Дадахон Ёқубов: Етти пуштингизга рахмат, доктор! (Шабот Хўжаев сулоласи ҳақида)
ЕТТИ ПУШТИНГИЗГА РАҲМАТ, ДОКТОР!
Мискин заиф Ҳожа Аҳмад, етти пуштинга раҳмат,
Форсий тилни билибон, ҳўб айтадир туркийни.
Аҳмад Яссавий.
Ушбу бебаҳо сатрларида ҳазрати Яссавий бобомиз ҳайрли ишларни амалга оширган одам етти пуштига раҳмат олиб бериши, савоб эгаси бўлиши ҳақида ўз фикрини баён этганлар. Ҳайрли иш, ўзингга раво кўрган яхшиликни ўзгаларга ҳам муносиб билиш, одамлар учун энг азиз бўлган ҳаётларини сақлаб қолиш, бемор ва ногиронларга ёрдам қўлини чўзиш, камбағал ва очларни тўйғизиш, умуман ҳар қандай эзгу ишларни бажариш жамиятда одамнинг мартабасини оширади. Авлоддан авлодга яхши насл ва насаб эгаси дея ном таратади.
Инсоният тарихидан маълумки, турли мамлакат, халқ, миллатлар ҳаётида оғир ва фалокатли онлар кўп қайтарилган.
Табиий офат, уруш, вабо, ўлат, қаҳатчилик, очлик ва бошқа кулфатлар одам боласи бошига кўп ташвиш солган. Тарихдан мисоллар қидириб ўтирмаймиз.
Бутун дунёни қамраб олган коронавирус балоси, пандемия бизнинг юртимизга ҳам панжа урди. Минглаб одам юқумли дардга чалиняпти, кўплаб ҳамюртларимиз қурбон бўлмоқда.
Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб ва синовли кунларда ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, мавжуд хатарларга қарши курашиш, инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш, юртимизда санитар-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, ўзининг матонати, билим ва салоҳияти, профессионал маҳоратини намоён этиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, беморлар ҳаётини асраш, уларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги алоҳида хизматлари, шунингдек, ўз бурчи ва қасамёдига содиқ қолиб, зиммасига юкланган вазифаларни бажариш йўлидаги улкан жасорати ва фидойилиги учун бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлансин, -дейилади бир гуруҳ тиббиёт, ички ишлар, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардия ходимларини ва бошқа ташкилотчиларини фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган Фармонда.
Ҳақиқатан ҳам халқимиз бу матонатли фарзандларининг етти пуштига раҳмат айтиб, эзгу тилаклар билан дуо қилмоқда. Уларнинг сафида юртимизда машҳур бўлган шифокорлар сулоласи фарзанди Хўжаева Азиза Шабатовна — Тошкент шаҳри “De-factum laboratories” клиникаси шифокори борлиги эътиборимизни тортди. Азиза Шабатовнанинг 2-даражали “Саломатлик” ордени билан мукофотлангани бизни ниҳоятда мамнун этди.
Иммунолог-инфекционист Азиза Хўжаеванинг фикрича, ҳозирги вазиятда ўта қатъий карантин ўрнатиш эмас, беморларнинг даволаниши учун шароит яратиб бериш мақсадга мувофиқ. «Ҳозирги шароитда карантин бўлиши керак. Лекин ниҳоятда кучли карантин қилиш керак эмас. Чунки карантиннинг асосий маъноси йўқотилган. Бошида карантин касалликни тўхтатиш учун қўлланилди. Энди эса касаллик аҳоли орасига тарқаб кетиб бўлди. Яхшиси беморлар учун шароит яратиш керак. Ҳозир апрель ойида бўлганидек кучли карантин ҳеч ҳам керак эмас, бу бизга халал беради»,–дейди шифокор. Бу фикрлардан пандемияга қарши кураш нафақат ташкилий тузилмалар, балки ҳар бир шахс ҳаёти ва фаолиятининг ажралмас қисмига айланиши лозим.
Маълумки, коронавирус пандемиясига қарши кураш жамият ташкилий тузилмалари, илм-фан мутахассислари, тиббиёт ва бошқа соҳа ходимларининг билим, тажриба, ахлоқий фазилатлари йиғиндиси бўлиши билан бирга, умуман инсон таълим тарбиясининг асосини ташкил этиши керак. Бу дегани узлуксиз таълим, яъни оила, мактабгача тарбия муассасалари, мактаб, олий ўқув юртлари, илмий муассасаларда ўрганиладиган асосий фан йўналишлари ҳаётни муҳофаза қилиш фанилари, шахсий ва жамоат гигиенаси, лойиҳалаштириш ва фаолиятшунослик каби билимлар билан тўлдирилиши лозим.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги янги фармонни имзолади. Мазкур ҳужжатда инсон ҳаётини турли касалликлар ва техноген ҳодисалардан ҳимоя қилиш фаолиятини илмий лойиҳалаштириш орқали мутаҳассислар тайёрлаш вазифаси қўйилиши диққатга сазовордир. Ундан ташқари тиббиёт ҳодимлари ўз ҳизматларини аҳоли орасида олиб боради, билим ва тажрибаларини оширади,янги мутахассисликларни ўрганишади, моддий рағбатлантирилади. Бу ҳужжатда мутахассислар тайёрлаш борасидаги ишларда ҳам туб бурилиш ясаш кўзда тутилади.
2020 йил 1 сентябрдан бошлаб санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги соҳасида бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида тиббиёт олий таълим муассасаларида «Тиббий-профилактика ва жамоат саломатлиги» факультети ташкил этилади;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда: бир ой муддатда тегишли тиббиёт олий таълим муассасаларида «Тиббий-профилактика ва жамоат саломатлиги» факультети фаолиятини ташкил этиш бўйича зарур чораларни кўради; ҳал этиладиган масала: Бугунги кунда 11 та тиббиёт олий таълим муассасаси фаолият олиб бориб, уларнинг айримларида “Тиббий профилактика” факультети мавжуд.
Ушбу факультетда дарс машғулотлари ва амалиёт асосан даволашга (ихтисослаштирилган ёрдамга) йўналтирилган. Тиббий профилактика ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида (алоҳида қарор асосида) туман-шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникаларида тиббиёт маълумотига эга бўлган валеолог, тиббий психолог, нутрициолог, диетолог, фармаколог, кинезиолог, реабилитолог, профпатолог лавозимларини киритиш режалаштирилмоқда.
2021 йил 1 январга қадар тиббиёт олий таълим муассасаларида халқаро рейтингларга кирувчи нуфузли хорижий тиббиёт таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида санитария-гигиена ва эпидемиология ҳамда микробиология йўналишидаги филиаллар, шунингдек халқаро факультетлар очилишини таъминлайди.
Шу ўринда мамлакатимизда инсон ҳаётий фаолиятига лойиҳалаш маданиятини тадбиқ этиш масаласидаги фикрларимизни ҳам айтиб ўтишни истар эдим.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш Маркази мутахассислари томонидан бир неча ўқув предметларини ўзида бирлаштирган, таълим, фан ва амалиётни интеграциялаштирувчи, дунё таълими тажрибаларини таҳлил этувчи, талаба ва педагоглар ҳамда истеъмолчиларнинг инновацион қарашларини рўёбга чиқаришда кўмаклашувчи, миллий кредит модуль тизимига мос ҳамда катализатор вазифасини ўтовчи, бир неча касбий йўналишларни боғловчи унверсаль ўқув предмети ҳисобланмиш “Фаолиятшунослик” фани дарслигини яратиш, “Фаолиятшунослик” касбий йуналиши бўйича педагог-фаолиятшунослар тайёрлаш юзасидан концепция лойиҳасини тақдим этмоқда. Бу фан йўналишини қандай тушуниш мумкин, деган савол туғилади.
“Фаолиятшунослик” фанининг долизарблиги ХХI асрда кашф этилган ва ихтиро қилинган ишланмалар, янги технологияларнинг, айниқса, ахборот технологияларининг инсоният фаолиятида кенг қўлланиши, фикрий ғояларни моддийлаштириш билан боғлиқ бошқа технологияларнинг татбиқ этилиши, ақлли технологиялар ва синергетика, акемалогия, сингуляр билимларнинг ривожланиши натижасида “лойиҳалаш маданияти- дизайн” атамасини “фаолият” атамасига ўзгартирилишини тақазо этмоқда.
“Фаолиятшунослик” фани моҳиятини қуйидагича таърифлаш мумкин: “Фаолиятшунослик” –инсон фаолиятини лойиҳалашнинг технологик жиҳатдан мақсадга мувофиқлик ва табиий уйғунлик методи демакдир.”
Ушбу таърифимиз инсон фаолияти билан боғлиқ моддий ва маънавий оламни қамраб олади. Энди инсон маълум бир мақсадда ўз фаолиятини лойиҳалайди. Бунда инсон нарсалар оламини эмас, балки нарсалар олами муҳитини яратиш учун ўз фаолиятини лойиҳалашнинг технологик яхлидлик ва табиий уйғунлик методига мурожаат қилади. Лойиҳалаш маданиятига эса таълим-тарбия туфайли эришилади. Фаолиятшунослик таълимининг моҳияти шундан келиб чиқади. “Фаолиятшунослик” таълими инсон ҳаётий фаолиятини лойиҳалашнинг технологик жиҳатдан мақсадга мувофиқлик ва табиий уйғунлик методини ўрганиш ҳақидаги билимлар демакдир”.
“Тарбия педагогика, яъни бола тарбияси фани демакдир. Боланинг саломат ва саодати учун яхши тарбия танни пок тутмак, ёш вақтида маслакни тузатмак, яхши хулқларни ўргатмак табиблардек кабидурки,табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилгани каби тарбиячи боланинг вужудидаги жаҳл маразига “яхши хулқ” бериб катта қилмоғи лозимдир, –деб ёзган эди Абдулла Авлоний. – Ахлоқимиз биносининг гўзал ва чиройли бўлишига тарбиянинг зўр таъсири бордир. Баъзилар тарбиянинг ахлоққа таъсири йўқ, инсонлар асл яратилишида қандай бўлсалар, шундай ўсарлар, табиий ўзгармас, деб айтадилар. Лекин бу сўз тўғри эмасдир. Чунки тарбиянинг ахлоққа албатта таъсири бўлади. “Бешикдан то мозорга боргунча илм ўрган демишлар”. Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатининг тинч ва роҳати кишиларнинг яхши ташаббусига боғлиқдир…”
Фаолиятшунослик – бу ҳамма нарсага, ҳар бир соҳага, жумладан тиббиёт тизимига ҳам тадбиқ этса бўладиган методология, бир бутунликни ташкил қилувчи илмий назария ва амалиёт ҳамда фикрлаш услуби, барча муаммоларни ечиш йўли демакдир. Фаолиятшунослик ёндашуви натижасида топилган ечимлар ҳаётни янада яхшилайди ва енгиллаштиради.
Биз юқоридаги хукумат ҳужжатида ва шифокорлар тавсияларида кўтарилган аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлиги масаласи ҳам фаолиятшунослик таркибига кирувчи чуқур муаммоларидан ва фан йўналишларидан саналади. Бундан кўриниб турибдики, инсон фаолиятини табиий уйғунлик билан лойиҳалаш, инсон ҳаётини асрашнинг ягона йўлидир.
Фаолиятшуносликнинг фалсафий-ахлоқий асослари деган мавзуси бор. Бугунги кунда юз берган офатнинг кучайиб кетишига, энг аввало лойиҳалашда, илмий кашфиётлар ва иҳтиролар яратишда ахлоқий, инсоний қадриятларни унутган ҳолда, яъни барча соҳаларда фалсафий-ахлоқий меъёрларга амал қилмаслик натижасида юз берганини айтишимиз мумкин. Шу боис ҳам Фаолиятшуносликда, экология, нанатехнология, архитектура, геноинженерия, тиббиётдаги эҳтиётсизлик, санитария, эпидимология, потогенлар, вакциналар яратишда, дори дармонлар ишлаб чиқаришда, радиотўлқинлар, магнит майдонлари, биомухандислик, энергетика ва бошқа кимёвий йўналишларда, умуман замонавий ҳаётнинг номоддий объектлари ва ҳаётий жараёнларни лойиҳалашда ахлоқий меъёрларга амал қилмаслик оқибатлари алоҳида ўрганилади.
Олимларнинг таъкидлашича, инсон жисмидаги “ z “ фактор уни ташқи муҳит ва турли микроорганизм, вирус ва бошқа таъсирлардан табиий тарзда ҳимоя қилади. Тиббиётда бу масала яхши ўрганилмаган. Демак, коронавирус одамнинг иккинчи ҳимоя қатлами иммунотизимига тўғридан тўғри таъсир этаётган экан, унинг келиб чиқиши сунъийдир. Аниқроғи одамзод томонидан билиб билмай кашф этилган офат бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Бу масалага олим ва мутахассислар келажакда ойдинлик киритиш учун тадқиқотлар олиб боришяпти. Демак, кашфиёт яратишнинг ахлоқий тарафлари эътиборсиз қолган. Шу боис ҳам, гумантитар фанлар билан табиий фанларни боғловчи фаолиятшунослик билимларига инсоният чанқоқ эканлиги кўзга ташлана бошлади.
Табиатда коронавируснинг минглаб тури мавжудлиги, унинг қайси тури одамзодга зарар келтириши мумкинлигини эмас, балки қайси турини кўпроқ зарарсизлаш ҳақида бош қотирилганида, соҳанинг табиий қоидаларига эҳтиёткорона ёндошилганида инсоният бундай вазиятнинг олдини олган бўлар эди. Бунинг учун табобат илмининг тарихий сабоқлари етарлича мавжуд.
Шу ўринда Фаолиятшунослик фани ўқув қўлланмасига бугунги кунларимизда тарих бўлиб қолаётган Мамлакатимиз СОVID-19 пандемиясига қарши олиб бораётган тиббий фаолиятининг ташкилий ва амалий жиҳатларини киритишни ҳам истар эдим. Президент Шавкат Мирзиёев бу масала юзасидан бир неча фармон ва ҳужжатлар имзоладики, улар бу бало кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, ҳориждан қайтган фуқаролар ва беморлар билан мулоқатда бўлган одамларни карантинга олиш, бошқа гумандорлар билан боғлиқ уй карантини ҳамда иқтисод тармоқлари ва фуқароларнинг озиқ овқат, дори–дармон,гигиена ва ҳимоя воситалари билан таъминланиши, уларни ҳар тамонлама ижтимоий ҳимоясини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олади , провард натижани олдиндан белгилаб, унга томон ҳаракат дастурлари тузилган. Ундаги барча жиҳатлар, кутилмаган вазиятлар, бошқа ҳодисалар инобатга олинган ҳолда ташкил этилди, аммо баъзи лойиҳавий, илмий лойиҳавий хатолар ҳам содир бўлди. Ана шундай кутилмаган воқеалар, чегараларда тўпланиб қолган фуқароларнинг ёппасига кириб келиши, табиий ва техноген ҳодисалар, Сардоба сув омбори атрофидаги воқеалар, ташқи ва ички факторлар одамларни, ҳатто ташкилий жамоаларни ҳам эсанкиратиб қўйди. Бу эса ўз навбатида Фаолиятшунослик фанининг предмети сифатида ҳаётий фаолият билан боғлиқ барча нарсалар узлуксиз таълимдан ўрин олиши зарурлигини кўрсатяпти. Ҳатто бугунги кунда вирусдан ҳимояланиш учун тез-тез қўл ювилиши, оғиз–бурунга ниқоб тутиш, қандай масофада сақланиш, умуман санитария-гигена қоидаларини кўпчилик аҳоли яхши билмасликлари кўзга ташланди. Масалан, чорвадор учун молларни қандай боқишдан ташқари, ветеринария қоидаларига қўшимча чорвадор саломатлигини асраш масаласи ҳам назарда тутилиши талаб этилади. Фаолиятшунослик фани талабларидан бири ҳам касбий ҳавфсизликнинг барча жиҳатлари киради. Фаолиятшунослик фани инсон ҳаётий жараёнларининг барча жиҳатларини, соҳа ва йўналишларини, ички ва ташқи ҳаракатларини қамраб олади. Аниқ қилиб айтадиган бўлсак, инсон фикри ўйидаги ғояни моддийлаштирувчи восита, метод бу фаолиятшунослик фани саналади.
Мақоламизни мамлакатимизда кўзга кўринган тиббиёт олимаси, иммунолог-инфекционист Азиза Хўжаева фикридан бошлаганимизнинг сабаби бор. Бу шифокор беморни даволашда энг аввало атроф муҳитни ўрганиш, касаллик келтирувчи вируснинг ўзигахос хусусиятлари ва атворидан келиб чиқиб, уларни анъанавий ва янги муложа услублари билан уйғунлаштириш орқали беморга шифо бера бошлагани ва яхши натижаларга эришганини сезишингиз мумкин. Унинг услубида фалсафа ва тиббиёт фанлари бир бирига уйғунлашгандек, сезилди менга. Бу Беруний ва Ибн Сино услуби эмасми, бу файласуф олим Карим Маҳмудовнинг “Турмуш зинати”, Тиббиёт фанлари доктори, академик Шабат Хўжаевнинг “Иммунологияси” эмасми?
Хукуматимиз томонидан меҳнатлари юқори шарафланган Азиза Шабатовна ана шундай мўътабар –зиёлий оилада табия топган, камолга етган. Биз айтган Фаолиятшунослик тажрибаси ва кўникмалари сари болаликданоқ ошно бўлган.”Отам — Шабат Хўжаев! У киши менга фақатгина ота эмас, балки ибратим, устозим ҳамдир, — дейди шифокор.
Дарҳақиқат, юз ёшларни қоралаб қолган бу табаррук инсонни ҳақли равишда Ўзбекистон вирусология фани отаси деб бежизга айтишмайди. Унинг раҳбарлигида сариқ касалининг барча турларига қарши вакцина ишлаб чиқилган.1965 йилда Қорақалпоқистонда тарқаган вабо, 1966 йили Туркманистондаги ўлатга курашда қатнашди, 1972 йилда Молдавиядаги вабо ва Ямандаги вабо эпидемиясига қарши кураш бўйича халқаро экспедицияга раҳбарлик қилди.
Камина ҳам академик Шабат Хўжаев билан кўп марта мулоқатда бўлганман. Бу инсонни том маънода фаолиятшунос олим деб аташ мумкин. Бир томондан файласуф, сиёсатчи, ёзувчи ва жамоатчилик фазилатлари, иккинчи томондан буюк тиббиёт академиги, яна бир томондан эса самимий ва ўта меҳрибон зиёлий инсон эканлигини хис этганман. ” Наврўз” узлуксиз кўрсатуви ташкилий ишларида раҳбарлик қилганлар. Ёрдамга муҳтож одамларга “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармасини тузиб, моддий ва маънавий, тиббий ёрдамларни ташкил этдилар. “Меҳригиёҳ” газетасини чоп этишда атоқли адиб Мақсуд Қориев ва менга амалий ёрдам кўрсатганлар. Айтса, мисол кўп.
Кунлардан бир куни фарзандларим Дилноза, Нодира ва Зафар бирваракайига сариқ касалига йўлиқишди ва уларни касалхонага ётқиздим. Сўнгра Шабат Хўжаевичга мурожаат қилдим. Доктор болаларим тузалгунча қараб бердилар. Жуда миннатдор бўлдим. Кейинчалик иккаламиз биргаликда Мўйноққа, табиий офатдан зарарланган одамлар ҳолидан ҳабар олгани хизмат сафарига бордик. Меҳмонхонада дам олаётган пайтимизда “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатуви учун мухлислар йўллаган хатларни ўқий бошладим. Хатлар шу даражада кўплиги, уни уйда болаларим билан ҳам ўқиб тугата олмаётганим ҳақида у кишига арз қилдим. Шу пайт у жуда жиддийлашди ва “болаларингиз ҳам ўқирмиди”, — деб сўради. Бошимни лиққилатиб жавоб қайтардим. “Ана, шу хатлардан болаларингизга гепатит инфекцияси юққан бўлиши ҳам мумкин”, дедилар.
“Жаҳон адабиёти” журналининг 2007 йилда чоп этилган 8-сонида Шабат Хўжаевнинг улуғ ўзбек ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги эсдаликларига кўзим тушиб қолди. Шундай улуғ одамларни даволаган доктор, менинг болажонларимни ҳам даволаган эканларда, деган фикрдан ўзим ҳам ҳайратга тушиб кетдим. Ҳалқимизнинг ана шундай камтарин ва буюк шифокорлари борлигидан ифтиҳорга тўлиб кетаман.
Тез кунларда шифокор ва докторларимиз билими, тажрибаси, жасорати туфайли, Аллоҳнинг иродаси билан коронавирус пандемияси барҳам топишига ишонаман.
Улуғ академик шифокоримиз Шабот Хўжаевга саломатлик ва узоқ умрлар тилайман. Барча шифокорларимизга, халқимиз саломатлиги йўлида жасорат кўрсатаётган ташкилотчиларга, хусусан ҳолоскоримиз Азиза Шабатовна Хўжаевага ўзбекона лутф билан “Етти пуштинггизга раҳмат, доктор! дегим келади.
ҲИКМАТ УЛ ДОСТОНИ БОР
Мискин заиф Ҳожа Аҳмад, етти пуштинга раҳмат,
Форсий тилни билибон, ҳўб айтадир туркийни.
Аҳмад Яссавий.
Ул ломакон ичинда, жумладек макони бор,
Яссавий девонида ҳикмат тўла кони бор.
Ҳўп айтадир туркийни, арабийда табарут,
Малакут, носут, лоҳут, ҳам форсий забони бор.
Одам Ато отамиз, Момо Ҳавво онамиз,
Туркий қавм учун Ҳақдан бешик Туркистони бор.
Дўстларга кўнгли очиқ, меҳмон қиёс отага,
Амир Темурдек қалқон, ёвга ўт вулқони бор.
Мир Алишер яратган шеърият бўстонида,
Гул кўп, чаман кўп аммо, бу мулкнинг султони бор.
Ватан деб жондан кечган қанча ўғил-қизлари,
Зулматларни ёритган юлдузи — Чўлпони бор.
Ҳар тошда,ҳар гиёҳда, қанча дарду алам бор
Туркистон деб бўзлаган Рауф Парфи жони бор.
Икки доҳо шоирлар, тенг келдилар тенг кетди,
Абдулла руҳистони, Эркиннинг девони бор.
Туркий маржон шодаси узилган бўлса ҳамки,
Ўзтурклар томирида симоб каби қони бор.
Ватанимдир ардоғим, Аллоҳ ўзи асрагай,
Мен элимнинг зарраси, дилида имони бор.
Вабо келса юртимга, Ибн Сино қалқондир.
Шафоатли Шаботдек, табиб ул ўғлони бор.
Шифокор қиз, Азиза, йигитлардан қолишмас,
Эл корига ярайди, қирқтамас, бир жони бор.
Саҳарларда тилардим, етти пуштимга бешик,
Ҳақ берди қиз набира, тебратмоқ имкони бор.
Шарафлаб шафоатни, Азиза деб номладим,
Дада Зафар халқ азиз, шукронага они бор.
Зурриётлар бахтига Ўзбекистон омон бўл,
Бобо мерос гавҳари, ҳикмат ул достони бор.
Дадахон Ёқубов,
Ўзбекистон санъат арбоби
«Дунё ўзбеклари» учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ