Menu
Categories
Шукрулло домлага қараб виждоннинг соатларини тўғрилаб олиш мумкин эди…
07/25/2020 Бош мақола
Pahlavon Sodiq
Шукрулло домлага қараб виждоннинг соатларини тўғрилаб олиш мумкин эди.
Ўзларидан аввал қатағон қилинган авлод билан ўртадаги кўприк эдилар.
Суҳбатларидан эсимда қолганлари:
– Усмон Носирни кўрганмисиз, деб сўрагандим.
– Кўрганман, бир марта. Хадрада биллиард ўйнаб турган пайти орқасидан кўрганман, дедилар.
– Сўрашганмисиз, деб сўрадим.
– Йўқ, дедилар.
– Нега, десам жим бўлиб қолдилар.
Кейин ёш болага ўхшаб кўзлари жовдиради ва “олдига боришга юрагим бетламаган, ҳайбати босган” дедилар.
Менинг тасаввуримдаги Усмон Носир худди шундай ҳайбатли эди.
Яна бир сафарида ёш шогирдларидан бири пул олиб, қўлга тушиб қолади. Ёзувчилар уюшмасидан домлага телефон қилишади. Ўзингиз тавсия бергандингиз, ёшлик қипти, чиқаришга ёрдам беринг, жувонмарг бўлмасин, дейишади.
Домла Каримовнинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаб юрган пайтларидаги эски телефон дафтарчаларини титиб, собиқ бош прокурор (ўша пайтда Олий суд раиси бўлса керак) Бўритош Мустафоевнинг номерини топадилар. Ва телефон қиладилар.
Мустафоев “домла, ҳурматингиз бор, аммо шогирдингиз пул оп қўйибди-да” дейди. “Қанча опти?” деб сўрайдилар домла. “300 минг сўм”, дейди Мустафоев. “Шу холосми?” -дейдилар домла.
“Сизлар миллион-миллион олганда бир шоир 300 минг сўм олса нима қипти? Шунинг учун уни қамоқда чиритиш керакми?” дейдилар.
Қўйбошлар билан гаплашиб ўрганган Бўритошнинг нафаси ичига тушиб кетади. Ҳеч нарса демайди, аммо ўша куни домлани, ўзларининг айтишларича, бирон марта йўқламаган “шогирдлари” қўйиб юборилади. “Оқибати йўқ экан, шундан кейин ҳам йўқламади” деб кулган эдилар.
Шоир сифатида қардош тилларга энг кўп таржима қилинган бўлсалар, ажаб эмас. Яна ўзларига ўхшаган буюк шогирдлари Рауф Парфи шеърларидан эпиграф олган иккита ўзбек шоиридан бири.
(Иккинчиси Асқад Мухтор, аммо энг яқин дўстлари бўлган Асқад Мухтор ҳақида ҳаётлари сўнггида домланинг фикрлари ўзгарган эди).
Охирги чорак асрда Анҳор этагидаги ҳовлиларида сокин дарё каби жим оқиб ўтдилар.
Бу дарёдан энг кўп сув ичган шогирдлари Karim Bahriyev бўлса керак. Ўзларининг 72 яшар ўғилларини оталарча койиб, Карим акани ўғилларидек суйганларига гувоҳ бўлганман.
Шукрулло ҳақида ёзишга энг кўп Карим ака ҳақли.
Домланинг охиратлари обод бўлсин!
Image may contain: 2 people, including Karim Bahriyev, people sitting
Файсбук саҳифасидан олинди

 

Comment
Comments

Most Relevant

Leave a Reply
*