Menu
Categories
Кенжабий: КЎНГЛИМДАГИ ПРЕЗИДЕНТ Янги асар (37)
05/20/2020 Бош мақола

37. ДАВЛАТ ИНҚИРОЗИ – ПОРАХЎРЛИК…

Жамиятнинг тўлақонли ривожига энг бирламчи тўсиқ – бу порахўрликдир. Бир жойда депсиниб тураверади. Маддалайди. Муаммолар туғилишига замин ҳозирлайди ва оқибатда портлаш юзага келади. Ўша ердан парокандалик, бошбошдоқлик бошланади. Энди унга на чақириқлар, на насиҳатлар фойда беради. Не-не салтанатларнинг парчаланиб кетишига шу бало сабаб бўлган. Оқибатда бутун бир халқ қулликка тушган. Айниқса, бизнинг туркий халқлар тарихида бунга мисоллар бисёр.

Порахўрликнинг энг даҳшатли томонларидан бири шундаки, ёши бир жойга бориб қолган ота-оналар фарзандларининг пора-хўрлик орқали топган бойликларини олиб келишларига, оилаларига ишлатишга тўсқинлик қилиш ўрнига рағбатлантирадилар. Фарзанд-ларини маошдан ташқари пул тушиб тарадиган жойларга пора бериб бўлса ҳам жойлаштиришга интиладилар. Сўнгра эса қилган гуноҳлаини ювиш илинжида масжидларга гиламлар ёки бошқа нарсалар олиб бориб беришади, маҳалласига қарашган бўлишади ва шу орқали ҳаром пулларини ўзларича ҳалоллаб олгандек бамайлихотир яшайдилар. Ҳали биронта ота-она фарзандининг порахўрлик билан тўплаган бойлигини давлатга ўз ихтиёри билан топширтирибди, деган гап Ўзбекистонда бўлмаган.

Инсон инқирози манглай шўрликдир,

Миллат инқирози сўқир – кўрликдир.

Буларку аён гап, гумон йўқ, аммо,

Давлат инқирози порахўрликдир.

Ш. Мирзиёев президент бўлиб сайлангач, унга тайёр давлат қолди, дегувчилар кўп бўлди. Уларга ўша пайтда айтган сўзларимни яна такрор айтаман: Ҳа, бир қарашда шундай. Бинойидек. Ҳар тарафлама ривожланган, ҳамма нарса бир маромда кетаётган, кўрса ҳавас қилар даражадаги давлат. Лекин ичдан – моҳиятан эса, издан чиққан тизимлар, баъзи соҳалар оёғи осмонда, баъзилари баъзўр нафас олиб, реаминацияда сўнги кунларини ўтказаётган бемор ҳолатида эди жамиятимиз. Барча соҳалар сал шамол қўзғалса қулаб тушадиган кулба ҳолига келиб қолган эди.

Бизда бировнинг порахўрлигини кўриб тарсалар ҳам, қонунга хиёнат давлатга хиёнат эканлигини англасалар ҳам андиша сабаб юзига гапирмайдилар, унга қарши курашмайдилар. Бошқалар менинг ҳақимда “чуғул, чақимчи” деб ном чиқаради, дея андиша қилишади, ҳатто ўша порахўрларни дуо ҳам қилиб қўйишади. Бу эса бутун жамиятда коррупция ва порахўрликни авж олдирадики, натижада ўзлари ўша порахўрлар чангалига тушганларида кеч бўлганини англаб этадилар.

Порахўрлик ва коррупция мустақиллик даврига келиб шундай даражага кўтарилдики, бирор ишингиз порасиз битиши гумон эди. Мансаблар сотилди ва сотиб олинди. Дон ва озиқ овқат соҳаси фалон касники, нефть ва газ фалонники, рангли металлургия буники, кўмир саноати уники, деб мамлакатга фойда келтирувчи соҳаларни юқори лавозимдаги бир гуруҳ олчоқлар ўзаро тақсимлаб олишган эди. Агар, бу иддоаларимга шубҳа бўлса ҳозирда терговда сўроқ қили-наётган миллий хавфсизлик хизмати генераллари, бош прокурор, вазирлар, ҳокимлар ва уларнинг гумашталари мисол бўла олади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Улуғ-нор туманида Андижон вилояти фаоллари иштирокидаги видео-селектор йиғилишида: “Мана, Бош прокурор (собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров назарда тутилмоқда) бутун бошли жамоаси билан қамоқда ётибди. Миллион-миллион доллар топшириб ётибди. Икки-уч ой ичида телевидение орқали ўзини гапиртираман. Негаки, коррупциялаштириб юборганди, ҳар бир туман прокуроридан 30-40 минг доллар олган. Ҳаммасини қайтариб беряпти. Битта ноинсоф ўғли миллиардер! Ва бошқа ташкилот раҳбарлари ҳам, МХХнинг собиқ беш нафар муовини ҳам қамалиб ётибди. Ҳаммаси ўғри, қип-қизил ўғри. Қандай оғир бўлмасин, мен барибир ҳаммасини жойига қўяман. Ҳаммаси бориб, Болтиқбўйида уй қуриб олган. Суратларини кўрсангиз, кечирасиз, Амир Темур бобомиз шунча миллатнинг раҳбари бўлиб ҳам, ундай жойларда яшамаган. Амирликнинг шайхлари ҳам бунақа жойда яшамайди. Кимнинг пули булар – халқники. Қодиров ким ўзи? Қип-қизил ўғри одам бўлган. Шунинг учун, прокуратурада 70 фоиз одам алмашди, ҳалол одамларни қўйдим. Ким хиёнат қилса, шундай йўлдан боради. Ҳаммани кечираман, фақат ўғирлик қилмай, хиёнат қилмаса, у менинг дўстим бўлади. Ана шуни халқим билиши керак”, деди президент.

Порахўрлик билан шуғулланмаган бирор бир соҳа ходимлари қолдимикан ўтган чорак аср давомида. Прокуратура, ички ишлар, хавфсизлик хизмати, адлия, банк, солиқ, тиббиёт соҳаси раҳбарлари орасида порахўрлик таомидан луқма емаган бирор вакил топилармикан? Ҳатто қўлда Қуръон тутган имомларимиз ҳаж зиёратига боришни ният қилганлардан пора олишгач, Худо, деб худони алдаётганлар ҳоли шу бўлса бошқалардан нима кутасиз? Агар Худойим барчасини кўриб турган бўлса, нега Худо номидан сўзлагувчи бу худосизларнинг жазосини бермайди? – деган шаккок саволлар туғилиши табиий ҳар мусулмон кўнглида.

Порахўрлик гўё давлат сири каби тегиб бўлмас соҳадек эди. Номига битта-иккита порахўрлар суд қилиниб жазоланарди, холос. Бу ҳам бош ўғрилар – ўзларининг ишларига халақит қилган, манфаатлари тўқнаш келганидан бир-бирларини йўқотиш пайига тушган гуруҳ аъзолари бўлишган.

Ўзбекистонни кундан кун, соат сайин жарлик сари суриб бор-дилар. Оқибатда ўз давлатимизга ўзимиз ишонмайдиган бўлдик.

Қуйи бўғиндаги амалдорлар ўзидан юқори турувчи амал-дорларнинг розилиги ва ҳомийлиги остида порахўрлик фаолият-ларини юритишади. Уларга миллатнинг кўз ёши, тили, дини бир чақа. Ўз қоринлари тўйса бас. Бу сўқирга ҳам аён ҳақиқат.

Кейинги 25 йил давомида олий ўқув юртларида содир бўлган порхўрликлар кўксида тариқча виждони бўлган юртдошларимизни безовта қилмасдан қолмади. Президентимиз бу соҳадаги муаммолар-ни ҳам янги технологияларни қўллаш орқали олдини олмоқда. Ҳозирда ўз кучи билан грант ҳисобига ўқишга кираётганлар орасида оддий фуқаролар фарзандлари сони кўпайиб қолди. Бу соҳани янада такомиллаштириб, имтиҳонлар онлайин асосида ўтказилса мақсадга мувофиқ бўларди. Порахўрларга раҳм-шавқат қилиш миллат илдизига болта уриш, унинг келажагини йўққа чиқариш демакдир.

Бу ботқоққа ҳуқуқ-тартибот соҳаси – прокуратура, ички ишлар, миллий хавфсизлик, суд-тергов ходимлари қанчалар ботганини бир қур тасаввур қилсангиз қинғирликлари ойдинлаша боради. Қонунга хиёнат қилаётганлар сиздан қонунга садоқат талаб қилса. Бу ҳолат бутун умрини фоҳишалик билан ўтказиб, қизидан бу йўлга кирмасликни талаб қилаётган аёлни гавдалантирмайдими? Банкир ва тижоратчиларнинг порахўрлик қилишларини тушини мумкиндир. Чунки улар биринчи галда эл-юрт учун эмас, ўз манфаатлари – пул топиш мақсадида шу касбни танлашган. Лекин қонунчилик, инсон ҳуқуқлари тизимидаги ходимларнинг мансабни сотиб олиш ва сотиш, бирор фуқаронинг камчиликларидан жиноят излаб, айбдор деб топиш, алал-оқибатда жиноий иш қўзғаш йўли билан порахўр-лик кўчасига қадам қўйишлари одат тусига кирган эди. Шу ҳолат-ларни ўз кўзлари билан кўриб турган фуқароларда давлатга ишонч қоладими?

Мана сизга бизнинг 25 йиллик давлат бошқарувидаги раҳбар-ларнинг мамлакатни қай аҳволга олиб келганлигини кўрсатиб турув-чи кўзгу. Порахўрлик айб эмас, фазилатга айланган эди. Пора берув-чиларга ўтинг-ўтинг, бермовчиларга кетинг-кетинг. Улар ўзларининг кирдикорликлари ва жиноятларини давлат сири деб жар солишди. Порахўрликни очишга ҳаракат қилганларни ҳар қандай йўл билан жиноят иши очиб, давлат душманига чиқардилар. Узликсиз таъқиб сабаб четга чиқиб кетганларни ватан гадолари, деб жар солдилар. Егнида давлат кийгизиб қўйган формалари бўлмаса қип-қизил ўғри, лўттибоздан не фарқи бор буларнинг. Кўринишдан фаришта сифат бу валломатлар сабаб тизимда ҳалол ишлаб юрган ажойиб, қалби тоза йигитларнинг яхши номлари ҳам ёмонотлиқ бўлиб аталадиган бўлди. Умр бўйи каззоблик, коррупция ва порахўрлик билан шуғул-ланиб келаётган бу қавм аъзолари президентимиз Ш. Мирзиёевнинг бир-икки чақириғи билан бир кечада оғиздан чўп олмайдиган даражада мўмин-қобил, ювош, тоза бўлиб қолади, десалар мен ҳаётий тажрибаларимдан келиб чиқиб асло ишонмайман. Бу қавмни Амударёда қирқ йил чўмилтирсангиз ҳам гуноҳи тўкилмайди. Ўша туришда қолаверади.

Порахўрлик тугамайди, дейдилар. Ҳар ҳолда кескин даражада камайтирса бўлади. Йўқса, ислоҳатларга тўсқинлик бўлаверади. Порахўрликка қарши аёвсиз, самарали кураш олиб борилмас экан, президентимиз бошлаб берган ва халқимиз интиқлик билан кута-ётган ислоҳатларнинг яқин йилларда амалга ошиши даргумон.

Келажакда авлодларимиз барча замонларнинг бош оғриғи бўлиб келган ва инсоният бошига не бир кулфат ва қирғинлар келтирган, не-не салтанатларнинг парчаланиб, йўқ бўлиб кетишига олиб келган бу порахўрлик балосини бир эртакдай қабул қилишини истардим.

Порхўрликдан ҳазар қилиш, жирканиш даражасига етгандагина бу балодан қутилиш мумкин. Порахўрлик – давлат тизимини издан чиқариб, мамлакатни барбод қиладиган, юрт бойликларини тало-торожга олиб келадиган, охир-оқибат халқни қуллик асоратига соладиган вабо – офатдир. Тарқалган вабога қарши бутун жамият қандай курашиш керак бўлса, унинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатларини йўқ қилиш учун курашдан ҳам ўн баробар кескин ва аёвсиз курашни талаб қилади.

Порахўрлик кириб бормаган бирор идора қолмади. Бутун бир жамиятни чирмовиқдай чирмаб олди. Энг даҳшатлиси ва қўрқинч-лиси порахўрлар ҳурмат, эътибор топди. Керак бўлса, давлат миқёсида рағбатлантирилди ва мукофатланди. Буни кўриб турган халқ яна қандай йўлни танлаши мумкин эди?

Чора истаб чор тараф чопма эй, дўсти азиз,

Чорасизлик чораси пора бўлган замон бу.

Бу кесатиқ, заҳарханда сатрларни бундан ўн йиллар муқаддам халқимизнинг чора истаб, лекин чора тополмай юрган кунларини кўрганимда шов-шув кўтариш учун эмас, балки чорасиз кўнгилларга малҳам бўлар, деган умидда битган эдим.

Пора бермагач операция қилинмай ўлиб кетганларни, пора бермагач маъмурий жазо бериш ўрнига 10 йилга ҳукм қилинган-ларни, пора бермагач ўқитувчиликка жойлаша олмаган олий маълу-мотли педагогларни, пора бермагач олий ҳарбий ўқув юртларига жисмоний тарбиядан соғлом эмас, деб қайтарилганларни, пора бер-магач хавфсизлик хизматига киролмаганларни, прокуратурани эса ўзларининг томорқасига айлантириб олганларни қандай баҳолаш мумкин? Ҳатто пенсионер ва ёрдамга муҳтож оилаларга ажра-тилаётган пуллардан ҳам ўмариб қолганларни кўрдик. Ва энг қизиғи, ўшалар тўй ва маъракаларда давраларнинг тўрида савлат тўкиб ўтирадилар. Халқ кўзи ўнгида очиқ-ойдин фаолият олиб борган ўша ярамасларни ҳурмат қилаётганларга ачиниш арзирмикан?

Leave a Reply
*