Menu
Categories
Малика Салимова: Аза очар бева ҳисларим, Оппоқ рўмол ўраб бошига…
05/22/2020 Адабиёт

Ёпирилди туйғулар ёвдек,
Исканжага олди жонимни.
Кулин кўкка совурар хажринг,
Кўнгил деган ҳонумонимни.

Найзаларга тўлди курагим,
Илтижолар бўлмади қалқон.
Ишқинг ёриб қўйган юрагим.
Тўйиб-тўйиб ютаяпти қон.

Жанг авжида…
Сўзлар – мурдалар,
Тупроқ билан, ер билан битта.
Чалажони тошни тимдалар,
Сен чегара бузган ҳудудда.

Саволларнинг замбараклари,
Гумбурлатиб ўққа тутади.
Дўзоҳ ўти, аччиқ тутунлар.
Мени ямлаб-ямлаб ютади.

Аза очар бева ҳисларим,
Оппоқ рўмол ўраб бошига.
Лашкарларинг, бағритошларинг,
Чўмиларлар кўзим ёшига.

Ва ниҳоят, тугайди бари.
Ўқ тугайди ўқдонларингда.
Энг охирги умиднинг жони,
Узилади зиндонларингда!

Йўқ суюнма,
Ғолиб эмассан.
На тирикман ва на йўқ мурдам.
Пушаймонга асирмиз энди,
ТО УМРБОД!
ИККАЛАМИЗ ҲАМ!

Малика Салимова

Leave a Reply
*