Menu
Categories
Илмнинг саодатли манзили (Қаршилик профессор Даврон Шодиевни ёд этиб…)
07/23/2020 Бош мақола

ИЛМНИНГ САОДАТЛИ МАНЗИЛИ САРИ

(Физика ўқитиш назарияси ва методикаси ҳақидаги фани асосчиларидан ўрин олган таниқли профессор Даврон Шодиев ҳақида)

Устозим Даврон Шодиев ҳақли равишда Педагогика фанининг методологик асослари ҳамда физика ўқитиш назарияси ва методикаси бўйича таниқли олим, педогогика фанлари доктори, профессор, Россия Педогогика ва ижтимоий фанлар академиясининг академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби каби нуфузли илмий даража –ю унвонларга эга.

ХХ асрнинг 60 йилларида Низомий Давлат педагогика институтини битириб, Қашқадарё вилояти Касби туманидаги Ҳамза номли умумий ўрта таълим мактабида физика ўқитувчиси сифатида ўз иш фаолиятини бошлаган ёш ва иқтидорли Даврон Шодиев тезда назарга тушди. Ўша пайтлар Қарши Давлат педагогика институтида декан вазифасида ишлаган ёш олим Малла Очилов устозимни институтга ишга таклиф этган. Устозим институтга иш бошлаганидан беш йил ўтиб, ўтган асрнинг 1967 йилида Москва вилояти педагогика институти аспиранти бўлган. Устоз 1970 йилда аспирантурани “Кичик ёшдаги ўқувчиларда физикага оид тасаввур ва тушунчаларни мақсадга мувофиқ шакллантириш” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, фан номзоди илмий даражасини олиб, устози Малла Очиловнинг ишончини оқлади.

Устозим Даврон Шодиевни қадим қадимдан математик тушунчаларнинг Ватани бўлган Ўзбекистоннинг умумий ўрта таълим мактабларидаги бошланғич таълим босқичи ўқувчиларида физик тушунчаларни шакллантиришдаги ўзига хос қийинчиликлари муаммоси қизиқтирган. Ушбу тушунчаларни ўзлаштиришда учрайдиган қийинчиликлар ушбу ёшдаги ўқувчиларнинг қобилиятсизлиги ёки ўқитиш методикасининг яроқсизлиги сабабли эмас, балки таълимнинг миллий асосларидан узоқлашганлиги боис содир бўлганлигини ўша мамлакатимиз мустақиликка эришмаган даврда тушуниб етган. Устозимнинг илмий тадқиқотларида таълимдаги бундай салбий ҳолатларга ўша даврларда асосий эътибор қаратилган. Устоз Даврон Шодиев ўша даврларда педагогика фанининг ёрқин намоёндалари академиклар А.И.Пскунов, Н.М.Шахмаев, В.Г.Разумовский, М.Н.Скаткин, Р.Б.Бекжонов, П.Қ.Ҳабибуллаев каби буюк алломалар билан ҳамкорликда ишлаган.

1970 йилда аспирантурани муваффақиятли тугатиб, ўз иш фаолиятини Қарши Давлат педагогика институтида бошлаган Даврон Шодиев 1972 йилда кафедра мудири, факультет декани, сиртқи ва кундузги бўлим проректори лавозимларида фаолият кўрсатган. У ўз фаолиятида кўплаб ёшларни тарбиялаш ишларига улкан ҳисса қўшган устозлардан энг улуғидир.

Даврон Шодиев нафақат физика, балки, умуман барча табиий фанларни ўқитишда маҳаллий шароитни эътиборга олиш, назария билан амалиёт ўртасидаги узилишларга барҳам бериш йўлларини топиш борасида изланган олим эди. Ана шу изланишлар самараси 1987 йилда “Умумтаълим мактабларида табиий фан асосларини ўрганишда назария ва тажрибанинг мутаносиблиги” мавзусидаги докторлик диссертацияси ҳимоясида ўз тасдиғини топган. Мазкур диссертация табиий фанларни ўқитишда тажрибанинг назариядан келиб чиқиши лозимлигини ва назариянинг амалиётга таяниши зарурлигини илмий методик йўсинда асослаб берган биринчи илмий асар сифатида мутахассислар назарига тушган. Ушбу омил устоз Даврон Шодиевни “собиқ Иттифоқ”даги етук олимлар, педагог ва методистлари ҳамкорликка чорлай бошлашига мустаҳкам замин яратди.

Хусусан, Россия Таълим академиясининг академги Шахмаев Н.М устозим Даврон Шодиев истеъдоди ва имкониятларини тўғри баҳолаган ҳолда, уни умумий ўрта таълим мактаблари “Физика” дарсликларини яратиш муаллифлар гуруҳига таклиф этган. Ҳаммуаллифликда яратилган умумий ўрта таълим мактабларининг 7, 8, 9, 10 ва 11 синф физика дарсликлари яратилган. 1986 йилда собиқ “Иттифоқ”да ўтказилган умумий ўрта таълим мактабларининг 9,10 ва 11 синф “Физика” дарсликлари танловида ғолиб дарслик сифатида тан олинган. Шу даврдан бошлаб профессор Даврон Шодиев ҳаммуаллифлигидаги умумий ўрта таълим мактабларининг “Физика 9, 10 ва 11” дарсликлари Россия ва Ҳамдўстлик давлатларининг 19 тилида ўқитилган. Жумладан, Даврон шодиев ҳаммуаллифлигидаги “Физика”дарсликлари мамлакатимизда ҳам ўқитилиб келинди.

Даврон Шодиев ўтган асрнинг 1993 йилидан Ўзбекистон пойтахтида – Қори Ниёзий номидаги “Педагогика фанлари илмий текшириш институти”га директор лавозимида ишлаган даврда илмий иш қандай ташкил этилишини ўз мисолида амалиётда исботлаб кўрсатди. Яъни, бошқалардан ҳам илмий ишни талаб қилди. Ушбу давр устоз Даврон Шодиев ҳаёти ва фаолиятида мураккаб давр ҳисобланади. Ҳақиқатгўйлиги ва талабчанлиги учун ҳам танлаган йўлидан қайтмади. Бўйин сўнмаганлиги учун ҳам ўз иш фаолиятида кўп панд еди. Аёвсиз қаршиликларта учради. Чапани ва адолатли устоз Даврон Шодиевга фақат дўстлари эмас, балки рақиблари ҳам тан берган ҳолатлар унинг ҳаётида жуда кўп бўлган.

Устоз Даврон Шодиев ҳалол одамларни, талантли мутахассисларни, фидойи олимларни ўзи ва миллат учун кашф қилди. Ўша даврда Қори Ниёзий номидаги “Педагогика фанлари илмий тадқиқот институти” мамлакатимиз Халқ таълими соҳасида қандай нуфузли ишларни амалга ошириши мумкинлигини, мамлакатимизда таълим соҳасида амалга ошириладиган ижро этувчи асосий интелектуал кучлар тўпланган илмий даргоҳга айлатира олган ўз даврининг таниқли ташкилотчисидир.

Устоз Даврон Шодиевнинг илмий ишлари асосан физика ўқитиш назарияси ва методикасининг долзарб муаммоларига, унинг қатор фундаментал ва амалий тадқиқотларига ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида давр талабларига мувофиқ равишдаги замонавий барқарор “Физика”дарсликларини яратишга бағишланган.

Профессор Даврон Шодиев устоз сифатида ҳам жуда талабчан ва қаттиқ қўл меҳри кенг инсон эди.

Унинг илмий раҳбарлигида жуда кўп фан номзодлари ва докторлари етишиб чиққан. Унинг давр талабларига мувофиқ равишдаги умумий ўрта таълим мактаблари физика дарсликларини яратишдаги хизматлари таҳсинга сазовор.

Даврон Шодиев 170 босма табоқни ташкил этган турли йўналишдаги илмий ишлари, 5 та дарслик, 30 дан ортиқ ўқув методик қўлланмалари, 5 монография ва 150 дан ортиқ илмий услубий мақолалар муаллифидир.

Турсунов Қаҳҳор

Педагогика фанлар номзоди, доцент

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*