Menu
Categories
Холниса Раҳмонқулова: Башоратчининг бошидан кечирганлари 2-китоб (5)
04/29/2020 Адабиёт

Бир кечада кўксимга осмон,

Юлдузларин тўкди дувиллаб.

Мен билдим, яшолмам ҳеч қачон,

Сенсиз бу дунёда ҳувиллаб…

Акмал

Ярим тунда ногоҳ уйғониб кетдим. Деразамдан осмонга тикилдим. Ой ёрқин нурларини сочар, ҳаммаёқ ёп-ёруғ, сирли эди… Кўнглим алланечук сархушланди… Гўё ҳозиргина ширин туш кўриб уйғонганга ўхшардим. Ҳовлига чиқдим. Осмон гўёки тепадан ойнинг нурини элаб бераётганга ўхшарди! Юрагимнинг бир бурчида нимадир ғимирлади… Топдим, бунинг оти соғинч бўлса керак…

Кўкда юлдузлар жимир-жимир қилиб, шўхчан кулгандек, менинг юрагимни баттар ёққандек бўларди…Мен болалигимда дадам кўрсатадиган Етти қароқчи юлдузига тикилдим. Тўсатдан юқоридан кимдир қараб тургандек бўлди, нақ бошим устида кимдир осилиб турарди! Хуррам учди, у бўлса менга бир қўлини узатди! Бу…ахир бу … Ҳа, кўзларимга ишонолмасдим, мен буларни тушда кўраяпман деб ўйладим. Аммо бу ўнгим экан! Акмал ҳаволаб туриб менга бир қўлини узатганча, кулимсираб турарди! Менинг қайсарлигим тутиб, бош чайқадим. У секин ерга тушди.

  • Тунги саломлар! – оғзи қулоғига етиб илжайди у.

  • Ҳали, тунги кўршапалакман де!

  • Ҳақорат дилни оғритмасми, кишанлар парчаланмасми… – Акмал шеър ўқишга тушди.

  • Бу ҳақоратмас, шунчаки қўпол ҳазил, – дедим ниҳоят мен ҳам жилмайиб. Унинг кўзларига яна нур ёйилди… Юрагимнинг туб-туби симиллаб кетди… Худди ўша, мен уни автобусда кўрган пайтимдагидек!

  • Кел, сайр этамиз, сени шундай жойга олиб борайки, нақ оғзинг очилиб қолсин!

  • Йўғэ, мен билмаган жойлар ҳам қолибдими?

Иккимиз кетдик. У ёнимда борар ва бу туш эмасди. Қалбим типирчилар, ёнида туриб мен ҳам уни соғинардим…

У равон, чиройли сўзларди. Мен бош силкиб, унинг гапларини индамай эшитиб кетар ва бу менга жуда ёқарди. У кетма кет саволлар бера бошлади, бундан ўнғайсизланиб қолардим, у бўлса пайтдан фойдаланиб, зимдан тикилишини қўймасди,айёр!

У мени улкан, шовуллаб оқаётган дарёга олиб борди. Унинг бўйларидан салқин уфуриб турар, атрофини эса қоп-қора, митти ялпизлар қоплаб ётарди. Ялпизлар менга болалигимни эслатади! Мен ҳар баҳор арафасида ялпиз тергани дугоналарим билан катта ариқ бўйларига чиқиб кетардим. Ширин хотиралардан беихтиёр энтикиб кетдим. Акмал дарёга тикилганча ўйчан турарди. Биринчи марта уни жиддий кўришим эди. Мен унга яқин борганимда лабларининг бир бурчи билан кулиб қўйди. Бундай кулиш фақат унга хос.

  • Хўш, қалай?

  • Жуда гўзал!

  • Ёқишини сезгандим. Чунки сен бироз …ҳалиги…

Мен қовоғимни уйиб унга қарадим:

  • Нимаа? Қанақа?!.

У кулиб юборди. Мен унинг кулгусини яхши кўраман…

  • Бироз ғалатироқсанку…- у ўзини тутолмай хохолаб кулиб юборди.

  • Ҳоой, – дедим елкасига секин туртиб.

У кулишдан тўхтаб менга тикилди. Мен эса ерга. Мен нигоҳларимни дарёга олиб қочдим. Дарё кенг, ёйилиб оқарди, қирғоқларидан бир тўда қушлар кўкка кўтарилди.

  • Булар қандай қуш? Ғозми?

  • Йўғей, – кулди у, – Бу ерда ғоз нима қилади? Кўлми нима бу сенга? Булар ёввойи ўрдаклар!

  • Нима? Ёввойи ўрдаклар ҳам кўлда бўладику? Булар тустовуқ!

Иккимиз ҳам баралла кулиб юбордик.

  • Мактабда битта менми табиатшуносликдан ёмон ўқиган десам….

  • Ҳоо, мен ҳаммасидан аъло ўқиганман. Шунчаки, ҳозир қоронғуда!

  • Баҳонакаш!

Бу ердан чиқиб, бир дарага бордик. У ерда чаман-чаман гуллар очилиб ётар, қулупнайлар ҳил-ҳил пишиб ётарди. Мен қийқириб худди умрида қулупнай кўрмагандек, улардан териб оғзимга сола бошладим. Акмал ҳам териб тинмай менга узатарди. Қўлларимиз қип-қизил бўлиб кетди. Кейин менга даста-даста гуллар териб берди. Чиройли гулдаста ясадик. У пушти ранг бир гулни қулоғимга тақиб қўйди. Қайтадиган вақт бўлган эди. Аммо кетишни сира истамасдик. Тун ярмидан оққанида ҳовлим тепасида иккита шарпа ҳаволаб турарди. Биз хайрлашдик, у ортига жилмайиб қарай-қарай кетди…

Уллари ботир ул бўлар,

Эломоннинг элининг.

Қизлари қиз қирмиз гул бўлар,

Эломоннинг элининг.

Энажоним Эломон,

Отажоним Эломон…

Эломоннинг элига

Иймонини уюрсин.

Ҳам ули, ҳам қизига,

Тилла бешик буюрсин.

Эломоним – энам-ов,

Эломоним отам-ов…

Вайрона бу дуволлар,

Борсам тупроқ отади.

Тушларимда Эломон,

Ер бағирлаб ётади..

Энажоним Эломон,

Отажоним Эломон…

Минг асрлик дардингни

Олсин қизинг, элим-а.

Ичим куяр, ортингда

Қолсин изинг, элим-а!

Эломоним – энам-ов,

Эломоним – отам-ов…

Дўппитоғ

Ёзда шаҳар маркази жуда қизиб кетади. Бошингдан қуёш шунақа қиздирадики, нурларини нақ каллангга, биқинингга санчиб-санчиб олади! Бизнинг томонлар тоғ билан ўралгани боис, нисбатан салқин. Кеча қизлар билан йиғилишганимизда ёпиниб ўтирган кўрпаларни ҳовлидаги катта супадан йиғиб ола бошладим. Тўрт қиз, мириқиб суҳбат қурдик. Раҳима, Ўлмас, Норинисо нақ кечки соат 11 гача ўтирдик. Аввалига одобли бўлиб, ҳамма соҳани бир-бир титиб кўрдик. Кейин аста-секин маҳалладаги хабарларга навбат етди. Шунда…бошланди, ким ким билан нима талашибди, Бувсал она йўқолган тилла узугини қаердан топибди, 75 йилни йигитлари нега алоҳида 20 йиллик қилишмоқчи экан, 83 чи йилнинг болаларини зовурда қай бирининг шиппаги оқибдию қайсининг ўзи, кимнинг сигири қисир қопти, Мамиш аканинг маҳаллага бош бўлганию хуллас, ҳамма янгиликларни таҳлил қилдик. Ҳамма уй-уйига тарқалганида эса мен уйқудан зўрға шиппагимни судраб, аранг хонамга кириб олгандим. Эрталаб тура солиб кровать устидагиларни йиға бошладим. Азбаройи эриниб йиға бошлаганимдан уйга кирар-кирмас, кўрпалар гилам устига ярим-ёрти бўлиб туша бошлади. Базўр йиғиб олиб, яна тап этиб ўзимни кўрпага ташлаб ухлаб қолибман. Онамнинг ҳой уйқучи қиз, тур энди, деган гапларидан кейингина кўзларимни очдим.

Ҳовлини супуришни бошлаган эдим, ярқ этиб қуёш осмонга кўтарилди. Шу пайт кўчадан машинанинг ғийқиллаб тўхтагани эшитилди. Кимдир, келди, дедим хаёлимда. Дарвоза қоқиб келган одам Рауф ака экан. Бошқа ким ҳам бўлиши мумкин, ё совчилар ёки олимлар, кулдим ўзимга ўзим.

  • Сизга ажойиб янгилик! – тўлиб-тошиб келарди олим. – Бу сафар унчалик узоққа сафар қилмайсиз. Шундоққина атрофингизда уюштирилади саёҳат!

  • Қаерга? – дедим ҳайратланиб.

  • Пиёзтоққа!

  • Ҳааа, бу бизни тоғларку? Нима бор экан у ерда?

  • Яқинда у ерга бир неча сайёҳлар гуруҳи бориб, йўқолиб қолибди. Айтишларича, у ерга чиқишнинг ўзи мушкул, қайтиб тушиш амри маҳол экан!

  • Ҳаа, бу тоғ жуда антиқа! Буни биламан.

  • Мен ҳам у ерга сизнинг бобонгиз тушиб қолгани ва тирик чиққанлар орасида у кишининг ҳам борлигини биламиз, – жилмайди олим.

  • Бу ҳақда афсус, менда маълумот жуда оз! Бобомнинг гаплари менгача етиб келмаган! – бош чайқадим афсус билан.

  • Эшитинг унда. Бу тоғ Нурота тоғ тизмасида жойлашган. Бу томондан сизнинг Эломон тоғингиз, нариги томонида Қўйтош шаҳарчаси жойлашган. У узоқдан пиёзга ўхшаш, бошидаги чўққилари худди пиёзнинг бошчасига ўхшаб кетади. У ерни Дўппи тоғ ҳам дейишади. Лекин унда тоғ пиёзлари кўп бўлгани учун Пиёзтоғ деб атаган бўлишлари ҳам мумкин. Тоғ пиёзлари жуда катта ва ширин бўларкан. Уларни бемалол тишлаб ейиш мумкин. Лекин тоғнинг ғаройиблиги шундаки, у ерга қизиқиб чиқиш мумкин, аммо ортга қайтиш мушкул. Сабаби, ўртада тоғни иккига ажратиб турувчи тош кўприкка ўхшаш жой бўлиб, у ердан бу ёққа негадир ўтиб бўлмасмиш. Сайёҳларнинг бир қисми ўтишгану ортга қайтмаган. Уларни ахтаришимиз керак. Тушунарлими?

Мен ўйланиб қолдим. Сайёҳларнинг тақдирига ачиниб кетдим, чунки тоғнинг иккинчи қисмида қолиб кетганлар бўриларга ем бўлармиш, деб эшитгандим. Бобом эса ўз иқтидоридан фойдаланган, албатта. Энамдан эшитганларим бор эди: бобомнинг бир дўстининг набираси ўсмир болаларга қўшилиб, тоққа чиқади. Пиёзтоғ уларни ўзига оҳанграбодек тортади. Улар тоғнинг сирини биргаликда топмоқчи бўлишади. Тоғнинг иккинчи қисмига ўтиб, бир дунё пиёз терган болалар ортга қайтишга йўл топишолмайди. Кечга бориб болалари қайтмаган ота-оналар хавотирга тушади. Тонггача бутун қишлоқ олти болани деб оёққа туради. Эртаси куни умидини узган дўсти бобомга ёлвориб келади. Ноилож бобом тоққа отланадилар, тоққача отда кетишади. Бобом ҳаммани ортга қайтариб, кечгача кутинглар, дейди.

Энди гапни бобомдан эшитинг. У Пиёзтоғ қошида туриб, секин юқорига чиқа бошлайди. Оёқ-қўлларига куч-қувват сўраб тоққа чиқа бошлаган бобом тоғ оралиғида ўтиш йўлини кўриб қолади. У ерга яқинлашгач, жарлик ва пастга кетган тош йўлни кўради. У ердан нариги томонга ўтиб олган бобом катта харсангтошлар орасидан болаларни топади. Улар ҳориб-чарчаб қолган, сувсизликдан лаблари қақраб, ўлар ҳолатга етган экан. Бобом уларга ўзи билан олиб келган нон ва сувидан бериб, тетиклаштиргач, ортга қайтмоқчи бўлишади. Шунда ҳалиги тикка йўлдан тепага қараб кўтарила олишмайди. Кичкинтойни елкасига опичлаб олган бобомнинг ўсмирлардан ҳам чаққон ва тетиклиги уларни ҳайратга солганини эшитганман. Тепага ҳарчанд кўтарилишмасин, улар шағалсимон тошлардан тойиб тушаверишган. Бобом ўтириб, тошли йўлакчадан бир неча тошни териб, унга дам урибдилар. Кейин уларни йўлакка сепиб юборибди. Шунда йўл бошлаган бобом ҳам, болакайлар ҳам осонлик билан тепага чиқа бошлашибди. Икки кун кўз юммаган қишлоқ аҳлига болаларини соғ-омон топширибди. Билганларим, эшитганларим шу эди. Лекин бу тоғда нима бор, нега йўлакдан тушиш мумкину лекин чиқиб бўлмайди, шу каби саволлар мени қийнарди. Лекин ҳеч қачон бир кун у ерга бораман, деб ўйламаган эдим.

Қанча мураккаб вазифаларни бажарган одам, тоққа келганимда бирдан негадир ваҳимага тушиб қолдим. Бобом ҳам қийналган бўлса, мен эплай олармикинман, деган ўй бор эди бошимда. Нима бўлган тақдирда ҳам, боришга мажбурман!

Рауф ака менга бир гуруҳ альпинистларни қўшиб беришни ваъда қилдилар. Иш халқаро аҳамиятга эга бўлгани сабабли, иккита хавфсизлик ходимлари бизни назоратга оладиган бўлишди. Рауф ака билан режа тузиб олгач, эртага улар билан шаҳар марказида кўришадиган бўлдик.

Тонггача тоғ режасини ўйлаб чиқдим. Шу пайтгача ҳеч тоғнинг сири билан қизиқиб кўрмаган эканман. Бу барибир хатарли эди, қолаверса, битта ўзим чиқиб кета олмасдим, бундан ҳеч бир маъни ҳам бўлмасди. Лекин бир гуруҳ сайёҳларни қутқариш – бу бошқа гап!

Эрталаб тонгда бизни иккита автомобиль кутиб турарди, биз тоққа йўл олдик. Янгиобод қишлоғига яқинлашдик, бу ерда 22 мактаб жойлашган. Бу ерда мен ўқиганман. Юқорига ўрмаладик, мана шу йўлни яхши кўраман! Текис асфальт йўл, икки томонида қалин дарахтзор! Илгари бу ерларга дадамнинг мотоциклида ўт ўргани келардик. Мотоциклни учириб келаётган дадам, ўриндиқда сочларим ҳилпираб мен келардим. Қандай ажойиб дамлар эди!

Мана, сариқ рангли машина, ичида биз, болалар, даладан қайтяпмиз. Катта опам пақирда сут кўтариб олган, сутнинг томчилари автомобиль шифтига сачрайди, оқ из қолади… Гарчи ер чопиб, қўлларимиз қавариб келаётган бўлсак-да, ҳаммизнинг кайфиятимиз кўтаринки, руҳимиз тетик эди! Укамлар шўхлик қилиб, типирчилайди, менинг сочларимдан тортади, мен уларга кўзларимни ола кула қилиб, ўқрайиб қарайман.

Дадам бизга тоғлар бошида ястаниб ётган тошларни кўрсатади, бири тоққа ёпишиб турган тимсоҳ, яна бири тошбақага, бири эса бизга қараб чўзилиб ётган бўрига ўхшарди. Мен уни Кўк бўри, деб атардим негадир…

Хаёлларим учқур шамолдек болалик томонга учди… Ям-яшилликка бурканган даралар, бу эса Сўлиқли зиёратгоҳи, бу ер ҳамма эломонликлар учун муқаддас жой. Бу ерда бизнинг ота-боболаримизнинг муқаддас хоки ётибди. Ундан сал кўтарилгач, Эломонга етдик. Мана, мен билган қадимий ўша ҳовуз, дарахтлар…

Дадамнинг айтишича, илгари бу ҳовузда кўм-кўк сув жилоланиб, балиқлар ғужғон ўйнаб ётган. Бу ерларнинг Эломон деб аталишининг ҳам ўз ҳикояси бор. Эмишки, қадимда бир гуруҳ қароқчилар галаси бўлиб, улар тоғ аҳолисини талаш билан кун кечирган, шу билан нон топган, бойлик тўплаган. Сурув-сурув қўйларини ҳайдаб кетган экан. Фақат Эломон элигина шу Эломон тоғида яшагани боис, улардан омон қолган. Шу сабабли, Ал-омон, кейинчалик Эломон бўлиб кетган экан. Бу ерлар анча баландликда бўлиб, бегоналар келишга қийналади. Шағал тошли йўллар, тоғ бурилмалари фақат бу ерда яшовчилар учунгина бехатар. Шамол ҳуриллайди, сочларимизни тўзитади. Менинг бу ерлардан ўтаётиб, руҳим янгилангандек бўлди.

Узоқдан дўппайиб Пиёзтоғ кўринди. У чиндан ҳам дўппига ўхшайди. Айтишларича, унга қанча яқин келганингиз сари, у сиздан шунча узоқлашиб бораркан! Чиндан ҳам шундай, худди ҳозир унга етадигандек эдигу, лекин ҳеч ета қолмасдик! Қуёш чиқа бошлаганида, Пиёзтоғни туман чулғади. Энди у кўз ўнгимизда сирли тоққа ўхшаб кўрина бошлади.

Тоғ этагига етиб келдик. Пиёзтоғ узоқдан бизга кулиб турганга ўхшади. Гуруҳимиз аъзоларидан кимдир келиб, чўққилар бағридан “эҳҳе ҳееййй” дея бақирди. Биз ҳаммамиз ажабланиб қарадик, негадир садони тоғ ютиб кетди, ҳеч қандай акс садо бўлмади. Бирин-кетидан альпинистлар ортидан тоққа туша бошладик. Тоғ юзаси текис эди, гарчи у кичкина кўринса-да, каттагина кенглик экан. Худди бир катта паҳлавон келиб, юмалоқ чўққини тенг ярмисидан учириб, қолганини текислаб қўйгандек эди. Биз уни айланиб, текшириб кўра бошладик. Биттагина ғордан бошқа ҳеч қандай белгиси йўқ, чўққию харсанг тошлардан иборат эди. Бир пайт йўлбошчимиз чақириб, ҳаммамизнинг диққатимизни тоғдан пастга энадиган шағал тошли йўлакка қаратди. Йўлак кенг бўлиб, пастга озгина қайрилган эди. Биз ортимизда чанг қолдириб, тошлар устидан тойиб туша бошладик. Тоғнинг иккинчи қисми жуда қизиқарли экан. Кичик ва катта харсангтошлар чўққи ҳосил қилиб, уларнинг деярли ҳар бирида кичик ғорлар бор эди. Тоғ бўйлаб гуруҳимиз билан илдам кета бошладик. Бу ерларнинг об-ҳавоси ниҳоятда тоза экан. Тоғ бўйлаб айланиб юрарканмиз, энг баланд чўққисига боришни мўлжаллаб қўйдик.

Тоғнинг орт томони буткул бошқача. Шуниси қизиқки, ярмиси йўқ чўққи усти ям-яшиллик билан қопланган бўлиб, унда турли буталар ўсганди. Кўм-кўк тоғ пиёзлари қалин бўлиб ўсиб ётарди.

  • Шу яқин атрофда сув бўлиши керак… Бўлмаса, булар бунчалик кўп бўлмаслиги лозим, – деди Рауф ака.

Биз синчиклаб пиёзлар ўсган ҳудудларни текшира бошладик. Сал нарироқда тошлар тагидан булоқ сизиб чиқаркан! Тавба, ўзи чўққи бўлсаю ундан булоқ оқса-я! Чиндан бу ҳайратланарли ҳолат эди. Мен пиёзлардан бирини суғуриб, тозаладим-да, шартта оғзимга солиб чайнай бошладим. Пиёз умуман аччиқ эмасди, худди редискага ўхшар, аммо ундан ширин, ейимли эди! Гуруҳ аъзолари ҳам битта-битта пиёздан татиб кўра бошлашди. Рауф акага ҳам жуда ёқиб қолди! Пиёз чайнаганча, йўлимизда давом этдик. Бу ернинг харсанг тошлари ҳам жуда ғалати, силлиқ экан. Бу тоғ атрофидаги тоғлардан анча нарироқда, алоҳида жойлашган. Худди тизмадан ажралиб қолган ва битта ўзи ўсиб чиққанга ўхшарди. Қизиқиб унинг ғорларини текшириб, бир-бир кириб кўра бошладик. Бир кичикроқ ғордан чиқа бошлаганимизда тепадан тош юмалади. Харсангни қучиб турган икки одам ҳам бирдан бизга кўзи тушдию қувонч билан қийқириб, қўл силтади. Булар биз излаётган сайёҳлар эди! Улар икки киши экан. Икки инглиз йигити пастга тушиб, ёнимизга келгач, улардан бўлган воқеани сўраб олдик.

Маълум бўлишича, улар иккиси гуруҳдан анча узоқлашиб кетишган. Қизиқ устида юриб-юриб Пиёзтоққа келиб қолишган. Тоққа тушгану қайтиб чиқа олишмаган. Кечга томон ғорга яширинишган. Ҳар кечда ғор юракка ўхшаб дупиллаб, қимирлаб тураркан, фақат шугина уларни қўрқувга солибди. Ярим тунда бўриларнинг изғиганидан юраклари увишибди шўрликларнинг. Энг ёмони эса, тоғ ҳар силкинганида ниманингдир, балки жониворнингми, ўкиргандек овози элас-элас келармиш.

Буларнинг ҳаммаси бизга жуда қизиқ туюлди. Лекин Рауф ака менга секин шунчаки кучли шамол ва бўрилар овози уларда шундай таассурот уйғотган бўлиши мумкин, деб пичирладилар.

Биз уларга термосда олиб юрганимиз қайноқ қаҳва ва ширинлик билан меҳмон қилдик. Сайёҳларимизнинг чеҳраси баттар очилиб кетди. Лекин биз бу сирли тунни бир умр эсдан чиқармаймиз, дейишди кулиб. Навбатдаги воқеалар эса чиндан ҳам бу куннинг унутилмас бўлиб қолишига сабаб бўлди.

Сайёҳлар бироз тетиклашгач, уларни олиб ортга қайтдик. Кеч туша бошлаган эди, шағалли йўлакка етиб келганимизда зўрға оқариб йўлакнинг ўзи кўриниб турарди. Олдинда юрган альпинистлар йўлакка кўтарилишга тараддуд қилдилар, лекин бирин–кетин тойиб туша бошлашди. Бошланди, ўйладим хаёлимда. Улар энди йўлакка қадам қўйишлари билан шағал тошлар пастга дувиллаб тўкилар, бирозгина тик йўлакдан чиқишнинг шунча қийинлиги ҳаммамизни ҳайратга соларди. Ўзи тоғ жуда ғалати тузилишга эга эди. Рауф акага минг гумон билан қарадим, у ҳам нимадир юз беришини сезаётгандек, хавотирда эди. Мен йўлакни синчиклаб кузатдим, тушишда осонгина ўтиб олган эдик, энди бўлса чиқиб кетишга нимадир йўл бермасди. Тоғнинг икки чети жарсимон бўлиб, таги шағал тошларга тўла. Рауф ака менга умид билан боқарди. Тошли йўлакка чўккаладим. Кўзларимни юмдим, руҳим кўкларда парвоз этарди гўё… Тошлар нега қурбонлик сўраркин…Бу ерларда нималар юз берган….

Мен пичоқ сўрадим, бармоғимдан озгина қон чиқариб, тошга суркадим…Бирдан пастда, йўлак қаъридан шовуллаган овоз эшитилди. Мен қандайдир чинқириқни, кейин қиз йиғисига ўхшаш овозни, сўнгра баҳайбат илоннинг вишиллаганини эшитдим… Шунда бирдан ёдимга мени доимо таъқиб этиб юрадиган улкан илон тушди…

Болалигимда ярим тунда, хаёлимда уйимиз шифтидан бир гала илонлар тушиб келаверарди. Бола эмасманми, жудаям қўрқиб, алаҳсираб чиқардим. Илонлар ўрмалаб келиб менга бошларини кўтариб, тилини чиқарарди, мен ўзимни ҳимоялаш учун бошимни кўрпага тиқиб олардим.

Орадан йиллар ўтди, институтга кирдим, пахтада атрофимда ҳеч ким қолмаган маҳал экан. Ҳамма тарози бошига кетиб қолган, мен ортда қолиб кетдим. Секин хаёл билан эгатдан чиқаётсам, нимадир шундоққина тепамда вишиллади. Қўрқиб кетдим, ортга, атрофга аланглай бошладим. У вишиллардию кўринмасди. Негадир хаёлимга булар ўша, болалигимдаги илонлар, деган ўй келди. Илон энди катталашган, буни овозидан ҳам сезиш мумкин эди. У кўринмаса-да, вишиллаган овози юрагимга ваҳима соларди. Мен тез-тез юриб эгатдан узоқлашдим. У бўлса ортимдан қутқу солиб вишиллаб келарди. Мен унинг судралиб, тилларини осилтириб ортимдан келаётганини сезардим. Юрагимга қўрқув тўлди. Узокдан одамлар қораси кўрингачгина ўзимга келдим. Пахтамни ташлаб сув ичгани югурдим. Бир қултум сув томоғимдан ўтгач, ичимда ёнаётган олов бироз сўнгандек бўлди! Бу ҳол яна юз берди…

Бир куни укамнинг шаҳар марказидаги уйига онам билан бирга бордик. Балкон олдидаги хонада ўтиргандим, ташқаридан ниманингдир гумбурлаб келаётганини эшитдим! Худди тоғлар, далалар, уйларни босиб-янчиб йирик бир жонивор келаётганга ўхшарди. Қўрқиб кетдим, гўёки овози вишиллаган улкан анаконда пастдан тепага чиқарди! Турган жойимда қотиб қолдим. Кейин ўзимга келиб, югуриб балконга чиқдим. Пастга мўраладим, гўё илон тепага ўрмалаб чиқаётгандек эди, лекин у кўзга кўринмасди! Шу қадар юрагим типирчиладики, қўрқувдан нақ ёрилай деди. Онам келиб қолдилар, мен сиз ҳам эшитдингизми, деб сўрадим. Нимани дея ҳайрон бўлдилар. Индамадим. Мен илоннинг тобора каттариб бораётганини сезардим. Бу кўринмас махлуқ нега мени доимо таъқиб қилади, бу яхшиликками ё ёмонликками, ҳеч ажрата олмасдим…

Шундай қилиб, йўлак тагидан сув ўтаркан шекилли, хаёлан сувнинг қояларга урилиб шовуллаганини кўрдим. Наҳотки тошлар тагида сув бўлса?! Бирдан ундан буралиб қоп-қора бир махлуқ тепага чиқа бошлади. Унинг калласи кучукнинг калласидек келарди. Махлуқ сувдан кўтарилиб, нақ тумшуғи йўлакка тегай деб турарди. Мен сесканиб кетдим. Кўзлари кичкина, ялтироқ ва совуқ экан! Фақат менгагина кўринаётган бу тасаввурдан чўчиб тушдим.

Шунда йўлак тошлари силжий бошлади! Мана, нима учун атиги бирозгина қия йўлакдан ҳеч ўтиб бўлмас экан! Одам исини сезиб у ўзини тоққа ураркан, балки шу сабаб одамлар тоғнинг у томонига ўта олмас? Кейин бу баҳайбат махлуқ тоғда қолиб кетганларни излаб, ейиш пайига тушади…

Тахминларим қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини билмасдим. Аммо йўлакдан чикиб кетмоқчи бўлганингизда у билинар-билинмас силжийди, киши олдинга силжий олмайди. Ёки бошқа синоати ҳам бормикин-а?

Махлуқ ўкирганча сув тагига кетди, бармоғимнинг қонини артиб, ўрнимдан турдим. Шағал тошларга оёғимни босдим….ва юқорилай бошладим. Тоғнинг нариги қисмига ўтиб олгач, бошқаларга қўл чўздим. Ҳамма қувонганидан қичқириб юборди. Сумкаларимизга тўлдириб олган тоғпиёзларидан кавшанганча, уйга интилдик.

Leave a Reply
*