Menu
Categories
Исмат Хушев: Рустам Шоғуломовнинг ўлими – парвоз ва инқироз…
06/26/2020 Бош мақола
 Исмат Хушев
Рустам Шоғуломовнинг ўлими: парвоз ва инқироз.
ёки
Қудратли матбуот вазирининг уч фожеаси.
Мен Шоғуломовнинг некрологини Аъло Маҳсумовичдан ошириб ёзолмаслигим мумкин.
Рустам Шоғуломов ўлими менга бутун совет даври матбуотини яна бир бор кўз ўнгимда гавдалантирди.
Гарчанд ўзим ҳам ўша давр руҳиятининг маҳсули бўлсам-да, Шоғуломов каби гигант шахсларнинг ҳаётдан кетиши қоронғу осмон бағрини тилиб ўтган чақмоққа ўхшайди.
У бир зум бўлса-да, бу тубсиз ва зулмат қоплаган осмонни қоқ иккига бўлиб ёритиб ўтади.
Бугунги ўлим – Шоғуломовлар династиясининг машҳурлигига муайян нуқта қўйиши табиий…
Яна бир неча соатлардан сўнг “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушевнинг Ўзбекистон давлат матбуот қўмитасининг ўн беш йиллик раиси Рустам Шомуродович ўлими муносабати билан ёзилган таҳлилий мақоласини ўқийсиз.

 


 

Исмат Хушев: Рустам Шоғуломовнинг ўлими: парвоз ва инқироз – Ёднома

 
Исмат Хушев
 
Рустам Шоғуломовнинг ўлими: парвоз ва инқироз.
 
Қудратли матбуот вазирининг уч фожеаси.
 
Республиканинг “бош цензур”и ўзи яратган қонун қоидалар қопқонига ўзи ҳам тушди…
1.
2014 йилнинг 21 январь тонгида Тошкентда – Ўзбекистон матбуотининг кўзга кўринган ва йирик арбобларидан бири Рустам Шоғуломов  81 ёшида ҳаётдан кўз юмди.
Мустақилликка қадар салкам йигирма йил “Ёш ленинчи” газетасини бошқарган, ундан кейин эса роппа роса ўн олти йил мустақил Ўзбекистон матбуотига воизлик қилган, Республика Матбуот Қўмитасини бошқарган таниқли давлат мулозими вафотига расмий Тошкент муносабат билдирмагани мени ажаблантирди.
Шу билан бирга унинг ўлими – бутун совет ва мустақиллик даври матбуотини кўз ўнгимда бир-бир гавдалантирди.
Гарчанд ўзим ҳам ўша давр руҳиятининг маҳсули бўлсам-да, Шоғуломов каби гигант шахсларнинг ҳаётдан кетиши, бу ёруғ дунёни тарк этиши – биз истаймизми, йўқми – қоронғу осмон бағрини тилиб ўтган чақмоққа ўхшайди.
У бир зум бўлса-да, бу тубсиз ва зулмат қоплаган осмонни қоқ иккига бўлиб, ёритиб ўтади…
2.
Мен Шоғуломов некрологини талантли журналист Аъло Маҳсумович Хўжаевдан ошириб ёзолмаслигим мумкин.
Унинг ўлимини эшитганимда эрта бир кун некролог мақола ёзаман деб ўйламаган ҳам эдим.
Чунки  эслайдиганлар, унинг оиласи ва яқинларига таъзия билдирадиганлар менсиз ҳам кўп бўлса керак деб ўйлагандим.
Рустам Шоғуломовнинг вафоти муносабати билан – унга некролог ёзишдан кўра кўпроқ унинг Тошкентдаги юзлаб шогирдлари, даврадош дўстлари, улфатларининг бугунги етим ҳолатини кўз олдимга келтиришга ҳаракат қилдим.
Улар энди Шоғуломовсиз қандай яшаркин, Ўзбекистон матбуоти энди ўзининг қудратли халоскорисиз қандай кун кўраркин деб ўйлаган эдим.
Лекин мен бугун Ўзбекистонда эмас, балки олис Канадада яшаётганим учунми, билмадим, ватандаги ҳақиқий вазиятни билмаган, хато қилган, адашган эканман…
Некрологларга Ўзбекистон тарихида алоҳида тартиб яратиб, кимга таъзия билдириш ва билдирмаслик, ким ўлганда сукут сақлашлик “қонун қоидаси”ни яратган “ижодкор”нинг ўзи ҳам бугун  –  руспубликада унинг раҳнамолигида чиқиб турган бир минг беш юз (1500) дан зиёд  газета ва журналларнинг биронтасида ҳам икки сатр таъзияномага муносиб кўрилмади.
Ҳолбуки у киши Президент ўтказган йиғилишларда, ҳукумат  анжуманларида, тантанали мажлисларда соҳа ҳақида гап кетганида: “Менинг қўл остимда бир ярим мингдан зиёд матбуот нашри бор. Мен ана шунча  матбуот лицензиясига рухсат бериб, имзо чекканман.  Бугун у ерда юз мингдан ортиқ шогирдларим ишлайди! Истаганимни истаган пайтимда, эшигини ёпиб, ходимларини кўчага ҳайдаб юборишим мумкин” – деб фахр ва ифтихор билан, момоталоқ бўлгунича кўкрагига уриб мақтанарди.
У тақдир унга ато этган бу вазифа билан астойдил фахрланар, ғурурланар, бу фахр ва ғурур унга ажиб бир завқ-шавқ берарди.
Ажабки, шундай арбобнинг ўзи бугун шунча минглаб газета ва журналларнинг бирортасида ҳам  икки оғиз некрологга лойиқ топилмади.
Шунча минглаб шогирдларидан бирортаси уни эслаб, ё яхши, ё ёмон деб бир оғиз таъзия ёзмади…
Яна такрорлайман, мустақиллик даври матбуотига 16 йил, яхшими ёмонми, раҳбарлик қилган бу инсон вафот этганида лом мим демаслик адолатдан бўлармикан?
Бу – унинг ўша мақтаниб гапириб юрган юзлаб муҳаррир шогирдлари, минглаб журналист ноширлари учун ҳам, унинг хизмати ва садоқатидан беқиёс фойдаланган, завқланиб баҳра олган Ўзбекистон ҳукумати учун ҳам – уят!
Бизнинг Ватандан жудо бўлишимизга  қайсидир маънода сабабчи бўлган бу инсоннинг хотираси ҳаққи ҳурмати, у кишининг вафоти боис энди ўзимиз олис Канададан бўлса ҳам, бир оғиз муносабат билдирмасак, адолатдан бўлмас…
3.
Мен Шоғуломов билан ҳаётимда биринчи маротаба 1975 – йилнинг ёз ойларида кўришган эдим.
Умр оқар дарё деганлари рост экан.
Шунга ҳам аллақачон сал кам қирқ йил бўлибди.
Ўрта мактабни битириб, ТошДУнинг журналистика факультетига ўқишга кириш учун отамнинг этагидан тутиб Тошкентга келганимда, факультетдаги масъуллар имтиҳондан олдин ижодий конкурс бўлишини, бунинг учун эса мақолаларим нашр этилган бирор бир газета редакциясидан тавсиянома кераклигини айтишди.
Мактабда ўқиган  давримда “Ленин учқуни”, “Гулхан” ва  “Ёш ленинчи” газеталарида “И.Хушев” номи балан мақола-ю, шеърларим босилиб турарди.
– Иложи бўлса “Ёш ленинчи”дан олиш керак,  бош муҳаррир Шоғуломовнинг ўзи ҳам  “Ижодий конкурс” ҳайъатига аъзо, – деб қолди бизга йўл йўриқ кўрсатган самарқандлик домла Сайди Умиров…
4.
Туш пайтида отам билан “Инқилоб хиёбони” атрофидаги ўн олти қаватли – пешонасида соати бор муҳташам бинони топиб бордик.
Ичкарига кирайлик десак, навбатчилар қўйишмади: “Ҳамма тушликда” , дейишди.
Ноилож ташқарига қайтиб чиқдик.
Отам бурчакда сигарет чекиб турган нотаниш бир йигит билан уч-тўрт оғиз гаплашди, сўнг ёнимга келиб: “Елкаcига костюмини елвагай ташлаб юрадиган одам Рустам Шоғуломов экан – “Ёш ленинчи”нинг бош муҳаррири, – деди.
Отам мени бир жойга турғазиб қўйиб, ўзи катта кўчанинг ёқасига кетди.
Бир пайт қapaсaм, oтам айнан костюмини елкасига елвагай ташлаб олган пасон бир киши билан гаплашиб келяпти.
– Ўғлингиз шу йигитми? – деб cўради Рустам ака менга синчиковлик билан разм солиб.
– Ҳа, шу йигит, – деди oтам. “Қани, юр-чи”, – деб йўл бошлади Рустам ака ўзига хос виқор билан.
У бизни бошлаб лифтга чиқди. Қайсидир қaвaтгa кўтарилдик.
Узун йўлак бўйлаб хонасига олиб кирди. Калта стил кўйлак кийиб, сочларини ёйиб юборган оҳудек ҳуркак котибасига чой дамлатди.
Отам билан уёқ-буёқдан гаплашиб ўтирди.
Бир-икки пиёла чой ичилгач, камон қошли дилбар котиба бир варақ қоғозни кўтариб хонага кирди.
Рустам ака уни ўқиб остига имзо чекди-да, отамга узатди.
Сўнг: “Омадини берсин” деб бизни йўлаккача кузатиб қўйди…
5.
Шу тариқа журналист бўлишимдан олдин биринчи маротаба Рустам аканинг суҳбатидан ўтганман. Йўлланмасини олганман.
Шоғуломов ўша пайтда кўзимга бу дунёдаги энг катта ва қудратли журналист, буюк инсон бўлиб кўринган эди.
Кейин йиллар ўтиб, ўзим ҳам Бош муҳаррир бўлгач, Рустам ака билан ҳаётда жуда кўп маротаба тўқнаш келдик.
У киши баъзан: «Сени журналистикага киришингга ўзим йўлланма берганман, лекин ҳали бир пиёла чойингни ичганим йўқ» деб ҳазиллашиб қўярди.
Рустам Шоғуломов олифта ва мағрур, лекин  қўли очиқ ва мард одам эди.
Унинг дўстлари кўп, шогирдлари беҳисоб, лекин душманлари ҳам бисёр эди.
Газета ва журнал Бош муҳаррирлари ундан чўчишар, уни ёмон кўришарди.
Лекин учрашиб ё кўришиб қолишганда энг азиз ва қадрдон одамни кўриб қолгандай ажиб бир мутеълик, ғаройиб бир меҳр – муҳаббат билан таъзим бажо айлаб сўрашишарди…
Ўзи умр бўйи бирор сатр мақола ҳам ёзмаган бўлса-да, совет даврида қарийб йигирма йил ёшлар газетасига бош муҳаррир, кейинчалик, мустақиллик йилларида эса ўн олти йил давомида бутун ўзбек матбуотига  етакчилик қилди.
Айни пайтда республиканинг бош цензорлик вазифасини ҳам тарихда мисли кўрилмаган даражада бешафқатлик билан бажарди.
У журналистлар учун  матбуот ҳақидаги бир неча  «темир қонун»ларни яратиш ва чоп этиш ташаббускори бўлиб, айни пайтда журналистикада  беомон қопқонлар яратилишига ҳам  замин ҳозирлади.
У  ана шундай қонунларнинг ашаддий тарафдорларидан бўлиб, бу ижоди ва фаолиятидан ўзи ҳам завқланиб, ҳузур  қиларди…
Хуллас, у ўзбек матбуотига «қойил мақом» даражада раҳабарлик қилди.
Раҳбарлик қилганда ҳам айтгани – айтган, дегани – деган бўлди…

 

6.
Лекин ҳаёт барибир ҳаёт экан.
Болаликда сенга фаришта ва буюк бўлиб кўринган кишилар, йиллар силсиласида ўзлигини тўлиқ намоён этиб, охир оқибат ҳамма қатори оддий бир одамга айланиб қоларкан.
Орадан ўтган 30-40 йил давр орасида болалигимда кўзимга энг катта ва қудратли журналист, буюк инсон бўлиб кўринган Рустам Шоғуломов ҳам секин аста  майдалашиб, майдалашиб, охир оқибат – уфқда элас элас кўзга ташланадиган кичик бир нуқтага айланиб қолди…
7.
Нега бундай бўлди? Нега бундай дедим?
Бир пайтлар менга “Оқ йўл” тилаб, журналист бўлишимга сабабчи бўлган устозга нисбатан шаккоклик ва нонкўрлик эмасми бу?
Аслида шундай!
Лекин бу дунёда бизга нохуш ва ёқимсиз бўлган бошқа ажиб ҳақиқатлар ҳам бор экан.
Бу аччиқ ҳақиқатлардан бири шуки, журналистика ва ижод соҳасида умуман қалам тебратмаган одам, қайси вазифада бўлишидан қатьий назар, у ёлғиз қолиб журналистиканинг денгизида яйраб сузувчи ғаввосдай – завқланиш бахтидан маҳрум бўлади.
Журналистика ва ёзиш машаққатини бевосита ҳис қилмаган, журналистик мактабни, ижод дардини шахсан ўз бошидан кечирмаган шахс – у гарчанд қайси вазифани эгаллаб, қайси чўққига кўтарилган бўлмасин, илҳом денгизининг тубига шўнғиган ғаввослик бахтидан, ижод лаззатидан мосуво  ва бебаҳрадир.
Ижод дарди ва илҳоми унга бегона!
Ижодкорнинг тунни тонгга улаб, не-не машаққатлар эвазига, пешонадаги реза-реза, совуқ  тер ила, ёлғиз ўзи билан ўзи қолиб, илҳом деб аталмиш дард алами ва азобида тўлғонишини – бу “муҳтарам арбоб” ҳеч қачон ҳис қилолмайди.
У нари борса ижод маҳсулотини у ёки бу даражада моддий баҳолаш, тақдирлаш ва ёки журналистик тил билан айтганда – “Гонорар”ини белгилаш салоҳиятига эга бўлиш мумкин, холос.
Ўшанда ҳам у жамийки ижод маҳсулотини ўз қаричи билан ўлчайди.
Ва сиёсат тарозисидан кўзини узмайди, узолмайди…
8.
Рустам Шоғуломовнинг ўлими муносабати билан беихтиёр ўзбек матуботининг яна бир гиганти – Зиёд Есенбоев ёдимга тушди.
Буни эслаганим бежиз эмас. Назаримда, уларнинг орасида қандайдир ўхшашлик бордек.
Негаки, ҳар иккаласи ҳам Рашидов замонининг маҳсули. Ҳар иккиси ҳам матбуотга бутун умрини бағишлаган арбоб.
Бутун Ўзбекистон журналист ва публицистлари – уларнинг ҳар иккаласини ҳам ўзбек матбуотининг маршаллари дейишади.
Лекин таъбир жоиз бўлса, иккаласи ҳам – бутун умр қичқириб, оламни бузган ва лекин бир дона ҳам тухум туғишга қодир бўлмаган олтин хўрозлар эди.
Матбуотнинг машаққатини чекмаган, аксинча, беармон маишатини сурган хўрозлар…
Афсуски, бирор марта уйқудан қолиб, илҳом париси ҳажрида пешонасини тириштирмаган, пешонасидан бир неча дона реза совуқ тер чиқиб, ахборот ва репортаж ёзмаган, лавҳа битмаган, бирор бир жанрга кўнгил қўймаган, қалам ҳам тутмаган маршаллар…
Минглаб ва юз минглаб  журналист ва ижодкорларга  қандай ёзиш ва ёзмасликни ўргатиб келишди.
Устозлик қилишди.
Алҳамдуллилоҳни билмай туриб, бир умр жанозанинг тўрида маърўза ўқишган…
На чора, совет замонининг ажойиб ва ғаройиб хислатларидан бири эди бу…
9.
Ўз даврининг маҳсули бўлган жаноб “устозлар” бу борада машҳур бўлсалар-да, ёлғиз эмас эдилар.
25 йил Ўзбекистоннинг биринчи рақамли, миллион тиражли газетаси – “Қизил Ўзбекистон”нинг Бош муҳаррири бўлиб, бир жойда узоқ йил – муқим муҳаррирлик фаолияти билан “Геннес” китобига киришга даъвогар бўлган  Мақсуд Қориев журналистикада улардан кам “устоз” эмас эди.
Бутун Ўзбекистон матбуотининг яловбардори бўлган Мақсуд Қориев ёш йигитлик чоғида бир тасодиф ила ўттиз ёшли “Қизил Ўзбекистон” газетаси Бош муҳаррири Шароф Рашидов назарига тушади.
Қуралай кўзли ёш аспирант Мақсуд Қориев журналистиканинг кўчасидан анчалар узоқ бўлса- да, шахсан Рашидовнинг ўзи уни газетанинг сиёсат бўлимига ишга таклиф қилади ва бу ҳамкорлик қарийб ярим аср давом этади.
Бу орада Мақсуд Қориев “Қизил Ўзбекистон”нинг аввал бўлим мудири, сўнг бош муҳаррир ўринбосари, кейинчалик пойтахт вилоятининг бош газетаси – “Тошкент ҳақиқати”нинг Бош муҳаррирлигига тайинланади.
Вилоят газетасида “икки йиллик машқ”дан кейин, шахсан Шароф Рашидовнинг тавсияси билан – Ўзбекистоннинг қарийб бир миллион тиражлик бош партиявий газетаси – “Қизил Ўзбекистон”нинг Бош муҳаррири этиб тайинланади.
Бу вазифада Шароф Рашидов ўлимига қадар ишлайди. Қарийб чорак аср – 25 йил бу креслода ўтириш унга насиб этган…
Мақсуд Қориев ўз даврининг деярли барча муҳаррирлари каби журналистика оламига қўмондонлик қилишни бағоят маҳорат билан ўзлаштирган бўлса-да, у ёки бу саёҳат  (Венгрия ва Югославия сафари) лавҳаларини ҳисобга олмаганда, бирор бир журналистик ижод маҳсулига эга бўлолмади.
Лекин шунга қарамай, ўз даврининг сиёсатига кўра  – Ўзбекистон журналистик армиясининг энг  таъсирчан қўмондонларидан бири бўлиб туришига –  бевосита “тухум туғмаслиги” заррача ҳам халал бермади…
10.
Мақсуд Қориев журналистика осмонидаги ёлғиз хира юлдуз эмас эди.
Худди у каби тожик тилида чоп этиладиган газета Бош муҳаррири Шавкат Ниёзов, татар тилида чиқадиган “Ленин байраги” газетаси Бош муҳаррири Абляким Исломов, “Қишлоқ ҳақиқати” газетаси Бош муҳаррири Исмоил Сулаймонов, Ўзбек телерадио компаниясининг икки минг ижодкорга раҳбарлик қиладиган қўмита раиси Убайдулла Ёқубович Иброҳимов, Тошкент оқшоми” ва “Вечерный Ташкент” газеталари Бош муҳаррири Тўлқин Қозоқбоев ҳам  “ижод”да  уларга ҳамдард ва ҳамкасб  эди.
Масалан, Зиёд Исломович Есенбоев ўзбек журналистикасини энг юқори чўққига кўтариш билан бирга шахсан ўзи бутун умри ва ҳаётини – журналистикада бевосита ижод қилмаслик шиори остида ўтказди.
Мен бугун Шоғуломов ўлими муносабати билан унинг дунёдан ўтган қатор сафдошлари ва бош муҳаррирлар руҳи-покларини асло безовта қилиш ниятим йўқ эди.
Агар ўзим истамаган ҳолда безовта қилган бўлсам, минг бора узр.
Мен уларнинг руҳиятидан узр сўрайман.
Лекин  совет давридан қолган бу иллатли меросни кимдир ва қачондир тилга  олиши керак-ку ахир!
Мавруди келганда мен кўпчиликка аён бўлган аччиқ ҳақиқатни айтишдан ўзимни тиёлмадим.
Ижодий даргоҳда ижодкор бўлмаган одамнинг раҳбарлик қилиши – ижодкорларнинг шўрини қуритади.
Буни мусиқа оркестрига қассобнинг раҳбарлик қилишига ўхшатиш мумкин. У қайси мусиқа асбобини қачон чалишни эмас, истаса ҳаммасини баробар тўхтатиб, баробир чалдириши ҳам мумкин…
Мен юқорида тилга олган одамлар – тоза одамлар эди.
Лекин журналистикада фақат тозаликнинг ўзи камлик қилади.
Уларнинг ҳаммаси ва уларга эргашган ўнлаб, юзлаб вилоят ва туман бош муҳаррирлари аслида инсон сифатида беназир шахслар бўлишган.
Ҳалоллик ва поклик, камтарлик ва камсуқумлик ва энг муҳими “партиявий стаж” уларда жамул жам эди.
Ва табиийки, улар биринчи галда журналистика учун ана шу меъзон ва критерияни муҳим деб билишарди.
Балки бир томондан бу ҳам тўғридир. Эҳтимол, ростдан ҳам шундайдир.
Чунки талант ва истеъдод бобида уларнинг ижодий салоҳияти қай даражада бўлишидан қатьий назар, улар етакчилик қилган матубот даргоҳларида ўз даврида бир неча гуруҳ талантли ижодкорлар авлоди – плеядаси етишиб чиқди.
Бу истеъодли шахсларнинг етишиб чиқишига, биз юқорида тилга олган устозлар, гарчанд ўзлари ижод қилмасалар-да,  лекин тўсқинлик ҳам қилишмаган…
Не – не машҳур мақола ва фелеътонларга ҳеч иккиланмасдан қўл қўйиб беришган.
Яшаб қоладиган ижод намуналарининг дунёга келишида,  ўз шогирларининг журналист ва ижодкор сифатида шаклланишида  доялик қилишган.
Қўллаб қувватлашган.
Охир оқибатда эллигинчи, олтмишинчи, етмишинчи йилларда, ҳеч тортинмай айтишим мумкинки, “Қизил Ўзбекистон” газетасида донг таратган ва ўзбек журналистикаси мактабининг буюк устозларига айланган Ҳабиб Нуъмон, Холбек Ёдгоров, Саъдулла Караматов, Маъруф Назаров, Абдукарим Набихўжаев, Абдулла Абдуқодиров, Эътибор Охунова, ҳарбий журналистикани чўққисига кўтарган Самад Қодиров, машҳур фелеътончи Худойберди Тўхтабоев, машҳур чўл очерклари циклини яратган Самар Нуров, қурилиши мавзусини кенг ёритган Неъмат Улуғжонов, ёзувчилар Жуманиёз Жабборов, Анвар Эшонов, Ўктам Усмонов, Шароф Убайдуллаев, Дилбар Маҳмудова, адабиётшунос Маҳкам Маҳмудов, Жўрабой Холқосимов, Муроджон Мансуров, Намоз Саъдуллаев, Болтабой Юсупов ва бошқаларнинг муборак номларини биз бугун фахр ва ифтихор билан тилга олишимиз мумкин…
11.
Рустам Шоғуломов ўлими муносабати билан мен нима учун бутун ўзбек журналистикаси ва матуботи тарихига назар ташладим?
Шунинг учунки, биз юқорида тилган олган Шоғуломовнинг сафдошлари, улар яратган ижод мактаби ва шогирдлар плеядаси асосан – биз кечаю кундуз ёмонлаб, лаънатлашга ўрганган совет замонида шаклланди, ўсиб улғайиб, гуллаб яшнади.
Ўзи етук ижодкор бўлмаса-да, Зиёд Есенбоев  ўзбек совет журналистикасини энг юқори чўққига кўтарган арбоб эди.
Ўша биз бугун ёмон кўриб қолган шўро даври бизга Абдулла Қаҳҳордан то Абдулла Ориповга қадар бўлган ёрқин истеъдодларни берди.
Шароф Убайдуллаев ва Аъло Хўжаев, Сафар Остонов ва Сергей Ежков, Карим Баҳриев ва Алексей Волосеевич каби таниқли ва машҳур журналистларнинг муборак номи бор бугун ўзбек матбуотида.
Рустам Шоғуломов асос солган ва байроқдори бўлган мустақиллик матбуотида етишиб чиққан кимни ва қайси бир журналистни биз бугун эслашимиз мумкин?
Мустақиллик – биз бугун юқорида тилга олган истеъдодлар тугул, уларнинг урвоғини ҳам бермади-ку!
Бунда биз истаймизми, йўқми, албатта, Рустам Шоғуломовнинг ҳам муайян “ҳиссаси”  бор…
12.
Ҳолбуки, Рустам Шоғуломов  бу дунёда нимага эришган ва қандай обрў эътибор топган бўлса  – мустақиллик йилларида топди.
Ажабки, совет даврида  у давлат ва партия ишончидан айрилган, ўзининг бор имкон ва унвонидан, орзу умидидан  жудо бўлган эди.
Бугун элга таниқли бўлган марҳум матбуот дарғаси – ўз пайтида қарийб 20 йил ёшлар газетаси бўлмиш “Ёш ленинчи”да Бош муҳаррир бўлиб турди.
Ва ажабки, муйсафидлик  ёшини ҳам ёшлар газетаси муҳаррири креслосида кутиб олгани билан журналистлар орасида кулги бўлгани ҳам бор гап.
Унинг ўғли тенги ёш арбоблар – унга раҳбарлик қилган йилларни ҳануз яхши эслаймиз.
Мустақиллик йилларида Шоғуломовнинг ошиғи олчи бўлди.
Бунинг ўзига хос сабаблари бор эди.
Рустам Шоғуломовнинг акалари Ислом Шоғуломов “Шарқ” матбаа нашриётининг директори эди. Бу нашриёт эса Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети тасарруфида эди
Марказқўмнинг Ишлар Бошқармаси бошлиғи ва Ислом Шоғуломовнинг бевосита раҳбари эса – Зелемхон Ҳайдаров эди.
Рустам Шоғуломовнинг мустақиллик йилларига келиб,  катта мансабларга чиқишида бевосита акасининг ва хусусан, Зелемхон Ҳайдаровнинг хизмати катта бўлган.
Ислом Шоғуломов ўз вақтида Зелемхон Ҳайдаровнинг укаси Сулаймон Ҳайдаровни “Шарқ” концернига ишга олган.
Уни қисқа вақтда оддий ходимликдан – улкан “Шарқ” матбаа нашриёт концернининг Бош инженери даражасига кўтарди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ у Ўзбекистонда янги таъсис этилган ва қурилган “Монетний двор”, яъни “Пул заводи”га раҳбар бўлиб кетди.
Унинг “Монетний двор”га директор этиб тайинланишига –   юксак технологияли полиграфия комбинати – “Шарқ” матбаа концернида Бош инженер бўлиб ишлагани аосий замин бўлди.
“Ол тавоғим, бер товоғим” деганларидек, бир оздан кейин Рустам Шоғуломов ҳам ўз навбатида хизмат пиллапояларида парвоз бошлади.
Амалдор акаларнинг бир-бирига қўл бериб, чамбарчас ҳамкорликда ишлаши – бахтиёр укаларга бирма бир истиқбол эшикларини оча бошлади…
13.
Совет замонининг сўнгги йилларида бу ака укалар ҳам Рашидовнинг думи деган айбномага тушган эди.
Катта ва кичик Шоғуломовларнинг ҳар иккаласи ҳам  республиканинг марказий газеталарида – кейинчалик ўзлари бутун умрини бағишлаган матбуот саҳифаларида фелъетон қилиндилар.
Унинг муаллифи ҳам бегона эмас, ўзларининг шогирдлари эди.
Ҳар иккаласи ҳам партиядан ўчирилди.
Дарвоқе, Рустам Шоғуломовнинг партиядан ўчирилиши ҳақида.
Улар бир пайтлар ТашДУ ректори Тошмуҳаммад Саримсоқов билан ўзъаро уй алмаштирган эдилар.
Академик Саримсоқов Рашидовга хат ёзган – менга ЦК дан уй берсангиз деб.
“Профессорлар шаҳарчаси”дан муқаддам олган данғиллама ҳовлисини эса Рустам Шоғуломовга беради.
Шароф Рашидов олимнинг ҳурматини қилиб, “Энг яхши ва энг юқори категорияли уйлардан берилсин!”   деб аризага имзо қўйган.
Кексайиб қолган академик каттакон ва ваҳимали ҳовлидан кўра шинам ва ҳамма қулайликларга эга “Дом”ни афзал кўради.
Унинг ҳовлиси эса Рустам Шоғуломовга насиб этади. Қандай йўллар билан насиб этгани бу энди бошқа масала…
Кейин йиллар ўтиб Шоғуломов айни шу уй сабаб партиядан ўчирилади.
Йўқ, Марказқўмнинг “жаннат уй”ини олгани учун эмас, аксинча, у уйнинг сув, электр ва ер солиғи учун бўлган бир неча ўн йиллик тўловларини  “Тўланди” (“Оплачено”) деб расмийлаштиргани ва ўзлаштиргани учун.
Унга “мошенник” яъни фирибгарлик айбини қўйиб, партиядан ўчиришган…
Тошкент шаҳар партия комитетида муҳокама бўлган Шоғуломовнинг бу “иш”ини мен бир пайтлар шахсан ўрганган эдим.
Мустақиллик бу машҳур ака укаларнинг ҳар иккаласини ҳам ўз бағрига олди.
Ўша пайтда ишдан кетганларнинг оммавий оқланиш даври бошланди.
Ака ука Шоғуломовлар шу даврга келиб ўзбек матбуоти тарихидаги мисли кўрилмаган парвозларга муяссар бўлишди.
Шуни ҳам айтишим керакки, Ислом Шоғуломовнинг раҳбарликка келиши сал олдинроқ – Нишонов давридан бошланган.
Лекин мустақиллик даврига келиб уларнинг ҳар иккаласи ҳам Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаётининг энг юксак – зафарли ва нурли чўққиларида узоқ йиллар порлаб туришди…
Шоғулом Рустам
Суратда: Ўзбекистон матбуот вазири Рустам Шоғуломов (биринчи қаторда – ўнгдан иккинчи) Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов (тўртинчи) ва Марказқўмнинг собиқ котиби Оқил Салимов (бешинчи) Шароф Рашидов юбилейида… 
14.
Ислом Шоғуломов  Нишонов даврида  сайлов йўли билан раҳбарликка келади – Горбачевнинг қайта қуриш шамоллари этагида кўпчилик овоз билан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг “Шарқ” матбаа концерни Бош директорлигига қайтадан сайланади.
Мен ўшанда ака-ука Шоғуломовларнинг илтимосига биноан газетлар корпусининг мажлислар залида журналистлар номидан Ислом Шоғуломовнинг номзодини ёқлаб, сўзга чиққанман.
Бу ўринда яна бир гапни айтиб ўтишим керак: Марказий Комитетдан юборилган  ясама ва қўғирчоқ директор Хўжаева Мадина Исломовна тажрибасизлигидан ташқари, ўзининг  нолойиқ хулқ атвори билан нафақат нашриёт ходимларининг, балки журналистларнинг ҳам ғашига тегиб улгурган эди.
Сайловда шу ҳам – маълум даражада муҳим рол ўйнади.
Бу сайловнинг тагида, аслида, Нишоновнинг ака ука Шоғуломовларга кўрсатган марҳамати ҳам йўқ эмас эди…
15.
Яна такрорлайман: Мустақиллик бу машҳур ака-укаларнинг ҳар иккаласини ҳам ўз бағрига олди – Ислом Каримов даврига келиб уларнинг Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаётидаги парвози янада баланд бўлди.
Ислом Шоғуломов – юқорида айтганимиздек бутун бир вазирликка тенг бўлган бир неча минг кишилик, улкан “Шарқ” нашриёт матбаа концернининг мутлақ ва якка ҳокимига айланади.
Шу жумладан Рустам Шоғуломов “Меҳнат” нашриётининг шартнома асосида ишлаётган оддий ходимлигидан тез орада аввал “Ўзбекистон” нашриёти директори ва яна бир оз фурсатдан сўнг – Ўзбекистон давлат матбуот Қўмитаси раиси – Матбуот  вазири  этиб тайинланади…
16.
Рустам Шоғуломов ўз даврининг типик вакили  – Ислом Каримов салтанатининг содиқ бир воизи эди.
Президент ва унинг сиёсатига – мислсиз садоқат билан хизмат қилди.
Унинг ўлими муносабати билан баъзи дўстларимиз норасмий интернет тармоғида “тузумга муҳибларча хизмат қилди” деб ёзса, бошқа бирлари “Шоғуломов ўлди!” деб ўз қувончларини ошкор этишдан ҳам тортинишмади.
Тузумга ким хизмат қилмаган?
Исмат Хушев ҳам шу тузумга хизмат қилган. Бахтини ҳам, бахтсизлигини ҳам шу тузумдан топди…
Хусусан, Рустам Шоғуломов ҳам бу тузумга хизмат қилишни худди Исмат Хушев каби ўзи учун шараф деб биларди.
У ана шундай мураккаб тақдирли мулозим, жамиятдаги турли куч ва гуруҳлар орасида ҳам ўз ўрни ва номига эга бўлган атоқли шахс эди.
Агар Президент ундан адолатли ва диёнатли матбуот вазирлигини – “цензура”га мутлақо йўл қўймайдиган очиқ-ойдин ва шаффоф жамият воизлигини талаб қилганида эди, у бундан ҳам қош қайирмас эди.
Лекин, не тонгки, тақдир унга очиқ ва ҳур фикрли жамиятнинг эмас, балки ёпиқ ва бир фикрли давлат матбуот вазирлигини раво кўрди…
17.
Унинг элликдан ошиб, олмишлар атрофида министр бўлганини ҳисобга олсак, Рустам аканинг раҳбарлик даври, хусусан, умрининг сўнгги йиллари осон кечмади.
Табиийки, 15 йилдан ошиқроқ вазирлик креслосида кечган шоҳона фаолияти давомида унинг кўпгина матбуот аҳлига, қолаверса, адабиёт ва санъат намоёндаларига қаттиқ -қуттиқ гап сўз қилишига ҳам тўғри келган эди.
Газета босишни иқтисодий ташкиллаштириш қай даражада оғир кечган бўлса, нашриётларда китоб чиқариш – ундан ҳам оғир муаммаоларга дуч келди.
Илгариги – совет даврида газетанинг полиграфик сарф харажатлари билан Бош муҳаррирлар мутлақо қайғу чекмас, бу жараённи давлат тўла-тўкис ўз зиммасига олган эди.
Ёзувчи эса фақат матбуотда чиқиш билан, ўз шон шуҳратини ошириш билан овора эди.
Газеталарда ишлаш у пайтларда фахр ва шараф эди.
Ёзувчилар эса ҳар бир чиққан китоби эвазига, камида биттадан автомобил сотиб олиш қудратига эга бўларди.
Каттароқ ёзувчиларда эса – йилда бир участка қуриш имкони ҳам йўқ эмас эди.
Шу борада Шукрулло аканинг бир гапи ёдимга тушди: “Ҳар бир  китобимиз чиққанда гонорарига битта участка қуриб, ортиб қолганига машина ҳам олишимиз мумкин эди”.
Ҳозир – яъни мустақиллик даврида эса бу имкониятлар чаппасига айланиб, газетани – газета коллективи, китобни эса – унинг муаллифи ўз кармонидан чоп этиш мажбур қилинди.
Шукур Холмирзаев, Машраб Бобоев, Маъруф Жалил ва Рауф Парфи каби не-не камхарж ёзувчилар  китоб чиқаролмай, тириклигида ўз китобини кўролмай, армон билан ўлиб кетишди.
Ҳа, Мустақиллик даврига келиб, совет давридан фарқли ўлароқ, ҳар бир китоб – муаллифнинг нақ пулига босиладиган бемаъни бир тартиб ўрнатилди.
Энди олғир ва мансабдор, пулдор “ёзғувчи”ларнинг ошиғи олчи бўлди.
Бемаза китоб ва бемаза газета – қовуннинг уруғидай кенг қулоч ёза бошлади…
Бу кўргуликларнинг бари –  замон  ва бозор иқтимодиётининг қусури бўлиш билан бирга, шу даврда матбуот вазири бўлиб турган Шоғуломовнинг ҳам чекига тушди…
Истеъдодли шоир Рауф Парфи ўз даврида Рустам Шоғуломовга атаб шеър ҳам ёзган эди:
МАТБУОТ АМИРИГА ЭСДАЛИК – СЎНЕТ
Матбуот амири дейдилар сани,
Ўзинг Рустамсану шоҳнинг ғуломи…
Озод Сўз – Ҳақиқат, Ҳақнинг маҳзани,
Охир пачаланур ёлғоннинг доми.
Ёлғоннинг тийғида ўйлаб қадам бос,
Кимни эркалайсан, кимни чопасан.
Ўзингни алдайсан, қорнингни холос,
Ҳақиқатни алдаб нима топасан?!
Мен-ку бир фақирман ҳамма қатори,
Дудуқ шоирингман, камсўз ошиғинг.
Синиқ бир қаламдир қўлимда бори,
Сенинг қўлларингда тилло қошиғинг.
Дилимда озорим, тилимда торим,
Сўзнинг осмонида сенинг қўшиғинг.

2001
18.
Рустам Шоғуломов 70 ёшида ҳам Ўзбекистонда матбуот вазири эди.
Ислом Каримовни яхши ва яқиндан билганлар назарида бу Шоғуломов учун – кўплар орзу қилган ва етолмаган олий бир шараф эди.
Бу ёшда, Ислом Каримов даврида, вазирлик постини сақлаб қолган камдан кам шахслардан бири бўлди.
Бу икки муҳим ва нуфузли мансабда ака-укалар бутун маҳоратини ишга солишди.
Улар кучни бирлаштириб, асосий мақсадни – давлат раҳбарининг асарлари ва портретларини юксак полиграфик санъат даражасида, энг олий нав қоғозларда қайта-қайта босишга бағишладилар.
Бири – “Шарқ”да босади, иккинчиси “Навои-30”да нашр қилади…
Биринчи раҳбарнинг ишончини мана шу йўллар билан ҳам қозониш мумкинлигини кўпчилик, албатта, билмаслиги ҳам мумкин…
Дарвоқе, давлат раҳбарининг портрети ҳақида.
Шароф Рашидов Қаршига борганида залда ўзининг каттакон қилиб осиб қўйилган портретини кўриб айтган экан: “Мени яхши кўришингизга шубҳам йўқ, Рўзмат Ғойибович.  Лекин бу расмни, агар мени ростдан ҳам ҳурмат қилсангиз, уйингизга олиб бориб осиб қўйинг, хотин – бола чақангиз билан томоша қилиб ўтирасиз”…
19.
Рустам Шоғуломовнинг яна бир фожеаси бор.
У ўзининг маълум даражада кўнгли бўшлиги, амалпарастлиги ва ижодкорлар даврасига бевосита тааллуқли шахс эмаслиги оқибатида ўз ҳамкасблари – адабиёт ва матбуот вакиллари устидан юқорига доимий оавишда бериб турилган маълумотномалар – доносларнинг қўли чаққон муаллифи ҳам эди.
Мен ўша пайтларда Ўзбекистон Президентининг кадрлар билан ишлаш сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовга яқин бўлганим боис ҳам Президент Девонидаги бу “сир*у, асрор”лардан яхши хабардорман.
Мавлон аканинг қайси тортмасини тортса, Шоғуломов ёзган донослар чиқарди…
Бугун юқори маҳкамаларнинг архивларида шахсан унинг қўли билан ёзилган кўпдан кўп ижодкорлар ҳақидаги  донослар “архив дурдоналари”га айланиб қолди.
Биз бу “донос”лар таҳлилини келажак авлодга қолдирамиз…
20.
Шоғуломовнинг яна бир фожеаси шуки, у “цензор” бўлиб, давлатга яхши кўринаман деб, ўзига кўп душман орттирди.
Ўзим бош муҳаррир бўлган даврларни бугун Канада ҳаёти призмасидан ўтказиб эсласам, ажиб ҳайратларга ошно бўламан.
Тасаввур қиласизми, бутун бир мамлакатнинг матбуоти битта одамнинг қош- қовоғига, ўй-думоғига қараб қолган эди.
Масалан, биз куч ишлатар идораси мулозимлари, прокуратура ва суд ёки божхона тизими вакилларини танқид қилиш у ёқда турсин, ҳатто мақтамоқчи бўлсак ҳам аввал Шоғуломовдан рухсат олишимиз керак эди.
Шоғуломов эса ўз ўрнида ўша тизим раҳбарлари билан маслаҳатлашарди.
Агар улар рўйхушлик беришмаса, бундай мақолалар матбуот вазири ғаладонида қолиб кетаверарди.
Шунинг учун ҳам Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов, Бош прокурор Бўритош Мустафоев, Олий Суд раиси Убайдулла Мингбоев ва Божхона Хизмати раҳбари Ботир Парпиевлар  Шоғуломовга хушомад қилиб, унинг кўнглини олиб юришга мажбур эдилар…

 

21.
Табиийки, ана шундай ғаройиб бир шароитда Ўзбекистон матбуотида юқоридаги куч ишлатар ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш  тизимлари ҳақида танқидий гап айтиш жуда қийин эди.
Бугун ўйлаб қарасам, Ислом ака юртимизда “Узлит” деган сензорлик маҳкамаси тизгинини Рустам Шоғуломовга “маҳкам ушла” деб атайлаб топшириб қўйган экан…
Спорт, адабиёт ва санъат, матбуот намоёндалари ҳақида ҳам айни тартиб мавжуд эди.
Вилоят ва район ҳокимлари, давлат тизимидаги мулозимлар ҳақида ҳам Шоғуломовнинг изнисиз  (на яхшилаб, на ёмонлаб) бирор нарса чоп этиш мумкин эмас эди.
Ҳақиқий ёпиқ ва фақат бир киши томонидан бошқариладиган жамиятнинг ёрқин кўланкаси эди Шоғуломов…
22.
Рустам Шоғуломов жуда олифта ва баландпарвоз мулозим эди.
Ёқтирмаган одамларни – унга шаккоклик қилган ижодкорлар ва ё сўзини икки қилган журналистларни истаса ер билан яксон қилиб ташлаши мумкин эди.
Рустам ака ўз ишхонасининг узун коридорларида костюмини елкасига ташлаб олиб, икки қўлини чўнтагига солиб юришни яхши кўрарди, шунга одатланган эди..
Жаҳлини чиқарган одамини кўриб, қолса, олдига чақириб, тошкентликларга хос -кўча безорилик шеваси билан болохонадор қилиб сўкишга устаси фаранг эди.
Ҳукумат одами ҳисобланмиш – Бош муҳаррир ва ё министр бўлган қудратли мулозимнинг бу дағдағасидан ўткаси ёрилиб, инфаркт ва ё инсульт бўлган не не одамлар бор эди Ўзбекистонда…
Унинг ваҳима ва дағ-дағаси жуда баланд эди.
Айни пайтда – тагидаги амал креслосини шундай олиб қўйсангиз – ўтириб қоларди – бу ваҳимаю, дағ-дағадан бир лаҳзанинг ўзида асар ҳам қолмасди…

 

23.
Назаримда, у бутун умр мансаб креслоларида омонат ўтириб келди.
Бундай дейишимга сабаб – профессионал ва маҳоратли ижодкорларнинг кўзига қараганда мазаси қочарди.
Эсимда, тўқсонинчи йилларнинг бошида Президентнинг кадрлар сиёсати билан шуғулланувчи Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов унинг ўрнига Нурали Қобулни матубот вазири этиб тайинламоқчи бўлди.
Бунинг шамоли Шоғуломовга ҳам бориб етган шекилли, йўлини қилиб, Умрзоқовнинг бу ниятини йўққа чиқарди.
Лекин ўрнига даъвогар бўлган Нурали Қобулни мулозимлик даврининг сўнгги кунига қадар босиб, янчиб, савалаб келди.
Имкон туғилган заҳоти Нурали Қобул “Чўлпон” нашриёт Бош директори бўлганида яхши ният билан чоп этган “Қурон” китобини “сотиб пул ишлади” деб фелъетон қилдирди.
Уни ишдан бўшатган кейин ҳам тинчимай, унга имкони ва қудрати етгунча тош отиб турди…
У бир қасд қилган одамини кечирмайдиган, уни янчиб, йўқ қилмагунча тиниб-тинчимайдиган ёвуз характерли мулозим эди.
Нурали Қобул сингари истеъдодли  ижодкор редакторларнинг, нашриёт директорларининг бирортаси ҳам  унинг мактабидан чиққани йўқ.
Шоғуломов мактаби бор эди деб айтолмаймиз бугун…
24.
Ҳа, бугун икки қўлимизни кўксимизга қўйиб: “Мана шу таниқли журналист – Рустам Шоғуломовнинг шогирди” деб айтолмаймиз.
Йўқ, шундай одам.
“Мана бу Шоғуломовнинг кадри” десак – топилади.
Адолат ҳаққи ҳурмати, айтиш керакки, Рустам акада маҳаллийчилик иллати йўқ эди.
У “Ёш ленинчи”да ишлаган кезлари қишлоқлардан келган жуда кўп истеъдодли ёшларнинг бошини силаган.
Сафар Остонов, Жаббор Раззоқов, Зиёвуддин Ортиқхўжаев, Рустам Шаропов, Қулмон Очилов, Аҳрор Аҳмедов, Қурбон Эшматов, Сувонқул Рустамовлар Рустам ака “Ёш ленинчи”да Бош муҳаррир бўлган даврни ҳанузга қадар ажиб бир армон билан эслаб юришади.
Бобохон Шарипов, Жаббор Раззоқов, Исфандиёр Латипов, Рўзмат Сафоевлар шахсан Рустам Шоғуломов туфайли юқори давлат мансабларига эришганларини яхши биламан.
Мен уларнинг ҳар тўрталовини ҳам яхши танирдим. Улар, сўзсиз бу лавозимларга муносиб кишилар.
Уларнинг ҳаммаси – яхши ва ёқимли, садоқатли одам.
Лекин уларнинг эгаллаб турган лавозимлари бевосита ижод билан боғлиқ эканини ҳисобга олсак, бу ерда ажиб бир ҳайратдан ёқангизни ушлайсиз.
Қаламингиз бўлмаса ҳам омадингиз ва юқори давраларда Шоғуломов каби  одамингиз бўлсин экан.
Қозоқлар шунинг учун ҳам: “Суйгунингни қўявер, суянчиғингдан айрилма” – деб бежиз айтмас эканлар…
25.
Шу ерда яна бир гап.
Шаҳрисабзнинг Оммағон қишлоғида туғилиб ўсган менинг қадрдон дўстим Қурбон Эшматов бугун ўзбек матбуотида танилган журналист.
Биз Қурбон, Аҳрор, Анвар Абдувалиевлар бир бўлиб Рустам аканинг ўша академик Саримсоқовдан олган жаннатмакон ҳовлиларига  тез тез бориб турардик.
Бу ерда Жаббор Раззоқов доим қозон-учоққа бош эди.
Баъзан Рустам аканинг ўзлари ҳам бизга ўз қўллари билан палов пишириб берардилар. Ошдан олдин уйда асраб қўйган энг сара ичимликлардан олиб чиқиб, бизни сийлардилар.
Қўли очиқ, меҳмондўст ва улфат одам эди у киши.
Ана шундай сархуш дамларда  Қурбон  Рустам акани хурсанд қилиш учун: “Исмат билан Аҳрорларни билмадим, лекин мен Сизнинг шогирдингизман, Рустам ака!”  – дерди тантанали нутқ ирод этиб.
Шунда Рустам ака ёш боладай қувониб: “Майли, Аҳрор акамнинг қўлида ишлайди. У акамнинг шогирди. Сен-чи, Исмат, сен кимнинг шогирдисан?” деб сўрардилар.
Мен сукут сақласам, – Исмат  Абдулла Ориповнинг шогирди, Рустам ака – дерди Қурбон ўсмоқчилаб.
Шунда Рустам ака: – Агар шундай бўлишини билганимда отанг билан келганингда сенга йўлланмани бермаслигим керак эди, – деб ҳазиллашардилар…
26.
Шоғуломовнинг ўлими беихтиёр мустақиллик даври матбуот тарихини кўз олдимизда бирма бир намоён этади.
Гарчанд мустақиллик йилларидаги матбуот вазирларининг умумий сони ўнтага етиб қолган бўлсада, лекин матубот вазири сифатида бизнинг кўз олдимизда энг биринчи бўлиб Шоғуломов сиймоси пайдо бўлади.
Ажабки, шу йиллардаги матбуот вазирларининг бирораси ҳам аслида профессонал билим ва тажрибага эга эмас эди.
Уларнинг аксарияти матуботнинг бирор бир соҳасини обод қилолмаган, ёхуд матбуотда ишламаган. Ишлагани ҳам ўзидан яхши ном қолдиролмаган.
Энг муҳими – улар ижодкор бўлмаган.
Мустақиллик йилларига баъзўр етиб келган собиқ партия ходими Адҳам Акбаров (яхши одам эди, раҳматлик, мен у кишини шахсан танирдим) бандаликни бажо келтиргач, бу соҳага матбуотда бирор кун ҳам ишламаган, хўжалик ишларининг собиқ намоёндаси Убай Аббосович Абдураззоқовдан сўнг учинчи вазир бўлиб – Рустам Шоғуломов тайинланди.
Рустам ака вазифасига кўра, айни пайтда Ўзбекистон журналистлар союзининг раиси ҳам бўлиши керак эди. Унга қадар барча вазирлар автоматик тарзда союзнинг ҳам раиси бўлишган.
Лекин бу анъана Шоғуломов даврига келиб – унинг ижодкор шахс эмаслиги боис бузилди.
Аслида журналистлар союзи Ўзбекистонда 1963 йилда тузилган бўлиб, унинг биринчи раиси – собиқ “Қизил Узбекистон” газетаси редактори Зиёд Есенбоева бу вазифада оз эмас, кўп эмас – 24 йил ўтирган, “Госкомпечать”нинг раиси бўлган.
Шу 24 йил ичида Ўзбекистондаги жамики журналист уй-жойга эга бўлиб, жамики мусофирлар  ҳашаматли уй жойлик бўлган бўлса – биринчи навбатда Есенбоев бошчилик қилган ана шу ташкилот орқали бўлган.
Ана шундай шон шуҳрат ва қудратга, имтиёз ва чексиз имкониятга эга эди бу даргоҳ ўша пайтларда.
Одамларни уй жой билан таъминлаш, соғлигини мустаҳкамлаш, етимпарварлик ва илмпарварлик – Совет ҳукуматининг энг биринчи галдаги Бош вазифаси эди.
Совет даврининг бу инсонпарварлик хусусиятларига тан беришимиз керак бўлади!
27.
Зиёд Исломович Есенбоевдан сўнг Давлат матбуот қўмитаси раислигига Собир Шералиев тайинланди.
Хоразм обкомининг котиблигидан тўппа тўғри матбуот вазири ва бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон журналистлар союзи раислигига сайланди.
Ўзлари жуда яхши, камтар ва қамсуқум, қадди қомати келишган – қиличдек бир одам эдилар.
Лекин икки қўлимизни кўксимизга қўйиб, инсоф ва диёнатни ўртага қўйиб айтсак – “Госкомиздат”нинг рейтингини пастга туширган шу одам бўлади.
Кейин юқорида айтганимиздек, Адҳам Акбаров тайинланди…
28.
Вақти келиб, Рустам Шоғуломов ишдан кетганидан кейин эса, унинг ўринга Бобир Алимов раис бўлди.
Унинг ўзи эмас, балки отаси ёзувчи эди.  Унинг бу соҳада бирор бир иш қилганини эслай олмаймиз. Силжиш ва ёруғлик кўринмади.
“Олтин зангламас” асари муаллифи раҳматли Шуҳрат домланинг ўғли Шоғуломовнинг ўрнига қандай келган бўлса, шундай кетди.
Дарвоқе, Бобир аввал “Шарқ”да Бош муҳаррир эди. Кейин Ислом Шоғуломовни ишдан олишганларида, унинг ўрнига раҳбар бўлди.
Кейин Рустам Шоғуломовни ишдан олишганларида, унинг ўрнига ўтди.
Тақдир негадир унга – Тошкентдаги энг қудратли ака-ука министрларнинг ўрнига тайинланишдек оғир ва аччиқ, маломатли бир қисматни раво кўрди…
Ундан кейин Омонулла Юнусов бўлди. Мулоҳазали, оғир-босиқ, камтар йигит.  Булар асли юнусободлик. Отаси “Шарқ”да зам бўлган…
Алимов ҳам, Юнусов ҳам яхши йигитлар.
Лекин улар барибир Шоғуломовларнинг ўрнини босолмайдилар….
шоғуломов
Сиз расмда Ислом Каримовга ишонган ва меҳр қўйган ҳукумат мулозимларининг бир гуруҳини кўриб турибсиз. Бугун уларнинг бирортаси ҳам мансабда эмас. Баъзилари (Эркин Ҳайитбоев (иккинчи қаторда – ўнгдан биринчи) ва Рустам Шоғуломовлар бу дунёдан армон билан ўтиб кетишди…  
Суратда: Ички ишлар вазири, генерал-полковник Зокиржон Алматов (биринчи қаторда – ўртада), Рустам Шоғуломов (тўртинчи қаторда – чапдан биринчи), Исмат Хушев (бешинчи қаторда – чапдан биринчи), Давлат Божхона Қўмитаси раҳбари, генерал-майор Ўрайимжон Абдуғаниев (бешинчи қаторда – ўнгдан биринчи) Ўзбекистон Олий Кенгаши сессиясида… 1989-1994 йиллар, Тошкент.
(Исмат Хушевнинг шахсий альбомидан олинган бу сурат матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда)
29.
Шоғуломовлар  династияси нафақат ўзбек матбаа соҳасида, балки ўзбекистон фаоллари даврасида ҳам, ижтимоий – сиёсий оламда ҳам маълум ва машҳур эди.
Модомики, биз бугун ака-ука Шоғуломовлар ҳақида мулоҳаза юритарканмиз, уларнинг яна бир жиҳатига тўхталиб ўтмоқ жоиз.
Бу жиҳат шундан иборатки, улар бир-бирига зид ва қарама қарши феъл-атворга, хислат ва фазилатга эга эдилар.
Ислом Шоғуломовни аксар одамлар ижобий жиҳатдан эсласалар, Рустам Шуғоломовни, аксинча – салбий жиҳатдан кўпроқ эслашади.
Агар таъбир жоиз бўлса, бу икки ака-укани ўзбек адабиётидаги таниқли шахслар – Азиз ва Лазиз Қаюмовлар билан таққослаш мумкин.
Профессор Азиз Қаюмовни худди Ислом Шоғуломовдай ижобий, Бош муҳаррир бўлган, профессор Лазиз Қаюмовни эса – салбий жиҳатдан кўпроқ тилга олишади.
Азиз Қаюмовни адабиётнинг буюк жонкўяри ва тирик хазинаси деб билсалар, адабий танқидчи Лазиз Қаюмовни енгил елпи йўлдан борган ва бир умр буюк Ҳамзанинг думига осилиб, ундан нарини кўрмаган лўттибозга ўхшатиш мумкин…

 

30.
Рустам Шоғуломовнинг бугунги ўлими – Шоғуломовлар династиясига – машҳурлик бобида ҳам муайян нуқта қўйиши табиий.
Бунга маълум даражада 1993 йил, 1 май куни Тошкент – Жиззах трассасининг Пахтакор тумани бекатида юз берган автомобиль ҳалокатида ака-ука Шоғуломовларнинг элга бир қадар танилиб қолган фарзандларининг фожеали ҳалок бўлиши ҳам маълум маънода ўз таъсирини ўтказган эди.
Худди кечагидек ёдимда. Ўшанда Шоғуломовлар оиласига  таъзия билдириш учун Тошкентдаги бор  казо казолар, Ўзбекистон Олий раҳбариятининг барча аъзолари келишган эди.
Президент шахсан таъзия билдирган.
Республика газеталарининг тўртинчи саҳфиасида қатор қатор таъзиялар бир неча кунлаб берилиб турилганига гувоҳ бўлганмиз.
Бу яқин йилларда Тошкент олий даражадаги шунча кўп мулозим иштирок этган маъракани эслолмаса керак.
Ака ука Шоғуломовлар учун бу фожеа жуда оғир бўлди. Улар бир кундаёқ чўкиб, кичрайиб, мункиллаб қолган эдилар…
Бу фожеадан роппа роса йигирма йил ўтиб, 2013 ва 2014 йилларда ака-ука Шоғуломовларнинг ўзлари ҳам бирин кетин  бу ёруғ дунёни ташлаб кетдилар.
Бу авлоддан энди  яна шундай довруғли шахслар чиқиши осон эмас – даргумон.
Лекин ўлим ҳақ.
Ҳаёт эса давом этаверади…
31.
2003 йилнинг март ойларида Олий таълим вазири, академик Саидаҳрор Ғуломов мени олий таълим тизимида янги очилган “Миллий таълим” газетаси Бош муҳаррирлигига таклиф қилди.
Бу пайтда мен раҳбарлик қилаётган газета ношири, Ташқи иқтисодий алоқалар вазири Элёр Ғаниев сиёсат шабадасига ўйнаб, мени “Ҳамкор” ва “Деловой партнер Узбекистана” газеталари Бош муҳаррирлигидан бўшатган эди.
Саидаҳрор Ғуломов  Президент девонидан Бош муҳаррирликка  номзод сўраганида, Муҳаммаджон Раҳмонов унга мени тавсия қилган экан.
Лекин мен Элёр Ғаниев нашрига раҳбар бўлганим боис у кишининг таклифини қабул қилолмай тургандим.
Ишдан бўшаганимдан хабар топган Саидаҳрор ака эртаси куниёқ мени  –  ”Миллий таълим” газетасига Бош муҳаррир қилиб тайинлади.
Кабинет, енгил машина ва ходимлар олишим учун штатлар ажратди. Мен ғайрат билан янги газета фаолиятини бошлаб юбордим.
Элёр Ғаниев ишдан бўшатган шаккок ва бўйсунмас журналистни бесўроқ ишга олганидан ғазабланган Бош вазир ўринбосари Ҳамидулла Караматов ўз назоратидаги вазир Ғуломовга мени ишдан бўшатишни топширади.
Караматов бу ерда ўз ҳамкасби Ғаниевнинг ҳам олдидан ўтиб, кўнглига қараган бўлиши керак. Ўшанда Элёр Ғаниев вазир бўлиш билан бирга, айни пайтда – Бош қазир ўринбосари ҳам эди…
Лекин бевосита назорат қилувчи раҳбари бўлса-да, Бош вазир ўринбосарининг айтганини Саидаҳрор Ғуломов қилолмаслигини ётиғи билан Ҳамидулла Караматовга тушунтирган.
– Исмат Хушевни  ўзим бу лавозимга таклиф қилдим. Розилигини анча кутдим. Энди  уни бирдан бўшатолмайман, – деган…
Саидаҳрор Ғуломов – Ички Ишлар вазири Зокиржон Алматовнинг қудаси бўлиб,  икковининг ҳам Ўзбекистон Олий раҳбариятида обрў-эътибори жуда баланд эди…
Олий таълим вазирининг бу шаккоклигини икки қудратли Вице-Премьерлар ҳазм қилолмай,  Рустам Шоғуломовга мурожаат қилишади…

 

32.
“Миллий таълим” газетасининг учинчи сони чоп этилиши арафасида Рустам ака мени ҳузурига чақирди.
Бордим.
– Нима қилиб юрибсан, Хушев, тинч юрасанми, йўқми? – ҳузурига киришим билан бақира бошлади Шоғуломов.
– Сен бугундан бошлаб Бош муҳаррир эмассан. Газетанг чоп этилмайди! – деди Рустам ака. – Бу даргоҳга қайтиб қадамингни босма, Олий Таълим газетаси ҳам йўқ, Исмат Хушев ҳам йўқ энди.  Қаердан келган бўлсанг, ўша ерга йўқол. Қишлоғингга жўна. Тамом вассалом…
Мен ҳайрат ва ҳасрат билан унга тикилиб қолдим.
Кечагина, Президентга яқин бўлганимда, менга қуллиқ қилиб, “Исмат Маҳмудович!” деб ялтоқланиб юрган одамнинг қалбида менга нисбатан шунча ғазаб ва нафрат борлигини билмаган эканман…
Рустам ака тинмай нималарнидир валдирар, мени еб қўйгандай важоҳат билан кабинетидан ҳайдаб чиқараркан,  остонадан узоқлашаётганимда ҳам орқамдан хунук гаплар билан сўкиниб, шанғиллаб қолди…
33.
Шоғуломовнинг гапи рост бўлиб чиқди. Газетамнинг учинчи сони чоп этилмади.
Бу ишларнинг бошида Олий таълим вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Қосимов турганини билардим. У Саидаҳрор акага вазирлик тизимида газета очиш шарт эмас деб бир неча маротаба айтганини, газета нашр этилишига қарши эканини эшитгандим.
Саидаҳрор ака билан ўринбосари орасида зимдан кураш мавжуд бўлиб, Рустам Қосимовнинг алоқаси Ҳамидулла Караматов билан жуда яхши эди.
Кейинчалик Қосимов Олий таълим вазирининг биринчи ўринбосарлигидан тўппа тўғри Караматовнинг ўрнига ўтиб, Бош вазир ўринбосари бўлади.
Эртаси куни Вазирликка борсам, Саидаҳрор ака касал бўлиб, уйда ётганини айтишди.
Демак, ҳаммаси тушунарли.
Бош вазир ўринбосари Ҳамидулла Караматов, Ғуломовнинг биринчи ўринбосари Рустам Қосимовлар бир бўлиб Саидҳарор акани сиқувга олишган…
Телефон қилсам, уйга келинг дедилар. Бордим. Кўрпа тўшак қилиб ётган эканлар.
Хорижда яшаётган кейинги ўн йил давомида Саидаҳрор аканинг ўша маҳзун ҳолатини ҳеч унутолмадим.
У киши менга  ўша куни  Караматовнинг кабинетида бўлиб ўтган ҳамма воқеаларни бирма бир сўзлаб бердилар.
У кишининг кўзларидаги чуқур мунг, юзларидаги чексиз бир ҳасрат, сўзларидаги узуқ юлуқлик  – олдин мен Саидаҳрор акада сира кузатмаган  асабий ва тушкун бир кайфият менга жуда ёмон таъсир қилди.
Менинг масаламда юқорида бўлган бор гап сўзни чексиз бир дард  билан очиқ ойдин айтиб беришлари – Саидаҳрор аканинг одамгарчилигидан, ҳалоллигидан, одиллигидан  далолат берарди.
Шу билан бирга у кишининг ўз раҳбарлари ҳақидаги бу нохуш  гап сўзларни айтаётганидан тўғри сўз инсон сифатида қийналаётганини ҳам сезиш мумкин эди.
У киши қийналиб, қийналиб чексиз бир алам ва изтироб билан гапирар, менинг эса мамлакат олий раҳбариятидаги бу жаллод мулозимларга нисбатан ичимда нафрат кучайгандан кучайиб, тўпланиб борар эди…

 

34.
Ўша куни мен Саидаҳрор акага ортиқ савол бермадим. Шундоқ ҳам ҳаммаси тушунарли эди.
Улар мени, севган касбим ва ғуруримни оёқ остига олиб топташган, тақдиримни ҳеч иккиланмай ер билан яксон қилишган эди.
Ўшанда менга кўп нарсалар маълум бўлди. Ўзбекистон ҳукуматидан, Президентдан илк маротаба қаттиқ ранжидим.
(Саидаҳрор ака мени кечирсин.  У киши менга ишониб айтган бу маҳкама сирларини кўчага олиб чиқишга ҳаққим йўқ эди. Айтмаслигим керак эди. Лекин бугун мажбур бўлдим…)
Кўзимга ҳеч нарса кўринмай қолди. Газетамни ёпиб, мени кўчага ҳайдаб юборган мулозимларга нисбатан нафратим жуда кучли эди.
Ватанда бошим урилди.
Одатда бундай пайтларда кўплар инсульт ёки инфаркт бўлиб, ўлиб кетади.
Баъзилар бу адолатсизликларга чидолмай, ўз жонига қасд қилиши ҳам мумкин.
Лекин мен курашиш ва адолатга етиш йўлини танладим.
Мен азалдан тақдир зарбаларига осонлик билан  бўйин эгадиган, таслим бўладиган анойилардан эмас эдим.
Мен ўшанда бу дунёни остин устун қилиб, ағдариб ташлашга  ҳам тайёр жангговар ҳолатда эдим.
Номимни, ғурурим ва севган касбимни оёқ ости қилган олий табақали мулозимларга нисбатан қалбимда қасос олиш, курашиш иштиёқи туғилди…

 

35.
Талабалик йилларимда Лермонтовнинг  гўзал бир шеърини ўқиган эдим:
– Мен яшайман сенга қасдма қасд! – дейди шоир.
Мен ҳам иззат нафсим ва ғуруримни оёқ ости қилган мулозимларга нисбатан қасдма қасд яшашни, курашишни хоҳлардим.
Исмат Хушев  нималарга қодир эканини  уларга кўрсатиб қўйишни истардим.
Улар мени  денгиз юзидаги   бир хас ва ё чўп қатори  ўзларининг бешафқат тўлқинлари билан қирғоққа итқитиб  ташламоқчи эдилар.
Мен ёлғиз ва чорасиз қолдим.
Менга ҳамдард керак эди.
Лекин ҳамдард ва ҳамфикр одам бу Ватанда қолмади. Ўз сўзимизни  айтиш имкониятидан маҳрум қилишди.
Матбуот майдонидан бебаҳра қилиш  – Исмат Хушевни ўлдириш билан баробар эди.
Ўзбекистонда менга ўхшаб ўз касбидан, соҳасидан ноҳақ жудо қилинганлар оз мунчами?
Мана шуларнинг ҳаммасига  Қосимов, Шоғуломов ва Караматовга ўхшаган чаламулла вазир ва қўмондонлар  сабабчи.
Кейинги 20 йиллик матбуот фожеасига эса бевосита раҳматли Рустам Шоғуломов айбдор эди.
Рустам аканинг жойлари жаннатдан бўлсин.
Лекин ўзбек матбуотидаги мен юқорида тилга олган барча бедодликлар, ноҳақлик ва адолатсизликларга сабабчи бўлиш – не тонгки, Рустам Шоғуломовнинг чекига  тушди.
Бунга эса унинг чаламуллалиги, журналистика касбига бегоналиги сабаб бўлди.
Ижодкор одам ҳеч қачон бундай қабиҳликларга қўл урмаслиги керак эди.
Бу одам эса матбуот вазирлигини –  Чингизхоннинг катта бир  қиличи деб  билди.
Одамларнинг тақдирини янчиш, чопиш ва бурдалаш, истаган нашрни ёпиш ва лицензиядан жудо қилиш деб тушунди бу вазифани.
Мен ана шу иллатга қарши курашнинг ягона йўли – уларнинг башарасини бутун дунё кўзи олдида очишда деб  билдим.
Мен шу йўл билан олий раҳбариятда менга нисбатан қилинган бу адолатсизликни давлат раҳбарига етказмоқчи бўлдим.
Президентга бу гап сўзлар етса  ҳақиқат тикланади, ҳамма нарса ўз ўрнига келади, деб деб ўйладим.
Ўйладимки, мен хориж идоралари ва ё элчихоналарида матбуот анжумани ўтказсам, президент уларни жазолайди, адолат қарор топади деб.
Лекин мен хато қилган эканман…
36.
Саидаҳрор ака билан хайрлашиб, қалбим тўла дард ва ҳасрат билан кўчага чиқарканман, бошим ғувиллаб, бир зум гаранг бўлиб турдим.
Наҳот энди ҳаммаси тугаган бўлса.
Шоғуломовнинг: “Миллий таълим ҳам йўқ, Исмат Хушев ҳам йўқ! Қаердан келган бўлсанг, ўша ерга жўна!” – деган  даҳшатли ўшқириғи  қулоқларим остида жаранглай бошлади.
Отам ҳаёт бўлганида бундай нарсаларга парво ҳам қилмасдим.
Етимлик ёмон экан.
Китобга бориб отамнинг қабрини қучоқлаб йиғлагим келди.
Шунда беихтиёр ғойибдан отамнинг насиҳатлари элас-элас қулоғимга чалингандай бўлди:
– Ўзингни қўлга ол, ўғлим. Ҳаётнинг бундай ўйинларига ҳали кўп дуч келасан. Ўзингни қўлга ол…

 

37.
Қаерга қарамай йўллар кесилган. Ҳаёт сўниқ, келажак нурсиз  бўлиб кўрина бошлади.
Беихтиёр Америка, Германия, Франция каби давлат  элчихоналари ҳақида  ўйлай бошладим.
Оёқларим қандай қилиб  АҚШ элчихонасига олиб келганини сезмай қолдим.
Мен бу қутлуғ даргоҳга олдин ҳам кўп келган эдим.
Лекин олдинлари олий мартабали мулозимларга, Бош муҳаррир ва таниқли ўзбек журналистлари шарафига у ёки бу сана боис бериладиган расмий зиёфатларда иштирок этиш учун келардим.
Энди эса улардан мадад истаб, адолат истаб келган эдим.
Элчихонага келарканман, йўл йўлакай бутун умрим, ҳаётим кўз ўнгимдан бир бир ўтгандек бўлди.
Одатда биринчи қадамни ташлаш ҳамиша оғир бўлади.
Мен нотўғри қилаётганимни, адолат исташнинг бирдан бир йўли хориж элчихонаси эмаслигини яхши билардим.
Лекин менда бошқа чора қолмаган эди.
Мен нима қилиб бўлса ҳам, тақдиримни, ҳаётимни, истиқболимни оёқ ости қилган, топтаган Олий раҳбариятдаги мулозимларга  ўзимнинг кимлигимни кўрсатиб қўйиш ва ўч олиш ҳисси билан яшардим.
АҚШ элчихонасига боришим  –  Ўзбекистон шароитида – тубсиз бир жарга, жаҳаннамга боришим билан баб баробар эди.
Ислом Каримов бундай қалтис қадамни сира кечирмаслигини ҳам яхши билардим.
Лекин энди менга  барибир эди…

 

38.
Бу не адолатсизликки, журналистика ва ижод соҳасидан тамомила узоқ бўлган маънавияти саёз бир гуруҳ сенинг тақдирингни ҳал қилса, нимани ёзиш ва нимани ёзмаслик кераклигини, қандай газетани чиқариш ва ё чиқармаслик кераклигини сенга ўргатса?
Не кулфатки, бу бедодлик ўша Караматов ва Шоғуломовларга ўхшаган маънавият соҳасидаги жаллодлар қўлига ўтиб қолди.
Ижодкор бўлмаган одамгина жаллод бўлади. Чунки у ўзининг креслосини йўқотиб қўйишидан қўрқади.
Шу соҳанинг тасодифий одамларигина шундай қилади. Салласини ол деса, калласини олади.
Хоҳласа ишдан бўшатади, хоҳласа газетангни тўхтатиб қўяди,  ёпади. Хоҳласа бутун ҳаётингни хонавайрон қилади.
Инсоф ва диёнат қани?
Совет даврида ҳам бундай эмас эди. Ҳеч ким бесабаб кўчага ҳайдаб юборилмас эди.
Менга мустақилликдаги  ана шу бедодлик қаттиқ таъсир қилди.
Орият ва ғурур – мени яна тамомила жанговар ҳолатга қайтарди қўйди. Менга куч берди.
Ўша куч мени етаклаб олиб бордиэлчихонага.
Менинг тақдиримни, орзу умидларимни оёқ ости қилган мулозимларни янчиш учун борган эдим элчихонага.
Ўша топда АҚШ элчихонаси жаҳаннам бўлса ҳам борардим.
Кураш излаб бордим. Жаннат излаб эмас…
39.
Элчихона масъулларга учраб, ҳукуматга қарши матбуот анжумани ўтказмоқчиман дедим.
“Фридум Хауз” (“Озодлик уйи”) да ўтказишга келишдик.
Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча хорижий оммавий ахборот воситалари, журналистларга хабар берилди…
40.
“Шарқ” нашриёт матбаа концерни Бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов билан қўшни эдик.
У ҳам мен каби “Оқ сарой” атрофида – “Анҳор” бўйидаги ҳукумат уйларида яшарди.
Рустам Шоғуломов уни излаб кечаси уйига келибди. “Исматни қайтар, агар матбуот анжумани ўтказса, ҳаммамизнинг уйимиз куйиб кетади” деб ваҳима қилибди.
Аҳрор менга Шоғуломовнинг “дағдағаси”ни етказди. Лекин мен бир нарсага киришсам, қайтадиган йигит эмас эдим.
Аҳрор буни яхши биларди.
Рустам акага ҳам шуни айтган: “Исмат қайтмаса керак” деб.
– Президент ҳаммамизни ҳайдаб юбориши мумкин. Журналистлардан ҳали ҳеч ким ҳукуматга қарши матбуот анжумани ўтказмаган, – дебди титраб-қақшаб Шоғуломов.
Хуллас, мен қайтмадим.
“Матбуот анжумани” да ҳали ишдан олинмаган – амалдаги Бош муҳаррир сифатида ўз журналистик фаолиятимни амалга оширишда тўсқинлик қилганликлари ва газетамни тўхтатиб қўйганликлари учун Бош вазир ўринбосари Ҳамидулла Караматов, матбуот вазири Рустам Шоғуломовларнинг истеъфосини талаб қилдим.
Анжуман катта шов шув бўлди. Уни “Озодлик” ва “ББС бутун дунёга беармон тарғиб қилди, ёйди.
Бу – 2004 йилнинг энди ўрик гулга кира бошлаган, кўклам яқинлашиб қолган март ойининг бошлари эди…
41.
Орадан йиллар ўтди.
Ўша “Озодлик уйи”да ўтказган матбуот анжуманидан сўнг кўп ўтмай мен Тошкентни тарк этишга мажбур бўлдим.
Москвада олти ой яшадим.
Сўнг Канада давлатидан сиёсий бошпана беришди.
Орадан роппа роса ўн йил ўтиб, Президентнинг қаҳри юмшаб, ниҳоят менинг Ўзбекистонга боришимга рухсат берилди.
Тошкентда Ислом Шоғуломовнинг оғир касаллигини айтишди. Кўргани бормоқчийдим, оиласи бадфеълроқ аёл, шарт эмас дейишди.
Ўзбекистонга келганимни эшитган Рустам Шоғуломов ҳайратини яширмабди: – Исмат Тошкентга келган бўлса, демак юқоридан рухсат беришибди-да. Ўзи асли яхши йигит эди. Айтинглар, мен уни кўрмоқчиман, уйга келсин, – дебди.
Қанча одамларни совға салом билан бориб кўрдим.  Ҳол ва аҳвол сўрашдим. Уларни соғинганимни яширмадим.
Шукрилла Мирсаидов ва Алишер Азизхўжаевларнинг хонадонига бориб, уларнинг руҳи покларини ёд этиб, таъзия изҳор қилдим.
Лекин уйига таклиф қилиб кутган, бир неча бор  кўрмоқ истаб, сўроқлаган собиқ матбуот вазирини кўришга боролмадим, оёғим тортмади…
42.
Мен ҳали Рустам ака узоқ йиллар яшаса керак деб ўйлаган эдим.
Тошкентдан қайтганимдан кўп ўтмай – Ислом Шоғуломовнинг, орадан бир йил ўтар ўтмас, мана энди  – Рустам аканинг ҳам вафот этганини эшитдим.
Ўшанда “Исматга айтинглар, уйга келсин!” деганида Рустам ака нималарни  ўйладийкин?
Исмат келган бўлса, энди кўп ҳақиқатлар  очилади деб ўйлаган бўлиши ҳам мумкин.
Ким билади дейсиз, балки, бўлиб ўтган можораларда ўзининг айби йўқлигини айтмоқчи бўлгандир.
Ё ўзи ҳам кексайган чоғида ҳукуматдан кўнгли қолиб,  эмигрант бўлишни ўйладимикан?
Чунки, эшитишимга қараганда Рустам ака умрининг сўнгги йилларида ёлғизланиб қолган, ҳамма ундан ўзини олиб қочган.
Жўшқин давраларга, атрофидагиларнинг қўл қовуштириб, таъзим қилиб туришига  ўрганиб қолган мулозим учун бу жуда ёмон қисмат…
На чора. Ҳаёт шундай бешафқат экан!
Нимани эксанг – шуни ўрасан. Осмонга тупурасан, лекин қайтиб юзингга тушади…
Ўжарлигим қурсин, ўшанда Рустам акани  бориб кўрмаганимга ачинаман.
Ҳар қанча бўлса-да, унинг сўнгги сўзини эшитиш менга армон бўлиб қолди…
43.
Бизнинг диний ақидамиз марҳумлар ҳақида ёмон сўз айтишга изн бермаса-да, лекин бугун бу тартиб қоида  –  Шоғуломовлардек мураккаб тақдирли шахсларга тааллуқли эмас деб ўйлайман.
Сабабаки, давлат ва халқ тақдирига алоқадор шахсларнинг бутун ҳаёт йўли ҳамманинг кўзи ўнгида – шаффоф бўлиши керак.
Токи, давлат ва халқ устидан иш юритиш бахтига муяссар бўлган шахслар ўзининг нафақат умри давомида балки, бу оламдаги ҳаётидан кейин ҳам ортидан қандай из қолдираётганликларини унутмасинлар.
Токи, иккинчи умри даврида халқ уларни лаънатламаслиги учун бу дунёда ҳар бир қадами устида ўйлаб кўриш заруриятини ёдда тутсинлар.
Албатта, бу ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандалармиз…
44.
Умр оқар дарё деганлари рост. Ҳаёт бир тутам деганлари тўғри.
Рустам Шоғуломовга баҳо берганимизда у яшаб ўтган сиёсий даврдан келиб чиқиб баҳо беришимиз керак.
У ўз даврининг илғор ва фаол, жўшқин ва оташин солдати эди.
Жамиятда ҳукмрон бўлган сиёсат ва унинг лидерига доим садоқат ва муҳаббат билан хизмат қилди.
У ўзидан кейин нима бўлиши билан қизиққани йўқ. У бугунги куни билан яшади.
Унинг ҳам қалбида биз билган ва билмаган армонлари бўлиши табиий.
Лекин нима бўлганида ҳам Шоғуломовлар номини ўзбекистонликлар ҳали узоқ йиллар эслаб юришади.
Шуларни ўйлаганда – сўнгги бир йил ичида олдинма кейин тириклик оламини тарк этган ака-ука Шоғуломларнинг охиратлари обод бўлсин, жойлари жаннатдан бўлсин деб, майда чуйда гиналарни унутган ҳолда, дуо қилгим келади…
(тамом)
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
21 – 31 январь, 2014 йил,
Торонто шаҳри, Канада давлати, Шимолий Америка қитьаси…
шоғуломов ўнгдан учинчи
Сурат биринчи маротаба “Озодлик” радиоси томонидан матбуотда эълон қилинган.
 http://dunyouzbeklari.com/
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*