Menu
Categories
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳарририга Сурхондарё вилоятидан расмий жавоб келди
04/15/2020 Бош мақола

И. Хушевнинг “Дунё ўзбеклари” сайтида Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида истиқомат қилувчи З.Ибрагимованинг шикоятига

Р А Д Д И Я

Шўрчи туманида истиқомат қилувчи 65 ёшни қаршилаган З. Ибрагимова бир туки сесканмай ўз замондошига бир қанча туҳмат тошларини отишга жазм этганлиги ачинарли ҳол.

Масала юзасидан Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси қуйидагиларни билдиради:

Биринчидан, Шўрчи тумани ФҲДЁ бўлими мудираси вазифасини вақтинча бажарувчи Ўраева Холида Иброҳимовна 1983-1988 йилларда Тожикистон Давлат Университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. Олий маълумотли ҳуқуқшунос.

(Диплом ИВ №980529 рақам билан 1988 йил24 июль куни рўйхат рақами 325-сон билан берилган).

Иккинчидан, Сурхондарё вилояти ИИБнинг 2020 йил 10 апрель кунидаги №989-сонли маълумотномасида Ўраева Холида Иброхимовнанинг судланмаганлиги кўрсатилган.

З. Ибрагимованинг иддаосига кўра, Шўрчи туман ФҲДЁ бўлими мудираси тортишиб қолганлиги сабабли, Шўрчи тумани “Тула” маҳалласида яшовчи фуқаро Маматраимова Махбуба Бобохоновнанинг ишини ортга суриб келаётган экану, аслида бу иш бир кунда битаркан.

Эътибор беринг!

Учинчидан, З. Ибрагимова Шўрчи тумани “Тула” маҳалласида яшовчи Маматраимова Махбуба Бобохоновна Шўрчи тумани ФҲДЁ бўлимига 2020 йил 24 февраль куни фамилиясини никоҳдан кейин турмуш ўртоғининг фамилиясига “Янгибоева”га ўзгартириш ҳақида ариза билан мурожаат қилган.

Туман ФҲДЁ бўлими томонидан ариза 24.02.2020 йилда 5-сон билан рўйхатга олиниб, туман ички ишлар бўлимига ўша куниёқ 514-сонли алоқа хати билан тўпланган ҳужжатлар текшириб, хулоса бериш учун юборилган.

Лекин туман ички ишлар бўлими томонидан ҳанузгача хулоса берилмаган. Шўрчи тумани ФҲДЁ бўлими томонидан бу ҳаракат ҳали бажарилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Қоидалари”нинг 165-бандига асосан ФҲДЁ бўлими мудири тақдим этилган ҳужжатлар асосида, зарур ҳолларда эса бошқа ФҲДЁ органларидан ўзининг талаби бўйича керакли далолатнома ёзувлари нусхаларини олганда йиғилган ҳужжатларни йиғма жилдга тикади ва тегишли текширув ўтказиш учун ички ишлар органига жўнатади.

Қоидаларнинг 166-бандида Ички ишлар органи тақдим қилинган ҳужжатларни 30 кун мобайнида ўрганиб чиқади, ариза берувчининг фамилияси, исми, ота исмини ўзгартириш хусусида асослантирилган хулоса тузади ва уни ФҲДЁ органига тақдим этади.

Қоидаларнинг 178-бандида Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги ариза ариза берилган кундан бошлаб икки ой мобайнида кўриб чиқилиши керак. Узрли сабаблар (ишни расмийлаштириш учун зарур бўлган далолатнома ёзуви нусхаларининг бошқа ФҲДЁ органларидан, ички ишлар органлари хулосасининг кечикиб олиниши ва бошқалар) мавжуд бўлганда ФҲДЁ органи мудири ушбу муддатни бир ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтириши мумкин.

Тўртинчидан, Шўрчи тумани “Толли” маҳалласида яшовчи фуқаро Бабамурадов Дилмурат Холмирзаевич никоҳ тузилганлиги ҳақидаги такрорий гувоҳнома олиш учун Шўрчи тумани ФҲДЁ бўлимига 2019 йил 4 декабрь куни 93-сонли ариза билан мурожаат қилган.

Шўрчи тумани ФҲДЁ бўлими томонидан 06.05.2016 йилдаги 328-сонли никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувига асосан 04.12.2019 йилда III-SU 0338950 рақамли никоҳ тузилганлиги ҳақида такрорий гувоҳнома расмийлаштирилиб берилган.

Аризачи Бабамуродов Дилмуратга дастур орқали учта инвойс рақами чиқариб берилган. Ушбу инвойслар орқали такрорий гувоҳнома учун 15 фоиз давлат божи -33450 сўм, герб йиғими учун 15 фоиз – 33450 сўм, пуллик хизмат 4 фоиз – 8920 сўм ундирилган, жами 75820 сўм ундирилган.

Барча тўловлар АТ Халқ банки Шўрчи туман филиалининг3–сонли махсус кассасига тўланган, квитанциялар тақдим қилинган.

Бешичидан, Шўрчи тумани ФҲДЁ бўлимига 22.02.2020 йилда фуқаро Турғунбоева Элеонора онаси Турғунбоева Зулфиянинг туғилганлиги ҳақида маълумотнома ва момоси Гайниддинова Нафиянинг ўлими ҳақида маълумотномалар сўраб мурожаат қилган. Инвойс орқали АТ Халқ банкининг Шўрчи туман филиали 3-сонли махсус кассасига 22300 сўм пуллик хизмат тўлаб, квитанция тақдим қилинган.

Олтинчидан, Шўрчи тумани “Эгарчи” маҳалласида яшовчи фуқаро Суюнов Шоҳрух Ортиқбоевич 24.03.2020 йилда Шўрчи тумани ФҲДЁ бўлимига 2020 йил 22 март куни туғилган фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш учун мурожаат қилган.

Шўрчи тумани ФҲДЁ бўлими томонидан 24.03.2020 илда 1141-сонли туғилганлик ҳақида далолатнома Ортиқбоева Маржона Шоҳруховнага нисбатан тузилиб, III-SU 0065912 рақамли туғилганлик ҳақида гувоҳнома расмийлаштирилиб берилган.

Инвойс орқали 15 фоиз герб йиғими – 33450 сўм ва пуллик хизмат – 17840 сўм АТ Халқ банкининг Шўрчи туман филиали 3-сонли махсус кассасига тўланган, квитанциялар тақдим қилинган.

Ўзбекистон Респуликаси Адлия вазирининг 2012 йил 15 мартдаги “ФҲДЁ органлари томонидан жисмоний шахсларга кўрсатиладиган пуллик хизматлар тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 29-ум-сонли буйруғининг 1-иловасига кўра, такрорий гувоҳнома беришда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш билан боғлиқ аризаларни тўлдиришда ёрдам кўрсатиш учун тўлов миқдори энг кам ойлик иш ҳақи (базавий ҳисоблаш миқдори)нинг 2 фоизи, яъни-4 460
(тўрт минг тўрт юз олтмиш) сўм маблағ ундирилиш лозим эди, аммо ФҲДЁ бўлимининг ходими томонидан 13 380 (ўн уч минг уч юз саксон) сўм миқдордаги маблағ ортиқча ундирилган.

Ортиқча ундирилган маблағ ариза берувчига қайтариш чоралари кўрилмоқда ва ходим келгусида бу каби ҳолат қайтарилган тақдирда тегишли жавобгарликка тортилиши юзасидан қаттиқ огоҳлантирилди.

Давлат хизматлари агентлиги

Сурхондарё вилояти бошқармаси

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*