Menu
Categories
Холниса Раҳмонқулова: Башоратчининг бошидан кечирганлари 2-китоб (2)
04/04/2020 Адабиёт

Мозий – гўзал бир малак. У дунё бозорида ниманидир харид қилади, ниманидир сотади. У инсониятнинг борлиги ва кимлигини мудом ёдга солиб туради. Ундаги ҳар бир воқелик бир олам сабоқдир…

Қимматли кутубхона

Бухоронинг минорлари гўзал. Уларда жилоланган мозий сеҳри эса ундан-да гўзал… Биз эртаси куни яна арк қошига келдик. Мен ундан аввал хаёлимни чалғитиш, ўзимни руҳан тайёрлаш учун бошқа бир муқаддас қадамжога олиб боришларини сўрадим. Лаби ҳовуз лабидаги оромбахш дақиқалар мени яна мозий сари етаклади… Арк саҳнига яқинлашганимда қандайдир куч мени саҳн устига тортқиларди…

Бу аркнинг ўзи бир неча марта бузилиб, қайта қурилган. Мана, минглаб қуллар тош ташияпти. Қуёш жазирамаси остидан қочишга жой йўқ, аммо бу шўрликларга бир зум тиним йўқ. Арк битишига оз қолганида у вайрон бўлди… Яна тиклашди, яна вайрон бўлди.. Мана, ҳукмдор дарғазаб бўлиб қошига донишмандларни чорлади. Оппоқ саллали, соч-соқоли оқарган нуроний тўрт нафар чол унинг қошига тўпланишди. Шунда улар маслаҳат беришдики, бу иншоотни еттита устундан иборат қилиб қуриш зарур, токи у Катта айиқ юлдузлар туркуми остида қурилиши лозим. Шунда у йиқилмайди. Арк битди, кўркам устунлари киши завқини келтиради. Шундан кейин қанча йиллар шамолга эврилиб, кўз ўнгимдан ўтди. Кўзлари қисиқ, ваҳший мўғуллар истилоси…Одамлар нажот истаб, Арк қўрғонига қочиб келарди. Мўғуллар бу ерга ҳам бостириб кириб, уларни талаб, ўлдира бошлади. Гўё юрагимнинг бир четига қон сачради…

Саллали, кўринишлари вазмин ва доно, сипо кийинган кишилар пайдо бўлди… Мен уларни қаердадир кўргандек эдим… Юзларида маърифат нури балқиб турган бу кишилар… қўлларида китоб, варақа кўтариб, у ёқдан бу ёққа секин ўтиб кетишарди.. Шунда улардан бири мени қайгадир олиб кета бошлади. Хаёлан у билан кетавердим. У нақшинкор панжарали катта, оғир эшикни шер тасвири туширилган тамбасидан кўтариб, итарди. Панжара ортида ёғочдан қилинган кўркам ўймакор катта дарвоза кўринди. Мен нафас ютмай ичкари кириб борардим. Узун йўлакдан ўтиб, бир эшикка келиб тўхтадик. Бу ерни негадир подшоҳлик хазинаси сақланадиган жойга ўхшатиб юбордим. Шунда ҳалиги саллали киши дарвозасимон улкан эшикни очаркан, менга қараб жилмаярди… Мен ҳам югуриб эшикдан мўраладим, хазина яширинган жоймикин, деб ўйлагандим, ичкарида эса…

Мен бир қадам ташлабоқ ҳайратдан ўзимни йўқотдим. Гўзал манзарага кўзим тушди: турфа рангдаги китоблар жавонга терилган эди, кўзим қамашиб кетди! Мана, кутубхона! Бир пайтлар Рудакий, Ибн Сино каби етук алломалар фойдаланган, уларнинг нафаси, қўлларининг изи қолган китоблар! Улкан, кенг бино ичи…китоб жавонларига лиқ тўла эди! Ҳар бир жавон ораси шунчалар кенг эдики, бемалол битта арава юрса бўларди. Китобларнинг ранго ранг муқоваси кишини ўзига тортади. Ҳа, бу ерга дунё бойлиги яширинган… Шу пайт деворлари қалин бу кутубхона ташқарисидан дупур-дупур отлар овози, қий-чув эшитилди… Мени бошлаб кирган киши бошини чангаллаб ерга ўтириб қолди. Мен жуда қўрқиб кетдим. Туғ кўтарган одамлар, оломон шовқинидан бошқа ҳеч нарсани кўрмас, эшитмас эдим. Шу пайт бу кишининг олдига югуриб яна бир одам кириб келди, унинг бошида кўкиш, ихчам ўралган салласи бор эди. Мени бошлаб келган киши ғойиб бўлди. Кўкиш саллали, юзидан нур балқиган одам эса, келиб эшикларни бекитди, мен унинг ортидан бордим. У кутубхона панжарасини ёпиб, хона бурчагидаги еттита ингичка устунлардан бирини бурай бошлади. Шунда..мўъжиза юз берди, кутубхона пастга чўка бошлади! Буткул пастга чўккач, унинг ўрнида бошқа бир хона пайдо бўлди! Киши югурганча чиқиб кетди..

Тўсатдан кимдир мени осмонга олиб уча бошлади. Арк тепадан ниҳоятда ўзгача кўринаркан! Унинг ғиштин девори шундай қурилган эдики, беихтиёр кишининг ҳавасини келтиради. Арк тепасидан бутун Бухорони кўрса бўларкан! Мени яна кимдир ерга тушириб қўйди. Энди ёқамни ушлаганча саҳн пойида ўтирардим… Минг йилликлар орасида гўёки чанг ичида қолиб кетгандек ҳушсиз ўтирардим… Мен бир умр бу хотираларни унутмайман…

Эс-ҳушимни йиғиб олгач, дарҳол Рауф ака билан боғландим. Олимга бўлган воқеалар, кутубхона ҳақида батафсил гапириб бердим. Рауф ака жуда ҳаяжонга тўлди, фақат эҳ, эҳ дея афсусланарди. Кеч тушиб қолгани сабаб, олим ҳаммамизнинг меҳмонхонага қайтишимизни билдирди. Менга ҳам, чарчадингиз, эртага яна қайтиб келамиз, ўшанда барча чизмаларни қилиб оламиз, деди.

Кечга томон овқатдан сўнг яна хонада тўпланиб, ёзадиганларимизни ёзиб, чизиб олдик. Ҳаммамиз эртани бесабрлик билан кута бошладик.

Бухоронинг бойликлари

Бухоронинг сўнгги хони Саид Олимхон ҳукмдорлигида шаҳарнинг 3 миллионга яқин аҳолиси бўлиб, ҳар биридан ўлпон эвазига йиғиладиган маблағ ҳам қўшиларди. Чиқимлардан асосийси, қурол-яроғ сотиб олишга кетарди. Айтишларича, у бойликларини карвон ҳолида ўзининг ишончли қўриқчилари ва одамлари орқали Помир тоғларига жўнатади. Лекин охир-оқибат, уларнинг ҳаммаси ўлдирилади ва хазинанинг қаердалиги номаълум қолиб кетади. Амирнинг ўзи Афғонистонга қочиб кетади. Хаёли эса Панжикентда яширинган хазинасида қолади. Вақти-вақти билан амир у ерга ўз одамларини юборади. Иброҳимбек қўрбоши бошчилигидаги бир гуруҳ йигитлар чегарадан ўтишади. Лекин чекистлар уни тутиб, бошини олиб Москвага жўнатишади. Тез орада хазинани бекитишда бошида турганларнинг ҳамма қариндош-уруғлари қирилиб битади. Тўпчибоши Каллапўш ва дарвеш Давроннинг ҳам бирор уруғи қолмайди…

Рауф аканинг ҳикоясидан енгил уйқуга кетибман.

  • Ҳеч бу қизнинг хаёли жойида эмас! – Мен у кишининг кулги аралаш танбеҳидан уйғониб кетдим.

Панжикентга саёҳатга отланганмиз. Йўлни қисқа қилиш учун замонавий транспорт воситаларидан фойдаландик. Йўл-йўлакай баҳслашиб кетдик. Ўртада бир мизғиб олганимни айтмаганда, йўлда сира зерикмадим.

Панжикент Зарафшон дарёсининг чап қирғоғида жойлашган экан. Унинг шарқий қисмида, сал нарида Панжруд аҳолиси жойлашган. Бу ерлар Бухоро амирлиги пайтида Панжикент беклигининг маркази бўлган.

Кўзга кўринган барча жойларда бўлдик. Бизни тожик ҳамкорларнинг ўзлари олиб юришди. Гид ёрдамида кўплаб маълумотларга эга бўлдик. Бу ерда икки кун турдик. Энди Панжруд томонларга саёҳат уюштирамиз. Кейин шу баҳона Помир тоғларига кўтариламиз.

Помир тоғ тизмаси Тожикистоннинг жануби шарқида жойлашган.

Тоғ этаклариданоқ унинг салқинлигидан этингиз жунжикади. Бу ерларда қиш апрелгача давом этаркан. Олислардан оппоқ сочли, кекса Помир чўққилари кўзга ташланади. Қалин кийиниб, бир гуруҳ тожик ҳамкор-альпинистлар ортидан бизнинг ишчи гуруҳ ҳам жўнади. Озиқ-овқат заҳирасию сув тўла юкларни тоғ этакларигача машинада ташишди, қолганини отларга юклашди. Бизни совуққина, хўмрайиб кутиб турган Помир тоғлари бўйлаб кўтарилиб борарканмиз, тахминларимиз билан ўртоқлашардик.

  • Дарвеш билан Каллапўш икки томонга айрилган, – деди гуруҳ аъзоларидан бири.

  • Маълумотларда Зарафшон дарасидан ўтиб, дейилади, балки Помирда эмасдир?

  • Помирдай улкан тоғнинг ғорию дараси кўп. Бутун бошли карвон тўла тилла бўладию, унча-мунча кичик тоғ, ғорларга сиғармиди?

  • Улар бриллиант ва тилла тангалар шаклида бўлганку, сиғиши эҳтимоли бор?

  • Амирнинг чор Россиясига ташлаб кетган бойликлари оз миқдордаги тилла танга ва бриллиантлардан иборат бўлган. Олиб чиқиб кетилгани қандай кўринишда бўлганини биз билмаймизку?

  • Амир бошига нима кўргуликлар тушишини олдиндан сезганку, қочишга тайёр бўлган бўлиши керак…

Баҳслашиб улкан тоғнинг ўртасига қандай келиб қолганимизни ҳам сезмабмиз. Кичик бир ғорчада тўхтаб, дам олдик. Гулханча ёқиб, исиниб, овқатланиб олдик. Бир соатдан сўнг яна йўлга тушдик. Дуч келган дараю ғорларга бир бош суқиб ўтардик. Тоғда тўрт кун қолиб кетдик. Бизнинг гуруҳ ҳам жисмонан, ҳам руҳан толиқди. Экспедиция ишлари натижасиз тугади.

Биз мўлжаллаган, аниқлаган барча тешигу ғорларни синчиклаб кўздан кечирдик. Хазина яширилиши керак бўлган жойларни ўргандик, фойда бермади. Тўртинчи куни совуқ шамолдан беркиниб, каттароқ бир ғор ичига ичига кирдик. Ғор бизни қизиқтириб қўйди. Худди одам қўли билан яратилгандек тепада тошлар қандиллар каби қўш-қўш осилиб турар, ҳар-ҳар жойида қандайдир қотишмалар ялтираб-ялтираб қўярди. Ғор ичи теп-текис, бурчакларида кичкина хоначаларга ўхшаш алоҳида бўлмачалари бўлиб, улар табиий тарзда ҳосил бўлганди.

  • Балки амирнинг карвони шу ерда тўхтагандир?

  • Ҳамма нарса бўлиши мумкин…

Шу ерда тунаб қоладиган бўлдик. Тилла “исини” сезувчи турли қурилмаларимиз, бошқа асбоб-ускунаю озиқ-овқатларимиз билан тонггача шу ерда қолдик. Гулхан атрофида анча маҳалгача суҳбатлашиб ўтирдик. Олимлар билан суҳбатлашиш, улардан турли маълумотлар, воқеаларни билиш жуда қизиқ! Мен аҳён-аҳёнда уларни саволга тутиб қолардим, улар бўлса, бир-бирига гап бермасди. Ниҳоят, уйқу зўрлик қилиб, жой-жойимизга тарқалишдик. Мен билан бир опахон ғор бурчакларидан бирига жойлашдик.

Ярим тунда уйғониб кетдим. Аниқроғи, кимдир мени қўлимдан тортиб, туртарди. Қўрққанимдан кўзларим катта-катта очилиб кетди. Қарасам, митти қанотли нур кукунли одамча! Ўзимни анча босиб олдим. У мени ортидан эргаштирганча учиб кетди. Мен ғордан ташқарига чиқдим. Сал наридаги тош устида…устозим ўтирарди. У энди мовий либос кийганди. Мени кўриб жилмайди, қувонганимдан ўзимнинг ҳам ўпкам тўлиб кетди.

  • Катта ишларга қачондан киришган экан, менинг шогирдим? – деди секин кулиб устоз.

Мен албатта, шошиб, унинг олдида уялиб қолдим. Бунақа пайтда бошимнинг тепасини қашийдиган одатим бор, шу ҳаракатимни индамай такрорладим.

  • Майли, майли, – деди устозим жилмайишдан тўхтамай. – Сизга Бухоронинг сўнгги хонининг тиллолари нега керак бўлиб қолди?

Мен гарчи қоронғи бўлса-да, қулоғимгача қизариб кетганимни ўзим ҳам сездим. Нима дейишимни билмай, индамай турганимни кўриб, устозим баралла кулиб юборди.

  • Дўстлар илтимос қилишувди, – дедим аранг.

Устоз индамай йўл бошлади. Мен ҳам сўзсиз унинг ортидан эргашиб кетавердим. Тоғ бағрига ёпишиб тушган катта харсанг тош олдига етиб келгач, тўхтади. Қўли билан ишора қилди-да, ортга тисланди. Шунда мен ғаройиб манзараларни кўрдим:

Мана, узун отлар карвони, сони нақ 40 тадан кўп. Уларга ортилган хуржунлар қаппайиб турибди, отлар ниҳоятда чарчаб ҳориган. Бошига кулоҳсимон жундор қалпоқ кийган ўндан зиёд кишилар карвонни бошқариб келишарди. Улар биз турган жойга етиб келишиб, тўхташди. Қочоқлар ҳар ер-ҳар ердан чордана қуриб гулхан ёқиб ўтиришди, энг катта давранинг тўрида…мен аркда кўрган амир ҳам бор эди! Демак, у бойлигини ҳам ўзи билан олиб чиқиб кетган экан-да! Карвон дам олиб бўлгач, Афғон томонларга йўл олди…

Энди амирнинг Афғонистондаги каттагина ҳовли-жойи кўзга ташланди. Мана, амир савлат тўкиб ўз хонасида ўтирибди. Нақшинкор стол устида у ўйланиб нималарнидир қоғозга туширарди. Пешонаси ниҳоятда тиришиб кетганидан, бу ишнинг муҳимлигини сезиш қийин эмасди. Ватанига мактуб битяптимикин амир? У ерда наҳотки қон-қардошлари қолган бўлса? Унинг бошидаги яшил зарҳал салласи ихчамроқ ўралган. Эгнидаги узун, салласига мос либоси ва қалин камарига қимматбаҳо тошлар қадалган… Мен унинг яқинига келиб, секин битикка мўраладим.

Васиятнома

Менким Бухоро амири Саид Олимхон, Швейцария банкиға қўйганим – 3 миллион доллар қийматға эга ўз тиллаларимни ушбу васиятнома билан бирга қолдирурмен, қачонки Бухоро амирлиги ўз мустақиллиғиға эришур, бу тиллалар анинг равнақи ва ривожи йўлида хизмат қилсун.

Баданимдан бир гала майда чумоли ўрмалаб ўтгандек бўлди гўё! Мана, Бухоро амирининг бойликлар қаерда экан! Қойил-э! Швейцария банкига қўйиб, яна васият ҳам қилибди! Бошимдан ҳушим учди, амир ҳам, унинг Афғондаги ҳашаматли хонадони ҳам кўздан ғойиб бўлди.

Мен қандай қилиб ортимга қайтганимни билмадим. Ғорга яқинлашганимда эса, устозим эсимга тушиб қолди, шартта ўгирилсам, устозим аллақачон кетиб бўлган экан. Минг бир ўй билан ўрнимга ётдим. Тонггача кўзимга уйқу келмади. Мени кўрган воқеаларим қийнарди. Тонг отгандан юзини ювишга кетаётган Рауф аканинг олдига югурдим.

  • Устоз, сизга гапим бор!

Олим бошини силкитиб, тез-тез юз-кўзини юваркан, сочиқни ола солиб, менга қаради.

  • Олимхонинг тиллалари бу ерда эмас экан!

  • Хўш? – Менга диққат билан тикилди олим.

Мен у кишига кўрган тасаввурларимни бир-бир, оқизмай-томизмай айтиб бердим. Васиятнома уни ҳам шокка тушириб қўйди!

  • О! Демак, тиллаларни ҳеч қачон олиб бўлмас экан! – қайғуга ботди устозим.

  • Нега энди?

  • Ахир ёзиб қўйибдику, Бухоро ўзи яхлит давлат бўлса, деб! 150 йил ичида бу 3 миллион доллар қийматга тенг тиллалар қанчага етдийкин-а! – Хитоб қилди минг афсусга тўлиб олим. Ҳатто унинг кўзларига ёш тўлганини кўрдим. Бироқ уни нима деб овутишни билмасдим. Олим бўлса сочиғини тишига босганча, анча пайт индамай турди. Кейин алам билан сочиқни силтаб, тоққа қараб югуриб кетди.

Кечга бориб гуруҳимиз билан бўшашганча тоғдан тушиб келардик. Рауф ака юртимизга борибоқ Швейцария банкига боғланиб, маълумотларни аниқлаштириб олишни маълум қилди. У кишининг кайфияти бутунлай тушиб кетган, қовоқ-тумшуғи осилиб кетган эди. Менинг эса олимга қараганим сайин кулгим келарди. Менимча, қидирувларимиз бесамар кетмади ҳар ҳолда. Ҳеч бўлмаганда амир тиллаларининг сўнгги тақдиридан хабардормиз ахир…

Leave a Reply
*