Menu
Categories
Жириновский Хабаровскдаги норозилик намойишларини қўллагани йўқ – Озодлик
07/15/2020 Бош мақола

Жириновский Хабаровскдаги норозилик намойишларини қўллагани йўқ

ЛДПР лидери Владимир Жириновский.
ЛДПР лидери Владимир Жириновский.

Россия либерал-демократик партияси (ЛДПР) лидери Владимир Жириновский Хабаровск ўлкасининг ҳибсга олинган губернатори, ЛДПР аъзоси Сергей Фургални қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган акцияларга ўз партиясининг ҳеч қанақа алоқаси йўқлигини билдирди. Фургалнинг ҳибсга олинишига қарши митинг ва юришлар Хабаровскда тўрт кундан бери давом этмоқда.

Жириновский акциялар стихияли равишда юзага келгани, “одамлар ижтимоий тармоқлар орқали ўзаро уюшгани”, партия фақат рухсат этилган митингларгагина чиқишга чақиришини таъкидлади.

ЛДПР лидерига кўра, партия “одамларни таёқлар остига ташлашни, уларни тутиб кетишларини истамаслиги”ни қайд этди.

Фургал ҳибсга олинган 9 июль куни Давлат думасида чиқиш қилган Жириновский бунинг аксини гапирганди – у кўчага чиқиш ва “инқилоб” билан ҳамда бутун ЛДПР фракцияси парламент таркибидан чиқиб кетиши билан таҳдид қилганди.

Ўтган пайшанба Хабаровскда қўлга олинган Сергей Фургал ўша заҳотиёқ Россия пойтахтига йўлланган. Москванинг Басманний суди сиёсатчини икки ойга ҳибсга олиш қарорини чиқарган. У уч тадбиркор ўлимига алоқадорликда ҳамда бошқа оғир жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Сиёсатчининг ўзи бу айбловларнинг барчасини рад этяпти.

11 июлдан Хабаровск шаҳри ва ўлканинг бошқа шаҳарларида Фургалнинг ҳибсга олинишига қарши норозилик акциялари бошланган. Маҳаллий турғунлар губернаторнинг ҳибсга олиниши сиёсий сабабларга кўра амалга оширилганини, бу унинг омма олдида обрўси ошиб бораётгани ва минтақада ҳукмрон “Единая Россия” партиясининг таъсири йўқолиб бораётггани билан боғлиқ эканини айтмоқдалар.

Кўча юришлари ва маъмурий биноларни пикет қилиш шаклидаги рухсат этилмаган акциялар Хабаровскда қарийб кечаю кундуз давом этаётганига оид маълумотлар бор.

Шанба куни Хабаровскда шаҳар тарихидаги энг йирик акциялардан бири бўлиб ўтди. Унда, турли маълумотларга кўра, 30 мингдан 35 минг нафаргача киши қатнашди.

ОЗОДЛИК

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*