Президент мукофоти ўрнига тазйиқми? — ББС
Президент мукофоти ўрнига тазйиқми? Коронавирус билан курашган шифокорга босим қилинган O’zbekiston
Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси тиббиёт ходимлари ҳали ҳам президентнинг қарорида кўзда тутилган махсус қўшимча рағбатлантириш тўловини олмаганлар. Би-би-сига мурожаат қилган шифокорга эса жиноий иш очилиши билан босим қилинган.
Президент Шавкат Мирзиёев 26 мартда «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолаганди.
Қарорга мувофиқ, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган; зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланган:
- врач ходимларга, врач-лаборантларга — 25 миллион сўм;
- ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга — 15 миллион сўм;
- кичик тиббиёт ходимларига — 10 миллион сўм;
- бошқа ходимларга — 5 миллион сўм.
Вазир ўринбосари мактуби
Би-би-си апрель ойи охирида Чирчиқ шаҳридаги Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида карантинда қолаётган қабулхона бўлими бошлиғи Гулшода Мусаеванинг шикоятини чоп қилганди.
Бугунда карантиндан чиққан шифокор 40 кундан ошиқ ўз касалхонасида ходимлари билан карантинда қолганига ва коронавирусни юқтирган беморлар билан юзма-юз ишлаганига қарамасдан, «мукофот пули»дан ҳануз дарак йўқлигини айтади.
Би-би-си бу масалада бир неча бор Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилди, аммо ҳозирга қадар ҳеч қандай расмий жавоб олмади. Би-би-си, шунингдек, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Низом Абдуллаевга боғланиб ундан ҳам жавоб ола олмади.
Айни дамда мазкур шифохона ходимларига 7 майда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Низомов мактуб йўллаб, қуйидагиларни билдиргани маълум бўлди:
«Махсус рағбатлантириш тўлови […] коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ва инфекцияни аниқловчи лабораториялар текширув жараёнларига тегишли бўлган белгиланган ходимлари ҳамда вазирлик ва идоралардан жалб қилинган мутахассисларга нисбатан тақдим этилади.»
Вазир ўринбосари бу мактубида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича тузилган республика махсус комиссиясининг 30 апрелдаги йиғилиши баёнининг 22-бандига ишора қилган.
Аммо, у бу бандни ўз мактубида тўлиқ келтирмаган.
Комиссия баёнининг 22-бандида аслида мана бундай дейилади:
«22. Махсус тўлов коронавирус инфекциясини юқтирганларни даволаш учун юқумли касалликлар шифохонаси ёки бошқа тиббиёт муассасаси негизида ташкил қилинган даволаш муассасасида, шунингдек, Агентлик ва СЭОМлари коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган ҳамда коронавирус инфекциясига шубҳа қилинган, касaлланган шахслардан лаборатор намуналарни олишда ҳамда уларнинг руйхатини шакллантиришда қатнашаётган врачлар, ўрта тиббиёт ва кичик тиббий ходимлари, ҳамда бошқа вазирлик ва идоралардан жалб қилинган мутахассислар, шунингдек, бевосита коронавирус инфекциясини юқтирган беморни даволашда узвий ишлайдиган, улар билан мулоқотга киришадиган ходимларга нисбатан тадбиқ этилади.»
30 апрелда Бош вазир Абдулла Арипов раислик қилган бу махсус комиссия йиғилиши баёнидаги таъриф, шифокор Гулшода Мусаевга кўра, бевосита у ва унинг ҳамкасблари фаолиятига мос тушади.
«Вазир ўринбосари юборган хатда гўёки бундай тўлов бизга тааллуқли эмаслиги айтилган. Лекин, бизга пандемия бошидан хориждан чартер рейсдан келганларни олиб келишди, биз 14 кун давомида уларнинг таҳлилларини олиб диагнозларини қўйиб беришимиз керак эди. Биринчи карантинда бизда 101 бемор бўлди. Туркиядан келган коронавирус аниқланган икки киши оилалари билан бизда ётиб даволанди. Бизда бир беморимиз сунъий нафас аппаратида ётди. Баъзи беморларда иккинчи ё учинчи анализларни кутиш керак, оилавий-оилавий бўлиб келаверишди. Бизда уч даволовчи врач ва уч реанимация врачимиз коронавирус бўйича онлайн курслардан ўқиб ўрганиб сертификат олдик. Шу сабаб ўзимиз иккинчи карантинда анча-мунча касалларни ажратиб олдик, мазок суртмаларини текшириб», — дейди шифокор.
Тазйиқ
60 яшар шифокор Гулшода Мусаева махсус тўловлар берилмаётгани ҳақида илк марта Би-би-сига мурожаат қилиши ортидан унга Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасидан таҳдид ва тазйиқ бўлганини билдирди.
«2 майда менга нисбатан Жиноят кодекси 244-моддаси 5-банди билан жиноий иш очилиши мумкин дейишди. Айтганларимни бошқармадаги юрист таҳлил қилиб шуни тавсия қилибди. Ҳали касалхонада карантинда эдик. Майли, келинглар, қўлимга кишан солиб олиб кетинглар, агар айбдор бўлсам, дедим» — дейди шифокор.
Би-би-сининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят бошқармасига йўллаган мурожаатлари ҳам жавобсиз қолди. Вазирликнинг исми сир қолишини сўраган ходими гўёки пуллар ҳали Молия вазирлигидан ажратилмаганини иддао қилди.
Молия вазирлиги
Ўзбекистон Молия вазири Тимур Ишметов 7 майда Твиттерда тиббиёт ходимларига берилган рағбатлантириш пули ҳақида маълумот берди.
«Тиббиёт ходимларининг машаққатли меҳнати учун миннатдормиз. Мукофот тўловлари назоратга олинди. 15825 кишига 54,9 миллиард сўм» дейилди Ишметов твитида.
Шунингдек, вазирлик матбуот котиби Би-би-сига бу мукофот пуллари учун молиялаштириш узлуксиз бажарилаётгани айтди ва вазирнинг ўзи тақдим қилган вилоятма-вилоят харажатлар бўйича маълумотномани тақдим қилди.
Матбуот котиби тиббиёт ходимлари белгиланган тўловни олмаган тақдирда вазирликнинг ишонч телефонига арз қилишлари мумкинлигини ҳам айтди.
«Ҳурматли соғлиқни сақлаш тизими ходимлари! Давлат томонидан белгиланган қўшимча тўловлар тўланмаган тақдирда, Молия вазирлигининг ишонч телефони (712030050) ёки @murojaat_mf_bot орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз!» дейилади вазирлик сайтида.
Гулшода Мусаева эса айнан шу ишонч телефони ва ботига икки марта мурожаат қилгани ва жавоб олмаганини айтади. Молия вазирлиги матбуот котиби шифокор Мусаеванинг иши ўрганиб чиқилишини билдирди.
Би-би-си ушбу масалада барча томонлар муносабатларига очиқ. Шифокор Гулшода Мусаева ишида у ва қирқдан ошиқ ҳамкасбига махсус тўловлар берилиши кўзда тутилмаган бўлса, нега иккита карантини муддати бошида уларга «президент мукофот пули» ваъда қилиниб исм-шарифлари рўйхатга олингани, ҳамда нега Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Баҳодир Низомов уларга президент қарори ва махсус комиссия баёнидан фарқли маълумотни бераётгани ҳақида изоҳ олишни истайди.
Ўзбекистон: Бир поликлиникада ишловчи 200га яқин ходим карантинга олинди
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek