Menu
Categories
Исмат Хушев хотиралари: “Уйдан кетганимга ўн йил бўлибди…” (4-қисм)
05/12/2020 Муҳаррир минбари
“ИСМАТ ХУШЕВ: ТОШКЕНТГА САЁҲАТ” ТУРКУМИДАНМУҲАРРИР МИНБАРИСАФАР ТААССУРОТЛАРИ… | 02/18/2013 1:08 PM     12141 МАРТА ЎҚИЛДИ ТАҲРИР ҚИЛИШ

устоз билан

Суратда: Исмат Хушев (чапдан биринчи) Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов (ўртада) ва “Ўзбекистон овози” газетаси Бош муҳаррири Сафар Остонов (ўнгда) билан, Тошкент, 30 январь, 2013 йил.

 

Уйдан кетганимга ўн йил бўлибди,

Ўн йил қишлоғимдан юрибман узоқ.

Мен юрган йўлларда ўтлар унибди,

Кўмилиб бўлибди мен кезган сўқмоқ…

 

Ёшлик чоғим эди, шўхлигим тутиб,

Исмим ўйган эдим битта теракка.

У ҳам жароҳатдай кетибди битиб,

У ҳам юксалибди менсиз юксакка…

 

Бузилиб бўлибди аллақайси дам,

Ҳовли ортидаги омонат кўприк.

Бу ерда мен билган одамларнинг ҳам,

Баъзиси энди йўқ, баъзиси тирик…

 

Ҳайратга тушмасман бу ҳолдан сира,

Дунё бу қувғинди оҳудай елар.

Дунё бу энг оддий ҳукмига кўра,

Кимдир туғилади ва кимдир ўлар…

 

(Абдулла Ориповдан)

 

а о билан 1

 Суратда: Исмат Хушев ва Абдулла Орипов мулоқоти, Тошкент, январь-февраль, 2013 йил…

 

12. Ўзимга бағишланган шеър ва ғазаллар…

 

Шеърхонлик энг авжига чиққан маҳал Абдулла ака беихтиёр менга юзланиб: – Сенга атаб шеърлар ёзган эканман, ҳамма гапиради, лекин мен эслолмадим, деб қолдилар.

 

Мен айни шунга ўхшаш гап сўзларни кутиб турган эдим. Завқ-шавқ билан Абдулла ака менга атаб ёзган шеърларни ўқий бошладим:

 

– Менинг шеърларимни севибсан Исмат,

Шеърларим номидан сенга кўп раҳмат.

Сира кўрма алам, сира кўрма ғам,

Оламда қанотинг ёзиб юр, болам.

 

Доим ошно бўлгин самимиятга,

Шунда раҳмат деймиз биз ҳам Исматга.

Шу гапларни айтди таваккал, башанг

Қашқа воҳасидан Абдулла аканг…

 

устоз 2

Суратда: Исмат Хушев (чапда) Сафар Остонов (ўртада) Абдулла Орипов (ўнгда) “Ўзбекистон овози” газетаси  редакциясида, Тошкент, февраль, 2013 йил…

 

Шеърни худди устознинг ўзларига ўхшаб қофияларига урғу бериб, қироат билан ўқиб тугатарканман, Абдулла аканинг юзлари ёришиб, кўзлари яшнаб кетди:

 

– Шундай шеърлар ёзган эканман-да, сенга атаб, ука… Қарая… Кўнглимни топган экансан-да, демак… Ажаб…

 

– Бу ҳали ҳаммаси эмас, Абдулла ака…

 

–         Яна бор дегин…

 

а о

Суратда: Исмат Хушев устози, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов билан, Тошкент шаҳрида, январь февраль, 2013 йил, Ўзбекистон…

– Бўлурман суҳбат ичра гоҳо Исмат билан бир кун,

Гоҳо Ҳикмат, гоҳо Қудрат, гоҳо Нусрат билан бир кун…

 

Биларманки, умр боқий, ҳаётим то адо бўлмас,

Яқо тутмам, умидвормен, қаро кулфат билан бир кун.

 

Нечунким яхши дўсту ёр, нечунким яхши даврон бор,

Ўтарким яхши даврон ҳам дуруст улфат билан бир кун

 

Шу чексиз катта дунёни фаҳм этти кичик каллам,

Аё дўстлар, ғолиб келгум, укам Исмат билан бир кун…

 

– Агар эсингизда бўлса, бу тугалланмаган ғазал. Кейин бир кун яна эслатарсан, шунда тугатармиз, деган эдингиз. Мана, орадан ўттиз – ўттиз етти йиллар ўтиб, эслатаяпман, устоз, – дедим муғомбирлик билан ширингина жилмайиб.

 

– Эҳ-ҳа, санда кўп шеърларим бор экан-да, ука. Нега менда қолмаган улар…

 

– Билмадим, ака, Сиз бу шеърларнинг кўпини дунё ғамларини унутган сармаст онларингизда ёзгансиз, кўчириб олишга вақт бўлмагандир, улар менинг хотирамда мангуга муҳрланиб қолган, устоз! – дедим хижолат чекиб.

 

– Сен мени бугун ёшлик йилларимга қайтардинг, ука. Қандай яхши бўлди сени кўрганим… – ҳануз ҳайратини яширолмасди шоир.

 

– Бўлмаса, Сизга яна бир “сюприз”им бор. Мен ҳозир Сизнинг ижодингиздаги энг мумтоз ва гултож ғазалингизни ўқиб бераман. Бу ҳам Сизда йўқ. Сиз ўзингизнинг энг гўзал ғазалингиз менда эканлигини билмасангиз ҳам керак то ҳануз…

 

У киши бутун вужудлари билан қулоққа айландилар. Мен рост гапираётганимни, алдамаётганимни у киши кўзларимдан, сўзларимдан, шуурим ва суруримдан сезиб турардилар.

 

Ўша куни мен бир пайтлар Абдулла аканинг уйига ўзим яхши кўрган қўшиқчи қизни бошлаб борганимни, устоз бу қизни рўпарасига ўтирғизиб қўйиб, унинг кўзларига, сочларига, юзларига обдон термулиб, ҳаётидаги энг шоҳ  асарини яратганини бор тафсилотлари билан ҳикоя қилиб бердим.

Ва бу мунгли ва маҳзун ҳикоя сўнггида ўша ғазални кўзда ёш билан овозимни баралла қўйиб, Сафар аканинг кабинетини тўлдириб, хонани ларзага келтириб ёд ўқиб бердим.

Ғазал тугаркан, қабулхона ва коридор тарафдан эшитилган қарсак садолари бизнинг бу шеърхонликни ташқаридагилар ҳам эшитиб турганидан далолат берарди…

 

а о 2

Суратда: Исмат Хушев (чапда) Сафар Остонов (ўртада) Абдулла Орипов (ўнгда) “Ўзбекистон овози” газетаси  редакциясида ўзъаро гурунгда, Тошкент, февраль, 2013 йил…

13. Яна мухолифат ҳақида…

 

Шеър ва ғазал ўқиш энг авжига чиққан маҳал Абдулла ака мавзуни ўзгартириб: “Мухолифат нима истайди ўзи, ука?” деб мени яна қайта суроққа тутдилар.

 

Биринчи маротаба бу саволни бежавоб қолдирганимни у киши ёдда тутганини сездим.

 

– Улар энди кўп нарсани исташади, Абдулла ака, – дедим саволлари жиддийлигини ҳисобга олиб.

 

– Осмондаги ойни олиб берайликми уларга – дедилар устоз жиддий оҳангда.

 

– Бу дунё ростдан ҳам қизиқ экан, ука. Адабиётда ўзини топмаган одам сиёсатда топиши мумкинми? – деб Абдулла ака яна мени саволга тутдилар.

 

– Менинг ўлимимни истаб, уялмай нетмай, безбетлик билан “Сен қачон ўласану, биз қачон қутуламиз” деб ўзимдан сўраб, ҳузур ҳаловатини йўқотиб, икки дунё оралиғида сарсон ва саргардон юрганларнинг каттаси ўша ёқда, сенинг ёнингда юрибди! Менинг 70 йиллик юбилейимни ҳам ҳукумат беэтибор қолдирди деб дунёга аюҳаннос солиб юрган ҳам ўша сен мақтаб, номига сиғиниб юрган одам ва унинг бир гуруҳ гумашталари бўлади,  шуни яхшилаб билиб қўй, ука!

 

Мен Абдулла акадан бошқа гапларни кутган бўлсам ҳам, рости, бундай аччиқ маломатни кутмаган эдим. Шундагина боя нега у киши бирдан мухолифат билан яна қизиқиб қолганининг сабабини энди тушунгандай бўлдим.

 

– Ким у, Сизга шу гапларни айтган муттаҳам?  Кўзингизга, юзингизга қараб, қайси виждон билан айта олди “Қачон ўласан?” деб. Номини айтинг, билайлик, – дедим ғазаб билан.

 

–         Бу гапларни айтган одамда айб йўқ. “Шу гапларни бориб юзига айтасан” деб, “гонорари”ни тўлаб, ҳузуримга юборган одамда ҳамма гап. У ўша ёқда, хорижда…

 

–         Энди, Абдулла аканинг 70 йиллик юбилейига келсак, гап бундоқ, – деб суҳбатга аралашди Сафар ака. Бу ишга Президентимизнинг шахсан ўзлари бош қош бўлдилар. Аввал пойтахт театрида тантанали йиғилиш бўлди. Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов бориб, каттанинг номидан табриклади. Президент совғаларини топширди. Кейин юбилей шоирнинг она юртида давом этди. Қашқадарё университетида, давлат, жамоат муассасалари ва ташкилотларида кенг нишонланди. Абдулла аканинг қишлоғида у киши номидаги миллий боққа асос солинди. Ажабмаски, бу боғ кейинчалик Абдулла ака номидаги ёки Адабиёт номидаги  боққа айлантирилса…

 

Сафар аканинг сўзларини тинглаб ўйланиб қолдим. Ростдан ҳам хориж матбуотида Абдулла аканинг 70 йиллик юбилейи нишонланмагани ва бу президентнинг шоирга бўлган эътиборсизлиги билан изоҳланган матн ва мақолалар ёритилган эди.

Шу билан бирга  “Дунё ўзбеклари”да ўзбек мухолифати ва унинг лидери Муҳаммад Солиҳ ҳақида эълон қилинаётган мақола ва хулосалар менинг унга, унинг сиёсий қарашларига тарафдор эканлигимга асос бўлолмаслиги керак. Мен мустақил нашр муҳаррири сифатида турли фикр ва мулоҳазаларга ўрин беришимни вазифам ва бурчим тақозо этади.

Лекин модомики, Абдулла Ориповга ўхшаш миллатимизнинг буюк намоёндалари шундай фикр ва хулосага боришаётган экан, демак мен бундан ўзим учун, фаолиятим учун тегишли хулоса чиқариб олишим керак бўлади.

Лекин барибир Исмат Хушев ҳамиша Исмат Хушев бўлиб қолиши, хорижда ҳам ҳеч кимга бўй сунмайдиган, ҳеч кимга ён босмайдиган мустақил журналистикага асос солиши керак…

(давоми бор)

Leave a Reply
*