Menu
Categories
Директор Зоҳид КАРИМОВ: “Президентга ёзасанми, БМТгами, менга фарқи йўқ!”.
03/10/2020 Бош мақола

 Зохид КАРИМОВ: “Президентга ёзасанми, БМТгами, менга фарқи йўқ”. Ёки “Спорт” телеканали раҳбарининг “танка”си шу даражада кучлими?

Ҳурматли “Дунё ўзбеклари” таҳририяти!

Биз, “Спорт” телеканали ходимлари, Сизнинг нашрингизни Ўзбекистонда бўлаётган бугунги ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар ва янгиланишлар даврида, Президентимиз оммавий ахборот воситаларига қўяётган юқори талабларга мос равишда, жамият ривожи учун ўта фойдали иш олиб бораётган, айниқса спорт соҳасини ривожи учун жон куйдираётган ОАВ сифатида биламиз. Сизнинг сайтингизда чоп этилиб келинаётган материалларнинг энг юқори даражаларда ўқилишига шубҳамиз йўқ. Шунинг учун ичимизга тўлган дардларимизни сизга ёзишга қарор қилдик. Агар журъат қилиб, ушбу ёзганларимизни ахборот сайтингизда эълон қилсангиз, балки бизнинг муаммоларимизга давлат мутасадди идораларидан муносабат пайдо бўлар, деярли инқирозга юз тутган телеканалимиз фаолиятида ўзгариш бўлар…

Инсонга ё мансаб, ё пул бериб синаб кўр дейишади. Бу ибора нечоғлиқ тўғри эканлигига биз – “Спорт” телеканали ходимлари бир неча бор гувоҳ бўляпмиз десак, муболаға бўлмас. Зоҳид Каримов телеканалимизга раҳбар этиб тайинланганда, ёш, қони қайноқ ва барча ишни бекаму кўст бажарадиган, канал учун куйиб-пишадиган, шу ернинг нонини еб катта бўлган ходим деб ўйлаган эдик. Лекин адашган эканмиз…

Оила – ҳар бир жамиятнинг бошланғич ҳужайраси ва унинг асоси ҳисобланади. Инсоннинг моддий ва маънавий камолоти, оилада шаклланади. Ишхона ҳам катта бир оила ҳисобланади. Директор эса унинг отаси ва барча ишларда маъсул бўлган шахсдир. Агар телеканал раҳбари тўғри йўлни танлай билган бўлса, кўрсатувларда ҳам катта янгиликлар, ўзгаришлар ва илдамлаш кўзга ташланади. Ходимлар ўртасида ўзаро ҳамфикрлик, бир-бирини тушуниш пайдо бўлади ва келишган ҳолда иш олиб борилади. Бизда эса аксинча, парокандалик, бузғунчилик авж олган ва табиийки, бу кўрсатувларнинг савиясига салбий таъсир қилмоқда.

Олдинги раҳбар – тажрибали, ўз ишининг устаси бўлган Муҳаммаджон Мақсудов пенсияга кетган куннинг ўзидаёқ (у киши идорадан ўз шахсий нарсаларини тўлиқ олиб чиқиб кетмай туриб) сурбетларча директор хонасига кўчиб ўтган Каримов, биринчи навбатда ўзи учун яқин бўлган инсонларни – А. Аллаев, Н. Яхшиев, Ў. Эшовларни ишга қабул қилиб, ўзига яраша “гуруҳ” ташкил қилди. Зоҳид Каримов директор бўлгунга қадар канал учун ажратилган қалам ҳақи ҳар бир муҳарририятнинг иш жараёнидан келиб чиққан ҳолда тақсим қилинар ва ходимларнинг бирортаси нолимас эди. Лекин у келгандан сўнг бироз вақт ўтиб ҳаммаси бошқача кўриниш олди. Ўз “югурдаги”, барча шахсий ишларини бажарадиган, лавозим бўйича режиссёр ассистенти бўлган хозирда режиссёрлик қилаётган Х.Мирзаахмедов, трансляция бош режиссёри Ж.Бобожонов, шарҳловчилар, режиссёр Ш.Абдуманов, махсус лойиҳалар муҳарририятидаги “эркатойлар” канал бўйича энг кўп қалам ҳақи оладиган бўлишди. Бу гуруҳ фақат директорнинг кўрсатмасига кўра иш қилишга ўтишди. Тўғри, ғийбат қилмай ишлаш мумкин-ку дегинг келади, лекин бу ғийбат эмас, телеканалдаги бугунги реал воқеълик. Бўлаётган бу воқеаларни кўзимиз билан кўра-била туриб нима қилишимиз керак?! Эндигина ишлар йўлга қўйилган ва барча ўз иш билан банд бўлган бир пайтда, иморатимизнинг устунлари бирин кетин қулаб бўлди.

2017 йили Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари ўтказилди. Каналда ижодкор ходим йўқдеқ, бу тадбирга директорнинг ўзи кетди. Аммо бирор бир таҳлилий кўрсатув тайёрлагани йўқ.

Орадан бир йил ўтиб, 2018 йилинг август-сентябрь ойларида Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ёзги Осиё ўйинлари ўтказилди. Унга ҳам ўзини фамиясини ёзиб, ўзи жўнаб кетди. Яна ўша ҳолат, бирор бир таҳлилий лавҳа ёки кўрсатув тайёрланмади.

2018 йил ноябрь ойида Москвада бўлиб ўтган AIBAнинг конгрессига ҳам Каримовнинг ўзи борди, унда ҳам худди шу ҳол, бирор бир арзигулик кўрсатув тайёрлагани йўқ. Каналдаги муҳит шундай ўзгарганки, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси роликларини тайёрлаб у ердан 400-500 АҚШ долларида маблағ олаётган Каримов каналдан ҳам ролик тайёрланди деб далолатномалар билан ўзига қалам хақини ёздириб олаётганини барча яхши билади…

Зохид Каримовгача ишлаган директор Муҳаммаджон Мақсудов кўрсатувларни ҳар бирини ўзи кўрикдан ўтказар, ходимларни ишга лаёқатини билиб, шунга қараб иш тақсимлаб берар эди. Ҳозир-чи, Зоҳид Каримов фақат ўзи тайёрлаётган (агар ростдан тайёрласа) ролик ва анонсларнинг рейтинги баланд деб, чапак чалиб юрибди. “Мен ҳал қиламан барча ишни, мен бу ерда биринчиман, мен ходимларни ишга оламан” деб фақат танишларини ишга киритса… бошқа ижодкорлар келса малака талаби тўғри келмайди деб қайтаради. Аммо ўзининг танишларида хужжат бўлмаса ҳам йўлини топиб ишга жойлаштираётганига қойил қолмасдан иложинг йўқ.

Канал раҳбарияти мажлисида “Президентга ёзасанми, БМТгами, истаганингга ёз, менга бунинг фарқи йўқ” деб дўқ урадиган ва ҳар сафар “ИИВда ишлаб юрган вақтларимдан ҳийла-найранг китобининг разиллик усулларини қўллашни яхши биламан, бу борада менга тенг келадигани йўқ” деб катта гапириб юрган директор, “Ласетти” машинанинг кредит пули ва янги сотиб олган квартирасини нима учун бошқа ходимларнинг қалам ҳақини камайтириш эвазига олади, деган бизда савол туғилиши табиий. Суриштириб кўрсангиз “Болалар” ва “Таълим тарбия” муҳарририяти ойлик қалам ҳақлари бир ойда 20 миллион суммани ташкил этар эди. Лекин кўрсатувларни ёптириб, роликлар ва анонсларга катта эътибор берган З.Каримов, янги кўрсатувлар тайёрлашга деярли йўл бермай, фақат ўз ҳамёнини ўйлашдан бошқага ўтмай қўйди. Бугунги кунда, агар ҳисоблаб кўрсангиз, 2018 йилнинг декабрь ойи роликларнинг 10 кунлик қалам ҳақи 10 миллион сўмдан ошган… Ўтган йиллар оралиғида қилинган роликлар ва анонслар учун бунчалик таъмагирлик қилинмаган эди…

Кимдир бу ҳолатга чора кўриб аҳволни ўрганиб чиқадими ёки шу зайлда иш давом этаверадими?

БААда футбол бўйича Осиё кубоги баҳслари ўтказилди. “Спорт” телеканали директорининг, ушбу катта спорт воқеълиги учун рекламаларни топиб канал обрўсини кўтариш ўрнига “ётиб қолгунча, отиб қол” қабилида иш қилиб, у ерда яллама ёрим қилиб ўзини ўйнатиб келганига нима дейсиз!? Бу сафарга футбол шарҳловчилари боришса яхши бўлар эдику, лекин делегация рўйхатига биринчи бўлиб ўзини ёздириб, рўйхатдаги шарҳловчи Дилшод Тўхтабековни чиқариб ташлаган директорнинг бу “қарор”ига қандай баҳо бериш мумкин?! Директор қандай хориж сафари бўлмасин ё ўзи ёки яқинларини юборишни одат қилган.

Кунда 24 соат “Спорт” телеканали манфаатида яшаши керак бўлган директор, нимага ойлаб чет эл сафарларига чиқиб кетади? Нима учун ходимлар ўртасида низоларнинг келиб чиқишига йўл қўяди? Нима учун давлат мулкини талон-тарож қилади? Нима учун бу каналда ишлаб туриб унинг нонини еб туриб, канал ва жамоа манфаатини эмас фақат нафсини ўйлайди. Саволлар жуда кўп, фақат жавобни ким беради? Иш шу зайл кетаверса биз ер билан яксон бўламизку!

Каримов ўзига қулай бўлган пайтни танлаб, унинг айтганини қилмаганлиги сабаб канал бош режиссёри Э.Исомиддиновни “Ҳикматуллаев айтди, мен ротация қилишим керак” деган баҳона билан “Болалар спорти, оммавий спорт ва халқ ўйинлари” муҳарририятига режиссёр лавозимига ўтказиб юборди. Чойхонада гапи тўғри келмай қолган шарҳловчи Мурод Ризаевни ҳам статья билан ишдан бўшатишга жиддий киришди, аммо ЎзТВ касаба уюшмаси қарши чиқиб, бу қабиҳ ишини амалга ошира олмади… 2017-йил эса тажрибали ва маҳоратли бўлган режиссёр У.Мирзақориевни давлат мулкини сўрамасдан фойдаланишга берди деб ишдан бўшаттириб юборди.

Зоҳид Каримов, талаб даражасида эмас деб, бир қатор дастурларни ёпиб қўйди (бунгача ҳам бир неча кўрсатувлар ёпилганди) ва “Спорт вақти” кўрсатувини эфир сеткасига киритди. Бу кўрсатувда ўзи учун керакли бўлган ходимлар бошловчилик қилди. Кези келса ўзи муаллиф, ўзи бошловчи бўлди.

Энди телеканалимиздаги “Янгиликлар” дастурининг бугунги ҳолати ҳақида ҳам айтиб ўтсак. Унинг бошловчилари ҳам ҳеч қандай бадиий кенгашдан ўтмай туриб, директорнинг “хайрихоҳлари рўйхати”дан жой олганликлари учун (кўриниши, дикцияси, спортни билиш даражасидан қатъий назар) бошловчилик қилишмоқда. “Гендер тенглик” йўқ. Аёл бошловчилар директорнинг қарорига кўра умуман информацион дастурларни олиб бормасликлари айтилди. Тезкор замонда яшашимиздан қатъий назар лавҳалар 2 кун ёки 3 кунлаб кеч эфирга берилмоқда. (эрталаб эса умуман янгиланмаган ҳолда бир кун аввалиги “Янгиликлар” эфирга узатилади) Унинг устига матнлардаги қатор хато-камчиликларга кўз юмилмоқда. Биз олдинга қараб эмас, балки 10 йил ортга қадам ташлаяпмиз.

Балиқ бошидан сасийди, деб бежизга айтишмайди. Ҳозир шу даражада бош бошдоқликка етдики буни сўз билан таърифлаб бера олмайсиз. Ўзи учун керакли вақтда келди-кетдини текшириб, ўзи учун керакли бўлган ходимларни ҳимоялаб, қолганларни қўрқитиб, гуруҳбозликка кенг йўл очиб бергани учун бирор бир чора кўриладими? Ёки шу зайлда иш давом этадими? Қилаётган ишларинининг охири бахайр бўлмаслигидан огоҳлантирган “Махсус лойиҳалар муҳарририяти” бош муҳаррири М.Боймуродовни болалар муҳарририятига ўтказиб (қанча пул олаётганини яшириш мақсадида) унинг ўрнини ҳам ўзи учун яқин бўлган ходимга тақдим этган директор бошқа ходимларнинг ҳам оиласи борлигини ҳеч бўлмаса бир бора инобатга олса яхши бўлар эди….

Бошқа бир ҳолат, “Локомотив” жамоаси мавсум якунларига бағишланган кеча ташкил этди. Ўша ерда ҳам “ўроқда йўқ, машоқда, йўқ хирмонда хозир” бўлган директор яна мукофот учун ўзини танлади. Ушбу жамоа фаолиятини ёритадиган журналистлар четда чапак чалиб қолишаверди. Мана сизга адолат, мана сизга раҳбарнинг ҳақиқий кўриниши. 2018 йил 5 декабрдан -2019 йил 4 январига қадар меҳнат таътилида бўлишига қарамай, қалам ҳақларини ўзига тўлиқ ёздириб олган З.Каримов, бошқа ходимлар таътилда бўлса пул ёзиш мумкин эмас деб қаттиқ туриб олади. Нима учун ўзи бу қоидаларга бўйсунмайди?!

Муҳарририят ижодкорларининг аҳиллиги ва бирдамлигини кўра олмайди. “Хабарлар” информацион дастурлари муҳарририятини ходимларини бошқа муҳарририятларга тарқатиб юборди. Транслация муҳарририятидан эфирга узатилган шарҳларининг қалам ҳақини ушбу муҳарририятда фаолият олиб бораётган С.Рахимов, З.Қиличев, Н.Яхшиев ҳамда Қ.Собировларнинг ҳар бирига ўзининг 4 миллиондан (қалам ҳақи пулларини ёздириб, ўзи аслида директорлар учун бегиланган қалам ҳаққидан 3 баробарига чиқиб кетганлиги сабаб) кейин улардан пулларни йиғиб олади. Каналда директорнинг ўзи канал овози бўлган, студияда ҳам ўзи, ролик, анонс, кўрсатувларнинг шапкасида ҳам ўзи, авваллари кўрсатувларнинг анонсларини И.Шарипов тайёрлар эди. Анонслар талаб даражасида эмас деб бугунги кунда кўрсатувларнинг умуман анонсини бердирмайди. Қолган мусобақа роликлари, шапкалар ва видеороликларни ўз гуруҳи ҳисобланган медиалойиҳалар муҳарририятидаги ходимларга берган. Нафси ўпқон бўлиб бораётган бу раҳбарга нисбатан бирор чора кўриладими?. На талафус, на кўриниш эфир маданиятига тўғри келади (соғлом турмуш тарзи дея бонг урадию қорни қопдек бўлиб ўзи соғлом турмуш тарзига амал қилмайди) лекин у директор бўлганлиги учун ҳам ҳеч ким гапиришга ботина олмайди. “Спорт”телеканали бўла туриб кўрсатувларнинг номларига назар солсангиз ҳаммаси бир хил. Инкубациядан чиққандек гўё. Масалан: Спорт сабоқлари, Спорт Эрудит, Спорт янгиликлари, Новости спорта, Спорт репортаж, Спорт интервью, Бизнинг спорт, Техноспорт, Киноспорт, Ифтихоримсан, спорт!, Ёшлар спорти, Наш спорт, Спорт дайжест…….

Эфир сеткасини ҳам хохлаган тарзда ўзгартираверади. Қоида бўйича Давлат тадбирлари ҳамда дастурда, жаҳон, Осиё ва республика миқёсидаги мусобақалари, шунингдек футбол учрашувларининг вақти ўзгарса, дастурда мувофиқлаштирилган ҳолда ўзгариш бўлиши мумкин дейиладику аммо бу директорга тегишли эмас. Агарда студияга чиқмоқчи бўлсаю студия бошқа ижодкорлар томонидан банд қилинган бўлса дарров уни отмен қилдиради. Раҳбар бўла туриб ўзи тартиб интизомга амал қилмаса уни ходимлардан қандай қилиб талаб қилиш мумкин. Канал тақдири бор йўғи уч-тўрт кишининг қўлида қолган. Махсус лойиҳалар, медиатехнология ва медиаметрия студияси ходимлари Ш.Абдуманов, Ш.Пазлиддинова ҳамда транцияция муҳарририяти шарҳловчиларининг айримлари учун ҳамма ишни қилиш мумкин… буёғи, яшил чироқ ёқилган. Улар ҳам хохлаган ишларини қилишади. Авваллари бу муҳаррият учун 5-7 млн сўм қалам хақи ажратилган бўлса бугунги кунда унинг харажати учун нақд 35 млн сўм ажратилади. Мана сизга нафснинг ўпқон бўлганлигининг бир исботи. Ишонмасангиз бир текшириб кўринг. Оддий роликлар учун икки баробар қалам хақи ёзилади. Хеч ким гипара олмайди.

Ойда бир маротаба канал ходимлари билан учрашув ўтказилиб уларнинг фикр мулохазалари билдирилиши, янги кўрсатувларнинг лойиҳаси режага киритилиши керак. Биздаги мажлисда эса директорнинг ўзи ходимларни менсимаган холда ястаниб ўтириб олади. Бирор бир ходим ўз муаммосини айтса дарров уни гапини бўлиб бошига тўқмоқдек уриш эмас балки ўша муаммони йўқотиш йўлини излаш ўрнига дарров жойига ўтқазиб қўяди. Шу ҳам маданият ўчоғими дегинг келади.

2019-йил, Апрел ойи футболга бағишланган “Келажак юлдузлари” кўрсатуви эфирга узатилиши ва кўрсатувда болалар футболга оид муаммоли холатлар тахлили берилиши керак эди. Собиқ Миллий Олимпия қўмитаси президенти У.Аҳмаджоновнинг бир оғиз телефони билан кўрсатув отмен қилиниб, ижодкорга нисбатан чора кўрилган. Эвазига эса директор Туркия -Ўзбекистон ўртоқлик учрашувини кўриш учун май ойида Туркия давлатига олиб кетилган. Имкони бўлса бизга аввалги адолатли директоримиз М.Мақсудовни қайтадан директор лавозимига тайинланишини илтимос қилган бўлардик .

Каналдаги тасвирчилар гуруҳи – бугунги кунда биринчи рақамли ғийбатхонага айланган. Тасвирчилар гуруҳ-гуруҳга бўлинган. Гуруҳ раҳбари Й.Эркаев эса ҳар бир кичик хатоликлар учун ҳам ёз-ёзга ўтган. Барчани бир-бирига қайраган, ёмонлаган ва жамоада носоғлом мухит юзага келган. Ахборот информацион асри дея бонг урилаётган вақтда спорт телеканали янгиликлари – ўтган икки уч кунлик тадбирларни кечикиб бераётгани, спорт соҳасида бирор тахлилий, танқидий материаллар тайёрланмаётганлиги, янги лойиҳалар, янги кўрсатувлар эфирга чиқиш уёқда турсин ижодкорлар тамонидан қизиқиш бўлмаётганлигини таназзулга юз тутаётган канал деб баҳолаш мумкиндир балки… Маъсулиятсизлик авжига чиққан. Фақат мен борман бу ерда дейиш раҳбар учун қанчалик ўринли ҳол экан… Ёқангни ушлайсан бўлаётган ишларни кўриб. Биз бу борада МТРК раисига хам хат ёзганмиз лекин хеч қандай чора кўрилмаган. Зора бу хатимиздан кейин бирор ўзгариш бўлса. Бундан аввал каналга директорлик қилган Ш.Очиловни канални пулини еб қўйди деб ишдан олишди сўнгра А.Хашимов, З.Тошхўжаевлар директор-директор ўринбосари лавозимида ишлаган ва уларни эса гуруҳбозликда айблаб ишдан олишганди. Нима учун энди амалдаги директор З.Каримов шунчалик ноўрин қилаётган ишлари учун жавоб бериши мумкин эмас. Ман катаконман деб ғўддайиб керилиши учун нима қилди экан деб ўйлаб қоламиз баъзан… 2019 йил 21декабр Спорт телеканали томонидан директорнинг муаллифлик кўрсатуви “Спорт интервью” 08:40 эфирга такроран узатилди. Бошловчи З.Каримовни кўрсангиз хозир кўчадан келгандек оддий свитерда (одатда бундай кўрсатувларда бошловчи костюм-шимда, оқ кўйлакда бўлиши керак) олиб борди, меҳмон эса камондан отиш федерацияси бўлим мудири бўлди. Ишонсангиз биргина бўлим мудири билан эфир вақтини зое кетказиб нақд 45 дақиқа суҳбат олиб борди. Бошқа каналларнинг директорларини бирор марта ҳам эфирда кўрмайсиз. Балки бу ҳам ўзига нисбатан ҳурматдир. Канал йиғилишида директор МТРК раисининг (хавфсизлик бўйича) ўринбосари Ш.Мусирмонов уни “кришаси” эканлигини ва ҳар бир ходим хақида Мусирмоновда етарли маълумотлар борлиги, ҳохлаган вақтда ходимларни жавобгарликка торта олишини айтган директор ўзича “Сталин”ча тузумни қўллашни маъқул кўрган шекилли.

Исмат ака, сиз яхши танийдиган қалами ўткир журналист Шерали Отабоевни ҳам “Спорт” телеканалидан йўқотган чекист Зохид Каримов бўлади. 2014 йил Зохид Каримов Режим хизматига ишга ўтгандан кейин телеканалимизда Гонорар бўлимининг бошлиғи бўлган Ш.Отабоевга “Агар директоринг Шерзод Очилов устидан биз айтгандек кўрсатма бермасанг, қаматиб юбораман” дея дўқ-пўписа қилган. Аммо, у адашган эди. Чунки Ш.Отабоевга қўрқув деган ҳиссиёт умуман бегона. Натижада эса Режим хизмати гонрар бўйича катта текширувни бошлайди-ю аммо ҳеч нарса топа олишмайди. Шундай бўлсада бир гуруҳ қўрқоқлардан кўрсатма олиб Ш.Отабоевни ишдан бўшатиб юборади. Энг қизиғи шуки, Зохид Каримовнинг мақтаниб айтишича, Ш.Отабоев ҳимоя қилган обиқ директорнинг ўзи ҳам Шералига қарши кўрсатма берган эмиш. Бу гапга ишонса бўлади. Сабаби, Ш.Очилов МТРК тарихидаги энг қўрқоқ директор бўлган.

Хуллас, гапирсак гап кўп. Бизни ўйлантирадиган савол шуки, “шаҳар шу даражада бедарвозами?!!” Давлат телеканалига раҳбар бўлган шахс, бу ердан ўз шахсий томорқасидек фойдаланиб юраверадими? Ижодий жамоага кўчадаги мардикор каби, “ишласанг шу, ишламасанг катта кўча” қабилида муносабат билан, давлатга, жамиятга қанчалик фойда келтириш мумкин…?! Биз телеканалдаги ҳолат юзасидан МТРК раисига мактуб йўлладик, лекин ёзган мактубимизга ҳеч қандай муносабат бўлмади.

Агарда юқоридаги ёзилган ҳолат бўйича қайси мутасадди идорада савол туғиладиган бўлса, телеканал муҳарририятларига телефон қилишлари мумкин: (371) 2141333, 2141470, 2141336, 2141395, 2141223, 2141397.

Бир гуруҳ “СПОРТ” телеканали ижодкорлари

Суратда: Ўзбекистон телевидениясининг Спорт канали директори Зохид Каримов хориж давлатларида кайфу сафо қилиб юрибди…

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*