Дилмурод САЙЙИД: Сиёсий фаҳшнинг «мерган»лари…
🔥Мулоҳаза учун
#СИЁСИЙ_ФАҲШНИНГ “МЕРГАН”ЛАРИ…
КЕЙИНГИ пайтда ижтимоий тармоқ(хусусан, Facebook)да “#Qora_mergan” имзоси билан матнлар ёйинлана бошлади. Гарчи, ТАХАЛЛУС янги бўлса-да, услуб ва режа эски эканлигини фикрлар ифодасидан илғаб олиш қийин эмас!
Айниқса, яқингинада тарқалган
“#Мирзиёев_нега_вахшийларни_ҳуш_кўради?” матни бунга мисол бўла олади!
Бундан 13-14 йил олдин Тирания режими тазйиқлари остида юрган вақтимда ҳам ҳатто Диктатор ва унинг атрофидагилар ҳақида худди шундай юзаки матнларга танқидий муносабат билдирганман (шубҳа қилувчилар бўлса, ўша йиллари “МУХОЛИФАТГА МУХОЛИФ МУЛОҲА- ЗАЛАР” сарлавҳали туркум мақолаларимни эсга олишлари мумкин!) ва бугун ҳам ўша қатъиятимдаман!
“Мирзиёев нега вахшийларни ҳуш кўради?” матни нафақат имловий, балки мақола- навислик нуқтаи назаридан ҳам, сиёсийлик жиҳатидан ҳам ўта саёз, эътиборсиз матнланган. Тушунишимча, муаллиф (балки, муаллифлар?) мазкур матнни ўз(лар)и таъкидлаганларидек, фақат “Ўзбекнинг кўзи очиқ кўрлари” учун ёзгандирлар. Шу боисдан ва изоҳга арзийдиган жиҳати мавжуд бўлмагани учун ҳам таҳлилий муносабат билдириш фикридан йироқман… Фақат мазкур(“Мирзиёев нега вахшийларни ҳуш кўради?” матни)дан кўзланган режа айни пайтларда мамлакат ичкарисидаги норозилик кайфияти кўринишлари юзага келаётганидан фойдаланиб, #НОРОЗИЛИК_КАЙФИЯТИНИ_ОММА (хусусан, оддий аҳоли орасида) янада кучайтиришдан иборат бўлиб, матнда бундан бошқа мақсад ҳам, Миллатга хайрихоҳ ният ҳам йўқ! Яна эслатаман: ТАХАЛЛУС янги бўлса-да, услуб ва режа эскича! (Бундай матнлар 13-14 йиллар илгари “ХАБАРДОР”, “БИЛАҒОН” каби тахаллуслар билан битилиб, тарқатилар эди).
Бир сўз билан айтганда, “Кўринмаслик шарти”га таяниб, ижтимоий тармоқларда КАФАНЛАНГАН- дек СИЁСИЙ мавзуда яширин матн ёйинловчи(лар)ни “СИЁСИЙ ФАҲШНИНГ “МЕРГАНИ” дейиш тўғрироқ бўлади.
Юқоридаги қисқача муносабатни ўқигач, аксариятда маълум саволлар туғилиши ҳам табиий. Мен на “Qora mergan”га бирор хусумат, на Ўзбекистоннинг амалдаги Президентига тарафкашликдан эмас, холис бир зиёли даражасидагина ўз фикримни билдиряпман, холос. Зеро, менинг хусуматим “Qora mergan”дек соҳиби идроклар учун арзимас нарса, Президентдек мартаба ва қудрат эгаси эса, менинг тарафкашлигимга қараб қолган эмас!
Холислигимнинг боиси шундаки, ТАРИХ такрорланмасин, дейман. Чунки (тан олиш керак!) Ислом КАРИМОВ ҳам илк бошқарувга келган йиллари ХАЛҚ манфаатига мос амалларга эътибор қаратганди. Бироқ Давлат бошқарувидаги ўзининг уқувсизлиги ҳамда КИМларнингдир васвасаси билан аҳоли орасида норозилик кайфияти кучайтирилиши боисидан 1995 йилдан кейин ЗУЛМга таяна бошлади. Халқдаги норозилик кайфиятининг кучайтирилиши (ҳа, айнан кучайтирилиши!) И. Каримовни Халқдан йироқлаштириб, қобиққа ўрай бошлади. “Андижондаги қонли тўқнашув” сценарийси эса, Президент ва Халқ орасида тўлдириб бўлмас ЖАРЛИКни вужудга келтирди.
“Андижондаги қонли тўқнашув” сценарийси бу даражада ҚОНЛИ тус олишида айнан СИЁСИЙ ФАҲШ “МЕРГАН”ЛАРИнинг ҳам ўрни алоҳида, вақти келиб очиқланса, ажаб эмас!..
Кейинги уч йил давомида ОДАМЛАР ҳам, сайланган ДЕПУТАТЛАР ҳам анча фаоллашдилар, бу фаоллашув кун сайин авжланмоқда. СИЁСИЙ ФАҲШНИНГ “МЕРГАН”ЛАРИ айни шу ҳолатдан келиб чиқиб, “Кўринмаслик шарти”га таяниб, ижтимоий тармоқларда КАФАНЛАНГАНдек СИЁСИЙ мавзуда яширин матнлар ёйинлашларининг бош ва асосий мақсади АҲОЛИ ва ДЕПУТАТлар, ЗИЁЛИлар сиёсий ҳаётидаги фаоллашувини МАЪЛУМ БИР ОҚИМга йўналтириб, Президент ва Халқ орасида ЖАРЛИК яратиш!
Мен бундан 13-14 йил олдин Тирания режими тазйиқлари остида юрган вақтимда ҳам ёзганман, гапирганман ва бугун ҳам такрорлайман: МУХОЛИФЛИК БАЛЧИҚ ОТИШ ЎЙИНИ ЭМАС, балки юзма-юз туриб, олиб бориладиган КУРАШдир!
Айнан сиёсий тажриба ва тушунчанинг саёзлиги сабабли Ислом Каримов даврида юзага келган мухолиф сиёсий ҳаракатлар таназзулга учрадилар, ё майдонни ташлаб қочдилар, ё қувғин қилиндилар, энг ачинарлиси, ЎЗАРО МУХОЛИФЛИКлари ўта кескин кўриниш даражага етди. Аслида Ўзбекистон деб номланган Майдонда УЧТА ТАЖРИБАСИЗ ЎЙИНЧИ сиёсий курашни бошладилар. Булардан иккитаси ҲАҚИҚИЙ, биттаси эса, КЛОН эди!
Ҳақиқий бўлган ва “БИРЛИК” Халқ ҳаракати деб номланган КУЧ Ислом Каримов исмли Давлат раҳбаридан устун келиб қолди. Муаммо жуда зудлик ва шу баробарида ўта нозик ақл (аниқроғи, собиқ КГБдан қолган тажриба услуби!) билан ҳал этилди, яъни : Мухолифат ичидан Мухолифат чиқарилди – ЯНГИ Демократик ФИРҚА тузилди ! Фирқага раҳбарликка эса, И. Каримов атрофидаги таниқли ижодкорлардан бирортаси рози бўлмаган ёки Диктаторга маъқул келмаган. Унга Амалпараст, худбин ва ўта кибрли Шахс керак эди…
… Менинг ушбу мулоҳазаларим на исботга, на асосга муҳтож эмас, чунки “И.Каримов истаги билан вужудга келтирилган Фирқа» раҳбарининг ўз вақтида Депутатликка қандай сайланганлиги кўп нарсага далилдир! Шу баробарида Ислом Каримов шахси дунё сиёсий саҳнасида тан олинишида ҳам айнан “И.Каримов истаги билан вужудга келтирилган Фирқа» раҳбарининг #хизмати_алоҳида:
ЁШЛАР билмасликлари табиий, лекин бизнинг авлод яхши эслайди; Ўзбекистондаги биринчи муқобил Президентлик сайлови ўтадиган кунлар арафасида , аниқроғи, сайловдан 12 кун олдин “Бирлик” Марказий Кенгаши аъзоларининг йиғилиши бўлиб ўтган ва шу йиғилишда битта масала муҳокама қилинган: САЛАЙ МАДАМИНОВ ЎЗ НОМЗОДИНИ ҚАЙТАРИБ ОЛИШИ КЕРАК!
Чунки ўша пайтда И.Каримов одамлари сайлов жараёнини тўлиқ ўз назорати остига олиб улгурган, Салай Мадаминовнинг сайловда ютқазиши ЮЗ ФОИЗ аниқ эди! Сайловда ютиб чиқиш Ислом Каримовга: “Мен муқобил [альтернатив номзод қатнашган] сайловни ютдим!” деб жар солишига асос бўларди. Мажлис иштирокчилари Салай Мадаминовга мурожаатнома ёзиб, сайловдан 10 кун олдин ўз номзодини қайтариб олиш даъвати билан чиқишга қарор қилганлар ва мурожаатнома матнини ёзиш Толиб ЁҚУБОВга топширилган… Хуллас, ўзига қилинган ўта муҳим, сиёсий Мурожаатномага Салай Мадаминов жавоб қайтаришни лозим ҳам кўрмаган, номзодини ҳам қайтиб олмаган… Айни шу КИБР сабаб Ислом Каримовнинг сиёсий саҳнадаги рейтинги беқиёс ортган! Агар Салай Мадаминов ўз номзодини қайтариб олганида, ХАЛҚ қайта сайлов ўтказиш талабини қўйиш имкониятига эга бўлар эди…
…Олий Кенгашнинг қайсидир сессиясида депутат #Шавруқ_РЎЗИМУРОДОВ мазмунан шундай даъват билан чиққанди:
“Ҳурматли депутатлар! Сизлар адашаяпсизлар, Ислом Каримовни бундай юксак лавозимга сайлаш нотўғри! Мен уни Қашқадарёдаги ишлари бўйича яхши биламан! У ҳаммани ўлдиради, хусусан сизларни ҳам!”
Шавруқ аканинг башорати тўғри чиқди! Шунга ўхшаш аниқ фикрларни депутат Шуҳрат Нусратов ҳам олий минбардан туриб баралла айта олди…
Салай Мадаминовда бундай журъат бўлмаган, фақатгина кейинроқ Депутатлик мандатини ташлаб чиқиб кетган. Ваҳоланки, бу билан Ислом Каримовга эмас, балки ўзига ишонч билдириб, овоз берган ОДДИЙ ИНСОНларга нисбатан беписандлик кўрсатган, холос!
Ушбудаги фикрларга мавзу бўлган жиҳатга қайтиб, хулоса қиладиган бўлсак:
Ўзбекистоннинг эртанги куни қандай бўлишини на СИЁСИЙ ФАҲШНИНГ “МЕРГАН”лари, на кейинги икки йил ичида Ватандан кетиб, улар сафига қўшилган шилталар белгилаб бера олмайдилар. Агар эҳтиросларга берилиб, ақл торозусидан салгина чалғисак, ўзаро ҳамжиҳатликни йўқотсак, энг катта жабрни биз – Ватан ичидагилар тортамиз!
“БИЗ” ДЕГАНДА МЕН УЙҒОНАЁТГАН ЁШЛАРНИ НАЗАРДА ТУТАЯПМАН!
Дилмурод САЙЙИД, 30.05.2020 йил.
P. S. Мен 13-14 йил аввалги услуб бугун ҳам қўлланилаётганини кейинги икки йил давомида илк номи «Адолатни қарор топтириш Ташаббус гуруҳи» бўлган фаолиятимизда кўрдим. Бизнинг Эзгу ниятларда ташкилламоқчи бўлган ташкилотимизни қандайдир сиёсий ғараз мақсадлар кўчасига йўналтириш учун Биздан яширинча ҳаракатлар олиб борганлар…
Яхшики, вақтида исботи билан билиб қолдик!