Menu
Categories
Самолётлар қулар, Кемалар чўкар, Поездлар изидан чиқиб кетади – Абдулла Орипов
04/16/2020 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”

Абдулла Орипов

ИНСОН ОМИЛИ

Самолётлар қулар,
Кемалар чўкар,
Поездлар изидан чиқиб кетади.
Бу ҳолнинг сабабин қанча изқувар,
Қанча идоралар таҳлил этади.

Кичик мурватгача ахтариб топиб,
Текширар илмнинг неча комили.
Охири бесамар дафтарин ёпиб,
Дейдилар: сабабчи инсон омили.

О, инсон омили, сўнгги сабабкор,
Тангри қошидаги ёлғиз далолат.
Ўзингнинг дардингга ўзингсан айбдор,
Ўзингга юклайсан ўзинг маломат.

Ҳатто надоматинг ўзингга тортиқ,
Чўккан кема билан чўккайми зоринг.
Баридан ортиқдир, баридан ортиқ
Сенинг бир-бирингга берган озоринг.

Ғалва чиқармоққа сен доим шайсан,
Бурайсан тинч турган бошнинг мурватин.
Умринг ўтиб борар, сен-чи яшайсан
Бир шумлик қилишнинг пойлаб фурсатин.

Не-не закий зотлар сенинг дастингдан
Шайтонга коранда бўлгани ҳам рост.
Сенинг макрингдану сенинг қасдингдан
Кимлардир беажал ўлгани ҳам рост.

Улуғ кашфиётлар сеники гарчанд,
Ўзингсан фалакнинг тенгсиз олими.
Бир кун меҳварида замин еса панд
Сабаб бўлмасмисан, инсон омили.

2007 йил 23 декабрь

✍️ Абдулла Орипов

Leave a Reply
*