Menu
Categories
Исмат Хушевнинг наманганлик курсдоши Раҳимжон Ирисов ҳикоя қилади…
06/21/2020 Бош мақола

Исмат Хушевни
У бир кун келиб албатта машҳур бўлади, – дейишарди курсдошлар.

Таниқли ва машҳур ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев, таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудов, журналист Мирёқуб Қобилов, шоир ва драматург Тўра Мирзо, республика фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбарларидан бири Исмат Хушевнинг синфдоши Азамат Суюнов, журналист Қурбон Эшмат, тарихчи олим, профессор Шухрат Барлос, ёзувчи Абулқосим Мамарасулов, Исмат Хушев бош муҳаррир бўлган пайтда Китоб тумани прокурори бўлган Хасан Эштемиров, Китоб туманида жойлашган вилоят миқёсидаги касалхонага ўттиз йил раҳбарлик қилган шифокор Қахрамон Жўраев ва Исмат Хушев билан бир синфда ўқиган синфдошлари, вилоятлардан келган курсдошлари, жумладан мен – Раҳимжон Ирисов.

– Тошкет давлат университети, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини журналистика факультетида 1976-1981 ўқув йиллари ўқиганлар Исмат Хушев номини, ўзини яхши билишади. У аввал факультетнинг сиртқи, сўнг кечки бўлимида таҳсил олди. Икки йил биз билан кундузги бўлимда ўқидию, Москвага – Ломоносов номидаги университетга ўқишини кўчириб кетди. Икки йиллик талабаликнинг беғубор, беташвиш, бетакрор кунларини бирга ўтказдик. Исмат Хушев факультетдаги тадбирларни олиб борганида нутқининг равонлигидан иштирокчилар ҳузур қилишарди. Бир куни ҳассос олим Озод Шарофиддинов билан учрашув бўлди. Жаҳон адабиётининг билимдонига Исмат Хушев хозирги испан адабиётидан тушунча беришини илтимос қилди. Сўнг Гарсиа Маркес ижоди хақида сўради. Бизнинг курс талабалари, тўғриси, жаҳон адабиётидан жуда нўноқлигимизни билдириб қўйдик. Гап Маркес ҳақида бораётганида бир курсдошимиз Карл Маркснинг “Капитал” асаринн тилга олиб жуда ўнғайсиз ҳолга тушган эди…

Ҳа, Исмат кўпларни лолу хайрон қолдирарди.

Талабалик йилларимизнинг кузи Сирдарёнинг “Оқолтин” туманида ўтарди. Меҳнатдан сўнгги шеър айтишувида Исмат биринчи бўларди. Ора-чора бошқа факультетларга бориб шеър ўқирдик. “Физиклар ва лириклар”. “Химиклар ва лириклар”, “Шарқона лирика” деб номланган гурухимиз гоҳ физика, гоҳ химия, гоҳ шарқшунослик факультети талабалари ҳузурида бўларди. Исмат шу соҳа вакилларини ёки шу фанларга омухта шеърларни шундай маҳорат билан айтардики, қарсаклар узоқ-узоқ давом этарди. Масалан, “Вибрация”, “Гунглар монологи”, “ Броун ҳаракати” каби Асқад Мухтор, Муҳаммад Раҳмон, Мирзо Кенжабек шеърларини муаллифларидан кўра яхширок ёд айтарди…

Ўқиш даврида кўплаб олий ўқув юртлари талабаларига шеър ҳислатини юқтириб келардик. Кунларнинг бирида ҳамшаҳрим Мирзаҳаким Тўхтамирзаев таҳсил олаётган Решетов номидаги рус тили ва адабиёти институтига борадиган бўлдик. Институт толибу талабаларинииг рус адабиётидан чуқур билим олишларини эътиборга олган Исмат Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётининг таржима бўлимига бориб, “катта шоирлардан” таклиф этишни маъқул кўрди. Аммо ишхонага оддий кийимда келган шоир акаларимиз катта учрашувларга шу кийим билан боришга ийманардилар. Шунда Исмат нашриёт қаршисидаги дўкондан бешта кўйлак, бешта галстук сотиб олди. Шоир акаларимизга совға қилди. Институтдаги учрашув талабаларнинг хотирасида бир умр мухрлайган бўлса ажаб эмас.

Ўша давр шоирларининг жуда кўпи Исмат Хушевга атаб шеърлар битгани ҳамон ёдимда. Дўстимизнинг минбарбоплиги учун “Исмат партия” деб кўния қўйган Халқ шоиримиз Абдулла Орипов “Исматга шеърият нисбатан бўлғуси” деб байтлар бағишлаганди.

Ўз фанини яхши билмайдиган, ўз устида ишламайдиган, бугунги машғулотга махсус тайёрланмайдиган “домлалар”ни Исмат мулзам қилиб қўярди.

Жаҳон адабиёти классиклари хақида гап кетганда муаллимага Исмат: “ҳозирги замон япон шеърияти ҳақида нима биласиз” деб савол ташлади. “Мен ҳам сизлар билганни биламан…”, деб жавоб берди у. “Унда нега профессорлик унвонини олгансиз ?!” деса бўладими.

Ҳар тонг, ҳар тун “ВУЗ городок” йўлларидаги шеър айтишувларда Исматнинг овози бошқаларникидан жаранглирок, ёқимлироқ эди. Негаки, олис вилоятнинг олис қишлоқ мактабида ўқиб юрган кезларида Тошкентга – Ўзбекистон радиосига келиб “Пионер эрталиги”да бошловчилик ҳам қилган, собик иттифоқ республикалари ўқувчилари орасида “Артек”да кўп бўлганди…

Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган ҳикмат бор. Исматнинг адолат, ҳақиқат устуворлиги йўлидаги мақолаларида отаси Маҳмуд аканинг ўрни катта бўлган. У гарчи мактаб ўқитувчиси, директори, фаҳрий педагог бўлганда ҳам тумандошларининг муаммоли масалалари билан Тошкентга кўп келарди. Бир кун у сумка тўла ҳужжатларини кўрсатди. Қишлоқларда кооператив уй қуриляпти. Аммо унда мол-қўй боқилиши ҳисобга олинмаган. Домла ўша куни кечроқ хурсанд келдилар. Курилиш вазирлигига учраб, ортиқча даҳмазалар ўрнига туман ва қишлоқ аҳолиси учун зарур иншоотлар бўлиши кераклигини тушунтира билибдилар.

Исматнинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Туркистон”, “Саодат”, “Ҳаёт ва иқтисод”, “Иқтисод ва ҳисобот”, “Миллий таълим” газета-журналларидаги чиқишлари чинакам воқеа бўларди. У теша тегмаган мавзуларни олиб чиқарди. Шунинг учун ҳам вилоятларга борганда муаммога учраган одамлар уни қуршаб олишарди. Ана шундай учрашувлардан бири Янгиқўрғон туманидаги “Кўксарой” дам олиш масканида бўлган эди. Шунда у кўплаб одамлар дардини эшитди. Охири қайтар чоғида “кимнинг масаласи бўлса, мана шу йигитга учрасин” деб мени кўрсатди. Мен ўша йиллари “Халқ сўзи”нинг вилоятдаги илк мухбири эдим.

Кунларнинг бирида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири, устоз Аҳмаджон Мелибоевни “Туркистон” газетаси жамоаси ёш журналистлари учрашувига таклиф этишади. Аҳмаджон акага Исмат икковимиз эргашиб бордик. Жуда мазза учрашув бўлди. Шунда устозга савол бўлди “Икки шогирдигиздан қай бирига кўпрок ишонч билдирасиз?” Аҳмаджон ака вилоятда ишлаб келаётган мен ҳақимда кўпроқ гапирдилар. Бу вактда ўзининг фавқулодда чиқишлари билан кўпчиликни ром этган, кўпчиликни чўчитиб юборган Исмат Хушев ҳақида ҳар қандай ақлли одам ўйлаб гапириши аниқ эди. Шу боисми, Аҳмаджон ака “Исматжон ўзбек журналистикаси учун алоҳида мавзу, бу мавзу йиллар ўтиб ўзининг баҳосини олади”,- деб жавоб қайтардилар.

Икки йил аввал тили ва дили бир бўлган курсдошим ҳақида Самарканд ва Китоб оралиғидаги Австралиядан аъло табиат қўйнида – “Мингчинор” масканида кўп ва хўб сўзларни эшитдим. Кимдир уни “Афросиёб” поездига ўхшатди. Ўзидан аввал овози келади деб. Кимдир уни самода из қолдирадиган самолётга қиёс қилди. Овозидан ўзи тез учади деб. Мен эса унинг ўз синфдошлари, “кўрпада тепишиб катта бўлган жамалак ошналари”га муносабати ҳақида гапирмоқчиман.

Даврада ҳамма синфдошлари бел бериб, қўл қовуштириб туришди. Сўнг табрик сўзи айтишга чиқишди. Улардан бир-икки нафари қиёмига етказиб гапиришди ҳам. Аммо гапни қийворишдан кўра ишни дўндиришлари шундоққина сезилиб турарди. Улар орасида мана 40 йилдирки деҳқон бозорида арава тортиб, уй-рўзғор ғамини аритгани ҳам бор экан.

Бу инсон Исмат ҳақида жимжимадор гапиролмади. “Мен гапирганларнинг гапларига қўшиламан…” деёлди холос. Унинг ўз синфдошининг бағрига отилиши, қучоқлаб кўришиши ҳамманинг кўнглини бузиб юборди. Кейин билдимки, Исмат пойтахтимизда ишлаб юрган кезлари ҳар гал Китобга борганда синфдош дўстларидан хабар олар, уларнинг катта-кичик муаммосига елка қўяркан. Энг муҳими аравакаш синфдошига моддий ёрдамини канда қилмаган экан…

Бу меҳнаткаш, оддий инсоннинг ва бошқа синфдош жўраларнинг “мен гапиролмайман, сен гапир” қабилидаги камсуқумликлари, оддий ва одмиликлари ҳар қандай одам қалбини тўлқинлантирарди.

Курсдошимнинг опалари, поччалари, акаси ва жиянлари бир-икки оғиз сўз айтиб сарпо кийдирдилар. Қўшни республика вакиллари қозоқнинг чопони ва қалпоғини кийдиришганда “Исматнинг Наполеондан бир қарич ўсиб кетгани”ни тилга олишди. Даврада кулги кўтарилди опаларининг эса “онам сенинг кўйингда оламдан ўтдилар, отам ҳам сенинг дийдорингга тўймай эрта чўкиб, у дунёга кетдилар. Илоҳо руҳлари шод бўлсин,” – деган тилаклари мустажоб бўлсин.

Курсдош дўстим Исмат Хушевнинг тақдиридаги не чигалликлар бўлса ўтиб кетган бўлсин. Ўз юртига, ватанига, уни ўсиб-улғайтирган, камолга етказган, ҳақгўй инсон қилиб етишувида гарчи у танимаган бўлсада, қўллаб-кувватлаб турган, эслаб юрган, дуода бўлган халқимиз вакилларига ташаккурларимиз бўлсин!

Исмат! Биласанми, талабалик йиллари шундай шеърни ёд олиб, бирваракайига жўр бўлиб айтардик:

Биз бахтиёр бўлгаймиз, хўп,
Бизни зафар қучажак!
Бошимизда чарх айланиб
Қалдирғочлар учажак!

Яна бир бор самимий ҳурмат билан курсдошинг:

Раҳимжон Ирисов,

Наманган шаҳри, Ўзбекистон

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

Leave a Reply
*