Menu
Categories
Хива – реставрация маркази бўлади – ЎзА
03/13/2020 Бош мақола

Хива – реставрация маркази бўлади

Хива – реставрация маркази бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” мажмуасига ташриф буюриб, Амир Тўра мадрасасида амалга оширилган реставрация ишлари билан танишди.

Маълумки, Хива жаҳондаги тарихий шаҳарлар дурдоналаридан ҳисобланади. Очиқ осмон остидаги музей дея эътироф этиладиган бу қадимий қалъа 1990 йили юртимизда биринчи бўлиб ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.

“Ичан қалъа”да халқимизнинг ноёб меъморлик анъаналари, аждодларимизнинг турмуш тарзи, ҳунармандлиги, санъати ва маданияти ўз ҳолича сақланиб қолган. Бу ердаги 58 та тарихий-маданий мерос объектидан 17 тасида турли музейлар жойлашган.

Мажмуадаги тарихий обидаларни асл ҳолича сақлаш мақсадида реставрация ва консервация ишлари олиб борилмоқда. Музей-қўриқхонанинг шимолий қисмида, аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудда жойлашган Амир Тўра мадрасаси жорий йилда Хитой Халқ Республикасининг 9,5 миллион долларлик грант маблағи ҳисобига қайта тикланди. Натижада ушбу иншоот “Ичан қалъа”даги туристик объектлардан бирига айланди.

Мадраса 1872 йили барпо этилган. Чор Россиясининг Хоразмга ҳужуми туфайли обида қурилиши охирига етказилмай тўхтаб қолган.

Мадрасанинг олд фасади Хива меъморлигига хос тарзда икки қаватли қилиб қурилган. Бу ерда 54 та ҳужра бўлиб, ички саҳн кошин билан қопланган. Шунингдек, 2 та гумбазли хона, қишки ва ёзги масжидлар, дарсхона бўлган.

Давлатимиз раҳбари “Ичан қалъа”да халқимизнинг бебаҳо маданий мероси мужассам эканини, Амир Тўра мадрасаси каби ноёб обидалар аждодларимизнинг тарихий ўзига хослигини сақлаш ва келажак авлодларга асл ҳолича етказишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

– Тарихий биноларни сақлаш ҳамма даврларда энг катта муаммо бўлиб келган. Хива Ўзбекистонда тарихий обидаларни таъмирловчи реставраторлар мактаби бўлган. Бугун ана шу мактабни қайта тиклаш вақти келди, – деди Президент. – Амир Тўра мадрасаси реставраторларни ўқитадиган мактаб бўлади. Бу ерда усталарга Самарқанд, Фарғона, Қўқон реставрация мактаблари анъаналари ўқитилади. Сайёҳлар кундузи реставраторлар ишини кўрса, кечки пайтлари бу ерда тарихий саҳналар, хон қабуллари намойиш этилади. Шундай қилсак бу обидаларда ҳаёт қайнайди.

Туризм мамлакатимизда стратегик соҳалардан биридир. Хоразм вилоятида ҳам бу борада улкан салоҳият мавжуд. Ундан оқилона фойдаланиш мақсадида 2020-2021 йилларда вилоятда туризмни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган.

Мазкур дастурда Хоразмнинг туризм салоҳиятини ривожлантириш стратегияси белгилаб олинган. Унга кўра келгуси икки йилда вилоятда умумий қиймати 1,09 триллион сўмлик 64 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Туризм лойиҳалари вилоятнинг барча туманларини қамраб олади.

Жаҳонда кузатилаётган коронавирус таҳдиди туризм бозорига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистонда бунинг олдини олиш ва соҳани барқарор ривожлантириш учун зарур чоралар ишлаб чиқилди. Давлатнинг институционал кўмаги, ҳукуматлараро ҳамкорлик, логистика, туризм салоҳияти тарғиботи, ички туризм ойлиги ва ҳафталиклари, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” лойиҳалари ана шундай чоралар сирасига киради. Шунингдек, минтақавий туризм лойиҳаси орқали коронавирус тарқалмаган қўшни давлатлардан сайёҳларни жалб қилишни назарда тутилган.

Мамлакатимиз бўйлаб амалга ошириладиган бундай тадбирлар натижасида 580 минг хорижий сайёҳни жалб қилиш ва туризм хизматлари экспортидан 94 миллион доллар даромад кўриш режалаштирилган. Шунингдек, ички туризм орқали 5 миллион юртдошимизнинг саёҳатларини ташкил этиш ва қўшимча 840 миллиард сўм тушумга эришилади.

“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурига мувофиқ, вилоятда таълим йўналишида лойиҳалар амалга оширилади. Жумладан, Хоразм вилоятида Малайзиянинг “Binary” университети филиалини, Урганч давлат университетида маданий меросни бошқариш, гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик йўналишларини очиш режалаштирилган. Бунинг натижасида вилоятда ҳар йили туризм йўналишида 50-60 нафар малакали кадр тайёрланади.

Хоразм лазгиси ўтган йил декабрь ойида ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига киритилган эди. Бугунги кунда Япония, АҚШ ва Европа давлатларида лазгига қизиқиш ортиб бормоқда. Ушбу санъатни ёшларга етказиш, хорижликларга маҳорат дарслари ўтиш учун Хоразмда лазги академияси ташкил этилади. Бу ҳам халқимизнинг номоддий маданий меросини дунёга тарғиб этишга хизмат қилади.

Бугунги кунда вилоятда 600 дан ортиқ балиқчилик фермер хўжалиги мавжуд. Бу гострономик туризмни ривожлантириш учун қулай имкониятдир. Ундан фойдаланиш мақсадида 71 та кўлда халқаро стандартлар даражасида хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш орқали сайёҳлар оқимини кўпайтириш мўлжалланмоқда.

Афсуски, бизда ҳозир фақат балиқ ови ва гострономик хизматлар кўрсатилади. Аслида Хоразмда биргина ушбу йўналишда ўндан ортиқ хизматни йўлга қўйиш мумкин. Бу йўналишни ривожлантириш ва келгусида Хоразмни балиқчилик, яъни “Fishing culture” марказига айлантириш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда Франция ва Россия телекомпаниялари билан Хоразм балиқчилигига бағишланган кўрсатувлар суратга олинмоқда.

Бундан ташқари, қишлоқларда янги иш ўринлари яратишда туризмнинг роли катта. Хоразм мисолида “Туристик маҳалла”, “Туристик қишлоқ” концепциялари ривожлантирилади. Бунинг учун тўртта қишлоқ танлаб олиниб, уларда саксонга яқин меҳмон уйлари барпо этиш, ҳудудларнинг ҳунармандлиги, агро ва этно туризмини кўрсатиш мўлжалланаяпти.

Вилоятда тематик паркларни ривожлантириш бўйича ҳам лойиҳалар ишлаб чиқилган. Масалан, Хоразм заминидан кўплаб буюк аждодларимиз етишиб чиққан. Уларнинг мум ҳайкаллари ва фото зоналарини ташкил этиш мўлжалланмоқда. Улардан дастлабки тўрттаси “Ичан қалъа”да ўрнатилади. Йил охиригача ўндан зиёд аждодларимизнинг ҳайкаллари ўрин олади.

Хива туманида “Анор”, “Анжир”, Янгиариқ туманида “Меннонит қишлоғи” тематик парклари барпо этилади. Натижада кўплаб янги иш ўринлари яратилади, ҳудудларнинг туризм жозибадорлиги ортади.

Давлатимиз раҳбари туризм лойиҳалари билан танишар экан, Хивада хонлар шаҳарчасини қуриш, бу ерда Хоразм хонлари тарихини кўрсатиш ва халқимиз ва хорижий сайёҳларга етказиш кераклигини таъкидлади.

– Бизникидек буюк тарих ер юзида жуда кам. Жалодиддин Мангубердидек буюк аждодларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Боболаримиз тарихини ўргатадиган масканларни кўпайтирсак ҳам даромад келади, ҳам халқимизга тарихимизни ўргатамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз Хива шаҳридаги бирорта обида эътиборсиз қолмаслиги, амалга ошириладиган лойиҳалар натижасида дунёдаги гўзал туристик масканлардан бирига айланиши лозимлигини таъкидлади. Вилоятда туризмни ривожлантириш борасида мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.

Матназар Элмуродов, ЎзА
Leave a Reply
*