Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида Мирзо Улуғбек томонидан Амир Темур шарафига қурилган Кўк гумбаз масжидининг девори ўпирилиб тушган. Бу ҳақда «Дарё» ўқувчиларидан бири хабар берди.

Фото: «Дарё»

Маълум қилинишича, мазкур воқеага икки-уч кун бўлган. Аммо масъуллар ҳалигача бунга эътибор қаратмаган.

Фото: «Дарё»

Кўк гумбаз масжиди «Дор ут-тиловат» мажмуаси таркибида бўлиб, 2016 йил қайта таъмирланган.

Қайд этилишича, мазкур ёдгорлик Мирзо Улуғбек томонидан 1434—1435 йилларда қурилган. Мирзо Улуғбек Кўк гумбаз масжидини отаси Шоҳрух номидан бобоси Амир Темур шарафига бунёд этган. Кириш пештоқининг равоғида уларнинг номлари ва қурилиш вақти ёзилган. Шунингдек, унда жоме масжид эканлиги, ҳафтанинг ҳар жума куни бу ерда намоз ўқилиши таъкидланган.

Фото: «Дарё»

«Масжид гумбази икки қават бўлиб, диаметрининг катталиги жиҳатидан Ўрта Осиёда биринчи ўринда туради. Пештоқининг олд томонида ҳам геометрик сержило безаклар кўп ишлатилган ва уларда ‘Аллоҳ’, ‘Муҳаммад’ ва ‘мулк Аллоҳникидир’ каби сўзлар битилган», — дейди «Дарё» ўқувчиси.