Menu
Categories
Абдулла Орипов ижодидан: Мен ёмон кўраман… (Эълон қилинмаган шеърлар)
03/28/2020 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”
Ruxsora Abdullaevna Oripova

Эълон қилинмаган шеърлари туркумидан…

Абдулла Орипов

Мен ёмон кўраман….

Мен ёмон кўраман қўпол одамларни,
Қўполлар ёқмайди менинг дилимга.
Мақтанчоқ, олифта, такаббур…. бари,
Майда золим бўлиб кўринар менга.

Мана ёнимдаги ёш бир йигитча,
Бўшаган папирос қутисин тепди.
Курсидан тураркан, ҳуштак чалдию,
Гердайиб қўлини чўнтакка тиқди.

Мен ёмон кўраман хуштак чалганларни,
Тентиб кетаётган, эй тенгдош дўстим,
Аниқ ишонаман бошқа замонда
Шилиб олишарди, албатта, пўстинг.
Чунки сен қўполсан…

Мен ёмон кўраман қўпол одамларни,
Гарчи у бир гуноҳ қилмаса-да, гар
Аммо унинг сўзи, ҳаракатида,
Золимликнинг асоси бўлар.

Мен ёмон кўраман қўпол одамларни,
Мана айтиб берай, бир ўқитувчим
Ҳуркитмас, ҳаттоки бойўғлини ҳам,
Кўринишдан шундоқ беозору жим!

Аммо ўзи етук жаноб бир зиқна,
Такаббур – бу, демак, яширин золим.
Ақлдан гап сотди кеча у дарсда,
Жавобсиз қолдирди бугун саломим.

Бундоқ фактлар кўп дунёда, майли,
Дўстлар, бас қилайлик майда гапларни.
Менга алам қилар, бироқ шу зайли,
Тез-тез учратаман бундай зотларни.

Гарчи бир-бирига ўхшамас улар,
Аммо хислатларин жамласанг бирга.
Хаёлда жам бўлар, қаршимда шу зум
Кўзим тушар, ҳайҳот, золим- қонхўрга.

Балки, ул одамлар эҳтимол оқдир,
Балки, ўзларини яхши деб билар.
Балки, сўзларимни тинглаб, шул замон
Ким билсин, менинг ҳам устимдан кулар.

Қайдам, ёмондирман, балки ўзим ҳам,
Ҳар ҳолда яхшилар кўпдир дунёда…
Ана, кўрдингизми анов капалак,
Нақадар беозор, нақадар содда…

1963

 Абдулла Орипов

@abdullaorif

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

"1" Comment
  1. Ustoz ohiratingiz obod bo’lsin!

Leave a Reply
*