Menu
Categories
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳарририга прокурор Шайманов адвокатидан мактуб
03/11/2020 Бош мақола

 АДВОКАТНИНГ ЖАСОРАТИ

Дунё ўзбеклари” нашри ва “Юзма- юз” теледастуримизда собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров буюртмаси асосида уюштирилган фитна туфайли қамоққа олинган қашқадарёлик жасоратли прокурор Фарҳод Шаймоновнинг аччиқ қисмати ҳақида маълумот берган эдик.

Суд томонидан оқланганидан сўнг ҳам Шайманов то ҳануз ўз лавозимига тикланмаганидан жиддий хавотир билдиргандик. 

Шундан сўнг Фарҳод Шаймоновнинг адвокати Холиқул Янгибоев бизга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Адвокатнинг ушбу хатида ҳимоя жараёнлари қандай кечгани, ҳимоячига нисбатан содир этилган ажабтовур таъзйиқлар ҳақидаги ўта жиддий ва хавотирли мулоҳазаларни ҳисобга олиб,  унинг  мактубини таҳрирсиз чоп этишга қарор қилдик…  

Исмат Хушев,

Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,

Торонто шаҳри, Канада, 11.03.2020 йил

Суратда: Адолатни юзага чиқараман деб ўзи адолатсизлик қурбони бўлган прокурор Шайманов…

ЭР БОШИГА ИШ ТУШСА ЁХУД ҲИМОЯГА МУҲТОЖ ҲИМОЯЧИ…

Донишманд халқимизда Эр бошига иш тушса, этик билан сув кечар деган., калима бор. Агар ўша бошига иш тушган эрнинг ўзи бошқаларнининг ҳуқуқларини ҳимоя этиш учун маъсул бўлган прокурор, унга туҳмат уюштирган зот энг юқори лавозимдаги раҳбари бўлсачи?!

2008 йил 04 июль ойида Ўзбекистон Республикасининг собиқ Бош прокурори Р.Қодиров буйруғи билан фитна уюштирилиб, Қашқадарё вилоятида авж олган газконденсатчилар жиноий гуруҳи ҳақидаги яширин хабар ўша пайтдаги Ўзбекистон Бош вазири Ш.М.Мирзиёевга бориб етади.

Давлат манфаатларини кўзлаб, бу жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйиш учун 2006 йил Бош Вазир томонидан Қашкадарё вилояти ДХХ Бошқармаси ва прокуратурасига махфий хат юборилади. Қашқадарё ДХХ Бошқармаси раҳбари А.Морозов ва вилоят прокурорининг 1- ўринбосари Фарҳод Шаймановлар томонидан ушбу топшириқ бўйича амалга оширилган тергов жараёнида Бош вазир хавотирлари ўз тасдиғини топади.

Лекин кутилмаганда бу воқеадан хабар топган Бош прокурор Рашид Қодиров томонидан мазкур жиноят иши тўхтатилиб, уни бошлаган вилоят прокурори ўринбосари Фарҳод Шаймановнинг ўзи асоссиз равишда ҳибсга олинади. 

Мен Фарход Шаймановнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга киришиб ордер топширсамда, Тошкент вилоят прокуратураси терговчиси Тоҳир Ҳусанов ўзбошимчалик билан ҳимоям остидаги Ф.Шайманов сақланаётган жойни биздан сир тутиб, анча пайтгача у билан учрашувга қаршилик кўрсатиб келди.

Терговчи Тоҳир Ҳусановнинг ғайриқонуний ҳатти – ҳаракатларидан норози бўлиб, бошлиқларга мурожаат этганимизда улар ҳам рухсат бермай бизни жуда кўп сарсон қилишди.

Терговчи ҳимоячи иштирокисиз тергов ишларини бажариб бўлганидан кейин бир ҳафта ўтиб бизга учрашув учун рухсат биришди. Ҳамкасбим Нодирахон Тошева исмли адвокат аёл билан биргаликда биринчи марта Ф.Шайманов билан учрашганимизда унинг қўллари, қўлтиқ таглари, елкаси билан моматалоқ бўлиб, баданида лат еган ва кўкарган жароҳат излари яққол кўриниб турарди.

Суҳбат жараёнида Ф.Шайманов Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида уч нафар ашаддий рецидивистлар томонидан бир ҳафта давомида жисмоний ва руҳий таъзйиққа солингани маълум бўлди. Уни одамлардан пора олганман деб кўргазма ёзиб беришга мажбурлашгани ва қийноққа солишгани, тирноқлари орасига нина тиқиб, товонларига сув тўла баклашка билан уриб азоб беришганларини айтиб берди. 

Лекин, Ф.Шайманов бу ноинсоний қийноқларга матонат билан бардош бериб, терговчиларнинг шартларига рози бўлмасдан, унга нисбатан уюштирилган бу тўҳмат тепасида шахсан Бош прокурор Рашид Қодировнинг ўзи турганлигини тўлиқ очиб ташлади…

Бизнинг талабимиз билан Чирчиқ шаҳридан етиб келган врач Ф.Шаймановнинг баданидаги жароҳатлани кўздан кечириб, унинг соғлиғи буткул ёмонлашгани ҳақида тиббий хулоса берганидан сўнг, терговчидан айбланувчини дарҳол Тошкент шаҳар 1-сонли тергов ҳибсхонасига ўтказиш ва қийноқларга тамомила чек қўйиш ҳақидаги талабномаларни топширдик.

Терговчи Т.Хусанов қонунга хилоф тарзда адвокат иштирокисиз бир катор тергов ҳаракатларини олиб борган: Холис гувоҳларнинг кўргазмалари сохталаштирилган, тадбирда қатнашмаган холисларни қатнашди деб сохталаштирган, тергов ҳаракатларини ЖПК талабига зид равишда тунги соат 2:00 гача олиб борган, Фарҳод Шаймановнинг айбсизлигини тасдиқлайдиган видео тасмани атайлаб йўқ қилган. Адвокат иштирокисиз бир ҳафта қийноқ ва тазйиқ ўтказиб қилмаган ишига иқрорлик кўрсатмаси ёзиб беришлни талаб қилган.

Гарчи, терговчи Т.Б.Хусанов тезкор тадбирдан сўнг жиноят ишини ўз иш юритувига олиб, 2008 йил 04 июль куни, ЖПК талабига хилоф тарзда кечаси соат 24 дан сўнг Ф.Шаймоновни сўроқ қилган ҳолда баённома матнини компьютерда, тергов ўтказилган вақтни эса кундузги иш вақтига мослаб қўлда ёзиб тергов ҳужжатини сохталаштирганлиги маълум бўлди.

Биринчидан, терговчи ҳимояланувчи шахс сақланаётган жойни сир тутишиб, биз адвокатларни Тошкент вилоят прокуратураси биносига эркин киришимизга тўсқинлик қилган.  Иккинчидан, Фарҳод Шаймановга нисбатан ЖКнинг 210 моддаси 3-қисми билан шахсан вилоят прокурори номидан жиноят иши қўзғатилиши қонунга хилофлигини асослаган ҳолда терговчининг қарорини бекор этишни талаб қилиб шикоят топширдик.

Ушбу шикоятимиздан сўнг Ф.Шаймановга эълон қилинган айб, қайта малакаланди.  Терговчи эса буни – Бош прокурорнинг “раҳмдил” лиги билан изоҳлаб, агар айбига иқрорлик билдирса, жазо ҳам “минимал” бўлишини ваъда қилди. Лекин Ф.Шайманов барибир терговчи тайёрлаган қарор охирига “умуман иқрор эмасман.,” деб ўз қўли билан ёзиб, имзо қўйди.

Биз Фарҳод Шайманов билан биргаликда тергов органидан 2008 йил 3 июль куни қўлга олиш тадбири акс этган видеоёзувни кўрсатишни ҳамда холислар ва гувоҳлар билан юзлаштириш ўтказиб, адвокатлар иштирокида қўшимча сўроқ ўтказишни талаб қилдик. Тергов органи, ўз қарори асосида ўтказилган тадбирга оид аудио ҳамда видео ёзувларни ҳимоячиларга тақдим этса буюртма бўйича уюштирилган туҳмат ишида фуқоролик кийимидаги МХХ ва прокуратура ходимлари иштирок этганлиги ҳам фош бўлар эди. Шу боис, ушбу далилий аъшёлар суд жараёнида ҳам кўрсатилмади.

Чунки Фарход Шаймановнинг мутлақо айбсизлигини тасдиқлайдиган видео тасма прокуратура терговчиси Тохир Хусанов томонидан далилий ашё сифатида атайлаб, қасддан йўқ қилинган.

Фарҳод Шаймоновга нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг буюртмачиси шахсан Бош прокурор бўлгани учун, терговчилар ҳам судьялар ҳам иложсиз қолган, ҳатто менга ҳам турли кўринишдаги ошкора таъзийқлар бошланди.

Орадан бир йил ўтар ўтмас ҳукумат қарори асосида адвокатлар ассоциациясига аъзо бўлмаган барча адвокатлар имтиҳон орқали янги тузилган палатага аъзо бўлиши учун имтиҳон топширишлари шарт бўлди. Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси собиқ ходими Р.Ахмедов Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига раҳбар вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

Олий маълумотли, тажрибали адвокатларни қайта имтиҳон қилишдан асосий мақсад уларнинг илмини аниқлаш эмас, адолатни тиклаш учун курашаётган, “буюртма” иш қурбонларини ҳимоя қилиб, “оқимга қарши сузувчи” адвокатларни лицензиядан маҳрум этиш учун ана шундай антиқа чора ишлаб чиқилган эди. Шу боис, тергов машинасининг қўғирчоғига айланган судьяларни фош этганим учун 2009 йил шу палатага аъзо бўла олмай, лицензиядан маҳрум бўлиб, ишсиз қолдим.

Орадан бир йил ўтиб, Адлия вазирининг ўринбосари Исоқовнинг аралашуви билан мен қайтадан имтиҳон топшириб, адвокатлик фаолияти бўйича лицензия олдим. Бироқ, 2012 йил менинг лицензиям яна Палата қарори билан тўхтатилгач, ўзимнинг ҳақ-ҳуқуқларимни ҳимоя қилдим ва суд қарори билан Палата қарорини ғайри қонуний деб топишга эришдим.

2013-2016 йиллар янада фаоллашиб, бир қатор ютуқларга эришдим. Шу жумладан ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси раиси Б.Мусаев, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари М.Якубджанов, “Ўзпахтасаноат” бирлашмаси раиси ва бошқаларнинг иши бўйича “оқим” га қарши фаолият олиб бориб, МХХ тезкор гуруҳ ходимларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан норози бўлиб, МХХ ТБ бошлиғи Бусыгинга шикоят билан мурожаат қилганимдан сўнг, орадан бир ой ўтар-ўтмас, 2016 йил октябрь ойида менинг лицензиям сиртдан уч йилга тўхтатиб қўйилган эди…

Ана шундай, ҳимояга муҳтож ҳимоячи бўлиб юрган маҳалимда, янги сайланган президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳуқуқий соҳадаги ислоҳатлари туфайли яна лицензиям тикланди. Жасоратли прокурор Фарҳод Шаймоновнинг ҳимояси билан шуғулланганим, айниқса унинг оқлангани адвокатлик фаолиятимдаги ёрқин саҳифалардан биридир. 

Жасоратли прокурор Фарҳод Шаймонов бошидан кечирган иш тафсилотлари ҳақида ҳужжатли қисса ёки роман ёзилса, бадиий фильмлар яратилса, авлодларга ибратли кино ва ўқимишли китоб бўлиб хизмат қилса, не ажаб. Чунки, коррупция машинасининг аёвсиз зарбалари нафақат уни, баалки оила аъзолари ва бошқа яқинларини ҳам четлаб ўтмади. 

Ф.Шаймонов қамалган 2008 йили шахсан Бош прокурор Р.Қодировнинг буйруғи билан унинг Бектемир туман прокуратураси ходими бўлган ўғли ғайри – ихтиёрий равишда ариза ёздириб ишдан асоссиз бўшатилди. Бугунга қадар унинг конституцион ҳуқуқлари тикланмасдан келинмокда. Бундан ташқари Ф.Шаймонов 2007 йилда 3-даражали адлия маслаҳатчиси Б.Х.Пўлатов раҳбарлигида ёзилган “Демократлаштирилган давлатда прокуратуранинг роли” темасида кандидатлик дисертациясини ёқлаш учун илмий кенгашга юборилиши лозим бўлган хатни имзолаш учун кирганида собиқ Бош прокурор Р.Қодиров кадрлар Бошқармаси бошлиғи Мирзоҳид Обидовни чақириб: – Агар, Фарҳод Шаймонов илмий иш қилса, Сурхандарё вилоят прокурори ўринбосарлигидан ўз хоҳишим билан бўшаб, илмий иш билан шуғулланаман деб., ариза ёзсин., деган шарт қўйгани учун тайёр илмий иш ҳам қолиб, охири ўзи ҳам қамалиб кетганди.

Хуллас, ғаразгўй ва ҳасадгўй Бош прокурор Рашид Қодиров томонидан Фарҳод Шаймановга отилган тўҳмат ўқларидан адвокатлари ҳам оила аъзолари ҳам четда қолмади. Фақат, янги президент Шавкат Мирзиёвнинг жасорати туфайли аслида коррупционер ва муттаҳам, ўғри бўлган Бош прокурор қамалгачгина, адолат юзага чиқа бошлади.

Қашқадарё прокурорининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Фарҳод Шайманов одил суд ҳукми билан тўлиқ оқланса-да, ҳануз ўз лавозимига қайта тикланмай келаяпти. Аслида давлат манфаатини ҳимоя қилиб, адолатни юзага чиқараман деб ўзи адолатсизлик қурбони бўлган Фарҳод Шаймановнинг аянчли қисмати бугун барчамиз учун ибрат ва жасорат мактаби ролини ўташи керак.

Шу муносабат билан Фарҳод Шайманов тақдирига Ўзбекистон Олий раҳбарияти дохил бутун ўзбек жамияти ва халқи эътиборини қаратиш борасидаги фаол саъйи ҳаракатлари учун ЎЗ.А бош директори Абдусаид Кўчимовга ва “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири жасоратли журналист Исмат Хушевга ўз самимий миннатдорчилигимизни билдириб, уларнинг она Ватанимиз, миллатимиз ва давлатимиз равнақи йўлида – адолатни барқарор этиш борасида олиб бораётган  эзгу ишларига муваффақият тилаб қоламиз.   

Адвокат Х.Н.Янгибаев

06.03.2020 йил.

+99897 3440155.

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

"1" Comment
  1. Жаноб Х.Н.Янгибоев, аввало узбек тилида ёзма мкрожаатинигизни имло хатоларсиз ёзсангиз максадга мувофик буларди, хеч качон тухмат тугмат деб ёзилмайди-да барака топгур, малакангизга шубха уйготманг

Leave a Reply
*