Menu
Categories
Мухтор Алиев: Ёднома – АЗИМЖОННИ ЭСЛАБ…
07/27/2020 Бош мақола

АЗИМЖОННИ ЭСЛАБ

Дунёнинг ишларини тушуниб етиш анча қийин экан.

Совет даврида инсон ҳуқуқлари ҳақидаги ҳаракат Россия томонларда бўлса ҳам, биз томонда анча-мунча одамларни диссидент, деб тамға ёпиштириб, қамаганларини ҳисобга олмаганда йўқ ҳисобда эди.

Қирғизистонда сен ўзбекк, сен қирғиз деган гапнинг ўзи йўқ эди. Эгемендуулук (мустақиллик) бўлди-ю, миллатчилик бошланди. Текебаевга ўхшаган уч-тўртта бу соҳанинг лидерлари пайдо бўлди.

Қирғизистон, гўёки фақат қирғизларники бўлиши керак, деган тушунча кўчадаги безоридан тортиб, то президентлик лавозимида ўтирган қирғизнинг миясидаги асосий фикр бўлиб қолди. Бу ҳолат сиёсатга айланди. Текебаевга ўхшаган сиёсий босслар бу сиёсий тўлқинни кучайтиришга алоҳида эътибор бердилар. “Тўхта!”- деган бирорта сиёсатчи ёки оқсоқол топилмади. Миллатчи-сиёсатдонлар биринчи галда республиканинг 25% аҳолисини ташкил қилган ўзбекларга ташландилар.

Кўчадаги муштлашувни қирғиз чиқарган бўлса ҳам, жабрланувчи ўзбек айбдор, мулк талашувда мулк ўзбекники бўлса ҳам, у қирғизга тегишли, тажрибали ва маълумотли мутахассис ўзбек бўлгани учун ўз ўрнини саводсиз қирғизга бўшатиб беришга мажбур ва ҳоказо шунга ўхшаш сиёсат очиқ-ойдин юргизила бошлади.

Худди шундай пайтда Азимжон Асқаров Қирғизистоннинг сиёсат майдонига кириб келди.

А. Асқаров астойдил курашди. Ташкилот тузди. Жабрланганларга ёрдам берди. Милиция, прокуратура ва судьялардан қонун устиворлигини талаб қилди. Жабрланганларга суянчиқ бўлди.

Одамлар унга ишонар эдилар. У ҳам одамларнинг ишончини оқлаш учун ҳеч қандай хавф-хатардан қўрқмай ҳаракат қиларди.

Бу ҳақда унинг яқин ҳамкори Даниил Кисловнинг сўзлари ҳам гувоҳлик беради. 

https://youtu.be/ZwOwlBwtWjw ёки https://fergana.agency/videos/120506/?country=kg

Азимжоннинг вафотидан кейин кўз олдимдан Бозорқўрғондаги вазият ўта бошлади. Бозорқўрғонда кўзга кўринган, элнинг орасида обрў-эътиборга эга бўлган одамлар кўп. – Бозорқўрғондаги ҳар қандай масал бизсиз ҳал бўлмайди, деганлар қанча. Лекин уларнинг бирортаси ҳам эл бошига тавиш тушиб, бало ёғилганда, ишга ярамади.

Қишлоққа Муваққат ҳукуматнинг аъзоси Азимбек Бекназаровнинг ўғли Руслан Бекназаров бош бўлган қуролли бандитлар бостириб кирганда ўша кўзга кўринган обрўлиларнинг бири ҳам қолмади. Қочиб кетди ёки қуролли тўданинг рўйхатида бор учун уйларига ҳужум уюштирилмади.

Босқинчилик натижасида 111 та уй ёндирилди. 12 киши ўлдирилди. Азимжон Асқаров ва унга ўхшаган ватанпарвар йигитлар ўз қишлоқларини қўриқладилар. Қизиғи шундаки, оқибатда, босқинчилик қилган қаҳрамон, ўзларини мудофаа қилганлар жиноятчи бўлиб қолишди.

Бу кунлар ҳам ўтар. Аллоҳ ҳаммасини жойига қўяр. Лекин Азимжоннинг ўша ҳақиқатни кўришига унда имконият бўлмайди. Келгуси авлод, Аллоҳ буюрса, уни кўради.

Шу ҳолатда Азимжонниг ўғиллари Азизбек ва Шерзодбекларга айтар сўзим бор:-

Ҳамдардлигимизни қабул қилинг. Отангиз ҳақиқат учун жон фидо қилди. Ана шунинг учун унинг номи узоқ йиллар қолажак. Аллоҳ отангизнинг гуноҳларини мағфират қилиб, жаннат боғчаларидан жой берсин.

Мухтор АЛИЕВ,

эркин журналист

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*