошидагина қолди, холос.
Яна бир корхона борки –  Рашидов номи билан аталадиган, тилга олишга ҳам уяламан – Қибрайдаги товуқчилик хўжалиги эмиш?!
Рашидов қаёқда-ю, товуқчилик хўжалиги қаёқда?…
Ислом ака, бу балки майда гап бўлиб кўринар, лекин кимлардир Рашидов устидан кулиш учун ҳанузгача бу товуқчилик хўжалигини унинг муборак ва довруғли номи билан боғлаб келишяпти. Балки Сиз бундан бехабар бўлишингиз ҳам мумкин.  Афсуски, ёнингиздаги ёрдамчиларингизнинг бундан бошқа яна қанчадан қанча бошқа кирдикорлари Сизга етиб бормаса,  на чора?
Агар биргина ёрдамчингиз Георгий Алексеевич Крайновни ҳисобга олмаганда, бугун ёнингизда кечаги тарих учун жон куйдирадиган ким қолди?  Қолганлар учун тузатишдан кўра, бузиш осонроқ эмасми?
Бугун – кечаги тарих пушкага олиниб, вайрон қилинаётган экан, халқнинг бир доно угити ёдга тушади: Қурмаганнинг – бузишини кўр…
Яна бир ҳикмат ҳам бор: Тарихга тўппончадан ўқ отсанг- келажак сенга замбаракдан ўт очади…
 5.
Ўзбекистонда уч миллион гектар ерни ўзлаштиришда бош қош бўлган, тўртта вилоят, қирқ бешта  шаҳар ва яна юзлаб янги район очган Шароф Рашидовнинг номи қўйилган чўлдаги ёлғиз район ҳам бугун «Сардоба» деб ўзгартирилди.
Чўлдан қолган эски бир қудуқни улуғлаш учун, Рашидовдек буюк  бир инсоннинг номини ўчириш даркормиди, Ислом ака?
Мен баъзан Ўзбекистонда бўлаётган айрим жумбоқларни тушунмай бошим қотади деганимда,  мана шунга ўхшаш ажабтовур ҳолларни назарда тутган эдим.
Ислом ака. Сизни яқиндан билган бир инсон сифатида улуғ бир қудратингизга доим ишонаман.
Шароф Рашидовнинг  Сиз бош бўлган 75 йиллигини ҳисобга олмаганда, унинг 80 ва 90 йилликлари ном нишонсиз ўтиб кетди.
95 йиллиги эса – оила аъзоларининг ташаббуси билан «Наврўз» да бир кичик дастурхон ёзиш билан ўтди, холос.  Тўғри, эшитганлар ёғилиб келди. Бироқ адолат истаган  одамлар бу сафда албатта Сизни ҳам кўришни ва олқишни жуда ва жуда истаган эдилар.
Ўзбекистон учун  сал кам қирқ йил жон олиб жон берган Шароф Рашидовнинг юз йиллиги ҳам яқинлашиб қолди.
Сиздек,  қайсики, Шароф Рашидовни устозим деб самимий улуғлаган ва уни қора ердан олиб, мовий осмонга кўтарган инсон ўз устозингиз номини номард ва нотанти, нонкўр одамларнинг  оёғи остига  хор қилиб ташлаб қўймайсиз деб умид қиламан…
6. 
Статистика бўйича энг сўнги маълумотларга қараганда Ўзбекистонда йилига 700 мингга яқин одам – тўғилиб, 400 минг атрофидаги одам эса – бандаликни бажо келтирар экан. Бу – инсоншунос (демограф) лар ҳисобига кўра – 60-40 фойизга тўғри келаркан.
Кейинги  пайтда бизда атоқли арбоблар тугул, ҳатто оддий одамлар ўлими ҳақида ҳам матбуотда уч қатор таъзия билдириш  негадир таъқиқланган кўринади.  Бу таъқиқда  – мамлакатда ҳар йили  400 минг одам табиий равишда бу ёруғ дунёни тарк этаётганига қарамай, гўё бугун «Ўзбекистонда ҳеч ким ўлмайди ва ҳеч ким ҳеч қаёққа кетмайди» деган аҳмоқона фалсафа яширингандай кўринади.
Шу билан бир қаторда мамлакат оммавий ахборот воситаларида яна бир ажабтовур воқеани кузатиш мумкин:
Масалан, Канадада қор ва ёмғир ёғдими, АҚШда торнада бўлдими,  Ҳиндистонда сув тошдими, Австралия Кенгуриси  «бокс»га тушиб, ўз эгасини уриб ташлагани-ю, кимга қандай жароҳат етгазганигача, Африка маймунлари қандай урчиётгани  ўша заҳотиёқ  Ўзбекистон ТВ сида кўрсатилиб, матбуотда кенг шарҳланаётган бир пайтда  – ўзбек ахборот тизимлари Ўзбекистоннинг бирор бир сатҳида на шамол ва на бўрон тургани, на тошқин ва на сел келгани ҳақида лом мим дейиши мумкин эмас.
Худо кўрсатмасин, етти баллик зилзила силкиниб турганда ҳам, кўрсатув олиб бораётган ЎзТВ нинг  «доно ва зукко» репортерлари боши телевизор экранидан  чиқиб кетгудай бўлиб тебраниб турсалар ҳам «Ўзбекистондай тинч ва осойишта ўлка йўқ!» деб қичқиришдан тоймайдилар…
Ислом ака!
Ўзбек оммавий ахборот воситаларидаги бундай тутуриқсиз тартиб қоидалар Сиз томонингиздан тиқиштирилганига мен ишонмайман.
Бу – Сизга ёқиш ва шу билан энг муҳими ўз креслосини сақлаб қолишдан бошқа нарсани ўйламайдиган хушомадгўй ва тилёғлама, мулойим хунук ва маккор маслаҳатчиларингизнинг шармандали кароматидан бошқа нарса эмас.
«Нодон дўстдан кўра, зукко душман афзалроқ» деган эди машойиқлар…
 7.
Энди бу «таъқиқланган» мавзулар қаторига  – инсон вафоти ҳақидаги таъзиялар ҳам қўшилган кўринади.
Одам умри узайиши – “ўн фоиз”га, ўртача яшаш даромади ва турмуш тарзи –  “юз фоиз”га ошган Ўзбекистонда бугун энди  одамнинг ўлишга ҳам ҳаққи йўқдек ғаройиб бир тасаввур пайдо бўлади. Бу жаннаткоман ўлкани ташлаб кетиш мумкинми, ахир…
Ишлашга ҳам ҳаққи йўқ халқнинг энди ўлишга ҳам бўлган ҳуқуқи тортиб олингандек кўринади.
Бу ажиб ҳол улуғ адиб Тоғай Муроднинг  «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» номли машҳур асарини беихтиёр ёдга солади…

 

 8.
Ўзбекистонда яқин ўтмишда яшаб ўтган – кўпкари бўйича етти карра жаҳон чемпиони, ўз даврида  «Молгўзар йўлбарси» деб ном олган, отини эшитганда қозоқ, қирғиз, тожик,  ожарбайжон ва туркман полвонларининг тиззаси қалтираган – жиззахлик Босим полвоннинг ўлими билан боғлиқ таъзияномада ҳам жуда кулгили бир ҳолат рўй берган эди.
Босим полвоннинг ўлими ҳақидаги таъзияни босмаслик учун –  Сизнинг «доно» ва собиқ масалҳатгўйларингиздан бири, машҳур журналист Аҳмаджон Мухторов пайдеворини қурган  «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари масъули  Ўткир Раҳмат Улоқ федерацияси раҳбарларидан бир ҳафта қочиб юрганлигини ҳали ҳануз кўпчилик латифадек эслайди.
Лекин шунга қарамай айрим матбуот органлари ва эртанги кунини ўйлаган баъзи бош муҳаррирлар  масъулиятни ўз зиммасига олиб, баъзан шундай таъзиялар ҳам берилаётганидан кўз юмиб бўлмайди.
Ўткир Раҳмат босмаган таъзияни Сафар Остонов  «Ўзбекистон овози»да эълон қилди. Сўнг уни «Қишлоқ ҳаёти» ва «Спорт» газеталари кўчириб босди. Осмон узилиб ерга тушмади. Ўзбекистонни дунёга танитган бир улоқчи полвон  фарзандлари, дўстлари, мухлислари ва узангидошларининг кўнгли кўтарилди.
Бу учала газета радакторлари Босим полвон ҳақидаги таъзияни босгани учун  ҳеч қандай тазйиққа учрамади, балога дучор бўлмади.
Демак, таъзияларни бермаслик ҳақидаги бундай ноинсоний муносабат, юқорида айтганимдек, Сиздан чиқмаганлиги аниқ.
Бу – ёнингиздаги «доно» маслаҳатчиларингизнинг иши эканлиги ўз ўзидан аён.
Улоқ ва кўпкари Федерацияси Ўзбекистонда алоҳида федерация сифатида яқинда Сизнинг: “Ўзбекистонда от спортини янада ривожлантириш ҳақида”ги Фармонингиз туфайли мустақил бўлди.
Бу Федерацияга от спорти бўйича бир неча бор СССР чемпиони бўлган Жўрақўзи чавандоз раис этиб тайинланди ва ниҳоятда адолатли иш бўлди. Бу адолтдан чавандозларнинг кўкси ғурурга тўлганлигини алоҳида таъкидлашни истардим.
Чунки бундай довруғли спорт оламига раҳбарлик қилиш Ўзбекистонда аксар ҳоллар мафиянинг қўлига бериб қўйилганлигидан  кўз юмиб бўлмайди.
Лекин от спорти Федерацияси иши осон кўчмаяпти. Икки йиллик курашдан сўнг Босим полвон хотирасига бағишланган халқаро кўпкари турнирини Жиззахда базўр ўтказилишига муваффақ бўлинди. Турнир ҳар йили ўтиши ҳақида махсус ҳукумат қарори бўлганлигига қарамай, бу йил уни ўтказиш орқага сурилди.
Шу ўринда яна бир фикр: Агар ушбу Федерация раиси машҳур чавандоз эмас, таниқли мафиоз Салимбойвачча бўлганида борми, ушбу турнир йилда бир эмас, бир неча бор ўтказилган бўларди.
Бу кўпкариларда вилоят ҳокимлари ўзъаро талашиб, улоқчилар қолиб, Салимбойнинг қанотида ўзлари от суриб кетган бўлардилар…
9. 
Ислом ака!
Бинобарин, инсон ўлимининг олдини олиб бўлмас экан, демак табиийки, ўлим билан боғлиқ маросимлар ҳам давом этаверади.  Айрим улуғларнинг таъзиясида – матбуот сукут сақлашига қарамай, минглаб одам тўпланиб, марҳумни сўнги йўлга  мотамсаро кузатар экан, бир савол доим  дилларни хуфтон қилади:  «Нега бундай улуғ инсон ҳақида матбуот лом мим демади экан?»
Шундан келиб чиқиб, мен ҳам бугун Сиздан сўрамоқчиман, Ислом ака: Нега матбуотда бир энлик таъзия босиш ҳам бугун муаммога айланди?
Инсоннинг табиий  ўлими билан боғлиқ  ўзбек матбуотидаги бу сирли жумбоқни мен ҳануз тушунмадим.  Наҳот инсон ўлимидан кейин ҳам унинг шаънига бир оғиз илиқ сўз айтиш шунчалик қийин бўлса Ўзбекистонда.
Мен, ҳарчанд уринмай,  бу бағритошлик сирини тушуниб етолмайман.
Дунё матбуоти тажрибасида яна бир ибратли сабоқ бор: Машҳур шахсларнинг нафақат ўлими, балки уларнинг саломатлиги устида ҳам матбуот бош қотиради. Узоққа бормайлик, Михаил Шумахернинг тоғдан қулаб тушгани – дунё матбуотида уч ой тинимсиз, кунма кун, соатма соат айтиб турилди.
Бу масалада Россия матбуотидан ҳам ўрнак олса арзийди. Бирор бир санъаткор ва ижодкорнинг тақдиридаги бурилиш нуқтаси – унинг юбилейи ва ё таваллуд куни борми, вафотими, матбуот назаридан четда қолмайди.
Бизда-чи? Қанчадан қанча халқ рассоми, халқ ёзувчиси, халқ артисти ва ҳокозо ҳокозо – аллақачон халқ фарзандига айланган ва шундай унвон билан мукофотланган, бир сўз билан айтганда  –  умумхалққа тегишли бўлган зотлар ҳам – бу дунёни тарк этганлиги ҳақидаги хабар, ягона ҳолларни истисно этганда, негадир халқдан сир сақланади.
Бугун  дунё тажрибасидан кўриб турибман,  маърифатли мамлакатларда  марҳумлар ҳақида оддий таъзия тугул, ҳатто бутун бир саҳифалик тижорий ва ташвиқот материаллари бериш ҳам аллақачон йўлга қўйилган.
Марҳум ҳақида фақат яхши сўзлар айтиш – ислом маданиятининг юксак қадриятларидан  бири-ку, Ислом ака.
Бутун дунё тажрибасини ўзига сингдириб бораётганидан аксар ҳолларда  фахрланишга одатланиб қолган Ўзбекистон – бугун ўзининг буюк қадриятларини, афсуски, бирма бир бой бераётган кўринади…
10. 
Ислом ака!
Инсон бу ёруғ дунёдан кўз юмаркан, унинг оиласи, фарзандлари ва ёру дўстлари учун – ватан ва халқ олдида хизматлари ҳаққи ҳурмати – унга ҳукумат нашрларида бир оғизгина таъзия билдириш наҳотки шунчалар қийин бўлса?
Балки, мен узоқ Канадада юриб хабарсиз қолгандирман, бозор иқтисодиёти замонида жонажон Ватаним – жаннатмакон  Ўзбекистонда ҳамма нарсанинг нархи пайдо бўлгандир?
Унда бир аниқлик киритишга зарурат туғилади: Сизнинг “уддабурон” маслаҳатгўйларингиз томонидан ўрнатилган «ставка»га кўра – Ўзбекистонда бугун таъзия нархи қанча тураркин?
Кўп йиллар Ўзбекистонда Бош муҳаррирлик вазифасини бажарган бир инсон сифатида шу “нарх наволар”ни ўйласам, мудом бошим қотади: Ўзбекистонда бугун таъзиянинг нархи қанча экан?
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
28 сентябрь, 2014 йил, Торонто шаҳри, Канада…
 

мирзаолим ака президиумда

Суратда: Ислом Каримов, Борис Бугров, Мирзаолим Иброҳимов (ўртада) ва Р.Ешембетовалар Ўзбекистон Олий Кенгаши мажлиси Президиумида…
(Исмат Хушевнинг шахсий альбомидан олинган бу суратлар матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда)
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

10 шарҳ

  1. Utganlarning ohirati obod bulsin

    Qoyil Ismat aka, qalamingizning siyoxi hech qurimasin.

    Vatanimizning aziz farzandlarini yod etibsiz, xalqqa yana bir bor tanitibsiz, ularning ruhlari shod bulsin, ohiratlari obod bulsin. Hozirda issiq kursisida javlon urib o’tirganlargayam biroz insof tilaymiz.

  2. Otabek Toshev

    Бу соҳта “ватанпарварлар” совет ўтмишини унутиши жуда қийин. Улар ҳали ҳам ўзгаргани йўқ! Боболар, аждодлар юртини ўтмишини хор қилган давлатнинг манглайи қародир, эртаси гумон. Забонини унутган амалдорларнинг сўзлари ёлғон, ўзлари сохтакордир. Бу борада биз тўла тўкис Исмат Хушев тарафидамиз ва у кишини ҳамиша қўллаб қувватлаймиз. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас.

  3. Вақтнинг шамол каби тез ўтишини қаранг! Ҳурматли Исмат ака, ҳаттоки баланд тоғларга чиқиб ҳайқирсангиз ҳам акс садо беради ёки қудуқ тубига қараб овоз берсангиз жавобини оласиз. КАЗОЛАР ЖАВОБИ;

    КЎП ҲАМ КУЙИНМАНГ СИЗ, БЎЛГАНИМИЗ ШУЛ,
    ОҚЛАШГА БИР СЎЗ ЙЎҚ, ЎЛГАНИМИЗ ШУЛ!
    ОЛДИН ЎЛГАНЛАРДАН ТАЪЗИЯ КУТМАНГ,
    ИМОН, РУҲ ТАРК ЭТИБ, ҚОЛГАНИМИЗ ШУЛ!

    Бир нарса деб фикр билдиришга ҳам тил ожизлик қилади. Наҳотки ўзларининг пасткашликларидан уялишмайди, ҳалқ ҳамма нарсани кўриб-билиб турибди. Бу тарихда қоладиган айб!

  4. Shuxrat Normurod

    Аар сизни Исмат ака нашрингиз бўлмаса оламдан ўтганлардан бехабар қолиб кетар эканмиз.

  5. O’zbekxan

    Мамлакат газеталари Бош Муҳаррирлари шунчалик қурқоқ бўлмаса. Бир вафот этган шахсга таъзия эълон қилаолмаслик бориб тўрган уят ку. Агарда мабода сиёсатга доир танқидий мақола чиқса булар буригини ҳуллаб қўйар экан. Кимдир ёзганидай Яхшиям Исмат Хушев бор экан. Уят ўзбек халқига. Ўз фарзандини хақини талаб қилолмаса бу халқ, уят.

  6. Dadamizni yod etib, iliq fikrlar bildirganingiz uchun oilamiz nomidan rahmat sizga.

  7. Ismat Hushev bu Ismat Hushev. Bunday jurnalistlar har doim ham tugilavermaydi…

  8. Bu haqda hali hech kim bunday qiziqarli maqola yozmana va yozolmagan edi…

  9. Shu maqolani yozib, shu muhim mavzuni yoritib bergani uchun jurnalistlar mukofotini boshqa takasaltanglarga emas, Ismat Xushevga berish kerak, aslida.

  10. Ismat Hushev mening eng sevikli yozuvchim bo`lib qoldi. Uni asarlarini o`qib men asl hayotni bilyapman, Karimov tuzumi mohiyatini anglab etyapman…

"1" Comment
  1. Шу мақоладаги сўзбоши, И.Хушевга нисбатан ишлатилаётган “Ҳукуматнинг маддоҳи” калимасини савол остига олгандай кўринади.

Leave a Reply
*