Шокир Саъдуллаев: Шакар заводларимиз банкротидан ким манфаатдор?
Агар цемент заводларимиз банкрот бўлганда ўн минглаб одамлар ишидан айрилиб Россия сари йўл олган бўларди.
Шакар заводларимизга ҳам худди шу ўйинни қилишяпти. Кимларнингдир нафси учун иккита йирик заводларимиз банкрот бўлиб икки минг нафар одам ишсиз қолиш арафасида турибди.
Бу ўйинларнинг тепасида ким турган бўлса ҳам вақт борида этагини йиғиштириб олиш зарур. Акс ҳолда ишидан айрилаётган ўн минглаб одамларнинг қарғишига қолиши мумкин.
Президентимиз “икки нафар одамни иш билан таъминлаган тадбиркорни бошимда кўтараман” деган эди.
Нафсидан бошқасини ўйламайдиган амалдорларимиз эса икки минг нафар одамни ишсиз қолдириш учун ҳаракат қилишмоқда.
3 апрель куни Президентимиз “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унда бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларига 2020 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистонга олиб киришда божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланган.
Яъни рўйхатдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёларни Ўзбекистонга олиб киришда ҳеч қандай бож солиғи олинмайди.
Бу рўйхатга тайёр ШАКАР ҳам киритилган. Аммо ШАКАР ХОМАШЁСИ киритилмаган.
Аслида Ўзбекистонда шакар танқислиги умуман йўқ. “Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” корхоналари Ўзбекистон аҳолиси учун зарур шакарни етказиб бермоқда.
Бугун Ўзбекистондаги мавжуд иккита “Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” корхоналарини банкрот қилиш учун катта ҳаракатлар бошланган.
Ҳукумат тепасида ҳам “Қахрамон шакарчи” номи билан машҳур бойваччанинг тегирмонига сув қўяётганлар кўпайган.
Юқори лавозимдаги амалдорлар яратиб бераётган қулайлик ва имкониятлар ортидан беҳисоб даромад орттириб олган “Қахрамон шакарчи” энди тепадаги раҳбарчаларни сотиб олишни бошлаган.
Биргина мисол, Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Шарипов Нажмиддинходжа ҳам “Қахрамон шакарчи”га катта имкониятлар яратиб бермоқда. У иккита шакар заводини йўқотиш учун қўлидан келган ишни амалга оширмоқда.
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бошқа иши йўқдай гуё. Агар у ўз ишини билиб қилганда, Ўзбекистондаги автосаноатдаги монополияни йўқотган бўларди. Ёки бўлмаса “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг монополиясига барҳам берган бўларди. Бир тарафда Ўзбекистон темирйўлларининг монополияси, айтаверса монополистлар тиқилиб кетган.
Аммо Монополияга қарши курашиш қўмитасининг раиси Нажмиддинхўжа Шарипов шакар заводларини банкрот қилиш учун бор имконияти-ю танишини ишга солмоқда.
Улар Президентни алдаш йўлига ўтишган. Ўзбекистонга олиб киришда бож олинмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатини тузишда ҳам атайин шакар хомашёсини тушириб қолдиришган.
2019 йилнинг 27 июн куни имзоланган “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чор-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида белгиланишича, Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) имтиёзи бекор қилинган товарлар рўйхатига шакар хомашёси ҳам киритилган эди.
Яъни Қўшилган қиймат солиғи имтиёзини шакар хомашёсидан олиб ташланди. Аммо Президентга киритилган рўйхатда Ўзбекистонга олиб кириладиган тайёр шакарда барча имтиёз сақланиб қолган эди.
Бу ерда саноқли беш-олтита амалдорларнинг чўнтагини ўйлаб икки минг нафар одамнинг ишсиз қолишига кўз юмиляпти. 10 минглаб одамларнинг оч қолишига шароит яратиляпти.
Тепадаги шундай оч бўриларнинг ўйинлари сабабли 2017 йилда ҳам бир маротаба шакар заводларимиз фаолияти тўхтаб қолган эди. Аммо унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг эътибори туфайли шакар заводларимиз қайта иш бошлади.
Аммо тепадаги амалдорлар шакар заводларимизни банкрот қилиш йўлидан ҳали-ҳануз қайтишмаган.
Нима қилиб бўлсада шакар заводимизни банкрот қилиб олишса, марра уларники. Агар мақсадлари амалга ошса ташқаридан биргина одам орқали шакар киритилади. Нархни эса ўзлари хоҳлагандек қилиб белгилайди.
Энг ачинарлиси, сифати энг паст бўлган шакарни истеъмол қилишга мажбур бўламиз.
Ҳозирда “Ангрен шакар”да чиқаётган шакар МДХ давлатлари ичида энг сифатли шакар ҳисобланади. Дунёдаги барча сифат сертификатларини қўлга киритган.
“Битта корхона фаолияти тўхтатишига ҳам “фавқулодда ҳолат” деб қаралиши керак. Чунки бу корхоналар қанчадан-қанча иш ўринлари ва оилалар даромадини таъминламоқда” – деган эди, Президентимиз.
Ўз халқумини ўйлайдиган амалдорларимиз эса иккита катта корхонани йўқ қилишга астойдил бел боғлашган. Бу эса Президентга очиқ-очиқ қарши бориш эмасми?
Бир мисол, яқинда Қурилиш материалларига имкониятлар беришда қурилиш маҳсулотлари рўйхатига атайин цементни ҳам қўшиб юборишган. Аммо Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқарувчи заводларимиз керагидан ҳам ортиқ.
Мана шу атайин қилинган хато ортидан цемент заводларимиз банкрот бўлишган. Президентимиз бу ишни вақтида билиб қолганлиги боис цемент заводларимиз сақлаб қолинди.
“Ангрен шакар“да 700 нафар, “Хоразм“шакар“да 1300 нафар ходим ишлайди.
Россияга сангция эълон қилингандан кейин шакарини сота олмай қолган. Россия омборхоналари тўлиб кетган. Шу боис, Қахрамон шакарчи орқали шакарларини Ўзбекистонга киритишга уринмоқда.
Шу тарзда Қозоғистон шакар заводлари банкротга учраб ёпилиб кетди.
Ўзбекистондаги шакар заводлари бир йил ёпилиб турса, заводлар йўқ бўлиб кетади. Натижада импортёрлар нархни кўтариб юборади. Кейин биз қиммат ва сифатсиз шакар сотиб олишга мажбур бўламиз.
Импортёрга Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси билан Монополияга қарши курашиш қўмитаси (раиси Шарипов Нажмиддинходжа Шухратович) ёрдам беряпти.
Шокир Саъдуллаев,
«»Дунё ўзбеклари» учун махсус
Тошкент — Ангрен — Хоразм — Тошкент
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ