Эшқобил Шукур: Халқ қалби билан ўйнашманг! — ЎзА
Халқ қалби билан ўйнашманг!
Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг яқинда бўлган брифингда бутун бир халқнинг она тилига нисбатан беписандлик ва беҳурматлик билан билдирган муносабатини ўқиб, беихтиёр “уятсизлик ҳам эви билан-да” деган гап кўнглимдан ўтди. Машҳур шоиримиз Абдулла Ориповнинг:
Инсон қалби билан ҳазиллашманг сиз,
Унда миллат яшар, унда тил яшар
деган сатрлари бор. Мария Захарованинг она тилимизга бундай муносабати, наинки, инсон қалби, балки бутун бир халқ қалби билан ҳазиллашишдан бошқа нарса эмас. Андишасиз ҳазил бу – мазах. Ҳар бир одамнинг иззат-нафси бўлгани каби миллатнинг ҳам иззат-нафси бўлади. Бизда иззат-нафсга тегиш – ор-номусга тегиш билан тенг. Ахир Ўзбекистонда бир халқ турибди, бир Ватан турибди, бир мамлакат турибди. Бир давлатнинг ички ишларига, айниқса, давлат тили масаласидаги ишларига сурбетларча четдан аралашишнинг ўзи катта маданиятсизлик эмасми? Бундан тажовуз ҳиди келади. Ташқи ишлар вазирлигининг расмийси халқаро ҳуқуқий меъёрлардан, бошқа давлатлар суверенитетини ҳурмат қилиш масалаларидан хабардорми, ё у атайин буларнинг қўлидан нима келарди деб шундай қилаяптими?Халқнинг масалага муносабатини, кайфиятини билмасдан туриб, неча минг чақирим олисдан ёмон фолчидай алжираб, калласига келган гапни айтиш расмий вакил учун уят эмасми? Ҳолбуки, Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми, ҳатто, 90 фоийзи десак ҳам муболаға қилмаган бўламиз, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгиловчи Қонун лойиҳасини маъқуллайдилар. Билиб-билмай халқ устидан дуч келган гапни гапириш шу халққа ҳурматсизликдир. Мария Захарова гапларига кўра, гўё билдирилаётган фикрларнинг аксарияти рус тилининг расмий мулоқотда сақланиб қолиши кўпсонли Ўзбекистон фуқароларига манфаатларига тўла мос келар эмиш. Ол-а! Ахир бу ғирт ёлғон-ку. У бундай маълумотни қаердан олди? Қайси статистика идораси хабарига асосланиб, у шундай деяпти? ТИВ расмийси кўчанинг одами эмас-ку, қаҳвахонада ўтириб олиб, оғзига келган гапни асоссиз гапираверса. Қолаверса, бу қонун лойиҳаси муҳокамаси мустақил Ўзбекистонда бўляптими ё Захарованинг идорасидами? Ахир бу масалани Ўзбекистон халқи ҳал қилади-ку.
Биз иззатталаблик қилмаймиз. Бировнинг таъма-ю фитнага тўла иззати керак ҳам эмас. Биз ўз она тилимизнинг тўла ҳуқуқли Давлат тили бўлишини истаймиз. Худди Россиядаги каби, Англиядаги, Франция, Туркиядаги ва бошқа давлатлардаги каби… Нима учун бу кимларгадир ёқмайди? Биз ҳимоя қилсак адолатсизликни ё зўравонликни эмас, ўз она тилимиз манфаатларини ҳимоя қиламиз. Бугунги глобаллашув замонида ҳар бир халқ учун тилни ҳимоя қилиш Номусни, Ватанни, Келажакни ҳимоя қилиш даражасига чиқди. Ўзини билган ҳар бир халқ учун, ўзини билган ҳар бир давлат учун шундай бўлди! Демак, бундай вазиятларда бир тан, бир жон бўлишимиз керак. Карвонимиз турли таҳдидлардан омон ўтиши фақат ўзимизга боғлиқ. Қаддимиз ҳам қадримиз ҳам баланд бўлсин!
Президентимизнинг ўтган йили 21 октябрда имзолаган “Ўзбек тилининг Давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони , яқиндагина “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида” имзоланган Қонун, шу кунларда кутилаётган Олий Мажлисда “Ўзбек тили тўғриси”даги Қонуннинг янги, замонавий таҳрирдаги муҳокамаси ва шу каби эзгу ишларнинг барчаси халқимизга катта умид ва ишонч бағишлайди.
Эшқобил Шукур,
шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ