Menu
Categories
Азимжон Асқаров жон фидо қилган иш бардавом бўлади (“Ўтганлар ёди” туркумидан)
07/26/2020 Муҳаррир танлови

АЗИМЖОН АСҚАРОВ ЖОН ФИДО ҚИЛГАН ИШ БАРДАВОМ БЎЛАЖАК

Қирғизистон фуқаролик жамияти, республикадаги ва ундан ташқаридаги ўзбек жамоатчилиги, маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамжамияти оғир жудоликка учради.

2020 йилнинг 25 июлида таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, жасоратли журналист, истеъдодли рассом ва “Мен бахтлиман…” китобининг муаллифи, суд адолатсизлиги қурбони бўлган Азимжон Асқаров Бишкекдаги қамоқхонада вафот этди.

Шу муносабат билан марҳумнинг Қирғизистондаги ва бутун дунёнинг турли мамлакатларидаги дўстлари, ҳамкасблари ва бу ажойиб, фидокор инсоннинг тақдирига бефарқ бўлмаган одамлар унинг садоқатли турмуш ўртоғи ва фарзандларига чуқур таъзия изҳор қиламиз.

Азимжон Асқаров 1951 йилнинг 17 майида Қирғизистон ССР, Ўш вилоятнинг (ҳозирда Жалолобод вилояти) Бозорқўрғон туманида туғилган. Мактабдан сўнг 1977 йили Ўрта Осиёнинг ҳозиргача энг нуфузли ўқув юртларидан бири, Тошкентдаги Павел Беньков номли республика рассомчилик билим юртини битирган.

Адолатсизликка нисбатан муросасиз табиатга эга бўлган бўлган Азимжон Асқаров атрофида бўлаётган қонунсизликларга бефарқ қараб туролмади: ўтган асрнинг 90-йилларнинг бошида ўзининг севган иши – рассомчиликни ташлаб инсон ҳуқуқ ҳимоясига отланди.

Жалолободдаги “Справедливость” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотига аъзо бўлгач, маҳаллий матбуотда ва кейинчалик халқаро сайтларда тинимсиз мақолалар чоп эта бошлайди. Ўз ҳатти-ҳаракати ва ёзган мақолаларида у мислсиз жасорати ва довюраклиги билан тезда кўпчиликнинг эътиборини қозонди.

Унга, ҳатто қўшни республикалардан ҳам одамлар ёрдам сўраб мурожаат қила бошлайди. Асқаров ҳеч кимнинг илтимосини, ўтинчини ерда қолдирмади. Ўз соғлиги, тинчлиги ва ҳаётини ҳам хавф остига қўйиб, инсон ҳуқуқлари учун, адолат тантанаси учун жон куйдириб меҳнат қилди.

1996 йили у “Воздух” (“Ҳаво”) деб номланган ташкилотга асос солиб, то 2010 йили қамалгунга қадар унга раҳбарлик қилди. “Инсон ҳуқуқлари ҳам одамга ҳаводек зарур”, – дер эди у ташкилотининг номи ҳақида. Тез орада у маҳаллий суд, прокуратура органлари, милиция ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органларининг кескин танқидчиси сифатида шуҳрат қозонди.

Ўнлаб, юзлаб турли миллат вакиллари бўлган мазлумларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилди. Юзлаб мақолалари, доимий учрашувлари билан одамлар орасида кенг миқёсли маърифат ишларини олиб борди, одамларга уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини танитишда толмай меҳнат қилди.

Албатта, унинг бу фаолияти кучли танқид остига олинган давлат органларига ёқмади. Айниқса, милиция, суд ва прокуратура органлари ходимлари фаолни ўз душманидай қабул қила бошладилар.

Ўз фаолияти давомида Азимжон Асқаров ўнлаб милиция ва прокуратура ходимларининг ноқонуний ишлари туфайли ишдан ҳайдалишига, лавозимларидан четлатилишига эришди. Унга тиш қайраб юрган милиция ходимлари 2010 йилнинг июнида Қирғизистоннинг жанубида бўлиб ўтган қонли воқеаларидан ўз манфаатлари йўлида устомонлик билан фойдаланишди.

Муваққат ҳукумат аъзоси Бекназаровнинг ўғли Руслан Бекназаров бошчилигида Бозорқўрғон қишлоғига бостириб кирган қуролли гуруҳ билан тўқнашув пайтида ҳалок бўлган милиция ходимининг ўлимидан Асқаровни айбдор қилишда фойдаланишди. Алдов йўли билан уни милиция биносига чақириб, қамоққа олишди. Милиция биносида 3 кун давомида шафқатсиз қийноқларга гирифтор қилинди. Охир-оқибат уни оммавий тартибсизликларни уюштирганлик ва милиция ходимининг ўлдирилишида иштирок этганликда айблашди.

Анчадан буён адолатпарвар курашчидан қутулиш йўлини излаб юрган милиция ходимлари жон деб унга қарши ёлғон кўрсатмалар беришди. Милиция, суд ва прокуратура ходимлари тил бириктиришиб, 2010 йилнинг сентябрида Азимжон Асқаровни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишга эришишди.

Бу ишга собиқ ясама президент Роза Отунбаева раҳбарлигидаги давлат амалдорлари бош-қош бўлиб, ҳомийлик қилишди. Чунки уларга ўзларининг амалга оширган қонли жиноятини ёпиш учун шундай воқеалар сувдай зарур эди. Қийноқ ва хўрлашлар, кўрсатмалардаги қарама-қаршиликларга тўла тергов ва суд жараёнига қарамай, кейинги суд инстанциялари ҳам бу қарорни тасдиқлашди.

Жаҳоннинг Хьюман Райтс Вотч (HRW), Халқаро журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ), Amnesty International каби етакчи халқаро ташкилотлар ҳамда маҳаллий ҳуқуқ фаоллари 10 йил давомида Қирғизистон раҳбариятини инсофга чақириб, Азимжон Асқаровнинг ишини қайта кўриб чиқишга, уни озодликка чиқаришга ундаб келишди.

Азимжон Асқаров қамоқхонада ҳам курашни давом эттирди. Юзлаб маҳбусларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, уларнинг қамоқ муддатини камайтириш, қамоқ шароитларини яхшилаш ва бошқаларда амалий ёрдам кўрсатиб келди. У ҳамиша 2010 йилги қонли июнь воқеаларини айбдорларини номма-ном айтиб, уларни жазога тортиш ва ноҳақ қамалганларни озодликка чиқариш талаби билан тинмай турли идора ва халқаро ташкилотларга мурожаатлар қилиб келди.

2016 йил мартида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон ҳукуматини Азимжон Асқаровнинг ишини қайта кўриб чиқишга чақирган қарор қабул қилди. Қўмита ўз қарорини ҳуқуқ фаолининг ноқонуний ҳибсга олиниши, унга нисатан қийноқлар қўллангани ва қамоқхонадаги оғир шароитларда ушлаб турилиши каби жўяли сабаблар билан асослаб берди. Лекин Қирғизистон суди ишни қайта кўриш жараёнида юзага чиққан янги фактлар, Асқаровнинг гуноҳсизлигини исботловчи аниқ далиллар очилганига қарамай, ноқонуний ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.

Афсуски, бу мурожаатлар на собиқ президент Алмазбек Атамбаев ва на ҳозирги президент Сооронбай Жээнбековнинг виждонини уйғота олмади. Сабаби, улар республикада чуқур илдиз отган миллатчи гуруҳларнинг тазйиқидан беҳад қўрқардилар. Ана шунинг учун ҳам, 2015 йили Азимжон Асқаровга АҚШ Давлат департаментининг “Инсон ҳуқуқлари фаоли” мукофоти топширилгач, Қирғизистон ҳукумати норозилик сифатида АҚШ билан 1993 йилда имзоланган ўзаро ҳамкорлик ҳақидаги шартномани бекор қилди.

Бунгача Азимжон Асқаров Москва Хельсинки гуруҳининг «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги жасорати учун»Ёрлиғи билан (2010), PeopleinNeed (“Муҳожликдаги одамлар”) ҳуқуқни ҳимоя қилиш ҳамжамиятининг нуфузли “Homo Homini” халқаро мукофотига (2011), Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Матбуот эркинлиги учун халқаро мукофотига (2012) сазовор бўлган.

Бугун нафақат ўзбек жамоатчилиги, балки бутун дунё ҳуқуқни ҳимоя қилиш ҳамжамияти, сайёрамизнинг инсонпарварлик ғояларига содиқ қолаётган вакиллари ҳам оғир йўқотишга учради. Азимжон Асқаровнинг ўлимини бир пайтлар Демократия оролчаси номи билан шуҳрат қозонган бугунги Қирғизистондаги демократия ва инсон ҳуқуқларнинг қақшатқич зарбага учраши, амалда бу мамлакатда адолатсизлик ва миллатчилик ҳукмрон бўлиб, инсонийлик ғояларининг ёвуз бир ғоя асосида беҳаёларча топталиши қатори қабул қиламиз.

Бугунги давлат арбобларининг оддий ҳақиқатни тан олишга қурби етмади. Умид қиламизки, келаси авлодлар бу разиллик, четидан ошган бу адолатсизлик учун кечирим сўрайдилар, давлатнинг бой берилган нуфузини тиклашга ҳаракат қиладилар. Лекин на бу ҳаракат, ва на бошқа ташаббуслар ажойиб инсон, истеъдодли рассом ва журналист, фидокор ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида абадий хотирамизда қолган Азимжон Асқаровни қайтариб беролмайди. Бу йўқотиш бошқалар ҳавас билан боқиб келган Қирғизистоннинг юзига босилган қора доғ бўлиб қолаверади.

Уни ювиш бутун миллат ва давлат миқёсида тавба қилишни ва ғоялар, фикрлар янгиланишни талаб қилади. Марҳумнинг ҳамкасблари, инсонпарвар халқаро ҳамжамият бу талабни қўйишдан қайтмайди. Шу маънода Азимжон Асқаровнинг вафоти бундан кейин ҳам узоқ йиллар давомида Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари ғояларини илгари суришга хизмат қилишда давом этаверади.

Қирғизистон ва республикадан ташқарида яшашга мажбур бўлган ўзбеклар жамоатчилиги вакиллари номидан

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

"2" Comments
  1. Мухтор Алиев

    АЗИМЖОННИ ЭСЛАБ
    Дунёнинг ишларини тушуниб етиш анча қийин экан. Совет даврида инсон ҳуқуқлари ҳақидаги ҳаракат Россия томонларда бўлса ҳам, биз томонда анча-мунча одамларни диссидент, деб тамға ёпиштириб, қамаганларини ҳисобга олмаганда йўқ ҳисобда эди. Қирғизистонда сен ўзбекк, сен қирғиз деган гапнинг ўзи йўқ эди. Эгемендуулук (мустақиллик) бўлди-ю, миллатчилик бошланди. Текебаевга ўхшаган уч-тўртта бу соҳанинг лидерлари пайдо бўлди. Қирғизистон, гўёки фақат қирғизларники бўлиши керак, деган тушунча кўчадаги безоридан тортиб, то президентлик лавозимида ўтирган қирғизнинг миясидаги асосиц фикр бўлиб қолди. Бу ҳолат сиёсатга айланди. Текебаевга ўхшаган сиёсий босслар бу сиёсий тўлқинни кучайтиришга алоҳида эътибор бердилар. “Тўхта!”- деган бирорта сиёсатчи ёки оқсоқол топилмади. Миллатчи-сиёсатдонлар биринчи галда республиканинг 25% аҳолисини ташкил қилган ўзбекларга ташландилар. Кўчадаги муштлашувни қирғиз чиқарган бўлса ҳам, жабрланувчи ўзбек айбдор, мулк талашувда мулк ўзбекники бўлса ҳам, у қирғизга тегишли, тажрибали ва маълумотли мутахассис ўзбек бўлгани учун ўз ўрнини саводсиз қирғизга бўшатиб беришга мажбур ва ҳоказо шунга ўхшаш сиёсат очиқ-ойдин юргизила бошлади. Худди шундай пайтда Азимжон Асқаров Қирғизистоннинг сиёсат майдонига кириб келди.
    А. Асқаров астойдил курашди. Ташкилот тузди. Жабрланганларга ёрдам берди. Милиция, прокуратура ва судьялардан қонун устиворлигини талаб қилди. Жабрланганларга суянчиқ бўлди. Одамлар унга ишонар эдилар. У ҳам одамларнинг ишончини оқлаш учун ҳеч қандай хавф-хатардан қўрқмай ҳаракат қиларди. Бу ҳақда унинг яқин ҳамкори Даниил Кисловнинг сўзлари ҳам гувоҳлик беради. https://youtu.be/ZwOwlBwtWjw ёки https://fergana.agency/videos/120506/?country=kg
    Азимжоннинг вафотидан кейин кўз олдимдан Бозорқўрғондаги вазият ўта бошлади. Бозорқўрғонда кўзга кўринган, элнинг орасида обрў-эътиборга эга бўлган одамлар кўп. – Бозорқўрғондаги ҳар қандай масал бизсиз ҳал бўлмайди, деганлар қанча. Лекин уларнинг бирортаси ҳам эл бошига тавиш тушиб, бало ёғилганда, ишга ярамади. Қишлоққа Муваққат ҳукуматнинг аъзоси Азимбек Бекназаровнинг ўғли Руслан Бекназаров бош бўлган қуролли бандитлар бостириб кирганда ўша кўзга кўринган обрўлиларнинг бири ҳам қолмади. Қочиб кетди ёки қуролли тўданинг рўйхатида бор учун уйларига ҳужум уюштирилмади. Босқинчилик натижасида 111 та уй ёндирилди. 12 киши ўлдирилди. Азимжон Асқаров ва унга ўхшаган ватанпарвар йигитлар ўз қишлоқларини қўриқладилар. Қизиғи шундаки, оқибатда, босқинчилик қилган қаҳрамон, ўзларини мудофаа қилганлар жиноятчи бўлиб қолишди.
    Бу кунлар ҳам ўтар. Аллоҳ ҳаммасини жойига қўяр. Лекин Азимжоннинг ўша ҳақиқатни кўришига унда имконият бўлмайди. Келгуси авлод, Аллоҳ буюрса, уни кўради.
    Шу ҳолатда Азимжонниг ўғиллари Азизбек ва Шерзодбекларга айтар сўзим бор:- Ҳамдардлигимизни қабул қилинг. Отангиз ҳақиқат учун жон фидо қилди. Ана шунинг учун унинг номи узоқ йиллар қолажак. Аллоҳ отангизнинг гуноҳларини мағфират қилиб, жаннат боғчаларидан жой берсин.

    Мухтор АЛИЕВ, эркин журналист

  2. АЗИМЖОН АСҚАРОВ ЖОН ФИДО ҚИЛГАН ИШ БАРДАВОМ БЎЛАЖАК!!!!
    Бу мақолани сарлавхасида ёзилиб ўтилган Азимжон Асқарни ишлари бардавом бўлажаклиги хақида энди ёзилган бўлса, Азижон Асқар ва Равшан Гапирлар бошлаган ишни улар билан тенгма-тенг, ўзбекларга қарши қирғизларни давлат бошқаруви амалдорлари, қирғиз хавфсизлик хизмати, куч ишлатар тизимлари ва қуролли кучлари хамда қирғизларни ёшу қариси иштирокидаги қирғин бошланган биринчи кунлардаёқ мен хам улар – Азимжон Асқар ва Равшан Гапирлар билан тенгма – тенгбошлаган эдим. Бу икки забардаст кишиларимиз бу оламни тарк этишди. Лекин қарангки бу дунёни хар бир одам эртаю кеч, бирин-кетин тарк этишига ишонган Равшан Гапир ўзининг бу ишларни давом этдириш кераклиги хақида менга илтимос билан ёзган хатида бутун қирғин тафсилотлари хақидаги расмлар, видеолар ва мақолаларни йиғишимни илтимос қилганди. Равшан Гапирнинг илтимосига биноан мана шу кунга қадар ўзбеклар қирғини хақидаги бутун тафсилотларни йиғиб келяпман. Мақолаларни ўзи икки мингдан ортиқ. Албатта Ўш ва Жалолободдаги қирғинларни келажак тарихга асраб қўйиш осон эмас. Шу мақсад учун хам 2010 йил июн ойидан бери хар куни ўзимда сақланмаган эски ва хабарларни йиғиб боряпман. Умримни 10 йилини шу ишга сарфладим. Хатто илгаридан бошлаб қўйганим кўплар тарихий хикоялар ва ўз ўтмишим хақидаги катта бир романни хам ёзишдан вақтинчалик боз кечдим. Мақсадим бу қатлиом хақидаги бутун дилил исботларни келажак авлодимизга қолдириш ўта зарурат эканлигини англадим. Мени учун ачинарлиси бу икки буюк кишиларимиз оламдан эрта ўтганларига афсусланаман. Тангридан уларга охиратларини обод қилишларини сўрайман. Жойлари жанатда бўлсин!

Leave a Reply to Хайит Ғафур
*